Савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамду лиллаҳи ваҳдаҳ, вассолату вассаламу ъала ман ла набийя баъдаҳ. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандларини тартиб билан баён этамиз:
1) Қосим (онаси Хадижа розияллоҳу анҳо).
У Исломдан аввал Маккада туғилиб, гўдаклигида саҳиҳроқ қавлга кўра, ўн етти ойлигида, Исломдан аввал Маккада оламдан ўтган;
2) Зайнаб розияллоҳу анҳо (онаси Хадижа розияллоҳу анҳо).
Кўпчилик олимлар: «Зайнаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта қизлари бўлиб, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 30 ёшга тўлганларида туғилган ва ҳижрий 8 йили вафот этган», дейишади;
3) Руқайя розияллоҳу анҳо (онаси Хадижа розияллоҳу анҳо).
У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 33 ёшга кирганларида туғилган ва ҳижрий 2 йил, Бадр жангидан сўнг вафот этган;
4) Умму Кулсум розияллоҳу анҳо (онаси Хадижа розияллоҳу анҳо).
Умму Кулсум розияллоҳу анҳо ҳижрий 9 йил, рамазон ойида вафот этган;
5) Фотима розияллоҳу анҳо (онаси Хадижа розияллоҳу анҳо).
Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 41 ёшлик пайтларида туғилган;
6) Абдуллоҳ (онаси Хадижа розияллоҳу анҳо).
Насл-насаб билан шуғулланувчи кўпчилик олимларнинг гапларига қараганда, Абдуллоҳга Тоҳир (тоза) ва Тоййиб (ёқимли) лақаблари берилган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан кейин Маккада туғилиб, ўша ерда гўдаклигида оламдан ўтган.
7) Иброҳим (онаси Мория розияллоҳу анҳо).
Ҳижрий 10 йил видолашув ҳажидан олдин, 18 ойлигида вафот этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари гўдаклик ёшларида ҳаётдан кўз юмишган.
Қизлари эса Ислом даврига етиб, мусулмон бўлишган. Ҳижрат қилишган, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт пайтларида оламдан ўтиб кетишган.
Фақат кенжа қизлари Фотима розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кейин ҳижрий 11 йил, рамазон ойида вафот этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари фақат Фотима розияллоҳу анҳонинг Ҳасан розияллоҳу анҳу ва Ҳусайн розияллоҳу анҳу ўғилларидан тарқашган.
Фойдаланилган адабиётлар:
Мулла Али Қори, «Ал-фиқҳул акбар» шарҳи.
Шайх Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий, «Раҳматун лил оламийн», 2-жуз, «Пайғамбарнинг авлоди».
«Фатово аш-шабакатил исломия», 2/362.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт», 19-жуз.