Қуртубий айтадилар: “Ҳали ҳам Расулуллоҳнинг гўзалликлари бизларга бутунлай зоҳир бўлмаган. Агар зоҳир бўлганида эди, бизларнинг кўзларимиз ул зотни кўришга тоқат қила олмас эди”.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаклу шамоилларининг комиллигига ҳамда кўринишларининг чиройлигига далолат қилувчи Набавий ҳадислар ва ривоят қилинган асарлар жуда ҳам кўпдир.
Шунинг эътиборидан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ имон келтиришнинг шарти албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг шарафли баданларини у зотдан олдин ҳам кейин ҳам ўхшаши бўлмайдиган даражада қилиб қўйганига имон келтиришдир.
Мунаввар юзлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг юзи энг чиройлиси эди. Гўёки қуёш юзларидан югурар эди. (Яъни қуёш қандай ўз фалакида юрса, худди шундай гўзаллик ул зотнинг юзларида юрар эди). Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўта семиз ҳам ўта айланасимон ҳам эмас эди. Балки, юзларида озгина думалоқлик бор эди”.
Оиша онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бўлагидек чақнар эди”.
Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг доирасидек эди”.
Абу Туфайлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб бер деб айтилганда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ, юзлари чиройли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнага ўхшар, гўёки тўлин ой у зотнинг юзларида кўриниб тургандек бўлар эди”.
Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ул зотнинг юзлари худди қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаган саҳобаларнинг сўзлари ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари нурли, ёрқин бўлганига ва юзлари ёрқин нур сочиб турувчи зиё ила ҳамда гўзаллик ила барқ уриб турганига ижмоъ бўлгандир.
Ҳасан ибн Алий тоғалари Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматга эга эдилар. Юзлари худди тўлин ой кечадаги ойнинг чарақлаганидек чарақлар эди”.
Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб айтган эканлар: “Мен бир у зотга бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойдан гўзалроқ эдилар”.
Робиъ бинти Муъаввизга бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг деб сўралганда: “Эй ўғилчам, агар у зотни кўрганингда эди, худди чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардинг”, деб айтганлар.
Умму Маъбад ҳам набий алайҳиссаломни сифатлаб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам покиза, ҳушбичим, юзлари чиройли, кўркам киши эдилар”. Ҳамадонлик бир аёл: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж амалини бажардим”, деб айтганда, аёлдан: “Расулуллоҳни бизларнинг тасаввуримизга келтиринг”, деб сўрашади. Ҳалиги аёл: “У зот худди тўлин ой кечасидаги ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳдан олдин ҳам кейин ҳам у зотга ўхшашини кўрмадим”, деб айтган.
Муборак лунжлари
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли лунжларига келсак, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лунжлари узунроқ киши эдилар.
Кўзлари
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди:
مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى
“(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ”. (Нажм сураси, 17-оят)
Саҳиҳ ривоятларда собит бўлганига кўра, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузи ёруғликда қандай кўрсалар, худди шундай зулматли қоронғу кечада ҳам кўрар эдилар. Ҳамда олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.
Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилинган ҳадисда: “Расуллуллоҳ қарасалар, баданлари билан бурилиб қарар эдилар. Расуллуллоҳ назарлари пастга қараган киши эдилар, (яъни назарлари юқоридан кўра пастки томонга кўпроқ қарар эди). Кўпроқ мулоҳазали қарар эдилар, (яъни кузатиб, боқиб қарар эдилар)”.
Саййидимиз Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилликка мойилроқ (яъни қизғишроқ) киши эдилар”. Бошқа бир ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қора кўзли эдилар, яна бир ривоятда эса кўзларининг оқида қизиллиги бор эди, дейилади. Кўзнинг оқида қизиллиги бор бўлиши мақталинган, маҳбуб кўрилгандир.
Муборак бошлари ва пешоналари
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешоналари кенг эди. Бу борада келган турли хил ҳадисларнинг барчаси бир маънодадир. Расуллуллоҳ бошлари катта киши эдилар. Алий розияллоҳу анҳунинг бу ҳақда ривоят қилганлари ҳам шу маънодадир. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узун ва ингичка қошли эдилар. У зотнинг иккала қошлари узун эди-ю, лекин бирлашган ҳам бир-бирига ёпишган ҳам эмас эди.
Муборак бурунлари
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирра бурунли эдилар.
Муборак оғизлари
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам катта оғизли киши эдилар. Одатда араблар катта оғизли кишини мақташар эди. Оғзи кичикларни эса ҳақорат қилишар эди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам тишларининг ораси очиқ инсон эдилар. Тишлари оппоқ эди. Ҳамда икки курак тишларининг ораси ҳам очиқ эди.
Siyrat.uz