Аллоҳ таоло Расули акрамни катта шафоат ва мақоми маҳмуд – мақталган мақом билан бошқа пайғамбарлардан афзал қилди: «Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса»[1].
Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «қиёмат куни одамлар уюмга[2] айланадилар. Ҳар бир уммат набийига эргашиб: «Эй фалончи, бизни шафоат қил. Эй фалончи, бизни шафоат қил», дейишади ёлвориб. Шафоат (сўраш) хабари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб келади. Ана ўша кун Аллоҳ у зотга мақтовли мақомни ато этадиган кундир».
Имом Аҳмад ва имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссаломдан «Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса» ояти ҳақида сўрашди. У зот: «У шафоатдир»[3], – дедилар.
Имом Аҳмад Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қиёмат кунида одамлар йиғиладилар. Мен билан умматим баланд тепалик устида бўламиз. Роббим менга яшил либос кийдиради. Сўнгра менга изн берилади ва Аллоҳ хоҳлаганича айтадиган (мақтов) сўзларни айтаман. Ана ўша мақтовли мақомдир» деганларини ривоят қилиб келтиради. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо «катта шафоат» ҳақидаги ҳадис борасида шундай нақл қиладилар: «У зот юриб борадилар, ҳатто жаннат ҳалқасини ушлайдилар. Ўшанда Аллоҳ у зотни Ўзи ваъда қилган мақтовли мақомда тирилтиради». Яъни Аллоҳ таоло у зотни қиёмат кунида Ўзи ваъда қилган мақомга кўтаради.
Имом Аҳмад ва бошқалар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мен албатта мақтовли мақомда тураман». Бу мақом у зотдан бошқа ҳеч кимга насиб этмаган Аршнинг ўнг томонидаги мақомдир. Унга аввалгилару охиргилар ҳавас билан қарайдилар».
Имом Ибн Можа Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Менга умматимнинг ярми жаннатга кириши ёки шафоатни танлаш ихтиёри берилди. Мен шафоатни танладим, чунки у умумийроқдир. Фақат тақводорларга эмас, балки гуноҳкор ва хатокорларгадир» деган ҳадисини ривоят қилиб келтиради. Нуриддин Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ: «Аниқки, бу шафоат умматга хос шафоат бўлиб, катта шафоат эмас», дейдилар.
Имом Байҳақий ва имом Ҳоким келтирган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Мен: «Ё Аллоҳнинг расули, шафоат борасида сизга нима ворид бўлди?» дедим. У зот: «Шафоатим тили қалбини тасдиқлаган ҳолда «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб ихлос билан гувоҳлик берганларгадир», дедилар. Имом Абу Довуд ва имом Термизий келтирган ривоят мазкур маънони тасдиқлайди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шафоатим умматимдан гуноҳи кабира – катта гуноҳ қилганларгадир», дейдилар. Бошқа бир нусхада «хатокорларга» дейилган.
Имом Байҳақий ва имом Ҳоким Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мендан кейин умматим йўлиқадиган нарсалар ва бир-бирларининг қонларини тўкишлари менга кўрсатилди. Уларга Аллоҳдан ўзларидан олдин ўтган умматларга (тақдирда) битилган нарса ўтибди. Аллоҳдан қиёмат кунида уларга шафоатни сўраган эдим, берди», дейдилар.
Бу ҳадислар шафоат икки хил бўлишига далолат қилади. Биринчиси Ислом умматининг осийларига қилинадиган кичик шафоат бўлса, иккинчиси қиёмат куни даҳшатларидан халос этиш, Аллоҳ таолонинг ҳузурида сарҳисоб қилиш учун жамики халойиққа қилинадиган катта шафоатдир.
«Катта шафоат ҳадиси»ни имом Байҳақий ва имом Насоий Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган[4] ва унда шундай дейилган: «Аллоҳ одамларни чақирувчи чақирса, сўзини эшиттирадиган, назар солувчи кўзи билан назорат қилиб тура оладиган текисликка жамлайди. Улар яратилган пайтдагидек ялангоёқ, яланғоч ва сукут сақлаган ҳолда турадилар. Бирор жон изн-рухсатсиз сўзлай олмайди. «Муҳаммад» дея нидо қилинганда у зот: «Хизматингга доимо тайёрман, тоатинг учун ҳамиша шайман. Яхшилик Сенинг қўлингдадир. Ёмонлик Сенга нисбат берилмас. Сен кимни ҳидоят қилсанг, у ҳидоятдадир. Банданг ҳузурингдадир. Сеники[5] ва Сенгадир[6]. Сенинг[7] Ўзингдан бошқа паноҳ ҳам, нажот ҳам йўқ. Сен яхшилик ва марҳаматинг кўп ва буюк Зотсан. Сен айбу нуқсонлардан поксан, ё Байтнинг Робби», дейдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ (Қуръонда) зикр қилган мақталган мақом мана шудир», – деди.
Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан «катта шафоат» ҳадисини шундай келтирадилар: «Қуёш яқинлашади. Одамларга тоқатлари етмайдиган ва кўтара олмайдиган ғам-ташвиш етади. Уларга «Сизларни шафоат қиладиган кишини қидирмайсизларми?» дейилади. Одам алайҳиссаломга келиб: «Сен башариятнинг отаси Одамсан. Аллоҳ сени қўли[8] билан яратиб, руҳидан[9] жон ато қилди, жаннатидан маскан бериб, фаришталарни сенга сажда қилишга буюрди. Сенга ҳар бир нарсанинг исмини ўргатди. Роббинг ҳузурида бизни шафоат қил. Токи бизни бу жойда туришдан халос этсин. Ҳолимизни кўриб турибсан-ку», дейишади. У: «Роббим бугун шундай ғазабланганки, олдин ҳам бунчалик ғазабланмаган, кейин ҳам бундай ғазабланмайди. У мени дарахтдан (ейишдан) қайтарганда, Унга итоат этмаганман. Ўзим, ўзим[10]. Бошқага боринглар. Нуҳга боринглар», дейди.
Нуҳнинг олдига бориб: «Сен ер аҳлига юборилган аввалги расулсан. Сени Аллоҳ шукр қилувчи банда деб улуғлади. Ҳолимиз не бўлганини кўриб турибсан. Бизга етган (машаққат)ни кўрмаяпсанми? Бизни Роббинг ҳузурида шафоат қилмайсанми?» дейишади. У: «Роббим бугун шундай ғазабланганки, олдин ҳам бунчалик ғазабланмаган, кейин ҳам бундай ғазабланмайди. Менинг қавмим зарарига қилган бир дуоим[11] бор. Бошқага боринглар. Иброҳимга боринглар, чунки у Аллоҳнинг халили», дейди.
Шунда улар Иброҳимнинг олдига бориб: «Сен Аллоҳ таолонинг набийи ва ер аҳли ичидаги халилисан. Бизни Роббинг ҳузурида шафоат қил. Бизнинг ҳолимизни кўрмаяпсанми?» дейишади. У: «Роббим бугун шундай ғазабланганки, олдин ҳам бунчалик ғазабланмаган, кейин ҳам бундай ғазабланмайди», деб шунга ўхшаш узрни айтади ва (пинҳон тутиш маъносидаги) учта ёлғон сўзни[12] зикр қилади. «Ўзим, ўзим. Мен бунга муносиб эмасман, сизлар Мусога боринглар, чунки у Аллоҳ таолонинг калими – сўзлашган бандаси. Унга Тавротни берган, сўзлашган ва Ўзига яқин қилган», дейди.
Мусонинг олдига боришса, бу ишга мен тайёр эмасман, деб қилган хатосини ва бир жонни ўлдириб қўйганини[13] айтади ва Ийсога боришни маслаҳат бериб: «У Аллоҳ таолонинг руҳи ва калимасидир[14]», дейди.
Улар Ийсонинг олдига боришса, у ҳам: «Мен бунга муносиб эмасман. Сизлар Муҳаммаднинг олдига боринглар. Аллоҳ унинг аввалги ва кейинги гуноҳини кечирган», дейди.
Менга келишганда: «Бу менга изн берилган иш», дейман ва Роббим ҳузурига бориб, кириш учун изн сўрайман. Менга изн берилади. Уни кўришим билан саждага кетаман». Бир ривоятда «Арш остига бориб, саждага йиқиламан», бошқасида «Унинг олдида тураман ва Унга шундай мақтовлар айтаманки, Унинг Ўзи илҳом бериши билангина бунга қодир бўла оламан», бошқа ривоятда: «Аллоҳ менга Ўзининг мақтовлари ва гўзал саноларидан аввал ҳеч кимга очмаган бир сирни очади», дейилган. «Бошингни кўтар, сўра – сўраганинг берилади, шафоат қил – шафоатинг қабул қилинади», дейилади. Бошимни кўтараман ва: «Ё Роббим, умматим, умматим», дейман. У: «Умматингдан ҳисоб-китоб қилинмайдиганларини жаннат эшикларининг ўнг тарафидан киргиз. Улар бошқа эшикларда киришда ҳам қолганлар билан шерик бўладилар», дейди».
