8 жумадис сони 1446
Пайғамбаримизнинг фарзандлари

Саййидул мурсалийн жаноб Пайғамбаримиз уч ўғил, тўрт қиз, жами етти фарзанд кўрдилар. Навбати билан уларнинг исмлари Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима, Абдуллоҳ, Иброҳим. Бу етти фарзанднинг олтиталари ҳазрат Хадижадан, еттинчилари мисрлик ҳазрат Мориядан туғилгандир41. Ибн Исҳоқ Пайғамбаримизнинг Тоҳир ва Тоййиб исмли яна икки ўғиллари ҳам бўлганлигини айтади42.

1. Қосим

Расули Акрамнинг илк фарзандлари Қосим эди. Шу сабабли Пайғамбаримизнинг кунялари Абул Қосим (Қосимнинг отаси) бўлган эди. Ҳазрат Пайғамбар Абул Қосим исми билан чақирилишларидан хушланардилар. Асҳоб ҳам у кишини бу ном билан чақирарди. Ибн Саъднинг ривоят қилишича, Қосим икки йил яшади. Маккада вафот этди. Расули акрам фарзандлари ичида илк вафот этган Қосим бўлди.

2. Зайнаб

Пайғамбаримизнинг энг катта қизлари, Қосимдан кейин туғилдилар. Зайнаб туғилганларида Расули акрам ўттиз ёшда эдилар. Маккада дунёга келган Зайнаб ҳижратнинг саккизинчи санаси Мадинада вафот этдилар. Ўшанда ўттиз ёшда эдилар.

Зайнаб холаларининг ўғли Абул Осга турмушга чиқдилар. Абул Ос аввалига мушриклардан ажралмагани учун Бадр ғазотида қатнашиб  мусулмонларнинг қўлига асир тушган, қутулгач, Зайнабни Мадинага юборишга сўз берган эди. Расули акрам оилаларини келтириш учун Ҳориса ўғли Зайдни юбордилар. Зайнабни Мадинага олиб борган Зайд бўлди. Зайнаб Мадинага кетдилар, бироқ завжи Абул Ос Маккада қолди.

Абул Ос бир сария асносида яна мусулмонларнинг қўлига тушди. Ва фақат ҳазрат Зайнаб ўртага тушганлари учун қўйиб юборилди.

Абул Ос иккинчи дафъа асирликдан қутулгач, Маккага кетди. Омонатларини эгаларига бергандан сўнг мусулмонликка кирди. Мадинага ҳижрат қилди. Мусулмон бўлгани учун ҳазрат Зайнаб билан никоҳлари янгиланди. Абул Ос ҳазрат Зайнабга яхши муомалада бўларди. Шу сабабдан Расули акрамнинг таҳсинларига сазовор бўлди. Зайнаб завжи билан такрор топишгандан сўнг кўп яшай олмадилар. Вафот этганларида жасадларини Умму Айман билан ҳазрат Савда ювишди. Жаноза намозларини Расули акрам ўқидилар. Қабрга Абул Ос қўйди.

3. Руқайяа

Расули акрамнинг иккинчи қизлари. Туғилганларида у Зот ўттиз уч ёшда бўлганлар. Руқайя оталарининг пайғамбарликларидан аввал Абу Лаҳабнинг ўғли Утба билан турмуш қурган эдилар. Расули акрам одамларни Исломга даъват этишни бошлагач, Абу Лаҳаб уни чақириб:

— Ўғлим, Муҳаммаднинг қизи билан ажрашасан. Йўқса, мен сен билан орани очиқ қиламан, − деди.

Утба отаси Абу Лаҳабнинг ташвиқи билан Руқайяни қўйиб юборди. Шундан сўнг Руқайя ҳазрат Усмонга турмушга чиқдилар. Ҳабашистонга ҳижрат этган илк қофилада ҳазрат Усмон билан завжалари ҳазрат Руқайя ҳам бор эдилар. Ҳазрат Усмон Ҳабашистондан Маккага қайтдилар, у ердан эса Мадинага ҳижрат этдилар. Руқайя Бадр ғазоти кунлари хасталанганлар, шу сабабли ҳазрат Усмон Бадр муҳобарасида бўлолмаганлар, ҳатто завжаларининг бошида қолганлари учун узрлилар сафига киритилган эдилар.

Бадр ғазоти зафари ҳақидаги хабарни Ҳориса ўғли Зайд Мадинага етказган куни ҳазрат Руқайя вафот этдилар. Расули акрам ҳам Бадр жанги туфайли қизлари Руқайянинг жанозаларида қатнаша олмадилар.

