Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ўринлар ва ҳолатларда салавот айтиш мустаҳаб саналади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени отлиқ йўловчининг идиши каби қилманглар, чунки отлиқ идишини тўлдириб, уни юклари ичига солиб қўяди. Қачон чанқаса, ичади. Ёки таҳорат қилишга муҳтож бўлиб қолса, фойдаланади. Бўлмаса тўкиб ташлайди. Лекин мени дуонинг аввали, ўртаси ва охирида эсланглар»[1], дедилар. Яъни мусофир эҳтиёжи бўлган вақтдагина сув идишига қарайди. Бошқа вақт унга эътибор бермайди. Сизлар мени ҳамма вақт ёдга олинглар, чунки сизлар мендан беҳожат эмассизлар.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг дуо ҳақидаги сўзлари нақадар ажойиб. У киши айтади: «Дуонинг арконлари, қанотлари, сабаблари ва вақтлари бор. Агар у арконларига мувофиқ келса, кучли бўлади. Қанотларига мувофиқ келса, осмонда парвоз қилади. Вақтларига мувофиқ келса, муваффақиятли бўлади. Агар у сабабларига мувофиқ келса, ютуқ келтиради. Унинг арконлари – қалб ҳозирлиги, юмшоқлик, киши ўзини хор тутиши, кўнгилни Аллоҳга боғлаб, барча сабаблардан узилишдир. Қанотлари эса ростгўйликдир. Вақтлари саҳар чоғларидир. Сабаблари – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллашдир».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Азон ва иқомат (такбир) орасидаги дуо қайтарилмайди»[2], деганлар.
Бошқа бир ҳадисда: «Ҳар бир дуо осмондан тўсилиб туради. Қачон менга салавот айтилса, дуо кўтарилади»[3], дейилган.
Абу Сулаймон Дороний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аллоҳдан бир ҳожатингни сўрамоқчи бўлсанг, аввал Набий алайҳиссаломга салавот айтиб, кейин дуо қил. Дуони салавот айтиш билан тугат, чунки Аллоҳ таоло икки салавотни қабул қилиб, улар орасидагини тарк қилишдан улуғ бўлган Зотдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганда, номларини эшитганда ёки ёзганда, азон айтилаётганда салавот айтилади.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузурида номим зикр қилинганда менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалансин», дедилар. Расули муҳтарамнинг ҳурматларини салавот айтиш орқали жойига қўймагани учун хору зор бўлсин.
Жонлиқ сўяётганда, таажжубланганда ва аксирганда салавот айтиш макруҳдир[4].
Жума куни кўп салавот айтиш суннатдир[5].
Масжидга кираётганда, Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиб: «Ё Аллоҳим! Менга раҳмат эшикларингни очгин!» деб кирилади. Чиққанда ҳам худди шундай.
Амр ибн Динор Аллоҳ таолонинг «Қачон уйларга кирсангиз, ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом берингиз»[6] ояти ҳақида: «Агар уйда ҳеч ким бўлмаса, «Пайғамбарга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин! Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин! Аҳли байтга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!» деб айт», – деган.
Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Уйда ҳеч ким бўлмаса, «Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин», деб айт. Масжидда ҳеч ким бўлмаса, «Расулуллоҳга салом бўлсин», деб айт», – деган.
Расулуллоҳга салавот айтиладиган ўринлардан бири жаноза намозидир. Яъни жаноза намозида иккинчи такбирдан кейин Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтилади.
Хат ва мактублар ёзганда басмала ва ҳамду санодан кейин Расулуллоҳга салавот йўллаш умматнинг одатий амалларидандир. Бу иш саҳобалар даврида кенг тарқалмаган. Асосан аббосийлар халифалиги даврида пайдо бўлган ва ривожланган. Ҳозиргача мусулмонларнинг диёрларида бунга амал қилиш давом этмоқда. Китоб муаллифлари асарларини салавот билан бошлаб, тугатишга эътибор берадилар. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга бир ёзувда салавот йўлласа, ўша ёзув то ўчиб кетгунча фаришталар унга истиғфор айтиб турадилар»[7], деган сўзлари туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.
Намознинг биринчи ташаҳҳудида ҳам Расулуллоҳга салавот айтилади. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизлардан қайси бирингиз намоз ўқиса: «Саломлар, раҳматлар ва яхшиликлар барчаси Аллоҳникидир. Эй Пайғамбар! Сенга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракоти бўлсин. Аллоҳнинг ҳар бир бандасига, шунингдек, бизга ҳам саломлар бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ягона, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир», деб айтсин. Агар сизлар шу (сўзлар)ни айтсангиз, еру осмондаги ҳар бир солиҳ бандага (салом) етиб боради», дедилар.
Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳга салавот айтиладиган ўринлар қирқдан ошади. Уларнинг барчасида банда учун хайр, барака, фойда ва савоб бор. Салавот қалбни нурлантиради, дилни ёриштиради, ақлга зиё беради. Унутган нарсани ёдга келтиради, исонга ҳаловат ва хотиржамлик бахш этади. Умматни Пайғамбар алайҳиссалом билан боғлайди. Инсон Расулуллоҳга салавот ва салом йўллар экан, унинг барча ғам-ташвишларига Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилади, ризқини мўл-кўл этиб, буюк мукофотлар билан тақдирлайди.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Имом Байҳақий, Баззор ва Абу Яъло ривояти.
[2] Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти.
[3] Бу ривоят имом Термизий келтирган Умар розияллоҳу анҳу айтган сўзнинг айнан мазмунидир.
[4] Аллома Бадруддин Айнийнинг «Туҳфатул мулук ва минҳатус-сулук» номли китобларида: «Ҳаром ишни қилаётганда, тижорат молларини сотаётганда ёки уларни очаётганда салавот айтиш макруҳдир», деган. Ҳанафий асҳобларимиз «Харидорга молни таклиф қилаётганда салавот айтиш макруҳдир, чунки сотувчи савдосини чаққон қилишни, молини яхши қилиб кўрсатишни истаган бўлади, савоб олишни эмас. Агар уни ҳам, буни ҳам ният қилган бўлса, макруҳи танзиҳий бўлади», деганлар.
[5] Имом Насоий Авс ибн Авсдан ривоят қилган.
[6] Нур сураси, 61-оят.
[7] Имом Табароний «Ал-Авсат»да ҳасан санад билан, Хатиб Бағдодий «Шарафу асҳобул ҳадис»да, Ибн Ҳиббон «Ас-Савоб» китобида келтирган.