Нур ва зулмат бир-бирига зид ва ҳеч қачон бир жойда жам бўлмайди. Кўпинча, зулмат ақл ва тафаккурни эгаллаб, ҳақни идрок этиш ва оқибатни ўйлашдан тўсиб қўяди. Шу пайт бир турткига эҳтиёж пайдо бўлади. Бундай туртки қалбларни уйғотиб, хоҳиш-истак ва рағбатларни қўзғайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, нур хатоларни тузатиш, ёмонлик ва зарарлардан қутилиш йўлини ёритади. Ислом рисолати ҳам ҳаётни ислоҳ этиш учун мана шунга ўхшаш порлоқ нур бўлиб, у қутқариш, тузатиш, нажот, улуғлик ва буюкликни тиклаш воситасидир. Ҳидоят чироғи – бу Қуръондир. Унинг ёритиш воситаси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир»[1]. Аллоҳ таоло Ўз набийини «улуғ нур, зиё сочувчи қуёш» дея тавсифлаб: «Ҳақиқатан, сизларга Аллоҳ тарафидан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур ҳамда тўғри йўлга ҳидоят қилур»[2], дейди. Яъни сизларга Аллоҳ тарафидан ҳақни юзага чиқарадиган, ноҳақликка барҳам берадиган нур – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам берилди. Чунки у зотнинг сўзи ва воситаси ила зулматлардан нурга чиқилади. У зот ўз сўзлари ва амаллари билан яхшиликка даъват этади. Яна сизларга ҳукмлари мукаммал ва бенуқсон, очиқ-ойдин мўъжиза бўлган китоб – Қуръони Карим берилди. Қуръон шариатнинг асоси, умматнинг низоми ва ҳаёт дастуридир. Агар инсон йўлдан адашса, илоҳий баён уни тузатиб, тўғри йўлга йўллайди. Агар уммат қоқилса, раббоний дастур унга ўзини ислоҳ этиш чорасини ўргатади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида пайғамбарининг хос вазифаларини тавсифлаб шундай марҳамат қилади: «Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи... ва Ўз изни билан Аллоҳга даъват қилувчи ҳамда нур сочувчи чироқ қилиб юбордик»[3]. Яъни Биз сени одамларнинг тасдиқлаган ёки инкор қилганликларига ҳамда ўтган пайғамбарлар ўз вазифаларини адо этганликларига гувоҳ бўлишинг учун юбордик. Шунингдек, Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ қилиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?»[4] Яъни эй Муҳаммад, Биз сени итоат этганларга жаннат хушхабарини берувчи, итоат этмаган ёки қарши чиққанларни кутиб туражак дўзахдан огоҳлантирувчи, инсонлару жинлардан иборат барча махлуқотни Аллоҳнинг динига, У Зотни севишга, изни билан Унга қурбат ҳосил қилишга даъват этувчи қилиб юбордик. Эй Муҳаммад, Биз сени ҳақ ва ботилни, ҳалол ва ҳаромни бир-биридан фарқлаб, гўзал хулқ билан бадхулқлик орасини ажратадиган, бамисоли ёғду сочувчи чироқ қилдик. У зот пок шариат, тўғри йўл, олий мартабалар ва баланд даражаларга элтувчи ёрқин ҳақиқатни баён этиш орқали Аллоҳга чақиради. У зотга энг афзал салавот ва мукаммал саломлар бўлсин! Илоҳий нур ҳамиша порлаб, ҳаёт уфқларини ёритиб туриши учун ҳидоят чироғи қилиб қўйилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалби ҳикматга тўлдирилиб, шубҳа аралашмаган иймон билан тўлиқ насибадор этилди. У зотнинг ақлию қалби кўзларни қамаштирувчи, сўнмас ва абадий нур билан равшан қилинди. Аллоҳ таоло Шарҳ сурасида шундай марҳамат қилади: «Сенинг кўксингни кенг қилиб қўймадикми? Сенинг юкингни енгиллатмадикми: елкангни босиб турганни? Сенинг зикрингни юқори кўтармадикми?»[5] Мазкур оят муфассирлар томонидан турлича шарҳланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Аллоҳ таоло у зотнинг қалбини Ислом нури билан кенг қилди», деб шарҳласа, Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: «Рисолат нури билан кенг қилиб қўйди», деб изоҳлайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳукм ва илм билан кенг қилдик»[6], деб тушунтиради. Айрим муфассирлар: «Одамлар ва шайтонлар озор бера олмасликлари учун турли васвасалардан покладик», деб тафсир қилади. Гўёки Аллоҳ таоло шундай демоқда: «Сенинг хатоларинг ва дилингни хира қиладиган барча камчиликларинг баҳридан ўтдик. Буларга нубувватдан олдин ёки жоҳилият вақтида юз берган адашиш, йўл қўйилган нуқсон ва ғафлатлар киради. Аммо пайғамбарликдан кейин сен хато ва гуноҳлардан маъсумлик (поклик) мартабасидасан. Сенинг қадрингни нубувват, рисолат, шуҳрат ва обрў-эътибор ила кўтардик. Қачон зикр қилинсам, Мен билан бирга зикр қилинасан. «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» калимасида, азонда ва барча ҳолатларда номинг номим билан ёнма-ён туради». Ана шу маъноларнинг ўзи Пайғамбаримиз шаънлари юксакка кўтарилганидан далолатдир. Аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аллоҳ таоло бу суранинг оятлари орқали Ўз ҳузурида набийи улуғ неъматларга сазоворлиги, олий мартаба эгаси ва шаъни улуғлигини таъкидлади. У зотнинг қалбини иймон ва ҳидоят учун очиб қўйди. Илм ва ҳикматни ўзида сақлаши учун кенглик ато этди. У зотни жоҳилият кирликлари юкидан халос этиб, жоҳилиятга хос, бўлмағур одатларга нисбатан нафрат уйғотди. У зотга неъмат қилиб берилган динни барча динлардан устун ва афзал қилиб қўйди. Ўзи нозил қилган оятларни инсониятга етказиши учун нубувват ва рисолат оғирлигини енгил қилди. Шунингдек, у зотнинг мартабаси улуғлиги, обрў-эътибори ва қадри баландлигини билдириб, муборак номи Ўз номи қаторида бежиз зикр қилинмаслигини эслатди. [1] 257-оят. [2] Моида сураси, 16-оят. [3] 45–46-оятлар. [4] 41-оят. [5] 1–4-оятлар. [6] Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини етук ҳикмат, ҳаёт ва барча инсонлар учун зарур бўлган фойдали илм билан тўлдирган.