Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари

2 йил аввал 2342 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Дарҳақиқат, кўпларини адаштирдилар. Ва (Сен) золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма» («Нуҳ» сураси, 24-оят).

Кўриниб турибдики, Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуолари ниҳоятда аламли дуодир. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига қилган ушбу дуоибадни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга «Сенинг қавмингдан ҳозир иймонга келганларидан ўзгаси зинҳор иймонга келмас», деб хабар берганидан сўнг, уларнинг иймонларидан ноумид бўлиб туриб қилганлар.

Кейинги оятда эса очиқ-ойдин жавоб келади:

«Хатолари туфайли ғарқ қилиниб, оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар» («Нуҳ» сураси, 25-оят).

Уламоларимиз ушбу оятни «Қабр азобига далилдир», деганлар. Чунки Нуҳ алайҳиссаломнинг қавм­лари тўфонга ғарқ қилинганларидан сўнг оловга киритилганлари ҳақида сўз кетмоқда. Охират олови қиёматда бўлиши ҳаммага маълум ва маш­ҳур. Шундан маълум бўладики, ушбу оятда хабари берилган Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми киритилган оловдан мурод қабр оловининг азобидир.

Сўнгра Нуҳ алайҳиссалом дуода давом этдилар:

«Ва Нуҳ деди: «Роббим! Ер юзида кофирлардан бирорта қимир этганини қўймагин! Албатта, Сен уларни қўйиб берсанг, бандаларингни адаштирадилар ва фожиру кофирдан бошқани туғмаслар» («Нуҳ» сураси, 26–27-оятлар).

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога бирорта ҳам кофирни қўймай, ҳалок қилишини сўраб қилган дуоларидан сўнг бу дуонинг сабабини «Уларни тирик қўйсанг, бандаларингни адаштирадилар ва фожиру кофирдан бошқа туғмайдилар», деб изоҳламоқдалар.

«Нуҳ алайҳиссалом бу нарсани қаердан билганлар?» деган саволга уламоларимиз «Узоқ давом этган тажрибадан», деб жавоб берганлар. У зот қавмнинг табиатини билар эдилар, тажрибадан ўтказганлар. Улардан бири боласини Нуҳ алай­ҳиссаломнинг олдиларига олиб келиб, у зотни кўрсатиб: «Эй болам, мана бундан эҳтиёт бўл, у каззобдир», дер эди. Шундай қилиб, катталар ҳам, ёшлар ҳам бузилиб, ҳеч ким иймонга келмас эди.

Нуҳ алайҳиссалом ўтган оятда кофирларни дуои­бад қилганларидан сўнг энди келадиган оятда мўминларни хайрли дуо қиладилар:

«Роббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни мағфират қилгин! Ва золимларга фалокатдан бошқани зиёда қилма!» («Нуҳ» сураси, 28-оят).

Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Аллоҳ таоло кофирларни битта ҳам қўймай, ҳалок қилди. Чунки улар инсоният баданига тушган қорасон касали каби эдилар. Уларни кесиб ташламаса бўлмас эди.

Қуръони Карим Исломга мухолифлар билан бўлган тортишувларда ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссаларини таъсир қилувчи бир ибрат сифатида ишлатган. Шу билан бирга, бу қиссалар мушриклардан кўплаб озор кўрган, машаққат чеккан Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотга эргашган мусулмонлар қалбини таскин топтириш ва қувватлантириш учун ҳам зарур бўлган.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