Хотима

3 йил аввал 3278 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим сифатлари ва масжидлари билан қабрларини зиёрат қилиш ҳақида:

• Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни учта кийимга кафанладилар. Улар ичида кўйлак ва салла йўқ эди. Кафанланиб бўлгач, саҳобалар тўп-тўп бўлиб кириб, жаноза намозини ўқиб чиқдилар. • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Савда, Оиша, Ҳафса, Умму Ҳабиба, Умму Салама, Зайнаб бинти Жаҳш, Жувайрия, София, Маймуна. (Оиша розияллоҳу анҳодан бошқалари бокира эмас эди). • У Зотнинг уч ўғиллари бўлган: Қосим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шу ўғилларининг исми билан  Абул Қосим − Қосимнинг отаси деб чақирилар эдилар. Қосим пайғамбарликдан аввал туғилиб, икки ёшида вафот этган. Абдуллоҳ. Тоййиб, Тоҳир деб ҳам чақиришар эди. У пайғамбарликдан кейин туғилган. Иброҳим. Ҳижрий саккизинчи йили Мадинада туғилган. Ўнинчи йили вафот этган. • Қизлари тўртта эди: Зайнаб, Фотима, Руқайя, Умму Кулсум. Руқайя ҳижрий иккинчи йили Рамазон ойида Бадр куни вафот этган. Умму Кулсум ҳижрий тўққизинчи йили Шаъбон ойида вафот этган. Иккалалари ҳам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг аёллари бўлганлар. • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Айниқса, Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар. Хулқлари ҳам, хилқатлари ҳам гўзал, кафтлари жуда юмшоқ, ҳхидлари хушбўй, аҳли оилаларига чиройли муомалали, Аллоҳдан жуда қаттиқ қўрқар эдилар. Ўзлари учун ғазаб қилмас, интиқом ҳам олмас эдилар. Аммо Аллоҳнинг ҳурмати поймол қилинаётганини кўриб қолсалар, то ҳақиқатни юзага чиқармагунларича у Зотнинг ғазабларига ҳеч нарса тенг келолмас эди. У Зотнинг хулқи Қуръон эди. Жуда камтар эдилар, уй ишларини ҳам қилиб кетаверар эдилар. Заифларни қанотларига олар эдилар. Ортиқ даражада ҳаёли эдилар. Ҳеч қачон бирон таомни айбламаганлар. Иштаҳа қилсалар, ердилар, хоҳламасалар, емас эдилар. Яна у Зот таомни суянган ҳолда тановул қилмас эдилар. Ҳалво, асал ва ошқовоқни хуш кўрардилар. Вақти келса уйларида бир ой, икки ой қозон осилмас эди. Ҳадяни олар, садақа − закотни қабул қилмас эдилар. У Зотнинг тўшакчалари ичига дарахт барглари солинган теридан қилинган эди. Дунё матолари, қулайликларидан ўзларини тортар эдилар. Аллоҳ таоло у Зотга Ернинг барча хазиналарининг калитларини ато қилди, лекин у Зот буни қабул қилмадилар, балки Охиратни танладилар. У Зот кўп зикр ва давомли фикр қилар эдилар. Кулгулари табассумдан иборат эди. Фақат рост сўз билан ҳазиллашар эдилар. • Анас ибн Моликдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у киши айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан ҳам мулойимроқ бирор ипак ва ҳирирни ушламадим. У Зотнинг бўйларидан ҳам хушбўйроғини ҳидламадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим, бирон марта менга «уф» демаганлар. Бирон ишни қилсам, нимага ундай қилдинг ёки қилмасам, нега бундай қилмадинг, демаганлар». • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари билан қабрларини зиёрат қилиш катта савобли амаллардандир. Бунга ҳозирги кунимизгача бўлган жумҳур уламолар иттифоқ қилганлар. • Билингки,   у   Зотнинг   қабрларини   зиёрат қилишнинг ўзига яраша одоблари мавжуд. Қачон Аллоҳ таоло сизга у Зотнинг қабрларини зиёрат қилишга боришни насиб этса, аввало, у Зотнинг масжидларини зиёрат қилишни мақсад қилинг, сўнг қабрларини зиёрат қилишни ният қилинг. Мадинага кириш олдидан имкон бўлса, ғусл қилиб, энг покиза кийимларингизни кийиб, Мадинанинг улуғлигини, башариятнинг энг афзал Инсони билан мушарраф қилган   жойга   бораётганингизни   юракдан   ҳис қилинг. Масжидга кириб, Равзага келганингизда Расулуллоҳ   соллаллоҳу   алайҳи   ва  салламнинг қабрлари билан минбарлари оралиғидаги жойда икки ракаат  таҳийятул масжид намозини ўқинг. Кейин қабри шарифга яқинлашганингизда баъзи жоҳил    кимсалар    каби    унга    ташланишдан, деразаларига    ёпишиб,    уни    силаб-сийпашдан сақланинг.   Чунки   буларнинг   барчаси   бидъат ишлардир. Қабрдан тўрт газ чамаси узоқликда, қабр деворининг пастки томонига қараб кўзларингизни юмиб, ҳайбат ва эҳтиром билан туринг. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан паст овозда шундай саломлашинг: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ.        Гувоҳлик        бераманки,        Сиз Парвардигорингизнинг      рисолатини      бизларга етказдингиз.    Умматингизга    холис    бўлдингиз. Парвардигорингизнинг Йўлига ҳикмат билан, гўзал мавъиза билан даъват қилдингиз. Сизга шубҳасиз ҳақиқат −  ўлим   келгунича  Аллоҳга   ибодатда бўлдингиз.       Сизга,       аҳли-оилангизга ва асҳобларингизга Роббимиз истаганча ва рози бўлганча салоту саломлар бўлсин». • Сўнг четроққа ўтиб, қибла томонга ўгирилиб дуо қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга орқа ўгириб одобсизлик қилдим, деган андишага борманг. Чунки дуо қиблага қараган ҳолда қилинмоғи лойиқдир. Зотан, дуо Аллоҳ таолога хитоб қилиш демакдир. Аллоҳга дуо билан юзланишнинг знг яхшиси эса қиблага юзланишдир. Дуони шундай бошланг: «Аллоҳим, Ўзинг айтгансан, Сенинг Сўзинг эса Ҳақдир: «Агар улар (шайтондан ҳукм сўраб боришлари билан) жонларига жабр қилган пайтларида дарҳол сизнинг олдингизга келиб, Аллохдан мағфират сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, Аллоҳнинг тавбаларни     Қабул     қилгувчи,     Меҳрибон эканлигини топган бўлур эдилар» (Нисо сураси, 64-оят). Мен Сендан гуноҳларимни мағфират қилишингни сўраб, Расулинг Сенга мени шафоат қилишини, оқлашини тилаб келдим...». Сўнг дину дунёйингиз учун, биродарларингиз ва омма мусулмонлар учун хоҳлаган дуоларингизни қилишингиз мумкин. Ана шундай дуоларингиз асносида биз ғарибларни ҳам ёдга олишингиздан умидвормиз. Зеро, бизлар биродарларимизнинг қилган ғоибона дуоларига жуда муҳтождирмиз. • Ушбу китобни тамомлашга муваффақ қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин. • Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барчаларимизга Ўз Ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам тутишни насиб қилсин. Китобда йўл қўйган камчилик-хатоларимизни Ўзи кечирсин. Ва соллаллоҳу ала Саййидина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн ва ахиру даъваанаа анил ҳамду лиллаҳи Роббил аламийн!



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