Уни севиш

1 ўн йил аввал 2833 siyrat.uz

Уни севиш

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир» (Оли-Имрон сураси, 31-оят). Севиш… Аллоҳни севиш… Аллоҳ севганни севиш… Аммо уни қандай севамиз? Яна ҳам тўғрироғи севгимизни қандай исботлаймиз? «Сени жуда севаман, Яратган Эгам! Сизни жуда яхши кўраман, эй Аллоҳнинг Расули!» деймизми? Бу даъво исбот талаб қилмайдими? Аллоҳ ва Расул нурига парвона ошиқлар каби бўлишимиз керак эмасми? Бу ишқ насими эсмаган кўнгиллар хазонга айланмайдими? Уни севиш… Ота-она, бола-чақа, мол-дунё ва ҳатто ўзимиздан ҳам ортиқроқ даражада севиш. Бу севги билан иймоннинг чўққисига эришмоқ ва коинот сарварига уммат бўлмоқ… Уни севиш… У севилгач, Унинг барча яратиқлари ҳам севилади. У севганлар ҳам севилади. Ва бу севги амал дафтаримизга ибодат бўлиб ёзилади… Уни севиш… Унга кўнгил бериш… Унда Уни топиш, Уни билиш ва Унда Унинг зарраси бўлиш… Менликдан воз кечиш… Иккилик йўлини тарк этиб, бирлашиш, бирлик йўлига равона бўлиш… Ишқдан телба бўлиш… Ёниб-қовжираш… Фақат У билангина мавжуд бўла олиш… У билан борлиқ моҳиятига етиш. Уни билиш… Уни англаш билан ҳамма нарсани англаш… Уни топиш… Уни топган ҳамон ҳамма нарса топилади. Усиз ҳеч нарса бўлмайди. У билан бутун борлиқ мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гулларининг гўзал ифорлари чўл иқлимида увол бўлмаслиги керак. Бу ифорни раҳмат шамоли олиб келиши керак. Шунда қовжироқ тиканлар ҳам жонланиб гуллаши, бу гуллар эса зулмат кўнгилларни чечакка айлантириши лозим. Севиш керак, севдириш керак… Зулматлар ойдинлашиб, ойдинлик ёрқин нурларга айланиши керак. Буларнинг ҳаммаси қандай содир бўлади? Кўнгиллар қандай туташади? Уларда ишқ қандай алангаланади? Кўнгилдан кўнгилга узалиб келаётган бу ишқ маёғи, севги назокати қандай бунёд бўлади? Ҳамма гап икки нарсада… Қолган нарсалар шу иккисига элтувчи рамздир. Қуръон ва суннат… Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг буйруқлари… Жон шу иккиси асосида жон бўлади. Кўнгиллар шу билан оловланади. Шунчалар олов оладики, ҳатто тошларни ҳам эритиб юборади. Қўлёзмалардан ўрнак олиш, ташвиқ қилиш ёки ўрнак олганимизни  айтиб мақтаниш жуда қулай. Аслида бутун маҳорат, маърифат шундай яшаганлардан ўрнак олишдир. Ва У каби яшаш… Улар каби… Пайғамбаримиз алайҳиссалом каби… Саҳобаи киромларимиз каби… Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оила аъзолари каби… Булар кимлар? Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч ўғил, тўрт қиздан иборат етти фарзандлари бўлган. Ўғиллари (Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим) болалик чоғларидаёқ вафот этиб кетишган. Қизлари эса улғайиб, ўзларидан кўпайишган. Тўрт куёв гул, нодир чечак эди. Атиргулнинг ғунчалари эди улар. Атиргулнинг ғунчалари… Ҳазрат Зайнаб, ҳазрат Руқайя, ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима… (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин!) Раҳмат насими асрлар оша бу гулларнинг тароватли бўйини келтирмоқда. Буни ҳамма ҳам ҳис эта олмайди. Англаганлар сезади бу ифорни. Ва чуқур-чуқур нафас олиб, у билан ўзларини тўлдирадилар. У билан қайта жонланишади… Чечак бўлишади, гулга айланишади, кўнгил кўпригини қуришади ва… йўлга чиқишади. Йўлга чиқиш, уларнинг изидан кетиш. Эркак-аёл, ёш-қари – ҳаммага ибрат. Намунаи имтисол… Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қизлари ва куёвлари… Инжа ҳаёт. Бу гўзал ҳаётдан ола билганимиз далиллар дарёси… Қани ўша кунларга… Ўша кунларни бугунга қайтаришга… Ўрнак олиб, ўрнак бўлишга…




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