Робиъул-аввал ойининг 27-куни
- Ҳижрий 469-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1076-йил 30-октябр) Андалуснинг энг буюк тарихчиси ва “Ал-муқтабис мин анба аҳлил-андалус”, “Ал-матин” китоби муаллифи Абу Марвон ибн Ҳайён ибн Халаф ибн Ҳусайн вафот этди.
- Ҳижрий 699-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1299-йил 22-декабр) Илхония давлати султони Маҳмуд Ғозон билан Мамолик давлати султони Носир Қоловон ўртасида Ҳимснинг шарқий қисми “Маржул-муруж” деган жойда жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Ғозон жангчиларининг қўли баланд келди ва сон жиҳатдан кўплиги сабаб, султон Носир жангчиларини ер тишлатди.
- Ҳижрий 1304-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1886-йил 25-декабр) Мисрда катта ислоҳотлар олиб борган, хусусан аёлларнинг исломий таълим тарбиясига катта ҳисса қўшган ёзувчи адабиётшунос олима Малик Ҳафний Носиф хоним таваллуд топди.

Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:
1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ана шу одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, у набийдир, расул эмас.
Хулоса шуки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилинган. Набий эса бунга амр қилинмаган.
2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда:
«Албатта у(Қуръон) ҳурматли элчининг сўзидир» («Таквир» сураси, 19-оят) деганда Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган.
Шунингдек, «Ниҳоят, элчиларимиз келиб, уларнинг жонларини олаётганда» деганда ҳам фаришталарни ирода қилган («Аъроф» сураси, 37-оят).
3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам унга амал қилишга чақиради.
Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони Каримда «расул» ва «набий» сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «набий» сўзи ўттиз мартача ишлатилган бўлса, асосан ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа тақсимлаш каби масалаларда ишлатилган.
Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса, «Расул»ни пайғамбар деб таржима қилсак ҳам «набий»ни таржима қилмай, ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади. Икки маънони қўшиб баён қилишда эса «пайғамбар» лафзи ишлатилса бўлаверади.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан