عَنِ ابْنِ
عَبَّاسٍ t قَالَ: جَلَسَ نَاسٌ مِنْ
أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى
اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَنْتَظِرُونَهُ، فَخَرَجَ حَتَّى إِذَا دَنَا مِنْهُمْ سَمِعَهُمْ
يَتَذَاكَرُونَ، فَقَالَ بَعْضُهُمْ: عَجَبًا إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ اتَّخَذَ
مِنْ خَلْقِهِ إِبْرَاهِيمَ خَلِيلًا، وَقَالَ آخَرُ: مَاذَا بِأَعْجَبَ مِنْ كَلَامِ مُوسَى كَلَّمَهُ رَبُّهُ
تَكْلِيمًا، وَقَالَ آخَرُ: فَعِيسَى
كَلِمَةُ اللهِ وَرُوحُهُ، وَقَالَ آخَرُ: آدَمُ اصْطَفَاهُ اللهُ. فَخَرَجَ عَلَيْهِمْ فَسَلَّمَ وَقَالَ: قَدْ
سَمِعْتُ كَلَامَكُمْ وَعَجَبَكُمْ، إِنَّ إِبْرَاهِيمَ خَلِيلُ اللهِ وَهُوَ
كَذَلِكَ، وَمُوسَى نَجِيُّ اللهِ
وَهُوَ كَذَلِكَ، وَعِيسَى رُوحُ اللهِ
وَكَلِمَتُهُ وَهُوَ كَذَلِكَ، وَآدَمُ اصْطَفَاهُ اللهُ وَهُوَ كَذَلِكَ؛ أَلَا وَأَنَا حَبِيبُ اللهِ وَلَا فَخْرَ، وَأَنَا حَامِلُ لِوَاءِ
الْحَمْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ، وَأَنَا أَوَّلُ شَافِعٍ، وَأَوَّلُ
مُشَفَّعٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ، وَأَنَا أَوَّلُ مَنْ يُحَرِّكُ حَلَقَ الْجَنَّةِ فَيَفْتَحُ
اللهُ لِي فَيُدْخِلُنِيهَا وَمَعِي فُقَرَاءُ الْمُؤْمِنِينَ وَلَا فَخْرَ، وَأَنَا أَكْرَمُ
الْأَوَّلِينَ وَالْآخِرِينَ وَلَا فَخْرَ.
Аббос
розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар
эдилар. У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзиларининг:
«Қаранг-а,
Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини,
бошқасининг:
«Мусонинг
гапидан ажойиброқ нарса борми? Унга Робби ўзига хос гапирган-а!» деяётганини, яна бирининг:
«Исо
Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир!» деганини, яна бошқа бирининг:
«Одамни
Аллоҳ саралаб олгандир!» деганини эшитдилар. Бас, у зот уларнинг олдиларига келиб, салом
бердилар ва:
«Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолишингизни
эшитдим.
Албатта, Иброҳим
Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа,
у зот шундоқдир.
Исо Руҳуллоҳдир ва
Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Одамни Аллоҳ саралаб
олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Огоҳ бўлинг! Фахр
эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!
Фахр эмас-ку, мен
қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!
Фахр эмас-ку, мен
қиёмат куни
биринчи шафоат сўровчиман ва биринчи шафоат қилинувчиман!
Фахр эмас-ку, мен
жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни
очур ҳамда мени ва мен билан бирга
мўминларнинг фақирларини унга киритур.
Фахр эмас-ку, мен
аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда
энг улуғ пайғамбарларнинг ва уларнинг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу
алайҳи васалламнинг ўзларига хос афзалликлари ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло
Ўзи юборган пайғамбарларнинг баъзиларига ўзига хос афзалликлар ҳам ато қилган.
Бу ҳақиқатни аввалги динларга
эргашувчилар ҳам яхши билар эдилар. Шунингдек, бу маънода саҳобаи киромларда
ҳам маълумот пайдо бўлган эди. Улардан бирлари – Аббос ибн Абдулмуттолиб
розияллоҳу анҳу мазкур мавзудаги суҳбатлардан бирини ривоят қилиб бермоқдалар.
«Набий соллаллоҳу
алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар эдилар».
Одатда, бундай кутиш
масжидун набавийда бўлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам
ҳужраи саодатда бўлганларида суҳбатларига муштоқ саҳобийлар масжидга тўпланишиб, у зотнинг
чиқишларини кутиб ўтирар эдилар. Бу сафар ҳам худди ана шундай кутишлардан бири
бўлаётган эди.
«У зот чиқиб, уларга
яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзиларининг:
«Қаранг-а, Аллоҳ азза
ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини, бошқасининг:
«Мусонинг гапидан
ажойиброқ нарса борми, Унга Робби ўзига хос гапирган-а», деяётганини, яна
бирининг:
«Ийсо Аллоҳнинг
калимаси ва руҳидир», деганини, яна
бошқа бирининг:
«Одамни Аллоҳ саралаб
олгандир», деганини эшитдилар».
Пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи васаллам ҳужраи саодатдан чиқиб, саҳобаи киромлар ўтирган жойга
келгунларича уларнинг суҳбатларига қулоқ осдилар. Уларнинг гаплари асосан ўтган
пайғамбарлардан Иброҳим, Мусо, Исо ва Одам алайҳимуссаломга Аллоҳ таоло
томонидан берилган ўзига хос фазилатлар
ҳақида кетар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ўтирган жойга етиб келдилар.
