Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳат ва балоғатларининг комиллиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичида энг фасоҳатли (аниқ ва равон) тил соҳиби ва гапни энг равшан ва очиқ ифодалаб берувчиси эдилар.
Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга пур маъноли гап, чуқур маъноли ажойиб ҳикматлар, ўринли тақиқлаш, ҳукмни кескирлик ила ҳал қилиш маҳорати, муҳкам[1] далилллар, узил-кесил ўгитлар, балоғатли[2] ваъз-насиҳатлар, ишончли асослар, қатъий ҳужжатлар, ёрқин далиллар ато қилинган эди. Айни бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳақида гапириб шундай марҳамат қилдилар: «Мен уммий (ўқув-ёзувни ўрганмаган) Пайғамбар Муҳаммадман – (бу гапларини уч марта айтганлар), мендан кейин бирон бир Пайғамбар йўқ, Менга каломнинг бошию охири (яъни фасоҳат ва балоғат билан гапириш, маъноларнинг сиру асрорларига етишиш, ажойиб ҳикматлар, гўзал иборалар ишлатиш қобилияти) ва пур маънолилари ато қилинди». (Имом Аҳмад ўз “Муснад” китобларида ва бошқалар ривоят қилганлар)
Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичида энг фасоҳатлиси бўлмасинлар, ҳолбуки Аллоҳ таоло ул Зот алайҳиссаломга қисқа лафзларда кўп маъноларни ўзида мужассам этган забон ато этган бўлса?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб:«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, менга сўзларнинг пур маънолилари ва хотималари ато қилиниб, мен учун жуда мухтасар қилинди», деб айтгандилар.
(Ҳофиз Ибн Касир бу ҳадиснинг санадини Абу Яълога боғлаган)
Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ё Набиюллоҳ, қандай қилиб сиз бизларнинг орамизда энг фасоҳатлиси бўлдингиз, ҳолбуки орамиздан ҳеч қаерга чиқмаган бўлсангиз?» деб сўраганларида, у Зот алайҳиссалом: «Исмоил алайҳиссаломнинг тили дарс сифатида ўргатилар эди. Жаброил алайҳиссалом ана шу тилни менга тақдим қилдилар, мен уни ёдлаб олдим», деб жавоб қайтарганлар.
(Бу ҳадисни Абу Нуайм Асбаҳон тарихи китобида ривоят қилган. Мавоҳиб китобининг шарҳида ҳам зикр қилинган)
Дарҳақиқат, барча инсонлар ўқув-ёзувни ўрганмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан араб тили жиловини бемалол бошқара оладиган бирор бир муаллим ёки талабага берилмаган энг чиройли, гўзал, осон услуб берилганига ижмоъ қилганлар.
Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равшан лафзлари, чечан сўзларида пур маънолар, чуқур маъноли ҳикматлар ётарди. Шунингдек, такаллуфсиз ёрқин нур сочувчи ибораларида абадий қолувчи аниқ ва саҳиҳ маънолар жило бериб турарди.
Жоҳиз роҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каломларини васфлаб шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом каломларига муҳаббатни солиб, қабул қилиниш зийнати ила ўраб қўйди, каломларида ҳайбат билан ҳаловатни жамлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини такрор айтишдан беҳожат бўлишлари, эшитувчиларнинг ҳам қайта айтилишига ҳожатлари камлигига қарамай, ул Зотнинг гапларидан бирон бир сўз тушиб қолмас, қадамлари тойилмас, ҳужжат-далиллари натижасиз бўлиб қолмас, бирон бир хусуматчи у Зотга қарши тура олмас ва бирор хатиб жимлатиб қўя олмас эди. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор хусуматчини жимлатмоқчи бўлсалар, у биладиган сўзлар билан жимлатардилар. Фақатгина рост сўзлар ила ҳужжат келтирардилар. Сўнгра инсонлар ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам каломларидан кўра манфаати умумийроқ, лафзи ростроқ, мезони одилроқ бирор бир калом эшитмагандилар. Али розияллоҳу анҳу: «Мен араблардан қандайдир ажойиб сўз эшитган бўлсам ҳам фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, мен Расулуллоҳнинг: «Мота ҳатфа анфиҳи»[3], деб айтганларини эшитганман, ваҳоланки, бундай сўзни илгари бирор бир арабдан эшитмаган эдим», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари шундай равшан, очиқ-ойдин эдики, унда бирор бир ортиқчалик ҳам нуқсон ҳам йўқ эди, ул Зот билан бирга ўтирган киши гапларини ёдлаб ҳам оларди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:«Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга ўхшаб шошилиб гапирмасдилар. Лекин шундай очиқ-ойдин, муфассал гапирардиларки, ул Зот билан бирга ўтирган киши ёдлаб оларди».
