23 жумадис сони 1447
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хос мурувват ва виқор

Тан олиш керакки, Расулуллоҳнинг сийратларида нубувватдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам улуғ виқор, салобат, хотиржамлик, вазминлик, мурувват мавжуд эди. Буни яхши билган одамлар у зотнинг сўзларига кирар ва иззат-эҳтиром кўрсатар эдилар. Расулуллоҳнинг улуғвор сийратларини баён қилувчи ишончли хабарлар ниҳоятда кўп. Мана шу сийратлари билан башарият оламида танилганларига асло шубҳа қилмаймиз. Имом Абу Довуд санади билан Хорижа ибн Зайддан[1] келтирган ривоят ана шундай хабарлар сирасига киради. Хорижа розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (кўпчилик ичида) ўтирганларида одамларнинг энг виқорлиси эдилар. Аъзоларидан[2] деярли ҳеч нарса чиқармас эдилар».

Имом Абу Довуд ва Термизий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Расулуллоҳ ўтирсалар, қўллари билан оёқларини қучоқлаган ҳолда ўтирар эдилар. У зотнинг ўтиришлари кўпинча шундай эди», дейилган.

Имом Муслим ва имом Абу Довуд Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (кўпчилик ичида) ўтирсалар, гоҳида чордона қуриб, баъзан қоринларини сонларига ёпиштириб, оёқларини қўллари билан қучоқлаган ҳолда ўтирар эдилар. Кўп сукут сақлар, зарурат бўлмаса, гапирмас, ким номуносиб сўзни айтгудек бўлса, ундан юз ўгирар эдилар. У зотнинг кулишлари табассум, гаплари дона-дона бўлиб, ортиқчалик ва нуқсондан холи эди. Саҳобалар у зотни улуғлаганлари, у зотга эргашганлари учун ҳузурларида кулсалар, табассум қилишар эди. Мажлислари ҳукм[3], ҳаё, яхшилик ва омонат мажлиси эди. Бу зот ҳузурида овозлар баланд кўтарилмас, ҳурматлар топталмас эди. У зот гапирган вақтда ҳамсуҳбатлари бошларини эгиб, худди устларига қуш қўнгандек[4] ўтиришар эди».

Расулуллоҳнинг юришлари имом Термизийнинг «Шамоил»и ва бошқа китобларда шундай тавсифланган: «У зот юрсалар, баландликдан пастга тушаётгандек эркин юрар эдилар»[5]. Бошқа бир ривоятда: «У зот юрганда ўртача ҳаракатланар, юришларидан безовта, заиф ва дангаса эмасликлари билинар эди», дейилган.

Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Йўлнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир», дейди. Бу йўл у зотнинг Роббларининг йўлидир. Аллоҳ таоло: «Сен: «Албатта, ҳақиқий ҳидоят Аллоҳнинг ҳидоятидир», деб айт»[6], деган. Бошқа бир оятда эса «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир»[7], дейилган.

У зотнинг сўзлаш услубларига келсак, бу ҳақда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан шундай нақл қилинади: «Расулуллоҳ сўзлаган вақтда сўзларни аниқ, дона-дона қилиб талаффуз қилар ва ҳеч қачон шошилмас эдилар». Чунки у зот зиммаларига одамларга таълим бериш вазифаси юкланганини яхши билардилар: «Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик».

Ибн Абу Ҳола[8] айтади: «У зот тўрт ҳолатда сукут сақлар эдилар: ҳалимлик[9], эҳтиёткорлик[10], тақдир ва тафаккурда». Икки шайх келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ гапираётган вақтда ким сўзларини санамоқчи бўлса, бемалол санай олар эди».

У зот хушбўйликни ва ёқимли ҳидларни ёқтирар, улардан ўринли фойдаланар ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилар эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга дунёларингиздан аёллар ва хушбўйлик яхши кўрсатилди. Намоз кўзим қувончи қилинди»[11], дедилар.

