Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Набийимиз Муҳаммадга, у зотнинг оли байтларига ва барча саҳобаларига Роббимизнинг саловотлари, саломлари ва баракотлари бўлсин!
Азиз ўқувчи, қўлингизда «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», яъни, унинг шарҳида айтилганидек, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, рисолатлари у зотнинг энг муҳим васиқали сўзлари ва ишлари орқали» китоби турибди.
Бу китобнинг ўзига хос алоҳида жиҳатлари бор.
Биринчидан, бу китоб янги ва имтиёзли маҳсулдир. У, набавий суннатдан танланган матнлар мажмуасидан иборат бўлиб, барчага – мусулмонларга ҳам, мусулмон бўлмаганларга ҳам бирдай мўлжалланган. Ўқувчи ушбу матнлар орқали Ислом ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам билан танишади. Яъни, набавий матн орқали бевосита танишиш имкониятига эга бўлиб, бировнинг шарҳи ёки баёнига муҳтож бўлмайди.
Бу китобнинг ўзи мустақил ҳолида манбаъ бўлиши ирода қилинган. У жуда ҳам равшан ва осон. Мутахассис бўлмаган мусулмон ёки ғайримуслим ўқувчи ҳам бошқа бировнинг равшанлаштириб ва баён қилиб беришига муҳтож бўлмайди.
Иккинчидан, матнларни танлаш шартлари ҳам ўзига хос:
1. Матнларнинг саҳиҳ бўлиши эътиборга олинган. Улар фақат қабул қилинган саҳиҳ, ўзи яхши ва гувоҳлари билан яхши ҳисобланган матнлардир.
2. Барчаси муҳкам матнлар бўлиб, уларнинг ичида насх қилинган (амалдан қолдирилган) матнлар йўқ.
3. Шарҳга, ишколини кетказишга ва у билан бошқа матнни жамлашга муҳтож бўладиган матн ҳам йўқ. Бошқа ибора билан айтганда, ушбу набавий ҳадисларнинг мушкуллиги йўқ. Яъни, бу ердаги ҳар бир ҳадиснинг ортиқча изоҳларсиз ҳам тушунилиши осон.
4. Уламолар орасида хилофга сабаб бўладиган масалаларга далил қилинадиган матнлар ушбу китобга киритилмаган.
5. Асосан, кўпчилик идрок қила оладиган ва уларнинг эҳтимомларини равшан баён қиладиган матнлар танланган.
Китобнинг мазмунига иттифоқ ҳосил бўлиши учун бундаги барча ҳадислар бир қанча илмий манбаъларга ҳам солиштириб чиқилган.
Учинчидан, китобнинг мақсади холис таништирувдан иборат. Бунда:
1. Набавий суннат орқали Ислом аҳкомлари ва ҳидоятини таърифлаш кўзда тутилган.
2. Набавий ҳадисларда тарқоқ ҳолда бўлган матнларни жамлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг ўз сўзлари, ҳаётларидаги ҳодисалар ва саҳобалар розияллоҳу анҳум билан мулоқотлари орқали таърифлаш мақсад қилиб қўйилган.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан иборат, маъноси равшан, ўқилиши равон, ҳар бир онгли киши фаҳмлай оладиган осон китобни юзага келтиришга ҳаракат қилинган. Уни ҳар бир кишига тақдим қилиш ва кенг тарзда нашр қилиш имкони бўлади. Қуръони Карим ва ушбу китобнинг нусхалари барча учун Исломни ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш борасида асосий манбаъ бўлади.
Тўртинчидан, китобни тузишда қуйидаги ишлар қилинди:
1. Набавий ҳадисларни имом Моликнинг «Муваттоъ»сидан, икки «Саҳиҳ»дан, «Сунани Абу Довуд», «Жомеъут-Термизий», «Сунани Насоий» ва бошқалардан олинди.
2. Ҳадисларни танлаш аввал айтиб ўтилган шартлар асосида амалга оширилди.
3. Ҳадислар мавзулар асосида тартибга солинди.
4. Ҳадислар олинган манбалар кўрсатилди. Англаниши қийин бўлган сўзларнинг изоҳи келтирилди.
5. Аллоҳ таолонинг изни билан китоб жаҳон тилларига таржима қилинади ҳамда дунёдаги барча кутубхона ва илмий марказларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари, суннатлари, сийратлари ва шариатлари билан танишишнинг бевосита василаси бўлиши учун юборилади.
Ушбу китобнинг ғояси, уни чиқариш ишига раҳбарлик қилиш ва қайта кўриб чиқиш «Ислам ал-явм» муассасаси бош кузатувчиси, шайх Салмон Фаҳд Авдага (Аллоҳ у кишини асрасин) тегишлидир.
Ушбу режага биноан ҳадисларни доктор Умар ибн Абдуллоҳ Муқбил, доктор Сомий ибн Абдулазиз Можд, доктор Абдулваҳҳоб ибн Носир Торийрий танлашди.
Китобдаги ҳадислар олинган манбаларни аниқлаш, уларга таълиқ қилиш, мувофиқлаштиришни шайх Маҳмуд Шаъбон Абдулмақсуд раҳбарлигидаги илмий гуруҳ амалга оширди.
Устоз Холид ибн Фаҳд Биҳлол китобни қайта кўриб чиқди ва мусаҳҳиҳлик қилди.
Ушбу китобнинг ишчи гуруҳи китобнинг олий мақсадига хизмат қиладиган ўзгартиш, қўшимча қилиш ва қисқартиш бўйича барча таклиф ва мулоҳазаларни мамнуният билан қабул қилади.
Бу китоб ўқиш учун ҳам, қабул қилиш учун ҳам осондир. Албатта, ҳадисларни бу тарзда жамлаб китоб ҳолида нашр этиш янгилик эмас. Динимиз тарихида ҳадисларни жамлаш асосида тузилган китоблар жуда кўп.
Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ва рисолатларини оламларга яқинлаштириш учун ижтиҳод қилиб, ҳадисларни жамлаб китоб ҳолига келтирдик. Буни Аллоҳ азза ва жалладан савоб, тавфиқ, ёрдам ва ишимизни тўғрилаши умидида қилдик.
Аллоҳим, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у муборак зотнинг аҳли байтларига, саҳобаи киромларига саловоту дурудлар юборгин. Валҳамдулиллаҳи Роббил оламийн!