Бўҳтон

6 йил аввал 1189 siyrat.uz

Мусулмонлар мана шу ғазотдан қайтаётганларидаги бир воқеа мунофиқлар Оиша онамиз устидан бўҳтон уюштиришларига баҳона бўлди.

Икки  саҳиҳ ҳадислар тўпламида  Оиша онамиз ривоят қилганлар: Оиша онамиз бу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиққанлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотдан бўшагач, ортга қайтдилар. (Мадинага яқинлашгач, дам олиш учун тушган жойимизда ўтирган эдик,) у Зот кечаси йўлга чиқишга буюрдилар). Қазойи ҳожат  учун  (одамлардан)  узоқлашдим.   Қайтиб келиб, бўйнимдаги маржоним тушиб қолганини билдим. Дарҳол ортимга қайтиб, уни қидиришга тушдим. Узоқ қидирдим. Шу орада таҳтиравонимни (енгил бўлганим учун мени унинг ичида бор деб ўйлаб) туямга ортиб қўйишибди. (Бу воқеа ҳижоб фарз   қилинган   оят   нозил   қилингандан   кейин бўлганди. Шунинг учун таҳтиравон ичига ҳеч ким қарамаган). Маржонимни топганимда лашкар жўнаб кетган экан. Қайтиб келсам, ҳеч ким қолмабди. Мени     қидириб     келишади,     деб    жойимдан жилмасликка қарор қилдим. Сафвон ибн Муаттал исмли саҳоба лашкардан анча орқада бўлгани учун мен турган жойга келганда бир одамнинг қорасини кўради, яқинроқ келиб, мени кўриши билан таниб қолади (у мени ҳижоб фарз бўлишидан илгари кўрган эди).  Уйқу  ғолиб  келиб, ухлаб қолган эканман.  Унинг истиржоъидан  (вафот хабарига гувоҳ бўлганда ёки эшитганда «Иннаа лиллааҳи ва инаа илайҳи рожиъуун, дейиш) уйғониб кетдим. Дарҳол юзимни рўмолим билан тўсиб олдим. Аллоҳ номига қасамки, бирон калима сўзлашмадик. Ундан ҳам истиржоъидан бошқа сўз эшитмадим. Пастга тушиб,  туясини  чўктирди.  Мен туяга миндим. Сафвон туяни етаклаб кетди. Туш пайтида етиб келдик.   Мен   тўғримдаги   (номусимни   бадном қилувчи) бўҳтонни тўқиб чиқарганларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул экан. Оиша розияллоҳу анҳо сўзида давом этади: Мадинага келгач, бир ой бетоб бўлиб қолдим. Одамлар бўҳтон сўзларни тарқатишда давом этишар, менинг эса ҳеч гапдан хабарим йўқ эди. Лекин аввал бетоб бўлганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан кўрадиган лутф, эътиборни кўрмаганим мени ўйлантирарди.Кириб салом берардилар, сўнг:«Анавининг аҳволи қандай?» деб қўярдилар, холос. Бир кун кечаси Умму Мистоҳ билан қазойи ҳожатга чиқдим. Қайтаётиб Умму Мистоҳ тойилиб кетиб: Бахтсиз бўлгур Мистоҳ, деб (ўзининг ўғлиниқарғади). Мен:«Ёмон сўз айтдинг, Бадр жангида қатнашган кишини нима учун сўкяпсан?»дедим. У:«Ахир у айтиб юрган гапни эшитмадингизми?»деди. Кейин бўҳтон аҳлининг сўзларини айтиб берди. Дардим устига дард қўшилди.Ўша кеча тонггача ухламасдан йиғлаб чикдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим саҳобалари билан бу иш ҳақида    ва    мен    билан    ажрашиш    ҳақида маслаҳатлашдилар. Саҳобалардан айримлари:«Эй Расулуллоҳ, у Сизнинг аҳли-аёлингиздир, биз унинг фақат яхшилигини биламиз», десалар, айримлари: «Аллоҳ Сизга манъ қилмаган - уйланаман десангиз, аёллар кўп. Чўри (Барира)дан сўраб кўринг, у ҳам бу ишни     тасдиқлайди»,    дейишди.     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барирани чақириб, ундан:«Оишада сени шубҳага соладиган бирон нарса кўрдингми?»