Абу Моликнинг Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятида[15]: «Муҳаммад олдига боришганда, уларни шафоат қилади. (Жаҳаннам устига) Сирот кўприги ўрнатилади. Аввалгилари ундан яшин каби, сўнгра шамол, қуш ва кишилар югуришидек тезлик билан ўтадилар. Набийингиз Сирот устида то одамлар ўтиб олгунларича: «Аллоҳим, саломат қил, саломат қил», деб туради», – дейилган.
Турли лафзлар билан нақл этилган ривоятлар жамланганда Пайғамбаримизнинг шафоатлари ва мақталган мақомлари шафоатларнинг бошидан то охиригача[16] экани маълум бўлади. Одамлар ҳисоб-китобдан олдин маҳшаргоҳда тўпланиб, қуёш тиғи остида терга ботиб, қийналиб туришганда бу ҳолатдан қутқариш, умматларидан савол-жавобсиз жаннатга кирадиганларини тезроқ киритиш ва гуноҳ-маъсиятлар қилиб жазога лойиқ бўлган иймон аҳлларини шафоат қилишлари шулар жумласидандир.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Шафоат сўзи истилоҳда фойда етказиш ёки зарарни кетказиш учун бировнинг орасига тушиш маъносини билдиради.
[4] Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан келтирилган бу ривоят мавқуфдир. Лекин у марфуъ ҳукмидадир.
[5] Ҳукм ва тақдир Сеникидир.
[6] Бутун мавжудотнинг қайтиб борар жойи Сенгадир.
[7] Сенинг ҳукмингдан.
[8] Ўз қудрати билан бевосита яратди.
[9] Сенга ўзи яратган руҳни ато этди.
[10] Ўзимни қутқаришим муҳимроқ, бошқаларнинг орасига тушиш учун журъат қила олмайман.
[11] Омма ҳақида мустажоб бўладиган дуо. Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набийнинг дуо қилса, мустажоб бўладиган дуоси бор. Мен дуоимни Охиратда умматимнинг шафоати учун сақлаб қўйишни хоҳлайман», деганлар.
[12] Пайғамбарларни Аллоҳ таоло барча гуноҳлардан сақлаган. Иброҳим алайҳиссалом ёлғон дея атаётган сўзлар: 1. «Ва: «Албатта, мен беморман», деди (Соффот, 89). 2. «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди» (Анбиё, 63). 3. Аёллари Сора ҳақида «Бу синглим» дейишларидир. Мазкур сўзлар сиртдан қараганда ёлғон бўлиб кўринса-да, аслида шаръий мақсад эътиборидан бошқа маънони назарда тутиб айтилган гаплардир. Булар айтувчиси қораланадиган, гуноҳкор бўладиган ҳақиқий ёлғон эмас. Лекин пайғамбарларнинг мақомидан келиб чиқиб уларни тарк қилиш авлороқ деб қаралади. Биринчи сўзларида келажакда касал бўлишим бор ёки санамларга ибодат қилишингиздан қалбим касал деган маъно, иккинчисида қавмига танбеҳ бериш ва уларни фикр юритишга ундаш маъноси, учинчисида диндаги синглим маъноси бор.
[13] Бир иймонли кишини золимнинг зулмидан қутқариш ниятида қасдсиз ва бехосдан юз берган тасодиф эди.
[14] Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичида ўзига хос руҳ эгаси бўлиб, оналари қорнида модда воситасисиз яратилган. Аллоҳ таолонинг «кун» – «бўл» деган сўзи билан яралгани ёки мўъжиза ўлароқ бешикда одамларга гапиргани учун «Аллоҳнинг калимаси (сўзи)» деган ном олган.
[15] Имом Абу Довуд «Қайта тирилиш» бобида келтирган.
[16] Шафоат турлари: 1) маҳшаргоҳда йиғилган жамики инсониятнинг ачинарли аҳволига Аллоҳ таоло раҳм қилиши учун шафоат қилишлари; 2) умматларидан бир гуруҳи ҳисоб-китобсиз жаннатга кириши учун шафоат қилишлари; 3) яхшиликлари ва ёмонликлари баробар келган кишиларни шафоат қилишлари ва уларнинг жаннатга киришлари; 4) дўзахга киришга маҳкум кишиларни шафоат қилишлари ва уларнинг азобдан омон қолишлари; 5) жаннатга кирганларнинг амалларига ярашасидан юқорироқ даражага кўтарилишлари учун шафоатлари; 6) барча мўминларни жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари ва бунга изн берилиши; 7) умматларидан катта гуноҳ қилганларни шафоат қилишлари ва уларнинг дўзахдан чиқарилиши.