Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеалар

7 йил аввал 1520 siyrat.uz

Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеалар

Ҳижратдан аввалги 15 йил, рамазон (мил. 608 йил август-сентябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 38 ярим ёшликларида халқдан узилиб, Ҳиро ғорида«таҳаннус»[1] ва «муроқаба»[2] ибодатларини адо эта бошладилар.

Ҳиж. ав. 14 йил, рамазон (мил. 608 йил август-сентябрь)

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 39 ярим ёшликларида Ҳиро ғоридаги ибодатларини давом эттирдилар.

Ҳиж. ав. 13 йил, рамазон, душанба кечаси (мил. 610 йил август)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 40 ярим ёш (шамсий 39 ёш-у уч ойлик) бўлганларида Пайғамбар бўлдилар ва Қуръони карим нозил бўла бошлади.

Ҳиж. ав. 9 йил, рамазон (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил июнь-июль)

– Машҳур «Ғарониқ» воқеаси бўлди.

Ҳиж. ав. 4 йил, рамазон (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил апрель-май)

– Хадича онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшларида вафот этдилар;

– Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб ҳам шу ойда, Хадича онамиздан уч кун олдин оламдан ўтган.

Ҳижрий 1 йил, рамазон (мил. 623 йил март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар (бу ҳарбий юриш Ислом тарихида«Сийфул баҳр» сарияси[3] деб номланган);

– Бир ривоятга кўра, азон ҳам мана шу ойда жорий қилинган экан.

Ҳижрий 2 йил, рамазон (мил. 624 йил 25 февраль)

– Мусулмонлар илк бор рамазон рўзасини тутдилар.

Ҳижрий 2 йил, 17 рамазон (мил. 624 йил 12 март)

– Катта Бадр ғазоти бўлди (бу ғазотга яна «Иккинчи Бадр» ҳам дейилади);

– Бадр жангидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этди.

Ҳижрий 2 йил, рамазон (мил. 624 йил)

– Шу ойнинг охирида, рамазон ҳайити намозини ўқиш ва уни байрам қилиб, нишонлаш буюрилди.

Ҳижрий 3 йил, рамазон (мил. 625 йил февраль охири ёки март боши)

– Бир ривоятга кўра, Имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо туғилган.

Ҳижрий 5 йил, рамазон (мил. 627 йил февраль)

– Аҳзоб жангига тайёргарлик мақсадида, хандақ қазиш ишлари бошлаб юборилди.

Ҳижрий 6 йил, рамазон (мил. 628 йил январь-февраль)

– Қурғоқчилик йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан истисқо, яъни ёмғир сўраб, дуо қилганларида, ёмғир ёққан;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ (ёки Зайд ибн Ҳориса) розияллоҳу анҳумо бошчилигидаги сарияни Қуро водийига юбордилар.

Ҳижрий 7 йил, рамазон (мил. 629 йил январь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғолиб ибн Абдуллоҳ Лайсий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 130 кишилик сарияни Майфаъадаги бани Увол ва бани Абд ибн Саълаба қабилаларига (ёки Жуҳайнадаги Ҳурақотга) юбордилар.

Ҳижрий 8 йил, 1 рамазон (мил. 629 йил 22 декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода ибн Рабиъ розияллоҳу анҳу бошчилигидаги саккиз кишилик сарияни Мадинадан уч барид (66,528 км) узоқликдаги Батни Изом деган жойга юбордилар (мақсад – Маккани фатҳ қилиш учун юриш йўналишини атрофдагилардан яшириш ва одамлар диққатини бошқа тарафга буриш. Ушбу сария йўлга чиқиб, айтилган томонга етиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккага қараб йўлга чиққанларини билдилар ва йўлни ўзгартириб, у Зотнинг ортларидан етиб олдилар).

Ҳижрий 8 йил, 10 рамазон (мил. 629 йил 31 декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобадан ташкил топган қўшин билан Мадинаи мунавварадан Маккага қараб йўлга чиқдилар;

– Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу оила аъзолари билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, Макка билан Мадинанинг қоқ ўртасидаги Жуҳфа деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашади.

