Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси бўлмиш Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замонлар, ҳамма маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундай жойда бўлиши матлуб эди.
Энг муҳими, бу шаҳарда анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамларида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи Муаззама бор эди. Ўз навбатида, Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблар эдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар у ерга ҳаж қилар эдилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши мумкин эмас эди.
Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун энг муносиб замонни ихтиёр қилди.
Ўша пайт бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган дин жорий қилинишининг айни замони эди.
Анчадан буён самовий дин юборилмаётган эди. Аллоҳ таоло тарафидан юборилган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб, ўз кучини ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.
Ўша пайтда кенг тарқалган таълимотлардан бири – ҳиндукийликка келсак, аҳвол аввалгилардан ҳам баттар эди. Бу таълимотга биноан, кишилар турли табақаларга бўлинар эди. Бир табақа шоҳ, бошқаси гадо бўлиб яшаши муқаррар эди. Ибодат борасида ақл бовар қилмайдиган нарсалар содир этилар эди. Ҳиндистондаги баъзи тоифалар орасида ҳаттоки эркак ва аёл кишиларнинг жинсий аъзоларига ибодат қилиш йўлга қўйилган эди. Бундай нарсалар инсонга нима тақдим қила олиши мумкин?! Бундай нарсалар инсоният пешонасидаги ор эмасми?!
Арабистон ярим оролидаги ширк ва зулму бемазагарчиликлар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бошқалар қатори, бу ерда ҳам пасткашлик ва разолат ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан, ҳаромхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик, зўравонлик, ўғрилик, қароқчилик ва бошқа разолатлар кенг тарқалган эди.
Одамлар нимани кўрсалар, нимани топсалар – ҳайвон сўйилганида оққан қонми, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштими ёки ундан ҳам баттарроқ нарсами, зўр иштаҳа билан ер эдилар.
Зинокорлик қилмаган одам аҳмоқ ҳисобланар эди. Зинонинг турли-туман услублари кенг тарқалган эди. Эр ўз хотинини аслзода ҳисобланган бошқа бир эркакнинг олдига олиб бориб, «Сендан болали бўлиши учун хотиним билан зино қил», деб илтимос қилиши мардлик ҳисобланар эди.
Ароқхўрлик фахрга оид иш эди. Мардлик ва шижоати билан ном қозонган бирон киши ароқ ичиб ўтирганида отасининг ўлдирилганлиги ҳақида хабар келиб қолса, «Бугун хамр – эртага амр», деб, ароғини ичишда давом этаверар эди.
Жоҳилий арабларнинг оиласида туғилган қиз болани тириклай кўмиб юбориши, бир қабиланинг шу қабиладаги кампирнинг хаста туясини ўлдириб қўйган бошқа қабила ила юз йил уруш қилиши, ўз худосини уйида унутиб қолдирганда тўрвасидаги хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб, «худо» ясаб олиши ва унга ибодат қилиши, қорни очганда эса ўша «худо»ни еб қўйиши оддий бир ҳолат эди.
Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, олтинчи милодий асрнинг иккинчи ярмига келиб, дунё жаҳолат ботқоғига тўла ботган, у мазкур ботқоқдан чиқишга ўта ҳожатманд эди.
Дунё турли тузум ва динларнинг зулмати ичида қолган бўлиб, у мазкур зулматдан нурга чиқишга муҳтож эди.
Дунё кенг тарқалган зулм ва истибдоддан инграб, адолат нашъасини суришга муҳтож эди.
Дунё бандаларнинг бандаларга ёки ўзлари қилиб олган сохта худоларга ибодати билан тўлган эди. Мазкур ҳолатдан қутулишнинг вақти келган, барча халқ, барча уммат ягона Роббига ибодат қилишга жуда-жуда муҳтож эди.
Ана шундай бир пайтда Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир нур туғилди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.