Иблис гуноҳини эътироф қилмади

7 ой аввал 486 siyrat.uz

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани дақиқ жойларигача билгувчи Зотдир. У Зот Иблиснинг Одамга нима учун сажда қилмаганини билиб турса ҳам унинг дилидагини тилига чиқариш учун сўради.

«(У зот:) «Эй, иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима тўсди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки «олий»лардан бўлдингми?!» – деди» («Сод» сураси, 75-оят).

Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган Зотдир. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор деб билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган Иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло:

«(У зот:) «Эй, иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима тўсди?!», деб сўрамоқда.

Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки «олий»лардан бўлдингми?!» – деди».

Аввал айтилганидек, Аллоҳ таоло Иблиснинг нима учун Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун Иблисга шу саволни берди. Натижада Иблиснинг дилидаги тилига чиқди.

«(У:) «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди» («Сод» сураси, 76-оят).

Бу жавобдан Иблис Аллоҳ таоло томонидан Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.

«Мен ундан яхшиман».

Иблис «Мен одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан», деб бош тортди.

«Мени оловдан яратгансан».

Уламоларимиз Иблиснинг мана шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканлигини айтадилар. «Иблис фаришталардан эди», деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга амр этганида у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган одамга сажда қилмасликни, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунишдан бош тортишни ўзига раво кўрди.

«Уни эса лойдан яратдинг», деди».

Иблис кимнинг нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканлигини тан олгиси келмади. Шунда:

«(У зот) деди: «Бас, сен ундан чиқ! Албатта, сен қувилгансан. Ва албатта, жазо-мукофот кунигача сенга Менинг лаънатим бўлгай» («Сод» сураси, 77–78-оятлар).

Аллоҳ таоло «Эй Иблис, сен энди жаннатдан чиқ, сен, албатта, лаънатланган – раҳматимдан қувилгансан, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди.

«(У) деди: «Роббим! Улар қайта тирилтириладиган кунгача менга муҳлат бергин!» («Сод» сураси, 79-оят).

Иблис Аллоҳ таолога ёлвориб, одамлар қайта тирилтириладиган қиёмат кунигача бу дунёда туришга муҳлат сўради. Аллоҳ таоло Ўзигагина маълум ҳикмат юзасидан Иблисга ўша кунгача муҳлат берди.

«(У зот) деди: «Албатта сен муҳлат берилганлардансан. Маълум вақт кунигача» («Сод» сураси, 80-81-оятлар).

Аллоҳ таоло Иблисга қиёмат кунигача муҳлат берилганлар қаторида эканлигини айтди.

«(У) деди: «Иззатинг ила қасамки, уларнинг барчасини албатта йўлдан оздиражакман. Улардан танланган бандаларингдан бошқасини», деди» («Сод» сураси, 82-83-оятлар).

Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса Иблиснинг иғвосига учраши турган гап. Аллоҳ таоло Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини унинг ўзига ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган.

«(У зот) деди: «Ҳақ шулки, зотан, Мен фақат ҳақни айтурман. Жаҳаннамни сен билан ва улардан сенга эргашганларнинг барчаси билан албатта тўлдирурман» («Сод» сураси, 84-85-оятлар).

Аллоҳ таоло ҳақиқатни айтди: «Эй Иблис, сен одамларни иғво қилавер, улардан хоҳлаганлари сенга эргашаверсинлар. Аммо сен ҳам билиб қўй, улар ҳам билиб қўйсинлар, Мен, албатта, сени ҳам, сенга эргашганларни ҳам жаҳаннамга тушираман», деди ва Иблисни жаннатдан қувиб чиқарди.

Иблис билан инсон орасидаги душманлик шундан бошланди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

БАҲАМ КЎРИШ




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 8-куни
Ҳижрий 310-йил 8-робиъул-аввал куни (милодий 886-йил август ойида) Мунзир ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон отаси вафотидан сўнг Андалус тахтига ўтирди.

Китоблар

Payg'ambarlar tarixi - Islomiyat tarixidir

  MUQADDIMA   Bismillahir rohmanir rohim. Alloh subhonahu va taolo ko‘z bilan ko‘rib turganimiz va ko‘zimizga ko‘rinmaydigan butun borliqni yaratgan qudrat sohibidir. Avval koinot yaratilib, undan so‘ng inson давоми...

Nurul-yaqin

Muhammad Xuzariy ibn shayx Afifiy XIX asrning oxiri, XX asrning boshlarida Misrning  Qohira shahrida yashab o‘tdi. U yashagan davr Misrda uyg'onish va maorif islohoti  harakatining boshlanish davri edi. M. Xuzariy islom dini hamda din tarixiga oid chuqur  tadqiqotlar olib bordi. "Muhozirot fiy tarixil ummamil Islomiya" (Islom davlatlari tarixi  haqida давоми...

Tarixi Muhammadiy

SO‘ZBOSHI   Bilmak kerakkim, har bir musulmon bolasi, xohi er kishi, xohi xotun kishi, xohi yosh,  xohi qari, mana shu tubandagi to‘rt narsaning tarixini bilishi albatta lozimdur.  I. Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom tarixlari.  II. Qur’oni karim давоми...

Саодат асри қиссалари «Буюк фатҳ» (4-китоб)

ТАНИШТИРУВ Мана, саодат асридан ҳикоя қилувчи асарнинг ниҳоят тўртинчи китоби ҳам қўлингазда. “Интизор кутилган тонг», «Ойдинликлар сари», «Оламларга порлади қуёш» деб давоми...

Саодат асри қиссалари «Оламларга порлади қуёш» (3-китоб)

БАДР ИНТИҚОМИ УЧУН ҚАСАМ Абу Лаҳаб Маккада крлган, касаллиги туфайли Бадр жангига бора олмай, ўрнига бошқа одамни ёллаб жўнатган эди. Кетганлар изидан кунлаб йўл пойлади. Зафар давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