Яна Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай гапирардиларки, агар сановчи (гапларини) санаганида эди, санаб улгурар эди».
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бирор сўз гапирсалар, уни уч марта қайтарардилар».
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сиздан кўра фасоҳатлироқ кишини кўрмадик», деб айтганларида, ул Зот:«Аллоҳ таоло мени лаҳҳонлардан[4] қилмади, Аллоҳ таоло мен учун энг яхши калом – китоби Қуръонни танлади», деб жавоб берганлар. (Жомиус соғир китобида ҳадис ривояти Дайламийга нисбат берилган)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фасоҳат ила гапиришни мақтардилар, нотўғри, ғализ гапиришни ёмон кўрардилар. Шунинг учун ҳам Аббос розияллоҳу анҳу: «Гўзаллик нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ: «Тил», деб айтганлар. (Имом Ҳоким ривояти)
Бошқа бир ривоятда Аббос розияллоҳу анҳу: «Кишидаги гўзаллик нимада?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ: «Тилининг фасоҳатлилигида», деб жавоб бериб: «Тилини ислоҳ қиладиган кишини Аллоҳ таоло раҳматига олсин!» деб дуо қилардилар. (Аскарий ривояти)
Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам фасоҳатларининг энг комиллиги шундаки, ул Зот ҳар бир халқга ўз тилларидаги фасоҳати билан хитоб қилар, ўз луғатлари билан гаплашар ҳамда балоғатлари борасида ҳам улар билан баҳслаша олардилар. Ҳатто саҳобалар кўп ўринларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гапларини шарҳлаб беришлари ва сўзларини изоҳлаб беришларини сўрашардилар.
Ким ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, сийратларини ўқиб тааммул қилиб кўрса, албатта, ул Зотнинг нақадар фасоҳатли ва балоғатли эканларини аниқ билиб олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш, Ансорлар, Ҳижоз ва Нажд халқи билан бўладиган суҳбатлари худди Ҳадрамавт, Яман подшолари билан бўладиган суҳбатлари сингари эмас эди. (Яъни ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан ўзларининг тиллари, фасоҳатлари ва балоғатларида гаплашардилар. Қурайш ва Ансорларга нисбатан ишлатадиган луғатларидан фарқли бўлар эди. Шу ўринда фарқли эканини билдириш мақсадида фақат араб тилидаги сўзларни ўзбек ёзувда ифодалаб, олдида изоҳини келтириб ўтамиз).
Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамадонга ёзган мактубларига қаранг: «Албатта, сизларга Ҳамадоннинг фараъи (ернинг тепаликлари), вуҳоти (пастликлари), азози (бирор киши эгалик қилмайдиган бепаён қаттиқ ерлари) тегишлидир. Ўша жойларнинг алофи (подалар ейдиган ўтлар)ни подаларингиз ейди ҳамда афолари (бирор киши эгалик қилмайдиган, ҳеч кимсасиз жойлари)да подаларингизни боқасизлар. Бизлар учун эса Ҳамадоннинг дафъилари (туя, қўйлари) ва суромлари (хурмо дарахтлари ёки хурмо мевалари) тегишлидир, модомики, аҳду паймон ва омонатларини (закотларини) топширсалар. Улар учун садақадан салб (тишлари тўкилган қари туялар), ноб (қари туяларнинг урғочиси), форидуд дожин (қари сигир), кабшул ҳаворий (қўйларнинг катта ёшли қўчқор)и тегишли бўлса, зиммаларида эса садақадан солиғи (ёши олтига тўлган қўй ва сигир), ва фориҳи (беш ёшли туя ва от) бордир».
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наҳд аҳлига шундай дегандилар: «Аллоҳим уларнинг маҳди (қаймоғи)га, мазқи (қоришма сутига) баракот бер. Подачиларини дусур (унумдор, серҳосил ерлар)га юбор, подачининг самади (оз миқдардаги суви)ни мўл-кўл қилиб бер ва уларнинг моллари ва фарзандларига барака ёғдир. Ким намозни адо қилса, у мусулмон бўлади, ким закотни берса, мурувват кўрсатувчи сахий бўлади, ким «Ла илааҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик берса, у содиқ бўлади. Эй Наҳд уруғи, сизлар учун вадоиъуш ширк (урушдан кейинги ўзаро келишилган аҳду паймонлар), ва вазоиъул мулк (мулк солиқлари)дир. Закотни ман қилманглар. Ҳаётда ҳақ йўлдан оғманглар ҳамда намоз борасида дангасалик қилманглар».
