Исломий эътиқодга кўра, пайғамбарлик Аллоҳнинг қулларига берган энг буюк лутфидир. Инсонлик даражасининг энг юксак чўққисидир. Ҳеч ким пайғамбарлик мақомига ўз закоси, билими ва ўз ғайрати билан эришолмайди10.
Пайғамбарлик фақатгина Аллоҳнинг эҳсонидир. Тангри таоло лойиқ кўрган қулига пайғамбарлик вазифасини топширади11. Пайғамбарлик мақоми баланд тоғнинг чўққисига ўхшайди. Инсон бу тоққа унинг этагидан чиқишдан олдин чўққи унинг кўзига жуда яқин бўлиб кўринади. Фақат тоққа кўтарилган сайин етиб бормоқчи бўлган чўққининг анча узоқда эканини тушуниб олади. У қанчалик юқорига чиқмасин, барибир, ўша чўққига боролмайди. Худди шу каби ирфон соҳиблари ўз билим ва савияларини нечоғлик юксалтирмасинлар, пайғамбарлик рутбаси янада юксакларда эканини кўрадилар. Пировардида, барибир, унга яқинлашиш мумкин эмаслигига қаноат ҳосил қиладилар12.
Ана шундай мақомга Аллоҳнинг иродаси ва лутфи туфайли сазовор бўлган буюк инсонларга набий, расул ёхуд пайғамбар исмлари берилади.
Пайғамбарлар Аллоҳ билан қуллари орасидаги элчидирлар. Аммо улар ҳам бошқалар каби бир инсондирлар; маъсум ва тўғри инсондирлар. Ҳеч ҳам ёлғон гапирмайдилар. Ҳеч кимни алдамайдилар ҳам. Улар инсонларнинг энг ақллиси, қалблари ҳақиқат нури билан тўладир. Гуноҳ иш қилмайдилар. Инсонлар ичида пайғамбарлардан-да маъсум кимсалар йўқ. Улар ҳам бошқалардек бир инсон эканликларини, фақатгина Аллоҳдан олган амрларини тўппа-тўғри етказиш вазифасида эканликларини очиқ-ойдин айтадилар13.
Илоҳий пайғамбарларнинг биринчиси ҳазрат Одам, охиргиси ҳазрат Муҳаммаддирлар. Инсонлар орасидан етишиб чиққан илоҳий пайғамбарларнинг сони жуда ҳам кўп. Ҳазрат Одамдан ҳазрат Муҳаммадга қадар бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар келгани ривоят қилинади14. Лекин бу ривоят пайғамбарларнинг кўплигига ишора ҳисобланади. Бу пайғамбарларнинг ҳаммасининг исмлари, яшаган жойлари ва умматлари аниқ эмас15. Қуръони каримда исми зикр этилган пайғамбарларнинг сони йигирма бештадир. Булар: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Юсуф, Айюб, Зулкифл, Шуайб, Мусо, Хорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаа, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.
Шу йигирма беш пайғамбардан бошқа ҳеч кимга фалончи пайғамбар ёки пайғамбар эмас, дея олмаймиз.
Қуръонда номлари эслаб ўтилган пайғамбарлардан бештаси (Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳиссалом) буюк ва янгиланган шариат соҳиблари эдилар16. Шу сабабдан бу беш пайғамбарга «Улул Азм» (азамат ва сабот соҳиби) пайғамбарлар дейилади. Шариат соҳиблари бўлган пайғамбарларнинг биринчиси Нуҳ, охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.
Пайғамбарлик вазифаси нуқтаи назаридан ҳамма пайғамбарлар тенгдирлар, ораларида фарқ йўқдир. Фазилат жиҳатидангина улар бир-бирларидан ажралиб туришади17. Бу жиҳатдан Муҳаммад, Иброҳим, Мусо, Исо, Нуҳ алайҳиссаломлар бошқаларга қараганда устундирлар Буларнинг ҳам ичларида энг фазилатлиси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаламдирлар.
Илоҳий пайғамбарлар бир қавм ёки бир ўлка ёхуд маълум бир давр учун келганлар18. Фақат «Хотамул Анбиё» − Муҳаммад Мустафо пайғамбаримизгина ер юзидаги барча миллатлар учун, ҳаттоки VII асрдан то дунёнинг сўнгига қадар бутун инсонларнинг саодати, қутулиши учун келганлар19 ва илоҳий пайғамбарларнинг энг охиргиси бўлганлар20.