4. Умму Кулсум

Расули акрамнинг учинчи қизлари. Руқайя Абу Лаҳабнинг ўғли Утба билан турмуш қуриб, ажрашганини айтдик. Умму Кулсум эса Абу Лаҳабнинг бошқа ўғли Утайбанинг никоҳида эди. Булар қовушмасдан ажралишди. Бадр ғазотидан ва ҳазрат Руқайянинг вафотларидан бир йил кейин − ҳижратнинг учинчи йили ҳазрат Усмонга турмушга чиқдилар.

Имом Бухорийнинг билдиришича, Ҳафса тул қолгач, ҳазрат Умар Усмонга мурожаат этганларида ҳазрат Усмон тараддудланиб қолганлар. Ўшанда Расули акрам Умарга:

— Мен сенга Усмондан, Усмонга эса сендан ҳам яхши бир одам топаман. Қизингни менга бер, мен эса қизимни Усмонга берайин! − деганлар43.

Ҳазрат Усмон билан турмуш қурган Умму Кулсум у киши билан олти йил бирга яшадилар. Ҳижратнинг тўққизинчи санасида вафот этдилар. Жаноза намозларини Расули акрам ўқидилар. Ҳазрат Али, ҳазрат Фазл ва ҳазрат Усомалар кўмишди.

Ҳазрат Усмон Расули акрамнинг икки қизлари − Руқайя билан Умму Кулсумга уйланганлари учун «Зиннурайн» (Икки нур соҳиби) сифатини қозондилар44.

5. Фотима

Расули акрамнинг энг кичик ва лекин энг суюкли қизлари эдилар. Илоҳий ваҳий илк келган пайтда Маккада туғилдилар. Ҳижратнинг иккинчи санаси ҳазрат Алига турмушга чиқдилар. Турмуш қуришганида ҳазрат Фотима ўн беш, ҳазрат Али йигирма тўрт ёшда эдилар. Расули акрам қизлари Фотиманинг сепларига ётоқ чойшаби, икки тегирмон, бир сув тулуми ҳозирлаганлар. Ҳазрат Фотима оталари берган тегирмонлар билан сув тулумини бутун умр ишлатдилар.

Расули акрам ҳазрат Али билан ҳазрат Фотиманинг осуда ҳаёт кечиришларини истар, ораларида ихтилоф чиқса, уларни дарҳол яраштирар эдилар. Бир куни Али Фотимага қаттиқ муомалада бўлдилар. Фотима Расули акрамга мурожаат этиб, эрларидан шикоят қилдилар. Иттифоқо, Фотимадан сўнг Али келдилар, у киши ҳам Фотиманинг устларидан шикоят қилдилар. Аммо Сарвари олам иккаласини ҳам яраштириб қўйдилар.

Бир дафъа ҳазрат Али иккинчи бор завжа олишга ҳаракат қилган эдилар. Бундан хабар топган Расули акрам жуда хафа бўлдилар. Бир хутбаларида:

— Менинг қизим − менинг жигарпорамдир. Қизимни ранжитган ҳар нарса мени ҳам ранжитади! − дедилар.

Шундан сўнг ҳазрат Али фикрларидан воз кечдилар, ҳазрат Фотима ҳаётдаликларида бошқа бир хотинга уйланмадилар45.

Ҳазрат Фотима ҳижратнинг ўн биринчи санаси, оталаридан олти ой кейин вафот этдилар. Расули акрамнинг иртиҳолларида қизлари йигирма беш ёшда эдилар.

Расули Акрам қизлари Фотимани жуда яхши кўрардилар. Хасталанганлари пайт уни ёнларига чақирдилар. Қулоқларига пичирладилар. Шунда Фотима йиғладилар. Кейин яна пичирладилар. Бу сафар Фотиманинг юзлари кулди. Ҳазрат Оиша бу ҳолнинг сабабини сўрадилар. Ҳазрат Фотима эса:

— Аввалига Расули акрам касалликлари сўнггида вафот этишларини айтдилар, йиғладим. Сўнгра оилалари ичида у кишининг ёнларига илк борадиган мен эканимни хабар бердилар. Буни эшитиб севиндим, − дея жавоб берган эдилар46.

