Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларини, қариндошлари, зурриётлари ва покиза жуфти ҳалоллари – мўминларнинг оналарини эҳтиром қилиш, эъзозлаш у зотни улуғлаш нишонасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда аҳли байтга ҳурмат кўрсатиш лозимлигига ишора қилиб бундай деган: «Эй аҳли байт! Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди»[1]. Бу оят мўминларнинг оналари аҳли байтдан эканига яққол далолат қилади, чунки мазкур оятдан олдинги ва кейинги оятлар мўминларнинг оналари ҳақидадир. «Аҳли байт» деганда фақат Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳум тушунилмайди, балки оналаримиз ҳам аҳли байтга кирадилар.
Аллоҳ таоло: «...унинг (Пайғамбарнинг) хотинлари эса уларнинг оналаридир»[2], деган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари иззат-икром қилишнинг зарурлиги ва никоҳланишнинг ҳаромлигида худди она кабидирлар. Зеро, Аллоҳ таоло: «Сизлар учун Аллоҳнинг расулига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир, чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир»[3], деган.
Оиша розияллоҳу анҳо: «Биз аёлларнинг оналари эмасмиз», деганлар. Демак, ояти кариманинг ҳукми фақат эркакларга тааллуқлидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтни ҳурмат қилишга чақирганлар. Салафи солиҳлар у зотнинг кўрсатмаларига сўз ва амалда эргашганлар.
Имом Муслим ва Насоий келтирган ривоятда Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли байтимга шафқатли бўлишингизни сизлардан Аллоҳга қасам ичиб сўрайман», деб уч марта такрорладилар. Биз: «Зайд ибн Арқамдан: «У зотнинг аҳли байтлари кимлар?» деб сўрадик. У: «Алининг оиласи, Жаъфарнинг оиласи, Ақилнинг оиласи (Абу Толибнинг болалари) ва Аббоснинг оиласи», деди.
Имом Термизий Зайд ибн Арқам ва Жобир розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, агар маҳкам тутсангиз, сизлар асло адашмайдиган икки нарса: Аллоҳнинг китоби ва аҳли байтимни қолдириб кетмоқдаман. Мендан кейин уларнинг ҳақларига қандай риоя қилишингизга аҳамият берингиз», дедилар. Аҳли байтнинг ҳақларига риоя қилиш уларни яхши кўриш ва сийратларига эргашиш билан бўлади.
Имом Аҳмад Абу Айюб Ансорийдан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳу ҳақларида бундай деганлар: «Ё Аллоҳ! Уни яхши кўрганни Сен ҳам яхши кўр. Уни ёмон кўрганни Сен ҳам ёмон кўр».
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Али ҳақларида: «Сени фақат мўминларгина яхши кўради. Мунофиқлар ёмон кўради», деганлар.
Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, улар(аҳли байт)ни Аллоҳ ва расули учун яхши кўрмагунча кишининг қалбига иймон кирмайди. Ким амаким(Аббос)га озор берса, менга озор берибди. Албатта, кишининг амакиси отасининг туғишган(жигар)идир», дедилар.
Имом Байҳақий Абу Усайд Саъидийдан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга: «Эрталаб болаларингиз билан олдимга келинг», дедилар. Уларни йиғиб, ўзларининг кийимларига ўрадилар ва: «Бу – менинг амаким ва отамнинг туғишгани. Анавилар – болалари. Улар менинг аҳли байтим. Уларни худди мен ўраб турганимдек дўзах оловидан асра», дедилар. Ўша маҳал эшик остонаси ва уйнинг деворлари «Омин, омин» деди».
Имом Термизий Умар ибн Абу Саламадан ривоят қилади: Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйида «Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнни чақириб, уларни кийимларига ўрадилар. Али орқа тарафларида турар эди. Сўнгра: «Ё Аллоҳим! Булар менинг аҳли байтим. Улардан кирни кетказиб, бутунлай поклагин», деб дуо қилдилар.
Аҳли байтни улуғлашга саҳобалар катта аҳамият беришар эди. Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларини эҳтиром қилинглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ўзимнинг қариндошларимдан кўра Расулуллоҳнинг қариндошлари билан алоқа ришталарини боғлашим мен учун яхшироқдир», дер эди.
Имом Термизий Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қурайшни хорламоқчи бўлса, Аллоҳ уни хорлайди», дедилар.
У зот: «Қурайшни олдинга ўтказинглар. Ундан олдинга ўтманглар»[4], деганлар. Яъни халифаликда ва шунга ўхшаш ишларда Қурайшни олдинга қўйинглар.
Имом Бухорий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога: «Оиша тўғрисида менга озор берма», деганлар. Бу сўзлари билан Оиша онамизнинг фазилатларини эътироф этдилар.
Имом Бухорий келтирган ривоятда Уқба ибн Ҳорис айтади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳусайнни бўйнига миндириб: «Отам фидо бўлсин, Алига ўхшамайди. Пайғамбар алайҳиссаломга ўхшайди», дер эди. Али эса Абу Бакр Сиддиқнинг бу гапларидан хурсанд бўлиб кулар эди».
Имом Термизий ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга уч минг дирҳам, Усома ибн Зайдга уч минг беш юз дирҳам маош тайинлади. Абдуллоҳ отасига: «Нима учун Усомани мендан устун қўйдингиз. Ҳолбуки, у жангларда қатнашишда мендан ўзиб кетмаган-ку», деди. Ҳазрати Умар: «Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усоманинг отаси Зайдни сенинг отангдан кўра кўпроқ яхши кўрар эдилар. Усоманинг ўзини эса сендан кўра кўпроқ яхши кўрар эдилар. Расулуллоҳнинг муҳаббатларини ўзимнинг муҳаббатимдан афзал билдим», деди.
Ибн Асокир ривоят қилади: «Кобис ибн Робийъанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб кетиши ҳақида хабар Муовия ибн Абу Суфёнга етиб келди. Кобис ҳовли эшигидан унинг ҳузурига кирди. Муовия розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб, уни қарши олиб, кўзларидан ўпди. Қиёфаси Расулуллоҳга ўхшагани учун Мирғаб номли жойни унга тортиқ этди».
Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳум айтади: «Бир ҳожатим билан Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. У менга: «Ҳожатингиз бўлса, одам юборинг ёки хат ёзинг. Сизни эшигим олдида кўришдан Аллоҳдан уяламан», деди».
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу онасининг жанозасини ўқиди. Сўнгра миниши учун хачирини келтиришди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо келиб хачир узангисидан ушлади. Зайд: «Эй Расулуллоҳ амакисининг ўғли, қўйинг», деди. Ибн Аббос: «Уламоларимизни эҳтиром қилишга буюрилганмиз», деди. Зайд Ибн Аббоснинг қўлини ўпиб туриб: «Расулуллоҳнинг аҳли байтларини мана шундай эъзозлашга амр қилинганмиз», деди[5].
Дайламий ва Ибн Нажжор Али розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болаларингизга уч хислатни ўргатинглар: пайғамбарингизни яхши кўришни, унинг аҳли байтини яхши кўришни ва Қуръон қироатини», дедилар.
«Шамоилу мустафо» китобидан