Жиҳоддан қолганлар иши

3 йил аввал 2690 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киргач, масжиддан бошладилар. У ерда икки ракаат намоз ўқиб, сўнг одамларга қараб ўтирдилар. Шу пайт жиҳоддан қолган кишилар бирин-кетин келишиб узрларини сўраб, қасамлар ича бошладилар. Улар саксондан зиёд эдилар. У Зот  узрларини қабул қилиб, уларни кечирдилар. Лекин Каъб ибн Молик билан унинг икки дўстининг ишини тавбалари қабул бўлганлигини билдирувчи оят тушгунга қадар қолдириб қўйдилар.

Бухорий ҳамда Муслим ривоят қилган узун бир ҳадисда Каъб розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида шундай дейди: «Мен ўша ғазотдан қолган пайтимда ҳам бойлик, ҳам кувват жиҳатдан етук эдим... мусулмонлар билан тайёргарлик кўришга уриндим. У ёққа бориб, буёққа келиб, нимагадир ҳеч ишим юришмади. Ўзимга ўзим мен бунга қодирман (яъни мени тез тайёргарлик кўришдан ҳеч ким тўса олмайди) дердим. Шундай ўйлар билан банд бўлиб турган эдим, лашкар тайёр бўлиб, тезлик билан кетиб қолди. Мен уларнинг ортидан бориб етиб олмоқчи бўлдим. Кошки, шундай қилолсам... бу нарса менга тақдир қилинмаган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  кетгандан кейин ташқарига чиқиб атрофга қараб, мунофиқларни ва жангдан   қолишга Аллоҳ  рухсат  берган  заиф-бечораларни    кўриб,    хафа    бўлиб    кетдим... Расулуллоҳ  соллаллоҳу   алайҳи   васалламнинг жангдан қайтаётганларини эшитиб қайғум яна янгиланди, ёлғон тўқишга уриниб кўрдим. Ичимда:«Эртага у  Зотнинг ғазабларидан  қандай  чиқиб оламан?» деб ўзимга ўзим савол берардим... Бу тўғрида яқинларимнинг барчасидан ёрдам, маслаҳат сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар, деган сўзни эшитгач, мендан ботил, ёлғон гапириш нияти ўчди ва ростини айтишга жазм қилдим. У Зотнинг ҳузурларига бориб салом берган эдим,   ғазабланган   одамнинг   табассуми   билан табассум қилдилар. Сўнг: «Бери кел», дедилар. Бориб олдиларида ўтирдим. «Нимага (ғазотдан) қолиб кетдинг. Ахир улов сотиб олмаганмидинг?!» дедилар. Мен: Ҳа, Аллоҳ номига қасамки, агар мен ҳозир Сиздан бошқа бир аҳли дунё кишининг ҳузурида бўлганимда, унинг ғазабидан узр билан чиқиб кетишга ҳаракат қилган бўлар эдим. Лекин мен Аллоҳнинг номига қасам, шуни билдимки, агар мен ҳозир Сизни рози қиладиган бирон ёлғон гапни гапирсам, барибир, Аллоҳ Сизни менга нисбатан ғазаблантиради. Агар Сиз хафа бўладиган рост гапни айтсам, умид қиламан, Аллоҳ мени афв қилар. Аллоҳ номига қасамки, менда узр йўқ эди, ўшанда ҳар қачонгидан ҳам бойроқ ва кучлироқ эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У рост сўзлади. Тур, Аллоҳ сен тўғрингда бир ҳукм чиқаргунича   боравер»,   дедилар.   Турдим,   бани саламалик кишилар ортимдан эргашиб, бошқалар каби узр айтмаганлигимни рўкач қилишиб, дашном бера кетишди. Мен уларга:«Шундай ҳолатга тушиб қолган мендан бошқа биров борми?» дедим. Улар: «Ҳа, икки киши сен айтган нарсани айтишди ва уларга ҳам сенга айтилган гап айтилди», дейишди. «Улар кимлар?» дедим. «Мурора ибн Робиъ билан Ҳилол ибн Умайя», дейишди. Бу иккиси Бадрни кўрган, мен ўрнак олиб юрган солиҳ кишилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни биз билан гаплашишдан қайтардилар. Одамлардан четландик. Улар ҳам бизга ўзгариб олишди. Шу кўйи эллик кун турдик. Икки шеригим таслим бўлиб,   уйларида   йиғлаб   ўтиришди.   