23 жумадул аввал 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам – Аллоҳнинг халили ва ҳабиби

Халил – барча нарсадан юз ўгириб, ўзини Аллоҳга бағишлаган кишидир. Пайғамбарлар ичида Иброҳим алайҳиссалом ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам халил сифатига мушарраф бўлганлар. Бу сифат ўзининг мазмун-моҳиятига кўра бошқа восита ва сабабларга эмас, ҳар қандай ҳолатда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина боғланишни ифодалайди. Унда пайғамбарлар орасида хос ва олий мақомга кўтарилиб, Аллоҳнинг махфий лутфу карамига кўпроқ сазовор бўлиш маънолари акс этади. Аксар ҳолларда Иброҳим алайҳиссалом «Халилуллоҳ», Муҳаммад алайҳиссалом «Ҳабибуллоҳ» деб таърифланади. Шунинг ўзи ҳабиблик мартабаси халиллик мартабасидан устунлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни «Ҳабибуллоҳ» сифати билан сифатлагани баъзи ҳадисларда очиқ-ойдин айтилган.

Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида келтирган ривоят Набий алайҳиссаломни Аллоҳнинг халили деб сифатлаш мумкинлигига ҳужжат бўлади. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Агар Роббимдан бошқани халил – қалин дўст тутишим мумкин бўлганда, ўзимга Абу Бакрни халил – қалин дўст қилиб олган бўлар эдим. Лекин Ислом биродарлиги (бор)»[1], дедилар.

Айрим муфассирларнинг келтиришича, Иброҳим алайҳиссалом «Аллоҳ таолонинг халили» деб таърифланганда, у зотга нусрат берилгани ва кейинги авлодларга имом-пешво қилингани назарда тутилади, чунки Аллоҳ таоло: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман», деди[2]».

Имом Доримий ва имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан иборат бир гуруҳ одамлар у зотни кутиб ўтиришар эди. Расулуллоҳ уларнинг олдига бориб, нима тўғрисида баҳс-мунозара қилишаётганига қулоқ тутдилар ва гапларини эшитдилар. Улардан бири: «Аллоҳ халойиқ ичидан Иброҳимни халил қилиши ажойиб-а», деди. Бошқаси: «Мусонинг гаплашишидан ажойиброқ нима бор? Аллоҳ у билан ҳаққи-рост гаплашган», деди. Яна бири: «Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳи», деди. Яна бошқаси: «Одамни Аллоҳ танлаб олган», деди. Набий алайҳиссалом бориб, салом бердилар: «Сизларнинг гапларингизни ва таажжубингизни эшитдим. Шубҳасизки, Аллоҳ таоло Иброҳимни халил қилди, ҳақиқатан ҳам у шундай. Мусо Аллоҳ билан суҳбатдош бўлган, ҳақиқатан шундай. Ийсо Аллоҳнинг руҳи[3], ҳақиқатан ҳам шундай. Одамни Аллоҳ танлаб олди, ҳақиқатан ҳам шундай (танлаб олинган). Огоҳ бўлингки, мен Аллоҳнинг ҳабибиман, фахрланиш йўқ. Мен қиёмат куни «ҳамд байроғи»ни кўтараман, фахрланиш йўқ. Мен аввалги шафоат қилувчи ва шафоати қабул қилинувчиман, фахрланиш йўқ. Мен жаннат ҳалқасини биринчи ҳаракатга келтираман, Аллоҳ менга очади. Ўшанда мен билан бирга мўминларнинг фақирлари ҳам киришади, фахрланиш йўқ. Мен аввалгилару охиргиларнинг энг ҳурматлисиман, фахрланиш йўқ», дедилар.

Уламолар халиллик ва ҳабиблик даражаларидан қайси бири улуғроқ экани ҳақида ихтилоф қилишган. Баъзилар иккисини баробар деганлар, чунки халил бўлмаса, ҳабиб бўлмайди; ҳабиб бўлмаса, халил бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халиллик, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳабиблик сифати билан хослаган. Айримлар халилликнинг даражаси улуғроқ дейишган ва фикрларининг исботи сифатида имом Бухорий ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилишган: «Агар Роббимдан бошқани халил (қалин дўст) тутишим мумкин бўлганда, Абу Бакрни халил (қалин дўст) қилиб олган бўлар эдим». У зотга Роббидан бошқани халил қилишга рухсат берилмаган экан.