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга фарз топшириқ борасида ҳам мактуб ёзгандилар: «Сизлар учун фориз (қари сигир), фариш (ёш сигир), зул инонир рукуб (миниладиган туя), филвуд добис (миниш қийин бўлган тойчоқ) тегишлидир. Сизларнинг сарҳлар (кундузи яйловда ўтлаб юрадиган подалар)ингиз ман қилинмайди, толҳ (катта дарахт ёки банан дарахт)ингиз кесилмайди, шунингдек, дарр (сут берувчи чорвалар)ингиз яйловдан тўсилмайди, модомики римоқ (нифоқ, мунофиқлик)ни ичингизда сақлаб юрмасангиз (яъни қалбларингиз ҳаққа бўйсунишдан тор бўлмас экан) ва рибоқ (арқон)ни емасангиз[5]. Бас, ким (биз тайинлаган нарсаларга) иқрор бўлса, унинг аҳд ва ҳимояга вафоси бордир. Ким бош тортса, унинг зиммасига (закотдан ташқари жазо ўлароқ олинадиган) зиёда нарса юкланади».
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Воил ибн Ҳажар орқали Абоҳила[6] ва Авроъул машабиб[7] подшоҳларига ёзган мактубларида ҳам қуйидаги гаплар мавжуд: Тиъа (қирқта қўй ёки туядан бештаси)да миқваратил алёт (нуқсонли, озғин) ҳам бўлмаган, доннок (семиз) ҳам бўлмаган битта қўй, интовис сабажата (ўртача қўй бергин), суюб (қазилма конлар)да бешдан бири берилади. Ким бикрни зино қиладиган бўлса, уни юз марта фасқоъуҳу (дарра уринглар), бир йилга фаставдуҳу (сургун қилинглар), ким жувон билан зино қиладиган бўлса, уни адомим (тошлар) билан фадрожуҳу (тошбўрон қилинглар). Динда тавсим (айб ва орлик ҳамда Аллоҳнинг ҳадларини адо қилишда дангасалик) йўқдир, Аллоҳ таолонинг фарзларида ғумма (беркитиш, тараддудланиш) ҳам йўқдир. Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Ва Воил ибн Ҳажар ақёл (Ҳадрамавт подшолари)га тараффул (бошчилик) қилади».
Ушбу мактублар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас розияллоҳу анҳуга ёзган закот борасидаги машҳур мактубларининг нақадар катта фарқи маълум бўлиб турибди.
Юқорида мактубларда Расулуллоҳ алайҳиссалом томонларидан хитоб қилинаётган қавмлар, подшоҳлар каломлари мана шундай даражада бўлганлиги, балоғатлари ҳам шу услубдалиги, шунингдек, гапларидаги уларнинг аксар истеъмоллари юқорида зикр қилингани каби оддий биз билган араб тилидан фарқли лафзлар бўлганлиги учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар учун нозил бўлган Қуръонни уларнинг ҳолатларига мос, истеъмоллари, билган луғатларига қараб баён қилиш учун бундай луғатларни ишлатганлар.
Мана Атийя Саъдийнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Устки, олий қўл, бу−мунтия (берувчи) қўл, остки, қуйи қўл эса мунтот (олувчи) қўл», деб айтганлар. Атийя Саъдий: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизлар билан ўзимизнинг луғатларимизда гапирдилар», деб айтарди.
Яна Омирий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида келадики, Омирий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраганларида, у Зот: (араб тилидаги «Сал амма шиъта» – «хоҳлаган нарсангни сўра») деб айтишнинг ўрнига «сал ъанка», деб айтадилар, бу эса Омир уруғининг луғати саналарди.
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
[1] Қатъий, ишонарли, аниқ, пухта.
[2] Балоғат – луғатда «вояга етиш», «етуклик» каби маноларни билдиради. Балоғат билан гапирди, дейилганида, ҳар бир ҳолатнинг вазиятига мос сўзларни топиб, сўзамоллик ила гапириш тушунилади. Юқоридаги жумлада «балоғатли ваъз-насиҳатлар»дан мурод – савияси баланд панду насиҳатлар назарда тутилган. (Валлоҳу аъламу)
[3] Ҳеч бир ташқи таъсирсиз вафот этган кишига нисбатан айтилади.
[4] Нотўғри, ғализ гапирувчи, грамматик қоидаларга риоя қилмайдиган киши.
[5] яъни (умумий маъно шуки модомики аҳду паймонни бузиб, Исломдан қайтиб кетмас экансизлар мана шу юқорида айтиб ўтган нарсалар биз томондан сизларга бўлган муқаррар ишдир).
[6] (Подшоҳликларига бошқалар томонидан иқрор бўлинганлар).
[7] Юзлари чиройли, чарақлаб турадиган подшоҳлар.