Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат, у зотни кўришга бўлган шавқ саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳидлар ва уларнинг шогирдларидан иборат салафи солиҳлар қалбини тўлиқ эгаллаб олган эди, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом уларни зулматлардан нурга олиб чиққанларини, залолатдан қутқариб, шубҳасиз иймон ва солиҳ амаллар сари бошлаганларини чуқур ҳис этар эдилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан мени қаттиқ яхши кўрадиган инсонлар мендан кейин келадилар. Улар аҳли ва моли бадалига бўлса ҳам мени кўришни орзу қиладилар», дедилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: «Мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан севимлироқ бирор киши йўқ», дер эди.
Абда[1] бинт Холид ибн Сафвон отаси ҳақида: «Отам Холид ўрнига ётишдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, муҳожир ва ансорлардан иборат у зотнинг асҳобларига шавқини айтар, уларни номма-ном санаб, то уйқу ғолиб келгунча: «Улар менинг аслим ва ифтихорим, уларга талпинар қалбим, узоқ чўзилди соғинчим, ё Роббим, ҳузурингга жон таслим қилишимни тезлат», дер эди.
Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, Абу Толибнинг Исломга кириши Абу Қуҳофанинг[2] Исломга киришидан кўра кўзимни кўпроқ қувонтирарди, чунки Абу Толибнинг Исломга кириши сизнинг кўзингизни кўпроқ қувонтирарди», дедилар.
Имом Байҳақий ва Баззор Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилишича, Умар розияллоҳу анҳу Аббос ибн Абдулмуттолибга: «Сизнинг Исломга киришингиз мен учун Хаттобнинг мусулмон бўлишидан яхшироқдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ шу севимлироқ эди», деган эканлар.
Уҳуд кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жангга чиққан Бану Динор қабиласига мансуб ансорлардан бўлган бир аёлнинг отаси, акаси ва ўғли ҳалок бўлди. Аёл эса: «Расулуллоҳга нима бўлди?» дер эди. Улар: «Аллоҳга шукрлар бўлсинки, у зот сиз истаганингиздек яхшилар», дейишди. Ҳалиги аёл (саҳобалардан бирига): «Кўрсатинг-чи, (қалбим хотиржам бўлиши учун) ўз кўзим билан кўрай», деди. Кўргандан кейин: «Сиз саломат экансиз, ҳар қандай мусибат енгилдир»[3], деди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан: «Сизларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришларингиз қай даражада эди?» деб сўрашди. Ҳазрати Али: «Биз у зотни мол-мулкимиз, фарзандларимиз, ота-оналаримиз ва чанқоқлик пайтидаги совуқ сувдан ҳам яхши кўрар эдик»[4], дедилар.
Буюк тобеъин Зайд ибн Аслам айтади: «Умар розияллоҳу анҳу бир кеча одамларнинг аҳволини кузатиб юрганларида бир уйда ёниб турган чироққа кўзлари тушди. Қарасалар, бир кампир жун титиб: «Муҳаммадга яхши бандаларнинг саломи бўлсин. Поклар, яхшилар у зотга салавот айтадилар. Сиз кечалари ибодат билан қоим бўлар, саҳарлари кўз ёш тўкар эдингиз. О, кошки эди мен уни билган бўлсам! Ўлим ҳолатлари турлича. Мен билан ҳабибимни бир ҳовлига жамлармикан!?» деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутар эди. Умар розияллоҳу анҳу ўтириб йиғлай бошлади[5].
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг оёқлари увишиб, қотиб қолди. У кишига: «Энг яхши кўрган одамингиз номини тилга олсангиз кетади», дейишди. У киши: «Ё Муҳаммад!» деб қаттиқ нола қилди. Увишиш бирданига йўқолди[6]. Ибн Умар розияллоҳу анҳу нолага ўхшаш нидолари билан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатини изҳор қилди.
Билол розияллоҳу анҳунинг вафот соатлари яқинлашганда аёллари: «Оҳ, афсус!» деб фарёд қилди. Ҳазрати Билол: «Қандай шодлик! Эртага дўстларга: Муҳаммад ва у зотнинг сафдошларига йўлиқаман», деган экан.
Имом Байҳақий ривоят қилади. Макка аҳли Зайд ибн Дасинани қатл қилиш учун Ҳарам чегарасидан ташқарига чиқардилар. Абу Суфён унга: «Ҳозир бизнинг олдимизда сенинг ўрнингга Муҳаммад бўлиб қолса, биз уни ўлдирсак, сен эса аҳлинг орасида маза қилиб ўтирган бўлишингни хоҳлармидинг?» деди. Зайд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммадга ҳозир турган жойида (Мадинада) тикан кирса, мен аҳлим орасида ўтиришни истамасдим», деди. Абу Суфён: «Одамлар орасида биров бировни асҳоблари Муҳаммадни яхши кўрганчалик яхши кўришини билмайман», деди.
Имом Муҳаммад ибн Жарир ва Баззор Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган аёлга эрини ёмон кўргани ёки бошқа жойга бориб яшашга қизиққани учун эмас, балки Аллоҳ ва расулини яхши кўргани учун чиққани ҳақида қасам ичирилар эди.
Ибн Саъд ривоят қилади. Абдуллоҳ ибн Зубайр қатл қилинганда Ибн Умар унинг жасади олдига бориб истиғфор айтиб: «Мен билганимдан бери кўп рўза тутувчи, тунларида кўп ибодат қилувчи, Аллоҳ ва расулини яхши кўрувчи эдинг», деди.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Ибн Ҳиббон ишончли ровийлари қаторида келтирган.
[2] Абу Бакр Сиддиқнинг оталари.
[3] Ибн Исҳоқ ривояти. Имом Байҳақий Исмоил ибн Муҳаммад ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан мурсал ҳолда ривоят қилган.
[4] Ким ривоят қилгани маълум эмас.
[5] Фироқ ва соғинч йиғиси эди.
[6] Ибн Суннийнинг «Амалул явм вал-лайл» китобида келган.