Исмлари Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар ё арабларга, ё Арабистонга яқин жойларга юборилган ва ё Бани Исроил ичида етишган. Ҳолбуки, ер юзида ҳар умматга бир пайғамбар юборилган21.
Қуръони каримда илоҳий пайғамбарлардан баъзилари ҳақларида гапирилган, баъзилари билдирилмаган22. Илоҳий пайғамбарларнинг юборилишлари бир зуруратдир. Инсон ақли учун энг зарур ва катта эҳтиёждир. Аллоҳ инсонни, у яхши ва ёмонни ажрата олсин учун, ақл неъмати билан бирга яратган. Ҳолбуки, инсоннинг моддий (кўз билан кўриладиган) ва маънавий (кўз билан кўрилмайдиган) борлиғи бор. Кўпинча инсоннинг моддий борлиғи маънавий борлиғидан устун келади. Ўша пайт инсоннинг иродаси Ҳақни таниёлмайдиган бўлиб қолади. Фазилат йўллари беркилади. Адолат ўрнатиш учун ақлнинг кучи етмайди.
Ақл камолот даражасига етолмагани учун ҳаётдаги ҳамма нарсани била олмайди, бирор ҳақиқатнинг моҳиятини тўла қамрай олмайди. Бу олам бизнинг назаримизда мажҳул, унинг кўп сирлари бизга қоронғу. Руҳ тандан ажралгач, шубҳасиз, содир бўладиган кўп ҳолларни кўради, билади. Лекин ана шундай қобилият, куч-қудрат инсонга берилмаган. Ақл кўз билан кўрилмайдиган оламни тушунолмайди, кўриладиган олам билан кўрилмайдигани орасидаги боғични тополмайди. Ҳар нарсадан шубҳаланади. Баъзан инсон шундай бир ҳолатга тушадики, ҳақиқатларни кўра туриб, ундан юз ўгиради, қулоқлари том битади. Бу ҳол маънавий бир хасталикдир. Бу қалб хасталигини даволайдиган бирдан-бир чора ваҳий дорисидир23. Ваҳий эса фақат пайғамбарларга берилади. Таъбир жоиз бўлса, айтса бўладики, илоҳий ваҳий − ер юзига пайғамбарларнинг юборилишидир. Ва уларнинг чиғириғидан ўтган инсоннинг ахлоқи тузалади. У илоҳий пайғамбарлар оч, олчоқ руҳларни тўйдиради, юксакларга кўтаради. Инсонга ақл тополмаган ҳақиқатларни кўрсатади. Аллоҳнинг сифатларини, охират ҳаётини ўргатади. Инсон яратилгандан буён уни қўрқитиб келаётган ўлимнинг мутлақ бир йўқлик эмас, балки янги бир ҳаётнинг бошланиши эканини тушунтиради.
Абдулазиз Чавиш Инглизистондаги бир черков руҳонийсининг саволига берган жавобида шундай деган эди: «Ҳақ таолонинг азалий қонуни бундай содир бўлади: қайси бир уммат орасида фасод, ёмонликлар кўпайиб кетса, уларнинг орасидан бир Расул ёхуд мавжуд вазиятнинг даҳшатли оқибатларини тушунтирадиган бир мужаддид юборилади. Инсон яралгандан бери шундай бўлиб келган, охиригача ҳам аҳвол шундай давом этади».
Пайғамбарлик илоҳий ваҳийга суянади. Ҳақ таоло инсонлардек гапирмайди24. Чунки Аллоҳ жуда буюк ва жуда олийдир. Аллоҳ билан тўғридан-тўғри гаплашишга инсон (у нақадар комил бўлмасин) дош беролмайди. Улар бунга қодир эмаслар. Шу сабабли Ҳақ таоло, ҳикматига кўра, ваҳий орқали гапиради25. Ўз иродасини уч хил шаклда билдиради: 1. Ваҳий орқали. Бу пайғамбарларнинг қалбига тушган илҳомдир. 2. Парда орқасидан гапириш орқали. Илоҳий хитобга муяссар бўлган Пайғамбар парда орқасидан бир овоз эшитгандай бўлади. Овоз эшитилади, аммо у овознинг эгаси кўринмайди. 3. Фаришталар юбориш орқали26.