Ҳижрий 8 йил, 17 рамазон (мил. 630 йил 7 январь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанбага ўтар кечаси Макка чегарасидан ўн икки мил (22,176 км) (Байтуллоҳдан эса ўн олти мил (29,568 км)) узоқликда жойлашган Марруз Заҳронда тунаб, лашкарга гулхан ёқишни буюрдилар ва ўн мингта гулхан ёқилди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришларидан олдин Абу Суфён ибн Ҳарб, Ҳаким ибн Ҳизом ва Будайл ибн Варқолар мусулмон бўлишди;

– Тонг пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Марруз Заҳрондан Маккага қараб йўл олдилар ва Маккага кириб, уни фатҳ қилдилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба ичига кириб намоз ўқидилар, сўнг Қурайш олдига чиқиб, хутба қилдилар;

– намоз вақти бўлганида, ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари билан Каъба устига чиқиб азон чақирди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларининг барча қилмишларини кечирдилар ва улар ёппасига Исломни қабул эта бошладилар.

Ҳижрий 8 йил, 25 рамазон (мил. 630 йил 15 январь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни ўттиз отлиқ билан Қурайш ва барча бани Киноналикларнинг Уззо номли энг катта бутини бузиш учун Нахлага юбордилар;

– шу ой охирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Макканинг шимоли-шарқида 150 км узоқликдаги Риҳот деган ерда жойлашган Ҳузайл қабиласининг Сувоъ номли бутини бузиб келиш учун юбордилар;

– шу ойнинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Зайд Ашҳалий розияллоҳу анҳуни йигирма отлиқ билан Авс, Хазраж, Ғассон ва бошқа қабилаларнинг Манот номли бутини бузиш учун Қудайднинг Мушаллал деган жойига юбордилар.

Ҳижрий 9 йил, рамазон (мил. 631 йил)

– Тоиф шаҳрининг аҳолиси Сақиф қавми Исломни қабул қилиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўз элчиларини жўнатди.

Ҳижрий 10 йил, рамазон (мил. 631 йил декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан ҳар йили рамазонда бир бор ўтказганлари ҳолда, ушбу охирги рамазон ойида икки маротаба ўтказдилар.

Ҳижрий 10 йил, 11–30 рамазон (мил. 631 йил 10–29 декабьр)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу охирги рамазон ойида йигирма кун эътикофда ўтирдилар (ҳолбуки, олдин ҳар йили рамазон ойида фақат ўн кун эътикофда ўтирар эдилар).

Ҳижрий 11 йил, рамазон (мил. 632 йил ноябрь-декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик қизлари Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳо оламдан ўтди.

Ҳижрий 37 йил, рамазон (мил. 658 йил февраль-март)

– Сиффин жангидан сўнг ҳар икки томон ўз тарафидан тайинлаган ҳакамлар Давматул Жандалда учрашишди.

Ҳижрий 40 йил, рамазон (мил. 661 йил январь-февраль)

– Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу вафот этдилар ва Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга байъат берилди.

Ҳижрий 50 йил, рамазон (мил. 670 йил сентябь-октябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Сафия онамиз розияллоҳу анҳо Мадинаи мунавварада вафот этди.

Ҳижрий 58 йил, 17 рамазон (мил. 678 йил 12 июль)

– Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Мадинаи мунавварада вафот этди ва Бақиъ қабристонига дафн қилинди.

Ҳижрий 65 йил, 3 рамазон (мил. 685 йил 12 апрель)

– Умавий халифаларнинг тўртинчиси Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу Дамашқда олтмиш уч ёшида вафот этди.

Ҳижрий 95 йил, 27 рамазон (мил. 714 йил 14 июнь)

– Ҳажжожи золим ўлди...


[1] Гуноҳлардан сақланиш ва руҳий покланиш.

[2] Яратувчи Зот ва яратилган олам ҳақида тафаккур қилиш.

[3] Сария – қуролланган махфий жанговор гуруҳ.

 

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