Мен   эса уларнинг ёшроғи, ғайратлироғи бўлганим сабаб, намозларга   ҳам   чиқавердим,   бозорларда   ҳам юравердим. Ҳеч ким менга гапирмас эди. Намоздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб салом берар эдим. Алик олиб лабларини қимирлатдиларми, йўқми, билмас эдим. У Зотга яқин жойда намоз ўқиб, ўғринча назар ташлаб қўяр эдим. Намозимга қарасам, у Зот менга қарар, у Зотга қарасам, юзларини буриб олар эдилар. Бир куни   Мадина   бозорида   юрган   эдим,   баногоҳ Мадинага  сотиш  учун  таом  олиб  келган  бир Шомлик савдогар: «Каъб ибн Моликни менга ким кўрсатиб қўяди?» деб қолди. Одамлар унга мени кўрсатиб қўйишди. У менинг олдимга келиб Ғассон подшоҳидан   келтирган   бир   мактубни   қўлимга тутқазди.  Унда шундай дейилган эди:«Менга маълум бўлишича, Соҳибинг сенга жафо қилибди. Аллоҳ сени хорлик ҳовлисига ташлаб қўймайди, келиб бизга қўшилгин, сенга ҳамдард бўламиз». Мактубни ўқиб бўлгач, бу ҳам яна бир бало, имтиҳон, дедим − да, у мактубни тандирга солиб ёқиб юбордим. Мазкур эллик кундан қирқ куни ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир элчиси келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам   аёлингдан   четланишингни   буюрдилар», деди. Мен:«Қандай қилиб, талоқ қилайми?» дедим. «Йўқ, аёлингдан четлан, унга яқинлашма», деди. Икки шеригимга ҳам бориб, худди шу гапларни айтди. Аёлимга: «То Аллоҳ таоло бу иш тўғрисида бирон ҳукм чиқаргунга қадар ота-онанг олдига бориб тургин», дедим. Шундан кейин ўн кун ўтди. Расулуллоҳ одамларни  биз билан сўзлашишдан қайтарган вақтдан бошлаб бу кунгача роппа-роса эллик кун бўлди.Эллигинчи қуннинг субҳида Бомдод намозини ўқиб бўлиб, дунё кўзимга тор бўлиб ўтирган эдим, баногоҳ, Силъ тоғи устига чиқиб олган бир жарчи: «Эй Каъб ибн Молик, хушхабар», деб жар солди. Дарҳол саждага йиқилдим, билдимки, шубҳасиз, кенглик келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан кейин Аллоҳ таоло бизнинг тавбамизни қабул қилганлигини эълон қилибдилар. Одамлар менинг ва икки шеригимнинг олдига    хушхабар    айтгани    келдилар.    Менга хушхабар етказиб келган кишига суюнчи қилиб устимдаги икки кийимимни ечиб кийдириб қўйдим. Аллоҳ номига қасамки, шу икки кийимдан бошқа кийимим йўқ эди ўша куни. Кейин қарзга кийим олиб кийиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Йўлда одамлар тўп-тўп бўлиб тавбам қабул бўлгани муносабати билан табриклашар эди. Масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирган эканлар. Мени кўриб Толҳа ибн Убайдуллоҳ ўрнидан туриб, чопиб келиб мен билан кўришди ва табриклади. Муҳожирлардан Толҳадан бошқаси турмади. Толҳанинг бу ишини ҳеч унутмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эдим, юзлари хурсандликдан барқ уриб: «Онанг туққандан бери биринчи бор сенга келган бу яхши кун сенга суюнчилик бўлсин», дедилар. Мен: «Бу Сизнинг ҳузурингиздан бўлдими, ё Расулуллоҳ, ёки Аллоҳнинг ҳузуриданми?»дедим. У Зот: «Йўқ, Аллоҳнинг ҳузуридан», дедилар. Мен:«Эй Расулуллоҳ, тавбамнинг белгиси бўлиши учун Аллоҳ ва Расулига садақа қилиб бутун молимдан кечаман», дедим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Молингдан ўзингга ҳам олиб қол,бу сен учун яхшидир», дедилар. Мен:«Эй Расулуллоҳ, менга ростгўйлик нажот берди. Модомики тирик эканман, фақат рост сўзлайман», дедим. Аллоҳ таоло Ўз Расулига қуйидаги оятларни нозил қилди: «Ҳақиқатан, Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги    машаққат    ва    ташналик    сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У Зот мўминларга Марҳаматли, Меҳрибондир. Яна ўша уч қишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг Ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳ(нинг ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!»(Тавба сураси, 117-119-оятлар).