Аллоҳ инсонларни икки дунё саодатига эриштирувчи йўл-йўриқларни пайғамбарлари воситасида билдирган.
Илоҳий пайғамбарларга тушган илоҳий қонунларга «самовий китоблар» номи берилган. Булардан бир қисми «Суҳуф» (Саҳифалар), бир қисми эса «Китоб» дейилади.
Катта китоблар тўрттадир: Таврот, Забур, Инжил, Қуръони карим. Булардан Таврот Мусо Пайғамбарга, Инжил Исо Пайғамбарга, Забур Довуд Пайғамбарга ва ниҳоят Қуръони карим ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган.
Мусо алайҳиссаломга туширилган Таврот Исроил ўғилларининг муқаддас дин китоби эди. Исроил ўғилларини асоратдан қутқарган Мусо пайғамбар Тур тоғида илоҳий ваҳийга ноил бўлдилар. Илоҳий китоб у Зотга милоддан тахминан 1600 йил олдин тушган.
Мусодан кейин Фаластинда давлат қурган Исроил ўғиллари кўп ўтмасдан сиёсий таназзулга учрашди. Улар динларини ҳам, ахлоқларини ҳам сақлаб қолишолмади. Ягона Аллоҳ эътиқодидан иборат бўлган ҳақиқий Тавротга одамлар томонидан бир неча ўзгаришлар киритилди. Ҳозирги кунда «Таврот» деб юритилаётган китоблар уч хилдир: иброний, юноний, самарий. Қизиғи шундаки, бу уч китоб ҳам мазмун эътибори билан бир-биридан фарқ қилади. Хуллас, илоҳий китоб бўлган Тавротнинг асл қиёфаси қўпол равишда батамом ўзгартирилгандир. Энди биз унга илоҳий китоб сифатини беролмаймиз.
Довуд пайғамбарга ваҳий бўлган Забур шариат китоби эмас, дуолар мажмуаси эди. Ичида илоҳий қонунлар йўқ эди. Забур Тавротдан кейин туширилган ҳолда Мусо замонидаги шариат ҳукмларини ўзгартиролмади.
Тавротга «Аҳди атик» (Эски аҳд), Инжилга эса «Аҳди жадид» (Янги аҳд) номи берилган. Иккала китоб эса «Муқаддас китоб» дейилади.
Таврот милоддан аввалги III асрда юнончага, «Муқаддас китоб» милоднинг IV асрида лотинчага таржима қилинган. XIV, XV ва XVI асрларда, хусусан, XVI асрда «реформа» номини олган ва католик мазҳаби ичидан протестантликнинг чиқишига йўл очган пайтда −ишончда фарқлиликлар даврида муқаддас дин китоби миллий тилларга ибронийча асл нусхадан эмас, лотинча таржимасидан таржима қилинган.
Ҳазрат Исо алайҳиссалом уч йил пайғамбарлик қила олдилар. Ёшликларида Фаластиндан кетиб, ўттиз ёшларигача Мисрда турган эдилар. Фаластин чўлларида Аллоҳ томонидан у Зотга юборилган динни яширинча ёйишни бошлаган дастлабки йиллари яҳудийлар Исо алайҳиссаломни тан олишмасди. Исо Пайғамбарга фақатгина ўн икки балиқчи ишониб эргашди. Булар «ҳаворийлар» дейилади. Ҳаворийлардан Юда Шамъун (Яҳудо, Исхарёти) Исога хиёнат қилади. У яҳудийлардан олган пора эвазига Исонинг яширинган жойларини уларга айтиб беради. Исони ўлдириш мақсадида келган яҳудийлар кўзларига Исо бўлиб кўринган сотқин Юданинг ўзини тутиб олишади ва бақиртириб-бақиртириб хочга михлашади27.
Исо Пайғамбар (Идрис каби) олий мақомга кўтарилдилар28. Ҳаворийлар эса таъқиб остига олинди. Улар жуда озчилик эди. Бунинг устига икки тамонлама − ҳам яҳудийларнинг, ҳам бутпарастларнинг зулми остида қолишди. Шу боис ҳаммалари ҳар томонга тарқалиб кетишди ва натижада Исо алайҳиссаломга ваҳий бўлган ҳақиқий Инжил тўпланмади, сақлаб қолинмади.
