عَنْ أَبِي
هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ
، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ
وَسَلَّم
قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ فِي يَدِهِ لَيَأْتِيَنَّ عَلَى أَحَدِكُمْ
يَوْمٌ وَلَا يَرَانِي، ثُمَّ لَأَنْ يَرَانِي أَحَبُّ إِلَيْهِ مِنْ أَهْلِهِ وَمَالِهِ مَعَهُمْ. رَوَاهُ
مُسْلِمٌ. وَاللهُ أَعْلَمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу
алайҳи васаллам:
«Муҳаммаднинг жони
қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, бирингизга бир кун келадики, мени кўра олмайди. Сўнгра албатта
мени кўриши унинг учун аҳлидан ва улар ила бўлган молидан ҳам маҳбуб бўлиб
қолади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ билгувчироқдир.
Бу ҳадисда Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларига ўзларининг ғанимат эканликларини
баён қилиб, бир лаҳза бўлса ҳам суҳбатларини топиб қолишга тарғиб қилмоқдалар.
Дарҳақиқат,
мўмин-мусулмон киши учун Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг суҳбатларини
топишдан ҳам каттароқ бахт бўлиши мумкинми? Саҳобаи киромлар бу бахтга сазовор
бўлган улуғ инсонлардир. Улар одам боласи ичидаги энг афзал зот – Муҳаммад
мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, иймон келтирган саодатманд
инсонлардир.
Саҳобалик бахти
ҳақида сўз кетар экан, ўтган азизлардан қилинган бир ривоят ёдимга келади.
Катта кишиларнинг биридан одамлар «Муовия афзалми, Умар ибн Абдулазиз афзалми?»
деб сўрашибди.
Бу саволнинг сўралишига сабаб бор. Муовия ибн Абу Суфён
розияллоҳу анҳу саҳобий бўлсалар ҳам, халифаликлари ҳақидаги баъзи мулоҳазалар
учун у кишининг ҳақларида одамлар ўртасида турли гаплар бўлган. Умар ибн
Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлсалар ҳам адолатли халифа бўлганларидан
кўпчилик у кишини бешинчи одил халифа деб атаган. Ҳалиги улуғ киши мазкур
саволга «Умар ибн Абдулазиз Муовиянинг бурнидаги чангга арзимайди, чунки
Муовиянинг бурнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидан чиққан
чанг кирар эди», деб жавоб берган эканлар.
Ҳа, биродарлар, биз
ана шундай афзал пайғамбарнинг умматларимиз. Бу билан қанчалар шодлансак,
арзийди. Фақат ўшандоқ зотга уммат бўлишдек улуғ бахтга муносиб бўлсак бўлгани.
Биз юқорида ўрганган
маълумотлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ҳақидаги
маълумотлар уммонидан бир томчи, холос. У зотнинг фазллари ҳақида оят ва
ҳадислар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг шарафлари нақадар улуғлигини таъкидлайди.
Бас, шундай улуғ
пайғамбарга уммат бўлган кишилар ўшал улуғ зотнинг ҳаётлари, сифатлари, қилган
ишлари, хуллас, ўз пайғамбарларига тегишли бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик
ва ихлос билан ўрганишлари лозим. Чунки у зотга тегишли ҳар бир нарса дину
диёнатга, иймон-эътиқодга, шариат аҳкомига тегишлидир.
Пайғамбар соллаллоҳу
алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир. Шунинг
учун ҳам мусулмон уммати саҳобаи киромлардан тортиб, ҳозирги кунимизгача бу
ишни шараф ила адо этиб келмоқда.
Муҳаммад мустафо
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига, сифатларига, айтган сўзлари ва
қилган амалларига оид ҳар бир нарса атрофлича ўрганилган. Ҳозирда ҳам янги
илмий изланишлар олиб борилмоқда, янги қирралар очилмоқда.
Мусулмонларнинг ўз
пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак
ҳаётларини ўрганиш учун олиб борган илмий изланишлари ўзининг ўта аниқлиги, ҳар
бир ҳодиса, ҳар бир ҳаракат ва саканотнинг эътибордан четда қолмаслиги ила
тарих илми соҳасида энг пок, энг ишончли ва энг беғараз саҳифалар очди. Бу
нарса тарихчилик соҳасида катта инқилоб юз беришига сабаб бўлди.
Мусулмонлар
бошқаларга ўхшаб, тарихий маълумотларга ўз фикр ва мулоҳазаларини қўшмадилар.
Улар тарихий маълумотларни тўғри келган кишидан олмадилар. Улар фақатгина ҳадис
ривоят қилиш шартига тўғри келган ишончли, тақводор, зеҳнли ва одил кишиларнинг
ривоятларинигина қабул қилдилар.
Ана шундай йўл билан
дунёдаги энг улуғ зотнинг энг соф сийратлари вужудга келди.
Келгуси сатрларда
биз ҳам ўша маълумотлардан фойдаланиб, қўлимиздан келганича бу муборак сийратни
қисқа бўлса ҳам баён қилишга уриниб кўрамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишда
ёрдамчимиз бўлсин.
Юқорида ўтган ҳадиси
шарифлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг
афзал бандаси ва пайғамбари эканликларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача
ҳам шубҳа йўқ. Шундай бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига
Аллоҳ таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва энг афзал замонни танлашида
ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.
Аллоҳ таоло Муҳаммад
мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг
муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди. Чунки бу жамият
ўз тарихида ёзиш-ўқиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида,
тартиб-интизом деган нарсаларни билмаган.
Агар охирги замон
пайғамбари ўзида мазкур омилларни мужассам қилган халқ ичидан танлаб
олинганида, одамлар «Бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган. Бу динни ҳам
ўзлари ўйлаб, жорий қилдилар», дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган
араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва у зотнинг
раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёнинг жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига
олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.
Арабларнинг сиртдан
нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом
хизмати йўлида фазилатга айланди. Чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига
бирор мафкура чуқур ўрнашмаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг
таг-туби билан ўрнашиб кетишига ёрдам берар эди. Уларнинг ҳеч кимга
бўйсунмаганликлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдам берар эди.
Қолаверса, ана шундай жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи
бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжиза бўлар эди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад
мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг
муносиб ўлкаси – Арабистон ярим оролини танлади. Бу ўлка қадимий
пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ
алайҳиссалом шу ўлкада ўтган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом шу ўлкага Байтуллоҳни
қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга шу ўлканинг Мадян исмли жойида пайғамбарлик
берилган эди. Бу ўлкадан Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар
паноҳ топган эдилар. Шунингдек, римликларнинг душманлигига дучор бўлган
насронийлар ҳам шу ўлканинг Нажрон номли жойидан паноҳ топган эдилар. Аллоҳ
таоло бу ўлкани табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундай ишлар учун
жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.
«Ҳадис
ва ҳаёт» китобининг 19-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг
2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.