деб сўрадилар. Барира мен ҳақимда  фақат яхшиликни   билишини   айтди.   Шундан   кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб:«Эй мусулмонлар, аҳли байтим тўғрисида менга озор берган кимсадан ким менга узр олиб беради? Аллоҳга қасамки, мен аҳлим тўғрисида фақат яхшиликни биламан, мана бу киши (Сафвон) тўғрисида ҳам фақат яхшиликни биламан», дедилар. Саъд ибн Муоз ўрнидан туриб:«Ундан Сизга мен узр олиб бераман, эй Расулуллоҳ. Агар авслик бўлса, бошини танасидан жудо қиламиз, агар хазражлик бўлса, Сиз нима буюрсангиз, ўшани қиламиз», деди. Оиша розияллоҳу анҳо сўзида давом этади:«Сўнг менинг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Ота-онам ҳам мен билан бирга эдилар. У Зот мишмишлар тарқатилгандан бери менинг ҳузуримда ўтирмаган эдилар. Бир ойдан бери ваҳий келиши ҳам тўхтаб қолган эди. У Зот ўтириб,    шаҳодат    калималарини    айтиб    гап бошладилар:«Эй Оиша, менга сен ҳақингда ҳар хил гап-сўзлар етиб келди. Агар пок бўлсанг, Аллоҳ сени оқлайди. Агар гуноҳ иш қилган бўлсанг, у ҳолда Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини тугатишлари билан кўз ёшим ҳам тўхтаб қолди. Бир қатра ҳам  ёш  келмай  қўйди.  Шунда  отамга:«Расулуллоҳга мен ҳақимда бир нарса денг», дедим. Отам:«Аллоҳ номига қасам, нима дейишни ҳам билмайман», дедилар. Онамга:«Бўлмаса сиз жавоб қилинг»,    дедим.    Онам    ҳам: « Валлоҳи,    нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар. Шунда мен:«Аллоҳ номига қасамки, сизлар эшитган нарсангизни тасдиқламоқдасиз. Агар ҳозир мен покман, десам, (поклигимни, шубҳасиз, Аллоҳ билгувчидир) менга ишонмайсизлар.      Агар      бўйнимга      олсам, тасдиқлайсизлар. Мен ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам Юсуф алайҳис-саломнинг отаси айтган сўздан бошқа сўз топа олмайман: «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса  устида  мадад  сўраладиган  Зот  ёлғиз Аллоҳдир» (Юсуф сураси, 18-оят). Изоҳ: Юқоридаги оятда иймоннинг муҳим асосларидан бири бўлмиш «чиройли сабр қилмоқ» ибораси мазкур бўлди. Одамзот шундай яратилганки, бошига келган бало-мусибатда йиғлаб-сиқтаб бесабрлик қилади. Лекин ҳар қандай одам ҳам аста-секин келган кўргуликка кўникиб, энди   сабр   қилиш  лозимлигини  англаб  етади. Аллоҳга ва барча яхши-ёмон ишлар ёлғиз Унинг амри билан бўлишига сидқидилдан иймон келтирган кишилар эса мусибат тушган биринчи лаҳзаданоқ дод-войсиз «чиройли сабр» қила олар эканлар. Бу хусусда ўзининг еру кўкка ишонмайдиган фарзанд-дилбандидан ажралиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти «чиройли сабр» қилишга рози бўлган Яъқуб алайҳиссалом то Қиёмат иймон-эътиқод эгалари учун ибратдир. Сабр нима эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир». Сўнг ўгирилиб, кўрпамга ўраниб ётиб олдим. Шу заҳоти, ҳали ҳеч ким ўрнидан қўзғолмай туриб, Аллоҳ таоло ўз Набийсига ваҳий нозил қилди. У Зотни  одатдагидек,  ваҳий  келганда ушлайдиган иситма, безовталик ушлади. Нозил бўлган Сўзнинг оғирлигидан    у     Зотнинг    аъзойи     баданини марвариддек тер қоплади. Ваҳий тўхтагач, кулиб туриб биринчи айтган сўзлари:«Хушхабар, эй Оиша, Аллоҳ сени оқлади», дейиш бўлди. Онам:« Тур ўрнингдан (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга раҳмат айт)», дедилар. Мен: Йўқ, Валлоҳи, у кишига турмайман ҳам, мақтов ҳам айтмайман, магар мени поклагани учун Аллоҳ таологагина ҳамду сано айтаман», дедим. Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди: «Шак-шубҳасиз, бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик, деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. (Нур сураси, 11-оят). И з о ҳ: Ушбу оятда мазкур бўлган «бўҳтон»нинг тарихи бундайдир: Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан бирга бир ғазотдан қайтар эканлар, Мадинага яқинлашиб қолганларида қоронғу кечада аскарларга бир оз ором олиш учун рухсат берадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга ғазотга чиққан жуфти ҳалоллари Оиша — (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳожат учун чиқиб аскарлардан анча узоққа кетиб қолади ва қайтиб келганида карвон жилиб кетганини кўради. Шу пайт одатда карвон ортидан қолган нарсаларни йиғиб юриш учун тайинланган бир саҳоба келиб қолиб Оишани кўриб танийди ва уни туяга миндириб ўзи яёв ҳолда карвоннинг ортидан етказиб боради. Буни кўрган айрим мунофиқ кимсалар Оишани бадном қилишиб турли мишмишлар тарқатадилар. Бу мишмишларни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, Оиша ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ва бошқа мусулмонлар ҳам ниҳоятда изтиробда қоладилар. Орадан тўла бир ой вақт ўтгандан сўнггина Пайғамбар алайҳиссаломга юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятлар нозил бўлиб, Оишанинг поклиги аниқланади ва бу миш-миш бўҳтон эканлиги ошкор бўлади ҳамда бўҳтончиларнинг ҳар бири учун қилган гуноҳига яраша жазо берилиши, уларнинг каттаси бўлган мунофиқ учун эса Охиратда улуғ азоб борлиги ҳақида хабар берилади. Аллоҳ таоло бу можарони мўминлар учун ёмонлик эмас, балки яхшилик — Оишанинг Каломуллоҳ гувоҳлигида оқланиши деб атайди.» Оиша розияллоҳу анҳо айтади:«Отам Мистоҳга камбағаллиги ҳамда қариндошлиги учун нафақа бериб турар эди. Мазкур воқеадан кейин отам: «Оиша тўғрисида ёмон сўзлар тарқатгани учун энди унга ҳеч қачон инфоқ-эҳсон қилмайман», деди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди: «Сизлардан фазл ва кенг-катта (мол-давлат) эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки (уларни) афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир (Нур сураси, 22-оят). И з о ҳ: Бу оят Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳақидадир. У киши қизи Оиша ҳақида миш-миш тарқатганлар орасида бўлгани учун ўзининг қариндошларидан бирига ёрдам бермасликка қасам ичган эди. Юқоридаги оят нозил бўлганидан сўнг дарҳол қасамини бузиб унга инфоқ-эҳсон қилган экан ҳамда қасамни бузганлик каффорат-тўловини ҳам тўлаган экан». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам одамлар олдига чиқиб уларга хутба қилдилар. Мазкур иш тўғрисида нозил бўлган оятни уларга тиловат қилдилар. Кейин Мистоҳ ибн Усоса, Ҳассон ибн Собит, Ҳамна бинти Жаҳшларга (улар бўҳтон сўзни тарқатганлар эди) жазо беришга буюрдилар. Бас, уларга ҳад урилди.
