Одамнинг тавбаси қабул бўлди

1 йил аввал 1403 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Аллоҳ таоло Одам боласини «Ер юзида хоҳлаганча кунингни кўравер», деб ўз ҳолига ташлаб қўйган эмас, балки унга энг зарур неъматларни ато айлаган, ҳатто тавба қилиш учун зарур бўлган калималарни ҳам Ўзи ўргатган:

«Бас, Одам Роббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин (У Зот) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У Таввоб ва Роҳиймдир» («Бақара» сураси, 37-оят).

Тафсирчиларимиз «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шу пайтда Одам алайҳиссаломга илҳом орқали маълум сўзларни берди, Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олиб, айтди, шундан кейин Аллоҳ таоло унинг гуноҳидан кечди», деб тушунтирадилар. Момо Ҳаво ҳам гуноҳ содир этилишида Одам Ато билан бирга бўлишига қарамай, бу мақомда зикр қилинмаганининг сабаби – у киши Одам алайҳиссаломга эргашганлиги учун Одамнинг зикри билан кифояланилади.

Уламоларимиз «Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган калималар кейинроқ келадиган «Роббана заламнаа анфусана» дея бошланувчи ёлвориш калималари эди», деганлар. Оятнинг охирида Аллоҳ таолонинг тавбани қабул қилувчилик сифати:

«Албатта, У Таввоб ва Роҳиймдир», деб зикр қилинишидан ўша сўзларда тавба ўз аксини топганлиги билиниб турибди.

«(Биз:) «Ундан ҳаммангиз тушинг. Бас, Мендан сизга ҳидоят келса, ўшанда ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», – дедик», («Бақара» сураси, 38-оят).

Яъни Аллоҳ таоло:

«Ундан ҳаммангиз тушинг», деди.

Бу фармоннинг яна бир бор такрорланиши таъкид учундир.

«Бас, Мендан сизга ҳидоят келса...».

Аллоҳдан бандаларига келадиган ҳидоят пай­ғамбар ва илоҳий китоблардан иборат бўлади. Демак, Аллоҳ бандаларини ҳидоятга йўллашини, пайғамбар ва китобларини юбориб туришини аввал бошданоқ айтиб қўйган. Одамлар ушбу илоҳий ҳидоятга бўлган муносабатларига қараб, турли мартабаларга бўлинади.

«…ўшанда ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар».

Яъни ким Аллоҳнинг ҳидоятига – Пайғамбарига ва Китобига эргашса, уларга келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар аввал бўлиб ўтган ишлардан хафа ҳам бўлмайдилар.

Аллоҳ таолонинг:

«Бас, Мендан сизга ҳидоят келса, ўшанда ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», деганида келажакда Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига ишора бор эди ва дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам.

Одам Ато ва Момо Ҳаво Аллоҳ таолонинг амри ила ер юзига тушганларидан кейин кўплаб фарзанд кўрдилар. Ривоятларда келишича, Момо Ҳаво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша пайтдаги имконлар ҳисобга олиниб, биринчи жуфт­ликдаги ўғил-қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қуришлари мумкин эди. Шу тариқа одам зоти кўпайиб борди ва оталари Одам Ато уларга пайғамбар бўлдилар.

Одам Атонинг пайғамбар бўлганига Қуръони Каримдан ва ҳадиси шарифдан далиллар бор.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида айтади:

«Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Иброҳим оиласини ва Имрон оиласини оламлар узра танлаб олди» (33-оят).

«Тоҳо» сурасида эса:

«Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади», деган (122-оят).

Имом Термизий Абу Саъийд розиялоҳу ан­ҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва қўлимда ҳамд байроғи бўла­- дир – бу фахрланиш эмас. Ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Ва бу фахрланиш эмас. Мен устидан қабр биринчи ёриладиган кишидирман ва бу фахрланиш эмас», деганлар.

Ушбу далиллар Одам Атонинг пайғамбар бўлганларини кўрсатади. У кишининг набий бўлганлари ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо «Расул бўлганларми ёки йўқми?» деган саволга уламоларимиз юқоридаги далилларни келтириб, «Расул ҳам бўлганлар», деб жавоб берадилар.

Одам Атонинг аниқ пайғамбар бўлганликлари маълум бўлди. Шу билан бирга, Одам Атога нисбатан «осий бўлди», «иғвога учди» каби қуръоний лафзлар ишлатилгани ҳам маълум. Аввал ўрганганимиздек, пайғамбарлар маъсумлиги ҳам ҳақ.

Одам Ато исмли бир пайғамбарнинг ҳам маъсум бўлгани, ҳам осий бўлиб, гуноҳ иш қилгани қандай тушунилади?

Бу саволга уламоларимиз бир неча томондан жавоб берганлар:

Биринчиси – Одам алайҳиссалом дарахт мевасини Аллоҳнинг амрига осий бўлиш учун қасд қилиб эмас, амрни эсдан чиқариб қўйиб, еганлар. Эсдан чиқариш маъноси Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган.

Иккинчиси – Одам алайҳиссалом бу ишни пайғамбар бўлишларидан олдин қилганлар. Пайғамбар бўлишдан олдин бўлган бундай ишлар пай­ғамбарлик қисматига зарар етказмайди.

Одам Ато ўз фарзандларига пайғамбарлик қилиб юрдилар. Албатта, у киши уларни тўғри йўлга бошлаб турганлар. Аммо инсончилик, баъзи вақтларда атбоъларда (эргашувчиларда) таълимотлардан узоқлашиш оқибатида баъзи нолойиқ ишлар содир бўлиб туриши ҳам бор.

Ана шундай ишлардан бири Одам Атонинг фарзандларидан ҳам содир бўлган. Қуръони Карим буни ибрат учун батафсил баён қилган. Ўша ҳодиса Одам Атонинг икки ўғли қиссасидир. Қиссада мазкур икки киши Одамнинг ўғиллари эканлигини таъкидлашдан бошқа Одам Атонинг ундаги воқеа-ҳодисаларга алоқалари йўқ. Шундай бўлса ҳам, бу қисса доимо Одам алайҳиссалом қиссаларига илова қилиб келтирилади. Биз ҳам ана шу анъанага амал қилиб, ўша қиссани келтирамиз.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