«Бас, у зот уларнинг
олдиларига келиб, салом бердилар».
Демак, суҳбатлашиб
ўтирган кишиларнинг олдига келган шахс уларга салом бериши керак экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу одобга амал қилдилар. Кейин эса
саҳобаи киромларга қуйидагиларни айтдилар:
«Батаҳқиқ, гапингизни
ва қойил қолишингизни эшитдим».
Яъни, «Олдингизга
келаётиб, йўлда сизлар гапираётган гапларни эшитдим. Аллоҳ таоло томонидан
баъзи пайғамбарларга берилган фазлларга ҳавас қилиб, қойил қолиб,
гапирганингизни тингладим», дедилар.
«Албатта, Иброҳим
Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».
«Халил» сўзини
таржима қиладиган бўлсак, «орасидан қил ҳам ўтмайдиган дўст» деган маъно келиб
чиқади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ана шундай дўст тутган. Аллоҳ таоло
Қуръони Каримда:
«Яхшилик
қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва ҳаниф бўлган Иброҳимнинг
миллатига эргашган кишидан кўра дини яхшироқ ким бор? Ва Аллоҳ Иброҳимни халил
тутгандир», деган («Нисо» сураси,
125-оят).
«Мусо Нажиюллоҳдир.
Ҳа, у зот шундоқдир».
«Нажий» сўзининг
маъноси «муножот қилувчи», яъни «сирлашувчи» деганидир. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом билан ўзига хос муножот
қилгани маълум. У Зотнинг Ўзи Қуръони Каримда:
«Ва
илгари Биз сенга қиссаларини айтиб берган Расулларни ва Биз қиссаларини сенга
айтиб бермаган Расулларни
(юбордик).
Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди», деган («Нисо» сураси, 164-оят).
«Исо Руҳуллоҳдир ва
Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир».
Исо алайҳиссалом
Аллоҳ таолонинг амри ила Жибрийл алайҳиссалом Биби Марямнинг ёқаларидан руҳ
пуфлаганларида халқ қилинганликлари учун «Руҳуллоҳ» деган номни олганлар. Аллоҳ
таолонинг «Бўл!», деган калимаси ила пайдо бўлганлари учун «Калиматуллоҳ»
номини ҳам олганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони
Каримда бу ҳақда:
«Фаржини
пок сақлаган аёлни
(эсла). Биз
унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик», деган («Анбиё» сураси,
91-оят).
Ушбу ояти каримадаги
«фаржини пок сақлаган аёл» – Биби Марям, «унинг ўғли» – Марямнинг ўғли, яъни Исо
алайҳиссаломдир.
«Биз унга Ўз
руҳимиздан пуфладик» деган жумладан мурод Жибрийл алайҳиссаломнинг Аллоҳ
таолонинг амри ила Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлаганлари ва у кишининг Исо
алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганларидир.
«Одамни Аллоҳ саралаб
олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир».
Одам алайҳиссалом
«Сафиюллоҳ» деб аталади. Бу сўз «Аллоҳнинг
саралаб олгани» деган маънони англатади.
Бу ҳақда ҳам Қуръони
Каримда оят бор. Аллоҳ таоло:
«Албатта,
Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Иброҳим оиласини ва Имрон оиласини оламлар узра танлаб
олди»,
деган («Оли Имрон» сураси,
33-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи васаллам мазкур улуғ пайғамбарларнинг фазилатларини тасдиқлаб
бўлганларидан кейин саҳобаларига мурожаат қилиб, яна қуйидагиларни айтдилар:
«Огоҳ бўлинг! Фахр
эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!»
Яъни, «Аллоҳнинг
маҳбубиман». Албатта, бу сифат улуғ фазилатдир. Бундай мақомга пайғамбарлардан
ҳеч бирлари сазовор бўлмаганлар.
«Фахр эмас-ку, мен
қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!»
Бу мақом ҳам ҳеч бир
кимсага насиб қилмаган мақомдир.
«Мен биринчи шафоат
сўровчиман!»
Бу мақомдан ортиқ
қандай фазилат бўлиши мумкин?!
«Фахр эмас-ку, мен
қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!»
Бу ҳам Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларининг кўпгина
далилларидан биридир.
«Фахр эмас-ку, мен
жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни
очур ҳамда мени ва мен билан бирга мўминларнинг фақирларини унга киритур».
Пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи васаллам қиёмат куни жаннат дарвозасига келиб, жаннат эшикларини очишни
талаб қилиб, унинг ҳалқасидан ушлаб, тақиллатар эканлар. Ана шунда Аллоҳ таоло
у зотга жаннат эшигини очар ва у зот биринчи бўлиб жаннатга кирар эканлар. Бу
ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятнинг энг афзали
эканликларини кўрсатади. У зот билан бирга умматларининг фақир-фуқаролари ҳам
жаннатга кириши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ва бу дунёда
уммати муҳаммадиядан турли сабабларга кўра камбағал ҳолда ўтган мусулмонларга
улкан хушхабардир.
Пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи васаллам ўзларининг сўзлари охирида:
«Фахр эмас-ку, мен
аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».
Бу гапда ҳеч қандай
муболаға ёки фахрланиш ҳисси йўқ. Бори шу. Воқеълик шу. Аллоҳ таолонинг иродаси
шу.
Фахр эмас-ку, мазкур
фазилатга соҳиб бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам
аввалгию охирги умматларнинг энг афзалидир.
«Ҳадис
ва ҳаёт» китобининг 19-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг
2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.