25 рабиъул аввал 1447
Тарихда бугун

Робиъул-аввал ойининг 25-куни

 
  • Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
  • Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
  • Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.


Сийрат илмининг тарихий манбалари

Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади:

1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари.

Бу зот кўп илмларни чуқур эгаллаган, аксар ғазотларда иштирок этган. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг сийрат борасидаги китоблари бизгача етиб келмаган.

2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (105-ҳижрий санада вафот этган). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғиллари.

Бу киши ҳам кўзга кўринган олимлардан бўлган. Ўзига етиб келган хабарлардан сийрат китоби битган. Аммо Абон розияллоҳу анҳунинг китоблари ҳам бизгача етиб келмаган.

3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (114-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши тарихчи ва ўтганларнинг хабарларини пухта биладиган зот эдилар. Тадқиқотчилар Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг исроилиёт қиссаларини кўп ривоят қилганини эслатадилар.

4. Шуроҳбийл ибн Саъд ал-Хутомий ал-Маданий (123-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши ғазовотларни яхши биладиган олимлардан ва бадрийлардан эдилар.

Мазкурлардан кейин умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси зоҳир бўлди. Бу даврда набавий сийрат бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор саналадилар:

1. Осим ибн Умар ибн Қатода (120-ҳижрий санада вафот этган).

Ибн Қатода илмли, ғазовот ва сийратни ривоят қиладиган зот эди. У киши халифа Умар ибн Абдулазизнинг амрига биноан Дамашқ масжидида одамларга ғазотлар ва саҳобаларнинг маноқибларидан (мақтовга лойиқ сифатларидан) дарс айтар эди. Ибн Исҳоқ ва ал-Воқидийлар Осим ибн Умар ибн Қатоданинг китобларидан фойдаланган.

2. Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий (124-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши катта олим ва муҳаддис эди. Айниқса, ғазовот ва сийрат илмида ўткир бўлган. Биринчи бўлиб, ҳадис китоби тасниф қилган. Баъзи уламолар «Сийрат борасида тўлақонли китобни биринчи бўлиб ёзган олим ҳам Ибн Шиҳоб Зуҳрийдир», дейдилар. У кишининг сийрат китоби энг афзал ва ишончли китоб ҳисобланади. Ибн Исҳоқ ўз китобида асосан Ибн Шиҳобнинг китобидан фойдаланган.

3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм Ансорий (125-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши олим ва муҳаддис эди. Ундан жуда кўп ривоятлар қилинган. Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд ва Табарийлар унинг ривоятларидан кенг фойдаланганлар.

Сўнгра аббосий халифалар даврининг сийратчилари етишиб чиқдилар. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар:

1. Мусо ибн Уқба (141-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши ғазовот китоби ёзган.

2. Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Матлабий (151-ҳижрий санада вафот этган).

Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан, «ал-Мағозий» китобини ёзган. Унда Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этган. Халифа уни мухтасар қилишни амр қилган. Ибн Исҳоқнинг ушбу китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир.

3. Маъмар ибн Рошид (150-ҳижрий санада вафот этган).

Бу кишининг китоби бизгача етиб келмаган.

4. Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий (207-ҳижрий санада вафот этган).

Ал-Воқидийнинг «ал-Мағозий» китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.

Сўнгра сийрат уламоларининг янги бир авлоди зоҳир бўлди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганларидан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (218-ҳижрий санада вафот этган).

Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўп шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта Ибн Ҳишомга йўлиқади.

Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан, Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳиларнинг номлари тилга олинади.

Кейин келган сийрат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Сийрат уламолари ўз фаолиятлари давомида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид маълумотларни уларни кўрган, эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.

Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки, сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.

Кейинчалик ривоятларнинг қуввати ва ҳоли маълум бўлганидан сўнг, ўқувчиларга осонликни кўзлаб, ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилишдан четланилди. Яъни ровийлар силсиласидаги саҳобийни зикр қилиш билан кифояланилди.

Вақт ўтиши билан баъзи кишиларнинг машғулотлари кўпайиб, муфассал китобларни ўқиб-ўрганиш имконлари камайганини ҳисобга олиб, мухтасар сийратлар – «мавлид» деб аталган асарлар пайдо бўлди. Аксари ҳолда мавлидлар назм йўли ила ёзилар эди. Мақсад, қандай қилиб бўлса ҳам, мўмин-мусулмонларга уларнинг маҳбуб пайғамбарлари бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумот бериш эди.

Ҳар асрнинг, ҳар бир мусулмон ўлканинг ўзининг сийратчилари ва Набавий сийрат ҳақидаги асарлари бўлиб келди. Ҳозирда ҳам сийрат борасида янгидан-янги асарлар битилмоқда.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

11:28
Аввалги мақола
Сийрат
Сийрат илмининг тарихий манбалари
Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади: 1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари....
Сийрат
У зотдан инсоният қарздордир
Ислом пайғамбари аёл кишининг бир кун келиб эркаклар билан ёнма-ён ўз йўли (яъни, ўрни)ни топишини биларди. Шунинг учун уларнинг ҳам диндор бўлишини ихтиёр қилди. Уларнинг муайян либослари борки, у би...
10:37 / 04-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратлари
Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъин­лар бу...
17:15 / 22-август Батафсил...
Сийрат
Сийрат – етакловчи нурли йўл
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулулло...
17:57 / 13-август Батафсил...