5 рабиъус сони 1446
Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг айрим сифатлари билан сифатланганлар

Аллоҳ таолонинг яна бир қанча исм ва сифатлари борки, улар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга нисбатан мажозий маънода қўлланади. Яъни исм ёки сифатнинг ҳақиқати эмас, балки баъзи маънолари қўлланади.

«Ал-Фаттоҳ» – Аллоҳ таолонинг сифати. Унинг бандалар орасида ҳукм қилувчи, қалб ва басиратларни Ҳақ маърифати учун очувчи, ризқ ва раҳмат эшикларини очувчи каби маънолари бор. Бу сўз ёрдам берувчи деган маънони ҳам англатади. Анфол сурасининг «Агар орани очишни сўраган бўлсангиз, бас, сизга орани очиш келди» деган 19-ояти худди шу маънода келган. Бу оятни муфассирларимиз «Ёрдам сўраган бўлсангиз, мана сизларга ёрдам келди» деб шарҳлашган.

Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун «Исро ҳадиси»да «фотиҳ» деб атаган: «Сени фотиҳ ва хотим қилдим». Бу ўринда «фотиҳ» – ҳукм қилувчи ёки умматга раҳмат эшикларини очувчи, Ҳақ маърифати ва Аллоҳга иймон келтириш учун қалб кўзларини очувчи, ҳаққа ёрдам берувчи деган маънода келган.

«Аш-Шакур» – Аллоҳ таолонинг бу сифати озгина амалга кўп савоб берувчи, беҳисоб мукофотлар билан тақдирловчи деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 34-оятида: «Албатта, Роббимиз мағфиратли ва шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи)», дейди. Бу сифат билан Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни сифатлаб шундай марҳамат қилган: «Албатта, у ўта шукрли банда эди»[1]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ушбу сифат зикр этилган. У зот кечалари кўп ибодат қилганларидан оёқлари шишиб кетар, «Ўзингизни бунча қийнамасангиз, Аллоҳ сизни аввалгию охирги гуноҳларингизни кечирган-ку», дейишганда «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» деб жавоб берганлар. Яъни Роббим неъматларининг қадрига етувчи, уларни эътироф этувчи, тилим ва қалбим билан У Зотга ҳамду сано айтувчи банда бўлмайинми?!

У зот Аллоҳ таолонинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта сизларга зиёда қиламан»[2] деган сўзига амал қилиб, яна кўпроқ тоат-ибодат қилишлари учун тунлари шукр қилган ҳолда қоим бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло пайғамбарини илм сифати билан сифатлаб, у зотни алоҳида хослаган: «Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди»[3].

«Ал-Аввал» ва «Ал-Охир» – Аллоҳ таолонинг сифатлари бўлиб, аввали ва охири йўқ, азалий ва абадий деган маъноларни англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен яратилишда пайғамбарларнинг аввалгиси, юборилишда охиргиси бўлдим», дедилар. Бунга Аллоҳ таолонинг мана бу сўзи ишора қилади: «Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам»[4]. Бу оятда Аллоҳ таоло барча пайғамбарлардан олдин энг охири юборилган Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилди. Бунда у зотнинг мақом-мартабалари баландлиги ва руҳлар оламида нубувватлари олдин эканига ишора бор.

«Ал-Қавий» ва «Зул қувватил матин» – Аллоҳ таолонинг сифатлари бўлиб, қодир ва кучли деган маъноларни англатади. Бу сифат билан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини сифатлаб, шундай деди: «Албатта у (Қуръон) карамли элчининг сўзидир. У қувватли, Арш Эгаси ҳузурида мартабаси олийдир»[5]. Айрим муфассирлар бундан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, айримлари эса Жаброил алайҳиссалом дейишган.

«Ас-Содиқ» – Аллоҳ таолонинг сифати[6] бўлиб, рост айтувчи деган маънони билдиради. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирилган саҳиҳ ривоятда у зотнинг «Содиқул масдуқ» деган сифатлари зикр қилинган. Бунинг маъноси рост айтувчи ва росгўйлигига гувоҳлик берилган деганидир, чунки Аллоҳ таоло: «У ҳаводан нутқ қилмас»,[7] деб гувоҳлик беради.

«Ал-Валий» ва «Ал-Мавло» – Аллоҳ таолонинг сифатлари бўлиб, ёрдам берувчи деган маънони билдиради. Аллоҳ таоло: «Албатта сизнинг валийларингиз – ёрдамчиларингиз Аллоҳ, Унинг расули...»[8], деган. Бу оятда Расулуллоҳ «валий» сифати билан сифатланмоқда. Расули акрам ўзлари ҳақида: «Мен ҳар бир мўминнинг валийси – ёрдамчисиман»[9], деганлар.

