Бани Назир воқеаси

7 йил аввал 1486 siyrat.uz

Бу воқеа ҳижрий тўртинчи йил, Рабиъул-аввал ойида бўлиб ўтган.  Ибн Саъд ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни муҳожир   ва   ансорлардан   иборат   бир   қанча саҳобалари билан Қубо масжидига бориб намоз ўқидилар. Сўнг бани Назир яҳудийлари олдига бориб улардан килобликларнинг хунини тўлашга ҳиссаларини  қўшишларини  сўрадилар.  Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоясига кирган килоблик икки мушрикни Амр ибн Умайя Зомирий билмасдан ўлдириб қўйган эди. Бани Назир билан бани Омир ўртасида иттифокдошлик бор эди. Бани Назир яҳудлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сен истаган ишни қиламиз - хун ҳақини тўлашга ёрдам берамиз, эй Абул Қосим», дейишди. Ва ўзаро холи  қолишиб хиёнат қилишга қасд қилишди. Амр ибн Жаҳҳош исмли яҳуд: Мен уйнинг тепасига чиқаман ва Муҳаммаднинг устига бир ҳарсанг тош ташлаб ўлдираман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг уйининг девори яқинида ўтирган эдилар. Яна бир яҳуд - Салом ибн Мишкам эса: Бундай қилманглар, Муҳаммад бу суиқасдингиз ҳақида (Робби томонидан) хабардор бўлади, қолаверса, бу иш ўртамиздаги мийсоқни - ахдни бузиш ҳисобланади, деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга (фаришта орқали) яҳудлар тил бириктирган суиқасднинг хабари билдирилди. Бас, тезда ўринларидан туриб, худди ҳожатга бормоқчи бўлгандек кетиб қолдилар ва тўғри Мадинага юзландилар. Ортларидан саҳобалар етиб келишиб: Кетиб қолибсиз, сезмай қолибмиз, дедилар. Шунда у Зот: «Яхуд хиёнатни қасд қилди, Аллоҳ менга бунинг хабарини етказгач, туриб (Мадинага қайтдим)» дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уларга одам жўнатиб:«Бу шаҳардан чиқиб кетинглар, менга хиёнатни қасд қилдингиз. Сизларга ўн кун муҳлат бераман. Ундан кейин сизлардан кўзимга кўринган кимсани бошини танасидан жудо қиламан», дедилар. Яхудлар Мадинадан чиқиб кетишга тайёргарлик кўра бошлашди, лекин (мунофиқлар каттаси) Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул уларга одам жўнатиб: диёрингизни тарк қилманг, қўрғонингизда туринг, мен билан икки минг киши бор, сизларни ҳимоя қилиб урушамиз, деди. Буни эшитган яҳудлар чиқиб кетмоқчи бўлиб турган ҳолатларида орқага қайтдилар. Қўрғонларига маҳкам ўрнашиб олишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши жанг қилишга тайёргарлик кўришга буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга юриш қилдилар. Яҳудлар ўз қўрғонларида қурол-аслаҳалари билан мустаҳкам ўрнашиб олишган эди. Лекин Абдуллоҳ ибн Убай уларни ёрдамсиз қолдирди, ваъдасининг устидан чиқмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қамалга олиб хурмоларини кесиб, ёқишга буюрдилар. Шунда яҳудлар: «Эй Муҳаммад, бузғунчиликдан қайтарардинг, бузғунчилик қилганларни айблардинг, энди бу хурмони кесишинг ва ёқишинг нимаси?!» дейишди.  Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ана шу ҳақда нозил бўлган: «(Эй мўминлар), сизлар (бану Назир хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингизми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингизми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан    ва    у    фосиқ-итоатсиз    кимсаларни шарманда қилиши учун (бўлди)» (Ҳашр сураси, 5-оят). Кейин улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинадан чиқиб кетишга рози эканликларини айтишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Фақат қуролсиз чиқиб кетасизлар ва молларингиздан бир туяга сиққанчасини оласиз, қолгани қолади»,дедилар. Яҳудлар бунга рози бўлишди ва молларидан бир туя кўтарганчасини олиб жўнаб кетишди. Ибн Ҳишом айтади:«Яҳудлар уйларини бузиб, ёғочларини ҳам туяларига ортиб кетишди. Улар Шом тарафларга тарқалиб кетишди. Улардан фақат икки киши - Ямин ибн Умайр билан Абу Саъд ибн Ваҳб мусулмон бўлиб, ўз мол-мулкларига эга бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Назирдан   қолган   ўлжаларнинг   бир   қисмини муҳожирларга бўлиб бердилар. Ансорлардан фақат икки  кишига - Саҳл  ибн  Ҳаниф  билан Абу Дужонага (фақир бўлганликлари учун) бердилар. Бошқа ғазотларда  тушган   ўлжаларнинг   бешдан   бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегса, бу бани Назир ўлжаси тўлалигича у Зотники эди. Бу тўғрида Ҳашр сурасида шундай дейилган:«Аллоҳ ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсаларнинг устига сизлар оту туяларни — ўйнатиб-чоптириб борганларингиз йўқ (яъни у ўлжаларни сизлар қийналиб, машаққат чекиб, жанг-жадал билан қўлга киритганларингиз йўқ), лекин Аллоҳ   Ўз   пайғамбарларини   Ўзи   хоҳлаган кимсалардан (мана шундай) устун қилиб қўюр. Аллоҳ барча нарсага Қодирдир. Аллоҳ қишлоқ-шаҳарларнинг      (кофир)      аҳолисидан      Ўз Пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар — токи     сизлардан     бой-бадавлат     кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун — Аллоҳники, Пайғамбарники ва (у Зотнинг) қариндош-уруғлари, етимлар, бечора-мискинлар    ва    йўловчи-мусофирларникидир. Пайғамбар  ўзи  сизларга   ато  этган   нарсани олинглар, у Зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир»(Ҳашр сураси, 6-7-оятлар).
Ибратли нукталар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудлар режалаштирган хиёнатдан огоҳ этилишлари Аллоҳ ўз Расулига инъом қилган мўъжизаларнинг навбатдагиси эди. Бу мўъжиза у Зотнинг пайғамбарликларига бўлган иймонимизни янада кувватлантиради. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг буйруқлари билан бани Назир хурмозорининг бир қисмига ўт қўйилди. У Зот тутган бу ҳарбий усулнинг тўғри бўлгани ҳақида қуйидаги оят нозил бўлди. «(Эй мўминлар), сизлар (бани Назир хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингизми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингизми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни шарманда қилиши учун (бўлди)» (Ҳашр сураси, 5-оят). Мусулмонлар жанг қилмасдан қўлга киритган ўлжа уларнинг амирлари ҳукмига ҳавола қилинишига уламолар иттифоқ қилганлар. Яъни уни уруш ва жанг билан қўлга киритилган ўлжа каби аскарларга тақсимлаб бериш вожиб эмас. Уламолар бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бани Назир ўлжасига нисбатан қилган тасарруфларини далил қилиб келтирадилар. Кўриб ўтганимиздек, у Зот бани Назир ўлжасидан ансорларга бермай, фақат муҳожирларгагина тақсимлаб бердилар. Бу тутилган йўлнинг тўғрилигини тасдиқлаб мазкур оятлар нозил бўлди. Ҳашр сурасининг бошидан охиригача бани Назир воқеаси ҳақида сўз юритилган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