Аксар уламолар ҳабиблик мақомини халилликдан юқорироқда туради, дейдилар, чунки Пайғамбаримизнинг даражалари Иброҳим халилуллоҳнинг даражаларидан юқори экани аниқ. Ҳабиблик сифатининг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хосланиши унинг барча улуғ сифатлардан афзал эканига далолат қилади. Аллоҳ таолонинг бандани яхши кўриши маҳбубга мойилликни ифодаловчи оддий муҳаббатдан фарқ қилади. Бундай ҳолат яратилганларга хос бўлиб, Яратувчининг сифатларига тўғри келмайди. Яратган Аллоҳ айбу нуқсонлардан ва ҳожатлардан покдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандага муҳаббати саодатга олиб борувчи йўлга йўллаши, ҳар қанақа ҳолатда ҳифзу ҳимоясига олиши, тавфиқ ато этиши, қурбат сабабларини ҳозирлаши ва устига раҳматини ёғдиришидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Қачон уни яхши кўрсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи ва гапирадиган тили бўламан»[4], дейди. Ҳадис қамраб олган мазкур маънолар тушиш[5], бирлашиш[6] каби бузуқ эътиқодларни англатмайди. Бундан мақсад – Аллоҳ учун бутун борлиғини бахш этиш, Ундан ўзгадан юз ўгириш, барча хатти-ҳаракатларини фақат Унинг ризоси учун қаратишдир. Бу худди Оиша розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар алайҳиссаломни тавсифлаб: «Хулқлари Қуръон эди. У нимага рози бўлса, рози бўлар, у нимага ғазаб қилса, ғазаб қилар эдилар», деган сўзига ўхшайди. Баъзилар юқоридаги ҳадисни: «Унинг ҳожатларини қулоғи эшитиши, кўзлари кўриши ва тили гапиришидан ҳам тез раво қиламан», деган маънода шарҳлайди.

Хулоса сифатида бутун уммат қабул қилган саҳиҳ далиллар асосида айтиш мумкинки, Пайғамбаримизда халиллик сифати ҳам, ҳабиблик сифати ҳам жамланган. Бунга Аллоҳ таолонинг «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. (Шунда) Аллоҳ сизларга муҳаббат қилади ва гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир»[7] деган сўзи далилдир.

Муҳаббат маҳбубга итоат этишни тақозо қилади, чунки Аллоҳ таоло: «Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг», дейиши билан мўминларга итоат этишни буюриб, у зотнинг шарафини зиёда қилди. Шуни теран англамоқ лозимки, у зотга итоат этишни Ўзига итоат билан баробар қилишнинг ўзи катта мақомдир. Шундан сўнг итоатдан бош тортишнинг оқибатидан огоҳлантириб: «Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ зинҳор кофирларга муҳаббат қилмас»[8], – дейди.

Биламизки, яхши кўрган киши ўз севгилисини қанчалик яхши кўриши унинг буйруқ ва қайтариқларини бажонидил қабул қилиши билан белгиланади. Робиъа Адавия раҳимаҳаллоҳ айтади:

Илоҳга осий бўлиб, муҳаббатни даъво қиласан,

Қасамки, бу қилмишлар ичида ғаройибидир.

Итоат этган бўлардинг, муҳаббатинг чин бўлса гар,

Яхши кўрувчи маҳбубга доимо итоат қилар.

Демак, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламда халиллик ва ҳабиблик сифатлари собитлигини инкор этиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримизнинг афзал қилиниб, танланиши, хосланиши ва келажак авлодлар қалбида мангу қолишларига далолат қилади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг шаънини улуғлаб: «Ва мен учун кейингилар орасида рост мақтов қилгин»[9], дея айтган сўзи ҳам шунга ўхшайди.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

1] Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривояти. «Ислом биродарлиги» деган сўз «Мен билан унинг ўртасида энг олий даражадаги мустаҳкам биродарлик бор», деб тушунилади.

 [2] Бақара сураси, 124-оят.

 [3] Аллоҳ таоло отасиз яратган руҳ эгаси.

 [4] Имом Бухорий ривояти. Барча аъзоларини сақлайман, ҳимоя қиламан, токи ҳар бир ҳаракати менинг розилигим учун бўлади, деган маънода. Хулласи калом, банданинг Роббига муҳаббати бутун вужудини эгаллаб олади. Ғам-ташвиши, ўй-хаёли, интилишлари Унинг розилигини топишдан иборат бўлиб қолади, бошқа нарса эмас.

 [5] Луғатда: Бир нарсанинг бошқасига тушиши. Истилоҳда: Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларига ёки уларнинг айримларига тушади, деб эътиқод қилиш.

 [6] Луғатда: Икки нарсанинг биттага айланиб кетиши. Истилоҳда: Аллоҳ азза ва жалла махлуқотлари ёки уларнинг айримлари билан бир бўлиб кетган, деб эътиқод қилиш. Бошқача айтганда коинот мавжудлиги айни Аллоҳнинг ўзидир, деган фикрни даъво қилиш. Тушиш ва бирлашиш ўртасидаги фарқлар: тушишда иккита алоҳида нарса бўлса, бирлашишда уларни битта деб қаралади; тушиш ажралишни қабул қилади, бирлашиш қабул қилмайди.

 [7] Оли Имрон сураси, 31-оят.

 [8] Оли Имрон сураси, 32-оят.

 [9] Шуаро сураси, 84-оят.

 

21:03 / 26.06.2020
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...