8 жумадис сони 1446
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)

Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, Саъд ибн Муоз, Умар ибн Хаттоб, Абу Дужона розияллоҳу анҳум каби зотлар ёнингизда туриб жанг қилишаётганда, мен Умайя ибн Халаф, Абу Жаҳл ёнида туриб Сизга қарши қурол кўтариб қўйсам нима бўларди.

Шунинг учун ҳам мени мусулмон қилиб яратган, Сиздек улуғ пайғамбарга уммат бўлиш шарафини ато этган Роббимга чексиз ҳамду санолар айтаман. Сизни танитадиган уламолар билан бир замонда яшаётганим учун Холиқ таолога кўплаб ҳамд айтаман.

Ҳа, Ҳабибим, Сизни танитадиган, Сизга қандай эргашишни ўргатадиган устозларим бор. Улар Сизнинг меросхўрларингиз, ҳадисингизни, суннатингизни ёядиган умматингиз вакилларидир.

Устозларимиз Сизга бўлган муҳаббат мустаҳкам арқон эканини айтишган. Муборак танангиз биздан ажраган бўлса ҳам, қабрда ётган бўлсангиз ҳам бизнинг саломларимиз, амалларимиз Сизга кўрсатилар экан. Сиз бизнинг саломимизга алик олар экансиз. Чунки Аллоҳ таоло Сиз ва Сиздан олдинги пайғамбарларнинг жасадларини чиритишни ерга ман этган экан.

Ҳабибим Расулуллоҳ, Сиз Аллоҳ таолонинг эрка ва азиз Пайғамбарисиз. Сиз қиёматга қадар келадиган башарият учун гўзал намунасиз. Сиз замон жиҳатидан сўнгги Пайғамбар бўлсангиз ҳам камол жиҳатидан барча пайғамбарлар алайҳимуссаломдан устунсиз.

Сиз доим бизнинг ғамимизда бўлдингиз. Ҳамма Пайғамбарлар алайҳимуссалом ижобат бўладиган дуларини қилиб бўлишган бўлса, Сиз ўша дуоингизни қиёмат куни биз умматларингизни шафот қилиш учун асраб қўйгансиз. Бунчалар меҳрибонсиз. Ўша дуони ўзингиз учун, аёлларингиз учун, фарзандларингиз учун қилсангиз бўларди, лекин ундоқ қилмадингиз, бизни ўйладингиз.

Кўзимнинг қувончи Расулуллоҳ, Сиз ўзингизни кўрмай иймон келтирадиган умматларингизни биродарларим дедингиз, ҳа, биз Сизни кўрмай Сизга иймон келтирдик. Сиз ана шу биродарларингизни соғиндингиз, кўргингиз келди. Биз Сиз соғинган биродар мақомида бўла олмаяпмиз. Сиз кутгандек уммат бўла олмаяпмиз.

Сиз айтганингиздек, Аллоҳ таолонинг наздида пашшанинг қанотича қадри бўлмаган дунё учун биз умматларингиз бир-биримизни алдаяпмиз, ҳақорат қиляпмиз, обрўсини тўкяпмиз, ҳатто орамизда баъзилар баъзиларимизни ўлдиришгача боряпти. Ваҳоланки, Сиз бизга мусулмон учун мусулмоннинг қони, моли, обрўси ҳаром дегандингиз.

Машинамизнинг орқа ойнасига катта қилиб «Расулуллоҳ Сизни соғиндик» деб ёзиб оламиз. Рақамимизга ҳам Сиз таваллуд топган йилни 571 қилиб осиб оламиз. Аммо ўша машинада Сиз буюрган уловда юриш одобларига кўп ҳам амал қилмаймиз. Светофорнинг қизил чироғидан ўтамиз, пиёдаларга йўл бермаймиз, олдимиздаги машинада ўтирган мусулмон диндош биродаримизни қўрқитиб, асабига тегиб сигнал чаламиз. Аллоҳ таолодан бу борада ҳам Сизнинг кўрсатмаларингизга амал қилишимизни насиб этишини сўрайман.

Саййидим, Сиз бизга аёлларимизга яхши муносабатда бўлишни буюрган эдингиз. Аммо кўпчилигимиз аёлларимизни урамиз, ҳақорат қиламиз, зулм қилиб қўямиз. Аслида аёлларимизга қандай муомала қилишни Сиздан ўрганишимиз керак эди.

Севиклигим Расулуллоҳ, бугун биз мусулмон умматингизнинг баъзи юртларда яшайдиган вакиллари зулм, қийноқ остида инграмоқдалар. Биз эса уларга фақат дуо қилиш билан ёрдам бермоқдамиз.

Сизга оғриқли гапларни ёзганим учун Аллоҳ таолодан мағфират сўрайман.

Ҳабибим Расулуллоҳ, бугунги умматларингиз орасида шундай меросхўрларингиз борки, улар Сизнинг кўп суннатларингизга амал қилишади. Масалан, Маҳмуд афанди ҳазратлари, Зулфиқор Аҳмад ҳазратлари кабилар ана шулардандир.

Қалбларимиз сурури Расулуллоҳ, бугун бизнинг юртимизда Сизнинг суннатларингизга амал қиладиганлар ортиб боряпти. Хусусан, Сизнинг «Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана бундай турамиз» деб кўрсаткич ва ўрта бармоғингизни жуфтлаб кўрсатганингиздан шодланиб, Сизга қўшни бўлиш умидида етимпарварлик қилмоқдалар. Бундай ишлар ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилди. Аллоҳ таолодан уларни жаннатда Сизга қўшни қилишини сўрайман.

Ҳабибим Расулуллоҳ, бугун биз умматларингизни бир қисми Аллоҳ таоло бизга Ислом неъматини ато этгани ва Сизни бизга ато этгани учун ҳамду сано айтиб, сийратингиз ва суннатингизни ўрганиш учун йиғилиб турибмиз.

Мусулмонлар орасидаги баъзилар Сизнинг мавлидингизни нишонлашни бидъат демоқдалар. Ваҳоланки, ўзларининг уламоларини эслаб, шеърлар битиб, кўзлари ёш олиб эсламоқдалар. Уламоларини эслаш учун йиғилиб ўтирсалар бўлар экан-у, Сизни эслаш, суннатингизни ўрганиш, Сиздек инсонни бизга Пайғамбар қилиб юборган Роббимизга ҳамд айтиш учун тўплансак, бидъат бўлар экан. Уларнинг мавлидингиз борасида айтган гаплари учун биз Сиздан узр сўраймиз.

Биз умматларига меҳрибон Расулуллоҳ, Сизнинг шарафли ва нурли ой юзингизга боқиш бу дунёда насиб этмади. Аллоҳ таолодан жаннатда суҳбатингизга ошно қилишини, юзингизга боқиш шарафига эриштиришини сўраймиз.

Аллоҳ таоло Сизга, азвожи мутоҳҳаротларингизга, зурриётларингизга, аҳли байтингизга ва барча содиқ саҳобаларингизга чексиз салавот, салом ва дурудлар юборсин.

Сизнинг ҳузури шарифингизга мактуб ёзишга журъат қилган, Сиз билан жаннатда учрашиш, суҳбатингиздан баҳраманд бўлиш, қуёшдан порлоқ юзингизга назар солиш умидидаги гуноҳкор, хатокор, юзи қаро умматингиз.

(Тамом)

Нозимжон Ҳошимжон

17:47 / 31-октабрь
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...