Ўрнига Исонинг ҳаётларига доир бир неча китоблар ёзилди ва бу китобларга «Инжил»дейилди. Шу тариқа ёзилган китобларнинг сони жуда ҳам кўпайиб кетди29. Бу китоблардаги маълумотлар бир-бирига мос келмасди. Кейинчалик китоблар ичидан мазмунан бир-бирига анча яқин кўрилган тўрттаси танлаб олинди. Бу тўрт «Инжил» Исо динига оид муқаддас дин китоби бўлишдан ҳам кўра, кўпроқ черков тарихи эди. Бу «Инжиллар» ҳаворийлардан Матто, Юҳанно ва уларнинг талабалари Лука ва Маркослар томонидан ёзилган.
Ҳазрат Исодан кейин Исо дини (яъни христианлик) ўз қиёфасини тамомила ўзгартирди. Унинг ичига қадимги юнонларнинг ва қадимги римликларнинг бутпарастлик ғоялари қўшилиб кетди. Ҳинд ва қадимги Мисрнинг «таслис» деб аталувчи «уч тангри» эътиқоди кирди. Хуллас, асл илоҳий дин ботил эътиқодга айланди-қолди.
Христианликда «Ота−Ўғил−Руҳул қудус»дан иборат учликнинг «Ягона Тангри»ни ташкил этиши ишончига «таслис» номи берилган. Бу эътиқодга кўра, қодири мутлақ «Ота» самода− салтанат мақомида. «Ўғил» унинг ўнг томонида. «Руҳул қудус» эса чап томонида. Лекин буларнинг учаласидан иборат бўлган «Аллоҳ» бирдир. Яъники «Ота» ҳам Аллоҳ, «Ўғил»(Исо) ҳам Аллоҳ, «Руҳул қудус» (Жаброил) ҳам Аллоҳ. Лекин уч Аллоҳ эмас, бир Аллоҳдир. (Науъзу биллаҳи минзалик!)
Ҳолбуки, ҳазрат Исо пайғамбарлик даврларида ўргатган динда бутун оламларнинг яратувчиси яккаю ягона Аллоҳ ҳақида гапирган эдилар. Христианликда эса бу ғоя учга «айлантириб юборилди»30.
Кўриниб турибдики, Қуръони карим келгунга қадар муқаддас ҳисобланган барча дин китоблари ё вазифасини ўтаб бўлган, ё «Аллоҳнинг сўзи», «Илоҳий дин китоби» каби васфини батамом йўқотган эди. Бинобарин, Қуръони карим тушган пайт олдин туширилган бутун самовий китоблардаги асл ҳукмлар қолмаган эди.
Қуръони карим Аллоҳ таоло тарафидан юборилган илоҳий китобларнинг энг сўнггисидир. Ушбу муқаддас китоб Жаброил исмли фаришта воситасида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий йўли билан келди. Бирданига эмас, йигирма уч йилга яқин муддат ичида оятма-оят, сурама-сура ҳолида нозил бўлди.
Ҳақ таоло Қуръоннинг абадий муҳофизи (асровчиси) Ўзи эканини марҳамат қилган31. Қуръонни сақлаш ва кейингиларга етказиш учун мусулмонлар Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг иршодлари (кўрсатмалари) билан икки йўл тутдилар: бири − Қуръонни ёдлаш; иккинчиси − уни ёзиб олиш. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти Пайғамбаримиз томонларидан эълон қилингандан кейин саҳобалари уни ҳам ёдлар, ҳам ёзиб олар эдилар32.
Қуръони мажид ўн тўрт аср аввал қандай нозил бўлган, Расули акрам томонларидан қандай етказилган бўлса, шундайлигича муҳофаза қилинган, ҳаттоки зарра қадар ўзгаришга учрамасдан, наслдан-наслга ўтиб бизгача етиб келган. Бундай мазҳарият (хусусият) бошқа бирор китобга насиб бўлган эмас. Бу ҳақиқатни ҳаттоки Ислом душманлари ҳам эътироф этмоқдалар. Хусусан, «Муҳаммаднинг ҳаёти» номли асар муаллифи, инглиз тарихчиси Вилям Муир ўзи Ислом динининг ашаддий душмани бўлишига қарамай, Қуръони карим ҳақида шундай деган эди: «Ўн икки аср ўз матнини бунчалик сақлаб қола олган бошқа ҳеч бир китоб йўқдир»33.
