13 рабиъул аввал 1447
Тарихда бугун

Робиъул-аввал ойининг 13-куни

  • Ҳижрий 1-йил 13-робиъул аввал жума куни (милодий 622-йил 24-сентябр) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага етиб келдилар.
  • Ҳижратнинг 11- йили, раббиъул аввал ойининг 13-куни, яъни душанба куни эди. (Мелодий 632 йили, 6-ойнинг 8-кунига тўғри келади). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёшлари қамария йил ҳисоби бўйича 63 ёшу 3 кун, шамсия йил ҳисоби бўйича 61 ёшу 84 кун эди.


Пайғамбаримизга хос шижоат ва довюраклик

Ҳақиқий иймон билан қўрқоқлик ўзаро жамланмайди. Чунки қазои қадарга ишониш ва Аллоҳ таолога суяниш кишини мард ва довюрак қилиб қўяди. Мўмин киши ўз қалбини таърифга сиғмас шижоат ва таваккул билан тўлдиради. У тараддуд, ожизлик, қочиш ёки сусткашликни билмайди. Шижоат – юксак жасорат, ақл, ҳикмат ва мувозанатга бўйсунадиган нафс қувватидан иборат фазилатдир. Довюраклик ўзига ишонган ҳолда қўрқмасдан хатарга тик боришдир. Довюраклик ҳам аслида шижоатдан келиб чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки, нажот топсангиз»[1].

Тарихда набийлар ва расуллар кучли ирода, ноёб шижоат ва юксак жасоратлари билан ажралиб турганлар. Бунга комил иймонлари, Аллоҳга кучли эътиқодлари ва тўлиқ суянишлари сабаб бўлган. Айниқса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом табиатларида бу сифатлар бенуқсон ва мукаммал ҳолда намоён бўлган десак, асло хато бўлмайди. Душманга қарши курашдаги довюраклик ва қўрқмай юзма-юз бориш ҳеч бир машҳур қаҳрамонда кузатилмаган ҳодисадир. Сўзимиз исботи сифатида у зотнинг ҳаётида кузатилган муҳим лавҳаларни ҳужжат-далиллари билан келтириб ўтмоқчимиз. Хусусан, ҳал қилувчи жангларда қатнашиб, энг қалтис ва оғир вақтда виқорли тоғ каби салобат билан туришлари душманни эсанкиратиб қўярди. Қуроли бор пахлавонлар ва манаман деган ботирлар ҳам бунақа вақтларда чекинмай иложи қолмас, у зот эса собит турар, саросимага тушмас, жойларидан жилмас, олдинга қараб интилар, аммо орқага тисарилмас эдилар.

Ана шунақа оғир вақтларда у зот саҳобаларини ташлаб. ўзлари орқага чекинганлари мутлақо кўрилмаган. Улуғворлик ва барқарорлик мақомидаги собитлик туфайли жасур пахлавонда ҳам учрайдиган чекиниш Расулуллоҳда кузатилмаган. Мана шундай ҳолат Ҳунайн куни рўй берди. Ўшанда зўрман деб кўкрак керганлар ҳам у зотнинг ёлғиз ўзларини жанг майдонида ташлаб қочишга тушишди. Набий алайҳиссалом эса тинимсиз курашар, олдинга қараб ташланар ва ёвнинг ҳужумларини қайтарар эдилар. Чунки Ҳавозин қабиласи мусулмонлар қўшини устидан камон ўқларини тинмай ёғдирар, бунинг учун олдиндан пистирма тайёрлаб қўйилган эди. Бир киши Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан: «Ҳунайн куни Расулуллоҳни ташлаб қочганмидингиз?» деб сўраганида, у: «Бироқ Расулуллоҳ қочмадилар. У зотни оқ хачирларида ўтирган ҳолда кўрдим. Абу Суфён юганидан ушлаб турарди. Набий алайҳиссалом: «Мен набийман, ёлғон йўқ. Мен Абдулмуттолиб ўғлиман», дер эдилар[2].

Ҳунайн кунида ҳозир бўлганлар: «Ўша куни у зотдан-да шиддатли бирор кишини кўрмадик»[3], деб хотирлайдилар. Расулуллоҳ хачирдан тушганларида ёнларида Аббос, Абу Суфён ва Айман ибн Аймандан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Хачирларини кофирлар томонга қистаб, Аббосга: «Дарахт эгалари қаерда?» деб чақиришни буюрдилар. Улар: «Лаббай, лаббай», дейишди. Мушриклар билан жанг бўлди. Расулуллоҳ майда тошларни мушриклар юзига қарата ота туриб: «Муҳаммаднинг Роббига қасамки, енгилинглар», дедилар. Мазкур ҳадиснинг ровийи: «Тош отилгандан бироз ўтиб-ўтмай мушрикларни бирин-бирин ҳолдан тойган ва ишлари орқага кетганини кўрдим», деб жанг тафсилотларини келтиради.

