8 жумадис сони 1446
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)

Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».

Эй Роббим, Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг оилаларига салавот, салом ва баракот юборганингдек, Ҳабибимиз, Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зоти бобаракотнинг азвожи мутоҳҳаротларига, зурриётларига ва аҳли байтларига саловот, салом ва баракотингни юборгин!

Саййидим Расулуллоҳ, мен ўн бешинчи ҳижрий асрда яшаётган мусулмонларнинг бир аъзосиман. Ҳошимжон ўғли Нозимжонман.

Саййидим, Сизни кўриш шарафига муяссар бўлолмадим, аммо масофадан туриб Сизга иймон келтирдим. Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида махфий даъватни олиб бораётган пайтингизда ҳузурингизга бориб, қўлингизда иймон келтириш насиб этмади. Ёки Макка кўчаларида ошкора даъватга ўтганингизда, ёнингизга бориб иймон келтириш шарафига муяссар бўлолмадим. Ҳижрат сафарини босиб ўтиб Қубога кириб келганингизда, Сизни ва соҳибингиз Абу Бакр розияллоҳу анҳуни муштоқ бўлиб кутган ансорлар сафида бўлиш менга насиб этмади.

Саййидим, Сизнинг ортингизда намоз ўқиш, таомланганингизда Сизга шерик бўлиш, ғазотларда ёнингизда туриб жанг қилиш, илм мажлисингиздан баҳраманд бўлиш менга насиб этмади. Лекин Сизнинг ҳаётингиз тафсилотлари, хонангизнинг кўриниши, аёлларингизга муносабатингиз, қандай ювинишингиз, қандай таомланишингиз, нималарни истеъмол қилишингиз, оналаримизга қандай ҳазил-мутойиба қилишингиз, аҳли оилангиз билан қандай гаплашишингиз, қайси томонингиз билан ухлашингиз, қандай либос кийишингиз, қанча пулингиз борлиги, тўшагингиз нимадан тайёрлангани, сочингизнинг ранги ва уни қайси рангга бўяшингиз, ичадиган дорингиз, икки курагингиз орасидаги муҳри нубувватингиз шаклигача сийрат китоблари орқали бизга етиб келган.

Саҳобаларга қиладиган мутойибангиз, уларнинг фарзандларини эркалашингиз, қучоқлашингиз, бой ва камбағал зиёфатга чақирса боришингиз, Мадина четида бир асҳобингиз бемор бўлса унинг ҳолидан хабар олишингиз, узр сўраб келганнинг узрини қабул қилишингиз, йўлиққан одамга биринчи салом бериб, саҳобаларингиз билан қўл бериб кўришишингиз ҳам сийрат китоблари орқали етиб келган.

Сиз намоз ўқиётганингизда биров ҳожатини айтиб келса, намозни тез ўқиб, унинг ҳожатини раво этиб, яна намозга киришишингиз ҳам сийрат асарлари орқали етиб келган.

Саййидим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Сизнинг устингизда юкингиз оғир бўлса ҳам одамлар орасида сертабассум киши бўлгансиз. Сиз дунёдаги энг хушбўй инсон эдингиз.

Саййидим, Сиз бутун инсониятга камтарлик борасида гўзал намунасиз. Либосингизни кўпинча ўзингиз ювардингиз, уни муборак қўлларингиз билан ўзингиз ямардингиз, қўйингизни ўзингиз соғардингиз, поябзалингизни ўзингиз боғлаб, таъмирлаб олардингиз, туяга ўзингиз сув берардингиз, ходимлар билан бирга овқатланардингиз, заиф, йўқсил, мискинларнинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилардингиз.

Ҳабибим, аёлингиз, маҳбубангиз, онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган Хандақ ғазотида юз берган воқедагидек меҳр ва муҳаббатни бошқа ҳеч қаерда ўқимаганман, эшитмаганман. Ушбу воқеа ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақдаги бир чуқурликни қўриқлардилар. Совуқ қотсалар менинг олдимга келар, мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бағримга босиб иситиб қўярдим. Бироз иссиқ ўтгач яна ўша чуқурликка бориб қўриқчиликни давом эттирардилар».