Ибратли нукталар
Бу ғазотдан қуйидаги нукталарни оламиз: Биринчи, жангчилар орасида ўлжа тақсимлаш қонунийлиги. Аскарларга     ўлжадан   салаби   ва  хумсидан қолгани тақсимлаб берилади. Салаб - ўлдирилган душманнинг     ёнидаги     қурол-аслаҳаси     каби нарсалардир. Ҳар бир ўлдирувчи ўз мақтулининг салабини   олиши   дурустдир.   Бунга  Расулуллоҳ соллаллоҳу   алайҳи   васалламнинг:   «Ким   бир (душманни) ўлдирса, унинг қурол-аслаҳаси - салаби уникидир», деган ҳадислари далилдир. Хумс -умумий ўлжанинг бешдан бир қисми бўлиб, у кимга тегишли эканини Аллоҳ таоло ўз Китобида зикр қилган: «(Эй Мўминлар,) агар сизлар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида — икки жамоа тўқнашган кунда, (яъни Бадр жангида) бандамиз   (Муҳаммад   алайҳиссалом)га   нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага    иймон    келтиргувчи    бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнииг бешдан бири Аллоҳ учун, Пайғамбар учун ва у Зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар   учундир.   Аллоҳ  ҳамма   нарсага Қодирдир (Анфол сураси, 41-оят). И з о ҳ: Шариат ҳукмига кўра, урушда қўлга киритилган ўлжанинг бешдан тўрт қисми жангчиларнинг ҳақи бўлиб, бешдан бири юқоридаги оятда мазкур бўлган жиҳатларга сарфланади. Мана шу салаб ва хумсдан қолгани, яъни улжанинг бешдан тўрти жангчилар ўртасида тақсимлаб берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Иккинчи, Ифк - бўҳтон қиссаси. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Дин душманлари томонидан йўлиққан озор-азиятлар занжирининг яна бир ҳалқасидир. Бу азиятнинг чарбаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун аввалгилардан кўра қаттиқроқ бўлди. Мунофиқлар томонидан келадиган ёмонликларнинг табиати ўзи шундай - бири иккинчисидан қаттиқроқ, оғриклироқ бўлади. Шу билан бирга, бу бўҳтон қиссаси ўзи билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятини ёритиб берувчи Илоҳий ҳикматни ҳам етаклаб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсондирлар. Улар каби ўйлайдилар, фикр юритадилар. Шунинг учун мазкур уйдирмани эшитганларида оддий инсонлар каби изтиробга тушдилар, улар каби шубҳа қилдилар, ҳар хил хаёлларга бориб, асҳобларидан маслаҳат сўрашга мажбур бўлдилар. Шу пайтнинг ўзида ваҳийнинг узоқ муддатга тўхтаб қолиши ҳам у Зотнинг башарий жиҳатларини кўрсатадиган Илоҳий ҳикмат бўлди. Бундан ғоятда аҳамиятли бўлган икки ҳақиқат ойдинлашади. Биринчи ҳақиқат: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг набийлиги ва расуллиги сабабли оддий одамлик чегарасидан чиқиб кетмаганларидир. Демак, у Зотга иймон келтирганлар пайғамбарлик у кишини башарий чегаралардан ўтказиб юборган деб тасаввур қилишлари ва бунинг натижасида фақат Аллоҳ таологагина нисбати бериладиган ишларнинг нисбатини у кишига ҳам беришлари дуруст эмас экан. Иккинчи ҳақиқат: Илоҳий ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларидан келиб чиқадиган шахсий хоҳиш-истакларига бўйсунадиган ички туйғу эмасдир. Чунки агар аксинча бўлганида, у Зот олдида мазкур муаммо туғилиши биланоқ уни бартараф этиши, ўз аҳлининг тўғрилиги ва яхшилигига бўлган кўнглидаги ишонч ҳақида оятлар чиқариши ва бу билан саҳобаларнинг ҳам кўнгилларини хотиржам қилиши мумкин бўлган бўлар эди. Лекин у киши бундай қилмадилар, чунки бунга қодир ҳам  эмас эдилар. Бу икки ҳақиқат биринчи бўлиб Оиша онамизга аён бўлди. Шунинг учун онаси - туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга раҳмат айтишга буюрганида шундай деди: «Йўқ, у кишига турмайман ҳам, ҳамд ҳам айтмайман, фақат Аллоҳ таологагина ҳамду сано айтаман. Зеро, у Зот мени оқлаб оят нозил қилди». 11. Шак-шубҳасиз, бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. 12. (Эй мўминлар,) сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!»,  десалар  бўлмасмиди?!   13.  Улар (яъни Оишани бадном қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига)      тўртта      гувоҳ     келтирсалар бўлмасмиди?!     Бас,    агар     гувоҳ     келтира олмасалар,   у   ҳолда  Аллоҳ   наздида   улар ёлғончидирлар.   14.   Агар   сизларга   дунё   ва Охиратда Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, албатта, сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. 15. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингиз.  Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). 16. Уни эшитган пайтингизда: «Бу (мишмишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй Пок    Парвардигор,    бу    улуғ    бўҳтон-ку!» десангиз   бўлмасмиди?!   17.   Агар   мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни  Аллоҳ сизларга панд-насиҳат  қилур.   18.Ва Аллоҳ сизларга   Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Соҳибидир.    19.  Албатта,   иймон   келтирган кишилар   ўртасида   бузуқликлар   ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз. 20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли экани бўлмаса эди (албатта, у Зот сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди) (Нур сураси, 11 -20-оятлар).



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