Ибн Абу Ҳола: «Агар Расулуллоҳ ғазаблансалар, фақат Аллоҳ учун ғазабланар, ғазабларини ҳеч нарса қайтара олмас эди», дейди. Али розияллоҳу анҳунинг ривоятида: «У зот дунё учун ғазабланмас эдилар. Қачонки ҳақ учун ғазаблансалар, ҳеч кимни танимас, токи ҳимоя қилиб, ҳақиқатни қарор топтирмагунларича ғазабларидан ҳеч нарса қайтара олмас эди».

Имом Доримий келтирган ривоятда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Расулуллоҳдан кўра шижоатли, довюрак, сахий ва рози бўлувчироқ бирор кишини кўрмадим», деган. Имом Аҳмад, Насоий, Табароний ва Байҳақий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Қачон жанг шиддатли тус олса, биз Расулуллоҳ билан ҳимояланар эдик. Душманга у зотдан-да яқинроқ турган бирор киши бўлмас эди. Бадр кунида биз Расулуллоҳ (ортлари)га беркиндик. Ҳолбуки, у зот душманга энг яқин турган эдилар. Ўшанда одамлар орасида энг қаттиқ жангни ўзлари қилган эдилар».

Икки шайх Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийи ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли қўрқувга тушди. Одамлар овоз (чиққан) томонга бораётганда, Расулуллоҳ уларни қайтаётганда учратдилар. Абу Талҳанинг Мандуб номли эгарсиз отида, бўйинларига қилич осган ҳолда овоз (чиққан) томонга ҳаммадан илгари бориб, хабарни аниқлаб: «Хавотир олманглар», деб келар эдилар».

Абу Шайх ибн Ҳиббон Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (душман) қўшини билан тўқнашганда ҳар доим биринчи бўлиб урардилар».

«Уҳуд куни Убай ибн Халаф Набий алайҳиссалоту вассаломни кўрганда: «Муҳаммад қаерда? У нажот топса, мен нажот топмайман», дер эди. Бадр куни фидя бериб ўзини озод қилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менинг бир отим бор. Ҳар куни унга бир фарақ дон бераман. Шу отим устида сени қатл қиламан», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа, мен сени қатл қиламан», – дедилар.

Уҳуд кунида кўзи тушган заҳоти Убай ибн Халаф Расулуллоҳ томон илдам ҳаракат қилди. Мусулмонлардан бири йўлини тўсди. У зот саҳобаларга «индаманглар» деган маънода ишора қилдилар. Ҳорис ибн Симмадан найзани олиб, қаттиқ силкитганларида атрофидагилар туя силкинганда устидаги пашшалар ҳар томонга учгандек чор атрофга тарқалишди. Сўнг унга юзландилар ва найзани отиб бўйнига санчдилар. У қаттиқ оғриққа чидаёлмай отдан қулади. Қурайшликлар олдига: «Мени Муҳаммад ўлдирди», деб қайтиб борганда «Сенга ҳеч нарса қилмайди», дейишди. У: «Агар мендаги оғриқ одамларга тақсимланса, ҳаммаси тил тортмай жон берарди. Сени қатл қиламан демаганмиди? Аллоҳга қасамки, мабодо у менга найза санчмай тупирганида ҳам, албатта ўлдирган бўларди», деди. У Қурайш кофирлари билан Уҳуддан қайтаётганда Маккадан олти мил узоқликда Сариф деган жойда ўлди»[4]. Имом Насафий тафсирида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ундан бошқани ўлдирмаганлар», деб келтирган.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

 



[1] Анфол сураси, 45-оят.

 [2] Ривоятнинг асли икки «Саҳиҳ»да келтирилган. Имом Насоий эса «Сияр» бобида ривоят қилган.

 [3] Имом Бухорий ва Абу Закариёнинг Ибн Исҳоқдан ривояти.

 [4] Ибн Саъд, Байҳақий ва Абдурраззоқ мурсал ҳолда, Воқидий муттасил санад билан ривоят қилган.

 

12:55 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сийрат
У зотдан инсоният қарздордир
Ислом пайғамбари аёл кишининг бир кун келиб эркаклар билан ёнма-ён ўз йўли (яъни, ўрни)ни топишини биларди. Шунинг учун уларнинг ҳам диндор бўлишини ихтиёр қилди. Уларнинг муайян либослари борки, у би...
10:37 / 04-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратлари
Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъин­лар бу...
17:15 / 22-август Батафсил...
Сийрат
Сийрат – етакловчи нурли йўл
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулулло...
17:57 / 13-август Батафсил...
Сийрат
Енглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Абу Талҳа ва Умму Сулаймлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни овқатга таклиф этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан яна ўн киши бирга кел...
10:31 / 05-август Батафсил...