Таом ва ичимликка пуфлашдан қайтаришлари[12], тановул қилувчи ўзининг олдидан бошлаб ейиши[13], бармоқларни ялаш[14], мисвок ишлатишга буюришлари[15] ва бошқалар у зотнинг гўзал одобларидан эди. Бу каби чиройли одоб ва одатлар ҳар бир шахсга, жамиятга ва умматга кўп манфаатлар келтиради. Айниқса, озодаликни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биродарлик ва эзгуликни ёйиш, жирканиш, нафратланиш, беҳузурликнинг йўқолиши кабилар шундай манфаатлардандир. Биров бировни ғийбат ёки танқид ва масхара қилмаса, хулқи ва динини айбламаса, жамият кемасини яхшилик томон йўллаб, дўстлик пойдеворини мустаҳкамлаш учун интилса – бу инсон зоти учун энг катта бахтдир. Диний кўрсатмалар асосидаги ижтимоий одобларни одамларга ўргатиш, катта-кичик – барчани шунга одатлантириш, уларга амал қилишнинг ҳикмат ва натижаларини тушунтириш, бу каби ижтимоий одобларга риоя қилмасликнинг зиён ва салбий оқибатларини баён қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Хорижа ибн Зайд ибн Собит Ансорийтобеъин. Мадинадаги етти фақиҳнинг бири. У кишидан келтирилган бу ривоят мурсалдир. Мурсал ривоят жумҳур уламолар наздида ҳужжат ҳисобланади.

[2] Бурун, оғиз, тирноқ каби аъзолардан чиқадиган кирликлар назарда тутилган.

[3] Шариат аҳкомларини ўрганиш ва адолат.

[4] Бу ибора қимирламасдан жим ўтиришни ифодалайди, чунки қуш ҳаракатсиз нарсанинг устига қўнади.

 [5] Али розияллоҳу анҳудан Термизий ривояти.

 [6] Бақара сураси, 120-оят.

 [7] Анъом сураси, 71-оят.

 [8] Исми Ҳинд. Хадижа онамизнинг ўғиллари. Расулуллоҳнинг қўлларида тарбия олган.

 [9] Жазолашга қодир бўла туриб, кечириб юбориш.

 [10] Душманлардан ҳимояланиш учун қаршилик билдирмаслик.

 [11] Имом Насоий ва Ҳоким ривоят қилган.

 [12] Имом Аҳмад ривояти.

 [13] Бухорий ва Муслим ривояти. Унда: «Бисмиллаҳ» дегин ва олдингдан бошлаб егин», деганлар.

 [14] Имом Муслим «Бармоқларни ва идишни ялашнинг, теккан азиятни кетказгандан кейин тушиб кетган луқмани ейишнинг мустаҳаблиги ва қўлни яламасдан олдин артишнинг макруҳлиги» бобида бир қанча ҳадислар келтирган.

 [15] Бухорий ва Муслим ривоятларида келган.

 

14:59 / 13.01.2018
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Салавотлар
Тарихда бугун
Жумадул-аввал ойининг 23 куни
Ҳижрий 512 йил, милодий 1118-1119 йил Салбчилар Сур (Ливан) шаҳрини қамал қилди. Фотиймийлар ва Салжуқийлар мағлуб бўлиб, фаранглар шаҳарни эгаллади.  Ҳижрий 1257 йил, милодий 1841 йил Усмон...
12:43 / 14-ноябрь Батафсил...
Тарихда бугун
Жумадул-аввал ойининг 22 куни
Ҳижрий 1010 йил, милодий 1601-1602 йил Усмонли қўшини Емишчи Ҳасан Пошо бошчилигида юз минг аскардан иборат йирик олмон қўшини устидан ғалаба қозонади. Ҳижрий 1335 йил, милодий 1917 йил Усмонли...
12:41 / 13-ноябрь Батафсил...
Тарихда бугун
Жумадул-аввал ойининг 21 куни
Ҳижрий 504 йил, милодий 1110 биринчи Салб юриши қўшинлари Сайдо шаҳрини босиб олди. Ҳижрий 690 йил, милодий 1291 йил Мамлуклар султон Ашраф Халил қипчоқ турки б...
12:32 / 12-ноябрь Батафсил...
Тарихда бугун
Жумадул-аввал ойининг 20 куни
Ҳижрий 857 йил, милодий 1453 йил Усмонлилар султон Муҳаммад Фотиҳ Константинияни фатҳ этди. Шаҳар Византия империясининг минг йилдан ортиқ пойтахти бўлиб келган, унинг қулаши Европада катта акс-...
17:15 / 14-ноябрь Батафсил...