Расули акрамнинг наслларини яшатган (давом эттирган) ҳазрат Фотима бўлдилар. Фотима беш фарзанд кўрдилар. Булар Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин, Умму Кулсум, Зайнаб эдилар. Булардан Муҳсин жуда ёшлигида вафот этди.

6. Абдуллоҳ

Ҳижратдан олдин, ҳазрат Хадижа билан турмушларининг ўн биринчи санаси Маккада туғилди47. Уч ойгина яшади. «Тоҳир» ва «Тоййиб» Абдуллоҳнинг бошқа исмлари эди. Аммо, юқорида айтиб ўтилганидек, Ибн Исҳоқ уларни Расули акрамнинг икки бошқа-бошқа ўғиллари эди, дейди.

7. Иброҳим

Расули акрамнинг энг кенжа фарзандлари ва энг кичик ўғиллари. Ҳижратнинг саккизинчи санаси Мадинада туғилди. Ибн Исҳоқга кўра, Расули акрамнинг Иброҳимдан бошқа барча болалари пайғамбарликдан олдин туғилган. Иброҳим мисрлик ҳазрат Мориядан дунёга келган бўлиб, ҳазрат Оишанинг ривоятларига кўра, ўн етти ёки ўн саккиз ойлик эканлигида вафот этган.

Расули акрам Иброҳимнинг туғилганидан жуда хурсанд бўлдилар, еттинчи куни бир зиёфат бердилар, фуқарога садақа тарқатдилар, ўғилларига ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломнинг исмларини қўйдилар. Чунки Расули акрамнинг ҳазрат Хадижадан туғилган ўғил фарзандлари ёшликларидаёқ вафот қилган, бошқа завжаларидан эса фарзанд бўлмаган эди.

Абу Рофиънинг завжаси Салмо янги туғилган Иброҳимга сут оналик қилди. Имом Бухорий Иброҳимни Умму Сайф эмиздирганлигини айтади. Расули акрам сут онанинг уйига борар, Иброҳимни кўрар, бошини силаб, ўпар эдилар.

Иброҳим Умму Сайфнинг уйида ўлди. Ҳазрат Пайғамбар ўғилларининг хасталанганлигини эшитгач, Авф ўғли Абдурраҳмон билан бирга уни кўргани келдилар. Иброҳимнинг ўлим панжасида тўлғанаётганини кўриб чидаёлмадилар, йиғладилар. Абдурраҳмон:

— Ё Расулуллоҳ! Нима қиляпсиз? − деганида, Расули акрам:

— Шафқат туйғуларим ғалаёнга келди! − дея марҳамат қилдилар.

Расули акрам ўғилларининг жаноза намозини ўқидилар, Аббос ўғли Фазл, Зайд ўғли Усома, Мазъун ўғли Усмон Иброҳимни қабрга қўйишди. Иброҳим Бақиъ қабристонига кўмилди.

Иброҳим ўлганида қуёш тутилган эди. Халқ:

—Қуёш ҳам мотамга қўшилди, − деди.

Шунда Расули акрам:

— Қуёш билан ой Аллоҳнинг оятларидандир. Бир фонийнинг ўлими туфайли тутилмаслар! − деб хитоб қилдилар ва мусулмонларни бундай ботил эътиқоддан узоқлаштирдилар48.

Изоҳлар

 

41. «Зубдатул қисас», 1-жилд, 183-бет; Меҳмет Азмий. «Ислом тарихи» 84-бет.

42.«Асри Саодат», 2-жилд, 1044-бет.

43. «Асри Саодат», 2-жилд, 1049-бет.

44. «Зубдатул қисас», 2-жилд, 184-бет.

45. Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 1051-бет.

46. Бухорий «Асри Саодат», 2-жилд, 764-бет.

47. Меҳмет Азмий. «Ислом тарихи», 91-бет.

48. Шом Умавий халифаси Муовия Мадинадаги Пайғамбар масжидининг қийматли бир хотираси бўлган минбарга икки оёқ илова қилиб, Шомга олиб кетмоқчи бўлган. Лекин минбар ўрнидан қимирлатиб олина бошланганида Мадинада қуёш тутилган. Кусуф (қуёш тутилиш) ҳодисаси ўта шиддатли бўлгани учун атрофни қоронғулик қоплаган. Шу сабабли минбарни жойидан олиш иши қолдирилган. Ривоятга кўра, бу кусуф ҳодисаси Марвоннинг Мадинага волийлиги пайтига тўғри келган эди (Аҳмад Росим. «Маноқиби Ислом», 2-жилд, 440-бет).

23:23 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...