Қуръони мубиннинг ҳеч ўзгармасдан сақлаб қолинганининг бир неча сабаблари бор, албатта. Табиийки, энг аввало, бу Тангри таолонинг иродасидир ва ваъдасига биноандир. Яна бир сабаб шуки, Қуръон Расули акрам замонларидаёқ ёзиб олинган эди.
Аллоҳнинг барча учун танлаган дини битта − ягона Тангри ишонч-эътиқодидан иборат бўлган Ислом динидир, мусулмонликдир34. Мусулмонлик ҳақиқатан инсонийлик динидир. Илк Пайғамбардан охирги Пайғамбаргача давом этиб келган Аллоҳнинг дини − Исломдир, ягона Аллоҳга бўлган эътиқоддир, тавҳиддир.
Инсонларнинг энг биринчи ўрганган дини ҳам Аллоҳнинг бирлигига ишончдан иборат эди. Уларга бу эътиқодни ўзларининг ичларидан чиққан илоҳий пайғамбарлар етказди, ўргатди. Барча пайғамбарлар билдирган динларнинг асоси Аллоҳнинг бирлигига ишонч − тавҳид эътиқоди эди. Сўнгги Пайғамбар − ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айни шу эътиқодни тарғиб қилдилар.
Бироқ аввалги Пайғамбар билдирган Ягона Тангри ишончининг асослари турли кимсалар тарафидан бузилади. Турли сабаблар билан кейинчалик ўзгаришларга учрайди. Ҳатто Аллоҳга ибодат ўрнини бутга сиғиниш эгаллайди.
Бутпарастликнинг асоси − табиат кучларини илоҳийлаштириб юксалтириш, расм, ҳайкалларда акс этган бу кучларга инсонларни сиғинтириш билан уларнинг қадр ва шарафини ерга уришдан иборат эди.
Муҳаммад алайҳиссалом давр таъсирида ўзгариб қолган бу асосларни асл ҳолига қайтардилар. Табиат кучларига сиғинишни ман қилибгина қолмай, айни пайтда бу кучлардан фойдаланишни билдириб, инсоният шарафини юксалтирдилар. Бинобарин, Аллоҳ таоло ер ва кўкдаги нарсаларни, шу жумладан, инсонни ҳам шунчаки яратган эмас. Демакки, инсонга берилган ақл ҳам худди шундай35.
Шу нарсани ҳеч унутмаслик керакки, дин на оддий инсонлар ва на пайғамбарларнинг ижоди. Диннинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Ислом динининг қурувчиси эмаслар. У киши илоҳий низомни энг сўнгги умматга етказиб берган бир элчидирлар.
Қуръони каримнинг билдиришича, турли даврларда, турли қавмларга бир неча пайғамбарлар келган. Булар ўргатган дин мазмун-моҳияти билан мусулмонликдан бошқа нарса эмас. Бу жиҳатдан инсонларнинг табиий (фитрий) дини Ислом динидир. Бутун асослари ақлга, табиатга уйғун келувчи мусулмонлик − бутун инсонликни қамраб олган Аллоҳнинг бу абадий дини пайғамбаримиз воситаларида камолот даражасида юксалгандир.
Бутга сиғинишни ман қилиб, инсонларга шарафини, табиий ҳурриятини олиб берган, инсонларнинг «фақатгина Аллоҳ ҳузурида мутлақ бир қул, бошқалар олдида эса мутлақ ҳур» эканини тушунтириб берган, инсоният тарихида бутун инқилобларнинг асосини тайёрлаган Ислом динининг буюк Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом Улуғ Тангрининг охирги элчисидирлар. Энди бундан кейин бошқа Пайғамбар келмайди.
Ҳақиқий дин бир Пайғамбарнинг ваҳий орқали Аллоҳдан олган ҳукмлар йиғиндисидир. Дин деганда ягона Аллоҳ билан Унинг элчиси эсга келади. Аллоҳсиз дин бўлмаганидек, ваҳийга суянмаган, бир Пайғамбар томонидан етказилмаган кўрсатмаларга ҳам «дин» деб бўлмайди.
Дин инсон яратилганидан буён мавжуддир, ҳар асрда яшагандир ва инсоният бор экан, у ҳам, албатта, туради. «Аллоҳ»фикрининг йўқолиши инсониятнинг йўқ бўлиб кетиши демакдир. Шоир Муҳаммад Акиф: «Иймонсиз, занг босган юрак вужудда ортиқча юкдир», деганида нақадар ҳақли эди!