21 жумадул аввал
1446
Видолашув ҳажи
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварада ҳаж қилмасдан тўққиз йил турдилар. Ўнинчи йили одамларга ҳаж қилмоқчи эканликларини эълон қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилиш, у Зотга эргашиш мақсадида ҳар тарафдан Мадинага жуда кўп мусулмонлар кела бошлашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зул-Қаъда ойидан беш кеча қолганда Мадинадан йўлга чиқдилар. Жобир айтади: «Туялари йўлга ҳозир бўлгач, у Зотнинг олдида кўзим илғагудек масофагача отлиқ ва пиёдаларни кўрдим. Ўнг томонларида ҳам, сўл томонларида ҳам, ортларида ҳам худди ўшанча отлиқ ва пиёдалар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўртамизда борар, у Зотга Қуръон оятлари нозил бўлиб турар эди». Маккага киргач, у Зот Байтуллоҳни кўришлари билан шундай дедилар: «Аллоҳим, бу Байтга шарафни, буюкликни, ҳурматни ва ҳайбатни зиёда қилгин. Уни ҳаж ва умра қилганларга ҳам шарафни, ҳурматни, улуғлик ва яхшиликни зиёда қилгин». Сўнгра у Зот ҳаж қилишни бошладилар ва одамларга ҳаж аҳкомларини ўргатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафа куни атрофларига йиғилган мусулмонлар жамоатига шундай хутба ўқидилар: «Эй инсонлар, сўзимни тингланг! Мен билмайман, эҳтимол, мен бу йилдан сўнг бу жойда сизлар билан қайта кўришмасман. Эй инсонлар, албатта, қонларингиз, молларингиз сизларга бу шаҳрингиздаги, бу ойингиздаги бу кунингиз ҳурмати каби ҳаромдир. Огоҳ бўлинг, жоҳилият давридаги ишларнинг барчаси оёқларим остига ташланди, жоҳилият қони, (қасоси) ҳам бекор қилинди. Қонларимиздан мен бекор қиладиган биринчи қон, Ибн Робиъа ибн Ҳориснинг қонидир. Жоҳилият рибоси ҳам туширилди. Мен туширадиган биринчи рибо, Аббос Ибн Абдулмутталиб рибосидир...». Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар уларни Аллоҳнинг омонати билан олгансизлар, уларни Аллоҳнинг калимаси билан ўзларингизга ҳалол қилиб олгансизлар. Албатта, сизлар учун уларнинг зиммасида ҳақ бор ва улар учун сизларнинг зиммангизда ҳам ҳақ бордир. Уларга сизлар ёқтирмайдиган бировни уйингизга киритмаслик вожибдир. Агар шундай қилмасалар, уларни азоб бермайдиган қилиб уринглар. Уларни яхши едириш, кийдириш сизларнинг зиммангиздадир. Эй одамлар, сўзларимни яхшилаб уқиб олинглар. Мен сизларга етказдим. Мен сизларга агар уни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз адашмайдиган нарсани қолдирдим− Аллоҳнинг Китобини, Расулининг суннатини қолдирдим. Эй одамлар, сўзларимни уқиб, англаб олинглар. Билингларки, мусулмон мусулмоннинг биродаридир ва албатта, мусулмонлар ака-укадирлар. Мусулонга биродарининг фақат кўнгил розилиги билан берган нарсасигина ҳалолдир, ўзингизга зулм, жабр қилманг. Аллоҳим, етказдимми? Яқинда барчаларингиз Парвардигорингизга йўлиқасиз. Мендан кейин бир-бирини бўйнини кесадиган адашганлардан бўлиб қолманглар. Албатта, бу ерга ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга (гапларимни етказиб қўйсин). Эҳтимол, етказилган киши бу ерда бевосита эшитган кишидан кўра англовчироқ, хотираси кучлироқ чиқар. Сизлардан мен ҳақимда сўралса, нима деб жавоб берасизлар? Одамлар: Етказганингизга, адо қилганингизга, холис бўлганингизга гувоҳлик берамиз, дейишди. Шунда у Зот кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтариб ва одамлар томон тушириб: Аллоҳим, гувоҳ бўл, деб уч бора айтдилар». Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш ботгунга қадар Арафотда туриб, кейин одамлар билан Муздалифага кетдилар. У Зот ўнг қўллари билан ишора қилиб: «Секин, секин», дер эдилар. Муздалифада шом билан хуфтонни жамъи таъхир қилиб хуфтон вақти кирганида ўқидилар. Ўша кеча Муздалифада тунаб, куёш чиқишидан аввал Минога қайтиб Жамратул-ақабага еттита тошни, ҳар бирига алоҳида такбир айтиб отдилар, кейин қурбонлик сўйиладиган жойга келиб, олтмиш учта туя сўйдилар, қолганини (ўттиз еттитасини) Али сўйишини буюрдилар. Сўнг у Зот уловларига миниб Байтуллоҳга тушдилар, пешинни Маккада ўқидилар ва ҳожиларга зам-зам қуйиб бераётган Абдулмутталиб зурриёти олдига келиб: «Эй Бани Абдулмутталиб, (сувни) тортинглар. Агар одамлар бу касбингизга (сувчилигингизга) ғолиб келиши бўлмаганида, мен ҳам сизлар билан бирга сув тортар эдим». Улар бир челакда сув узатишди, у Зот ундан ичдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қараб йўл олдилар.
Ибратли нукталар
Биринчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ҳажнинг адади ва ҳажнинг машруъ бўлиш замони: Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом даври бошлангандан кейин мана бу ҳаждан бошқа яна ҳаж қилганмилар, деб ихтилоф қилишган. Термизий билан Ибн Можа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишдан илгари уч бор ҳаж қилганликларини ривоят қилишади. Айрим ровийлар эса, у Зот ҳижратдан аввал ҳар йили ҳаж қилар эдилар, дейишади. Ҳар не бўлганда ҳам шу нарса аниқки, Ҳаж ҳижрий ўнинчи йили фарз қилингандир. Ундан аввал фарз бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж ибодати фарз бўлгандан кейин мазкур ҳаждан бошқа ҳаж қилмаганлар. Шунинг учун кўпчилик саҳобалар ўша ҳажжатул-вадоъни ҳажжатул-ислом ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажи деб атаганлар. Иккинчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган бу ҳаждаги улкан маъно: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажларида Исломий даъватга, у Зотнинг ҳаётларига ва Ислом йўлига тааллуқли улуғ маъно бордир. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз, рўза, закот ва яна бошқа ибодатларнинг қонун-қоидаларини ўргандилар. Энди жоҳилиятнинг ҳаж мавсумида тавоф асносида чапак, ҳуштак чалиб, яланғоч ҳолда қилинадиган сарқитлар Байтуллоҳ ичидаги бут-санамларга қўшиб йўқ қилингандан сўнг ҳақиқий Исломий ҳаж ибодатининг йўл-йўриқларини ўргатиш қолган эди. Байтуллоҳни ҳаж қилишга бўлган даъват то Қиёмат давом этгувчидир. У пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ таоло буюрган даъватдир. Лекин жоҳилий залолат унга турли хил ботил расм-русумларни, ширк кўринишларини аралаштириб юборди. Ислом эса бу ибодатни ана шундай кирликлардан тозалаш учун ва тавҳид нурини сочувчи пок ҳолатига қайтариш учун келди. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Байтуллоҳни ҳаж қилмоқчи эканликларини эълон қилдилар. Шундан сўнг одамлар у Зотга эргашиш мақсадида, ҳажнинг саҳиҳ аъмолларини бевосита ўзларидан ўрганиш учун ҳар тарафдан йиғилдилар. (Баъзи ривоятларга қараганда ўшанда юз минг одам келган экан.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни тамомлаб, зам-зам сувидан қониб ичдилар. Кейин Аллоҳнинг Дини йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттириш учун Мадинага қайтдилар.
23:05 / 26.06.2020
4774
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сийрат
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май
Сийрат
91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май
Сийрат
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
* * *...
20:07 / 26-апрел
Сийрат
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди:
«Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль
ٍКўп кўрилганлар