Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифларини зиёрат қилиш, у зот ва икки соҳиблари Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога салом бериш, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидан у зотнинг шафоатларини сўраш, мусулмонлар учун ғолиблик ва муваффақият тилаб дуолар қилишнинг барчаси шариатда бор, ижмо қилинган суннат амаллар ва тарғиб қилинадиган фазилатли ишлардан ҳисобланади. Имом Нававий ва Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳмо у зотнинг қабрларини зиёрат қилишга ижмо қилинганини келтиришган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади»[1], деганлар.
Имом Байҳақий келтирган ривоятда: «Ким мени савоб умидида Мадинага келиб зиёрат қилса, қиёмат кунида менинг қўшним бўлади», деганлар.
Абу Авона келтирган ривоятда: «Ким савоб умидида Мадинага келиб мени зиёрат қилса, унинг учун қиёмат кунида гувоҳ ва шафоатчи бўламан», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади»[2], дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади. Ким менинг қабримни зиёрат қилмаса, менга бевафолик қилибди»[3], деганлар. Бу ривоят имкон бўлганда у зотнинг қабрларини зиёрат қилишга ҳаракат қилиш лозимлигига далолат қилади. Ер юзидаги барча мусулмонларнинг амали ҳам бунга гувоҳдир. Бу мавзуга тегишли ҳадислар жуда кўп. Ривоятлар ҳам машҳурдир.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилдик» дейилишини ёқтирмас эдилар. Абу Имрон Фосий: «Имом Моликнинг ёқтирмаганига сабаб «фалончининг қабрини зиёрат қилдим» дейиш ҳаммага нисбатан айтиладиган гап бўлгани учун, чунки бу гапда Набий алайҳиссаломнинг бошқалардан фарқи, у зотнинг улуғлиги кўзга ташланмайди», дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар»[4], деган ҳадисларидаги қайтариқ соф тавҳид эътиқодини шакллантиришга қарата айтилган эди, чунки Исломнинг аввалида кўпчилик иймонсиз ўтди. Уларнинг қабрларини зиёрат қилишдан қайтарилди. Мусулмонлар ичида вафот этганлар кўпайгач, уларни зиёрат қилишга рухсат берилди, чунки қабристонларни зиёрат қилишда тириклар учун ибратлар, ўликлар учун дуолар манфаати бор.
Фақиҳ Исҳоқ ибн Иброҳим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳажни ният қилганлар қадим замонлардан бери Мадинаи мунавварадан ўтишни одат қилган. Бундан мақсад Расулуллоҳнинг масжидларида намоз ўқиш, у зотнинг Равзаи муборакларини, минбарларини, қабри шарифларини, ўтирган, қўллари билан ушлаган, оёқлари билан юрган жойларни, Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келганда суянган устунларни кўриш билан барака умид қилишдир. Шу билан бирга, Масжиди набавийни обод қилган ва обод қилиш пайида бўлган саҳобалар ва мусулмонларни эслаш ва уларнинг барчасидан ибрат олишдир».
Ибн Фудайк раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ўзим кўрган баъзи кишилардан шундай гапни эшитганман: «Бизлар илм аҳлларидан шундай сўзни эшитган эдик: «Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларида туриб: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар...»[5] оятини ўқиб, «Соллаллоҳу таъала алайка, йа Набийяллоҳ», яъни «Сизга Аллоҳ таолонинг салавоти бўлсин, ё Набиюллоҳ» деб етмиш марта айтса, бир фаришта унга: «Сенга Аллоҳнинг салавоти-раҳмати бўлсин, эй фалончи», деб нидо қилади ва унинг барча ҳожатлари раво бўлади»[6].
Язид ибн Абу Саъид Маҳрий айтади: «Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. Хайрлашиб қайтаётганимда менга: «Сенга бир ҳожатим бор. Мадинага борганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари олдига бориб, у зотга мендан салом айт»[7], деди.
Ибн Ваҳб келтирган ривоятда имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Набий алайҳиссаломга салом берганда дуо қилиб, юзини қабрга қаратади, қиблага эмас. Яқинлашиб салом беради, қабрни қўли билан ушламайди». Кўпчилик уламолар зиёрат қилувчи аввал у зотнинг қабрларига қараб салом бериб, сўнгра қиблага қараб дуо қилади, дейишган.
Нофиъ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ибн Умар Расулуллоҳнинг қабрларига юз ёки ундан кўп марта салом берганини кўрдим. Қабрларининг олдига келиб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бўлсин. Абу Бакрга салом бўлсин, Отам(Умар)га салом бўлсин» деб қайтиб кетар эди»[8].
Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Зиёрат қилувчи «Ассаламу алайка айюҳан-набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», яъни «Сизга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин, ё Аллоҳнинг расули», дейди».
Ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Зиёрат қилувчи Расулуллоҳнинг масжидига кирса: «Бисмиллаҳи. Аллоҳнинг номи билан. Расулуллоҳга салом бўлсин. Бизга Роббимизнинг саломи бўлсин. Аллоҳ ва Унинг фаришталарининг саломи Муҳаммад алайҳиссаломга бўлсин. Ё Аллоҳ! Гуноҳларимни кечир. Менга раҳмат ва жаннат эшикларингни очгин ва мени қувилган шайтондан ҳимоя эт», дейди. Сўнгра Равза томон юзланади. У қабр билан минбар орасидадир. У ерда икки ракъат намоз ўқийди. Бошқа жойда ўқиса ҳам бўлаверади. Лекин Равзада ўқиган афзалдир, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ бор»[9], деганлар. Бошқа ривоятда: «Қабрим билан минбарим орасида», дейилган.
Зиёрат қилувчи у зотнинг қабрлари рўпарасида ўзини хокисор тутган ҳолда вазминлик билан тўхтаб, салавот ва салом айтади. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога салом йўллаб, дуо қилади. Масжиди набавийда кечаю кундуз кўп салавот айтишга ҳаракат қилади. Қубо масжиди ва Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилишни эътибордан четда қолдирмайди».
Намоз ўқиганда у зотнинг қабрларига юзланиш мумкин эмас, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё Аллоҳ! Қабримни ибодат қилинадиган санам қилиб қўйма. Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган қавмларга Аллоҳнинг ғазаби шиддатли бўлади»[10], деганлар.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Имом Табароний, Ибн Хузайма, Баззор Ибн Умардан ривоят қилган. Мазкур ҳадис турли йўллар билан ривоят қилинган ва унинг шоҳидлари бор. Имом Заҳабий ҳасан деган.
[2] Имом Байҳақий, Саъид ибн Мансур, Дорақутний, Табароний, Абу Яъло, Ибн Асокир ривояти.
[3] Али розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинган.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Аҳзоб сураси, 56-оят.
[6] Имом Байҳақий Ибн Абу Дунё йўлидан ривоят қилган.
[7] Имом Байҳақий ривояти.
[8] Имом Байҳақий ривояти.
[9] Имом Аҳмад Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[10] Имом Молик Ато ибн Ясордан мурсал ҳолда, Абдурраззоқ Маъмардан, у Зайд ибн Асламдан ривоят қилган.