«Ал-Афувв» – Аллоҳ таолонинг бу сифати «кечиримли» деган маънони билдиради. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни Қуръон ва Тавротда шу сифат билан келтирган. Қуръони Каримда кечиришга амр қилиб: «Кечиримли бўл...»[10], «Бас уларни афв эт ва (айбларини) ўтиб юбор»[11], деган.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амрдан келтирган ривоятда Тавротдаги бир қанча сифатлари қаторида қуйидагилар санаб ўтилган: «У аччиқ тилли ҳам, қўпол ҳам эмас. Лекин афв қилади ва ўтиб юборади».

«Ал-Ҳодий» – Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб, ҳидоят қилувчи деган маънони билдиради. У зот бандаларидан хоҳлаганига тавфиқ ато этиб, унга тўғри йўлни кўрсатади. Натижада банда ҳидоят топувчилардан бўлади. Аллоҳ таоло Ўз расулини бу сифат билан сифатлаб: «Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қиласан», дейди. Бу ўринда ҳидоят деганда мақсадга олиб борувчи йўлни кўрсатиш тушунилади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳақ сари даъват қиладилар. Аллоҳ таоло кимни лойиқ кўрса, Ўз тавфиқи билан ҳидоятга бошлайди. «Ҳидоят – Аллоҳдан» деб бежиз айтишмайди.

«Ал-Муъмин» – Аллоҳ таолонинг мазкур сифати бандаларига дунё ва охиратда нимани ваъда қилса, барчасини рўёбга чиқарувчи, сўзи рост, хавфдан омонлик берувчи деган маъноларни билдиради. Қуръони Каримда: «Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедилар»[12], деб келтирилган. Қолаверса, «муъмин» билан «амин» сўзларининг ўзаги битта бўлиб, у зот пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин қавмлари орасида «амин» – ишончли номи билан машҳур эдилар.

«Ал-Қуддус» – Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб, махлуқотларнинг сифатлари ва аломатларидан пок деган маънони билдиради. Ўтмишда ўтган анбиёларга нозил қилинган китобларда Пайғамбаримизнинг исмлари орасида «Муқаддас» деган исмлари ҳам бўлиб, унинг маъноси маъсум, яъни гуноҳлардан сақланган, айблардан холи, ёмон сифатлардан покланган, деганидир.

«Ал-Азиз» – Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб, ғолиб ва кучли деган маъноларни билдиради. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг расулига ва мўминларга хосдир»[13]. Яъни куч-қувват, ғолиблик Аллоҳга, қадри юксак, шон-шавкати улуғ бўлмиш Расулига хосдир. Мўминларнинг азизлиги аввало Робблари, кейин Расул туфайли эканини яхши билишимиз керак. Аллоҳ таоло Ўзини огоҳлантириш ва хушхабар бериш сифатлари билан сифатлаб: «Робблари уларга Ўз тарафидан раҳмат, розилик... хушхабарини беради»[14], дейди. Набаъ сурасининг 40-оятида: «Албатта, Биз сизларни яқин азобдан огоҳлантирдик», дея марҳамат қилган. Аллоҳ таоло расулини ҳам огоҳлантирувчи, ҳам хушхабар берувчи деб атаган: «Эй набий, албатта, биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи... қилиб юбордик»[15]. Яъни тоат аҳлига савоб, мукофот хушхабарини берсалар, маъсият аҳлини жазодан огоҳлантирадилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Исро сураси, 3-оят.

[2] Иброҳим сураси, 7-оят.

[3] Нисо сураси, 113-оят.

[4] Аҳзоб сураси, 7-оят.

[5] Таквир сураси, 19–20-оятлар.

 [6] Ибн Можа «Ал-Асмаул ҳусна»да ривоят қилган. Бу сифат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган марфуъ ҳадисда собит бўлган.

 [7] Нажм сураси, 3-оят.

 [8] Моида сураси, 55-оят.

 [9] Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, имом Аҳмад ва Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

 [10] Аъроф сураси, 199-оят.

 [11] Моида сураси, 13-оят.

 [12] Зумар сураси, 74-оят.

 [13] Мунофиқун сураси, 8-оят.

 [14] Тавба сураси, 21-оят.

 [15] Аҳзоб сураси, 45-оят.

 

01:05 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Бағишлов
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...