Муҳаммад алайҳиссаломнинг рисолатлари бошқа пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, замонлар оша абадий қоладиган ўзига хос хусусият ва жиҳатлари билан ажралиб туради. Мазкур рисолатда боқийлик, абадийлик ва давомийлик унсурлари тўлиқ мужассам бўлиб, қиёматгача инсоният ундан кўпданкўп фойда олиши аниқ. Бу хусусиятлардан бири у зотга ўзгартириш ва нотўғри талқин этишдан сақлаш кафолатини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган Қуръони Каримнинг нозил бўлишидир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, у (Қуръон) Роббул оламийннинг туширганидир. Уни Руҳул Амийн олиб тушди. Сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун. Очиқойдин араб тилида» .
Аллоҳ таоло Қуръонни зикр деб атади. Яъни у Аллоҳ таоло бандаларига туширган эслатма ва мавъизадир. Шунингдек, у ғофил ва ялқов кимсаларга танбеҳ, аҳли ирфон учун шарафдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: «Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар» , дея марҳамат қилади. Яъни барча инсонлар ва жинларга илоҳий буйруқ ва қайтариқларга амал қилишлари, берилган хабарлардан ибрат олиб, хулоса чиқаришлари учун Аллоҳнинг нозил қилганларини уларга изоҳлаб берасан.
Баён кўзланган мақсадни шаръий ҳужжат ёки унга далолат қиладиган қиёс, ақлий далиллар орқали изоҳлашдан ҳам кенгроқ маънони англатади. Қуръон набавий рисолатнинг асоси, барча инсонларга туҳфа этилган абадий шариат манбаидир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз сени барча одамларга фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар» . Яъни Биз сени – эй Муҳаммад, шариатинг билан одамларни зулм ва куфрдан қайтарувчи, яхшиларга хушхабар берувчи ва бўйсунмайдиган саркашларни огоҳлантирувчи этиб юбордик.
Аллоҳ таоло исломий рисолатнинг умумбашарий эканини баён қилиб, шундай марҳамат қилади: «Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг расули – элчисиман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммийсаводсиз Набийига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки, ҳидоят топсангиз», деб айт» . Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу оят Расулуллоҳгагина хос хусусиятлардан биридир», дейди. Яъни бу борада у зотга ҳеч ким шерик бўлолмайди. Чунки ояти карима умумий рисолат у зотгагина хослигига гувоҳлик бериш баробарида ҳар бир пайғамбар фақат ўз қавмига юборилганини маълум қилмоқда. Сўзимизни Аллоҳ таолонинг «Қайсики пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз» деган сўзи тасдиқлайди. Ўтган пайғамбарларнинг ҳар бири тил, рисолат, даъват, огоҳлантириш ва хушхабар етказишда фақат ўз қавмига юборилган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун башариятга юборилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен қизилга ҳам, қорага ҳам пайғамбар қилиб юборилдим», дедилар. Яъни арабларга ҳам, араб бўлмаганларга ҳам – бутун инсониятга Аллоҳ тарафидан элчи қилиб юборилдим, деган маънода. Бу хусусда Расулуллоҳ алайҳиссаломдан «Махлуқотларга юборилдим» мазмунидаги ҳадис ворид бўлган. Имом Суютий «АлЖомеъуссағир» номли китобида Ибн Саъддан, у Холид ибн Маъдондан ривоят қилган мурсал ҳадисда эса «Барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим» лафзи билан келтирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўзларидан ҳам меҳрибонроқ эдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир» . Яъни у зот умматларига ҳамма ишларда отаоналари, болалари у ёқда турсин, ўзларидан ҳам ҳақлироқдир. У зотнинг буйруғи сўзсиз бажарилиши зарур. У зотга итоат этиш отаоналарга итоат этишдан ҳам олдин туради. Негаки у зот уларни фақат ва фақат фойдали ишларгагина буюрганлар. Ҳамиша улар учун хайрбаракали ва манфаатли ишларга рози бўлганлар. Аллоҳ таолонинг «Агар отаоналарингиз, болаларингиз, акаукаларингиз, жуфтларингиз, қариндошуруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг расули ва Унинг йўлида жидду жаҳд қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас» деган сўзи шунга далолат қилади.
Қуръони Карим, фойдали ҳикмат, манфаатли илм ва суннати мутоҳҳаранинг у зот номи билан хосланиши ҳам ўзига хос хусусиятлар сирасига киради: «Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди» . Яъни Аллоҳ таоло сенга Қуръонни нозил қилиб қўйди. Манфаатли илмга, шариат сирларини фаҳмлашга, тўғрилик ва ҳақни топишга имкон ва салоҳият ато этди. Дин ишлари ва шариат ҳукмларидан билмаганларингни ўргатди. Нубувватга лойиқ кўриб, бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборгани боис Аллоҳнинг сенга фазлмарҳамати улуғдир. Ваҳий нозил қилиб, набийлик ва расуллик шарафига муяссар қилишидан кўра улуғроқ фазл борми?
Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бир пайғамбар йўқки, уларга берилган мўъжизаларнинг ўхшашларига инсонлар иймон келтирмаган бўлса. Менга берилган мўъжиза Аллоҳ юборган ваҳийдир. Қиёмат куни улар орасида уммати энг кўпи мен бўлишимни умид қиламан», – деганлар.
Юқорида айтиб ўтилган хусусиятлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарларнинг охиргиси ва расулларнинг имоми даражасига кўтарди. У зотнинг пайғамбарлигига иймон келтириб, иқрор бўлишни Аллоҳ таоло Ўзининг яккаю ягоналигига гувоҳлик бериш билан баробар қилди.
«Шамоилу Мустафо» китобидан