Ҳабибим, Сиздек оламлар сарвари бўлган зот совуқ қотиб бўлса ҳам қўриқчилик қилсангиз-а?! Сўнг онамиз розияллоҳу анҳонинг ёнларига бориб, у кишининг меҳр тўла қучоқларида исиниб яна уруш майдонига қайтиб қўриқчиликни давом эттирсангиз-а?!

Ҳабибим, амакингиз Абу Толиб Сизнинг болалик пайтингиздаги гўзал хулқингизни васф этиб шундай деган: «Болалар овқатга келсалар, токи ҳамма еб бўлгунича у ўзини таомдан тийиб турарди. Ҳамма еб бўлгунча овқатга яқинлашмасди. Чунки у бирор кишининг луқмасини озайтириб қўйишни истамасди».

Саййидим, Ҳабибим, қанчалар буюксиз-а! Қанчалар раҳмлисиз-а! Бошқалар есин деб Сиз оч қолдингизми?! Бошқалар тўйиб олсин деб Сиз таомга қўл чўзмадингизми?!

Севиклигим, фазовий телеканал орқали умрачиларни кўрганимда, бир кун келиб мен ҳам равзангизни зиёрат қилишни орзу қилиб ўтираман.

Қиш фаслида қалин либос кияман, таҳорат қилиш учун сувни иситиб беришади. Фейсбукда Аллоҳ таолони зикр қилиш, Сизга салавот айтиш, ўлимни эслаш ҳақида мақола ёзганимда, одамлар бу йигит Аллоҳ таолони кўп зикр қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтади, ўлимни доим ёдида тутади деб ўйлашади. Аслида ўша эслатмаларга ўзим ҳаммадан кўпроқ муҳтож эканимни билишмайди. Чунки кўпинча нигоҳим телефоним экранида бўлади. Ҳатто ота-онам ёнларида ўтирганимда ҳам телефондан бош кўтармаган ҳолат бўлиб қолади.

Ҳабибим Расулуллоҳ, ҳар гал «Рисолат» фильмини, ундаги масжидингиз ҳолатини кўрганимда, қанчалар содда, кичик масжид бўлганини ҳис этаман. Тўшаги тупроқ ва тошчалар, шифти шох-шаббалар, устунлари хурмо танасидан. Агар ёмғир ёғса масжид ери лойга айланади, шамол эсса шифтини учириб кетиши мумкин. Сизнинг замонингизда масжидингиз кичик, безатилмаган, ҳашаматли эмасди, аммо унда намоз ўқийдиганлар умматнинг гигантлари, улуғлари, йўлчи юлдузлари эди.

Севиклигим Расулуллоҳ, фазовий телеканал орқали Равзангизни кўрганимда, зиёратингизга келаётган жамоатнинг турли миллат ва жинс вакиллари эканини ҳис этаман. Улар бир қўлларида юртлари байроқларини кўтариб олган бўлсалар, бир қўлларида Сизга тортиқ этиш учун қалбларини кўтариб олганлар.

Улар Ислом динига қилич зарбаси, камон ўқи ва бошқа қуролнинг дағдағаси остида эмас, балки ўзлари сийратингизни ўқиб кирганлар. Улар Сизнинг ҳузурингизга покиза қалблари ва руҳлари билан келганлар. Улар Сизни ҳузурингизга яшил ўрмонлардан, ёндош ороллардан, баланд тоғ ва адирлардан, узоқ юртлардан ташриф буюришган. Юртларини, аёлларини, жигарпоралари бўлган фарзандларини, уйларини қолдириб, муҳаббатдан аланга олган қалблари ила келганлар.

Сизга Аллоҳ таолонинг кўплаб салавот ва саломлари бўлсин! Ҳабибим, Сиз бундан ўн тўрт аср олдин Рафиқул аълога интиқол қилган бўлсангиз ҳам уларнинг қалбларида ҳамон барҳаётсиз.

(Давоми бор)

Нозимжон Ҳошимжон

23:11 / 22-октабрь
Аввалги мақола
Бағишлов
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...