Ибратли нукталар

Арабистон ярим оролида Ислом барқарорлашиб, унинг салтанати қалбларни эгаллай бошлади. Бу эса Рум насронийлари узоқдан бери ҳадик ва хавф билан кутишаётган нарса эди. Аслида румликлар насронийликни унга иймон келтириб қабул қилмаганлар, балки улар насронийликдан ўша минтақадаги халқларни мустамлака қилиш учун восита сифатида фойдаланганлар. Шунинг учун улар динни ўзлари хоҳлаган кўйга солиб, унинг ҳукмларини хоҳласалар, ўзгартирганлар, хоҳласалар, алмаштирганлар. Хуллас, ундаги кўп ҳақиқатларни олиб  ташлаб,  ўзларининг ботилликларини  унга киритганлар, бутпарастликлари билан аралаштириб юборганлар. Ислом эса (ҳолбуки, Ислом ўтган барча элчи ва пайғамбарлар такрор-такрор даъват қилиб келган диндир) инсониятни Аллоҳнинг салтанатидан бошқа салтанатларга қул бўлишдан чиқариш учун келган эди. Буни улар насронийлик таълимоти орқали билиб олганларидан сўнг, бу охирги рисолатнинг буюклигини ва у золимларнинг зулмига, ҳукмронларнинг салтанатига таҳдид солишини англаб қолдилар. Натижада Арабистонда томир отиб бораётган бу Дин фақат ташқи кўринишдагина насроний динига кирган румлик золимлар ва уларнинг тобеълари учун хавф ва изтироб ўчоғига айланди. Шунинг учун улар Макка фатҳи ва Арабистонда Ислом ғалаба қилганлиги ҳақидаги хабарни даҳшат ва саросима билан қарши олдилар, сўнг келажакда уларни ва уларнинг салтанатини йўқ қилажак бу Динга қарши чиқиш мақсадида катта лашкар тўплай бошладилар. Рум ўйладики, бу ҳаракатлари мусулмонлар билан жуда катта тўқнашувга сабаб бўлади. Лекин Аллоҳ азза ва жалланинг ҳикмати бу ғазотда мусулмонларнинг тортган машаққатлари, сарфлаган кучлари эвазига жанг бўлмаслигини ирода қилди. Чунки улар Мадинадан Табукка боришда, қолаверса, у ердан қайтишда жуда оғир қийинчиликларни бошларидан ўтказдилар. Лашкар молини ҳам, кучини ҳам аямади, роҳатни азобга алмаштирди. Бу билан улар Аллоҳга бўлган иймонларини ва муҳаббатларини далилладилар. Натижада улар ғалабага, Аллоҳнинг қувватлашига, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридан душманнинг қалбига қўркув солиб, жанг қилишдан уларни қутқаришига лойиқ бўлдилар. Охир-оқибат душман тарқалиб,Аллоҳнинг ҳукмига бўйсундилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