Ўлжаларни тақсимлаш

7 йил аввал 1358 siyrat.uz

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронага қайтдилар. У ерда юқорида айтганимиздек, Ҳунайн ғазотида Ҳавозин қабиласидан олинган асирлар ва ўлжалар бор эди. Асирларни ўша ерда тақсимладилар. Сўнг у Зотнинг ҳузурларига Ҳавозиндан вакиллар мусулмон бўлган ҳолларида келдилар ва у Зотдан молларини ва асир тушган одамларини ўзларига қайтарилишини илтимос қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:«Мен билан сизлар кўриб турганингиз кишилар бор. Менга сўзнинг энг суюклиси ростидир. Икки тоифадан бирини танланглар: ё асирларни ёки молни. Дарвоқе, сизларга қараб турган эдим (яъни Исломга киришингизни умид қилиб ўлжа ва асирлар тақсимини кечиктириб турган эдим)», дедилар. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қайтганларидан сўнг ўн кундан ортиқ уларнинг келишини кутиб турган эдилар.

Улар: Эй Расулуллоҳ, бизга қариндошларимиз билан молларимиз ўртасида ихтиёр бердингиз. Бас, бизга қариндошларимиз маҳбубдир, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичида туриб аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано айтдилар сўнг:«Аммо баъд: биродарларингиз тавба қилиб  кофирликдан мусулмонликка қайтиб келибдилар. Мен уларга асирга тушган одамларини қайтариб бериш фикридаман, бас, ким шу фикрни маъқулласа, шундай қилсин ёки сизлардан ким ўз насибасига эга бўлмоқчи бўлса, бу ҳам мумкин». Одамлар бир овоздан: «Бизга Сизнинг фикрингиз маъқул, эй Расулуллоҳ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз бу ишга сизлардан ким рози, ким норозилигини билмаймиз. Шунинг учун бориб масаҳатлашинглар, кейин вакилларингиз бизга билдирсин», дедилар. Улар қайтиб маслаҳатлашдилар ва вакиллари келиб ўзларининг ҳайрихоҳ ва рози эканликларини билдиришди. Шундан кейин Ҳавозинга асирлар қайтариб берилди. Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра,«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳавозин вакилларидан бошлиқлари Молик ибн Авф ҳақида сўрадилар. Улар унинг Тоифда сақифликлар билан бирга эканлигини айтишди. У Зот уларга: «Унга айтиб қўйинглар , агар у бу ерга мусулмон бўлиб келса, унга аҳлини, молини қайтараман ва қўшимча юзта туя бераман», дедилар. Бу гаплар Моликка етказилди. У Расулуллоҳ томон йўлга тушиб, Жаърона билан Макка оралиғида кетаётганларида у Зотга етиб олди. Унга аҳли, моли қайтарилиб, юзта туя бердилар. У мусулмон бўлди, мусулмон бўлганда ҳам, чиройли мусулмон бўлди». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маккаликларга уларнинг қалбларини Исломга яна ҳам ошно этиш мақсадида ўлжаларни орттириб бердилар. Буни кўрган баъзи ансорийларнинг кўнгиллари    оғриб    қолди    ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ кечирсин, Қурайшга беряптилар, бизларни эса қиличларимиздан уларнинг қонлари томиб турган ҳолда тарк қиляптилар», дейишди. Бу гап у Зотга етиб келгач, белгиланган бир жойга келишларини тайинлаб ансорларга одам юбордилар. У ерга ансорлардан бошқа ҳеч ким чақирилмади. Ҳамма тўплангач, у Зот туриб Аллоҳга У Зот лойиқ бўлганидек ҳамду сано айтдилар сўнг: «Эй ансорлар жамоаси, сизлар тарафдан менга етиб келган гап, қандай гап?! Мен сизларнинг олдингизга (Мадинага) келганимда адашиб-улоқиб юрмаганмидингиз, кейин Аллоҳ таоло сизларни мен сабабли   ҳидоятламаганмиди?   Тарқоқ   эдингиз, Аллоҳ сизларни мен сабабли оға-ини қилмадими? Фақир эдингиз, бас, Аллоҳ мен сабабли сизларни бадавлат қилмадими?" (Улар у Зотнинг ҳар бир саволларига: Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир, деб жавоб беришар эди). Сўнг: «Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси», дедилар. Улар:«Нима деб жавоб қайтарамиз, эй Расулуллоҳ»,   дейишди.   Расулуллоҳ   соллаллоху алайҳи васаллам: «Аллоҳ номига қасамки, агар хоҳласангиз,   шундай   (қуйидагича)   дейишингиз мумкин,   шунда   тўғри   айтган   бўласизлар   ва тасдиқланасизлар: «Сиз бизга (Мадинага) ёлғончи қилинган ҳолда келдингиз, биз Сизни тасдиқладик, ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз Сизга ёрдам бердик, бошпанангиз йўқ эди, биз Сизни бағримизга олдик, фақир    эдингиз,    Сизга    қайғурдик»,    дедилар. Ансорлар   бу   гапларни   эшитиб: «Йўқ,   барча яхшилик,   марҳамат   бизга   Аллоҳ   ва   Расули томонидан бўлди», деб овоз кўтариб юборишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам сўзларида давом этдилар:«Эй ансорлар жамоаси, мен    бир    қавмни    (маккаликларни)   Исломга кирсинлар, деб сийлаган дунёнинг арзимас матосини, деб кўнглингиз оғридими? Эй ансорлар жамоаси, ана у одамлар қўй ва туялар билан кетишларига, ўзларингиз  эса  Аллоҳ  ва Расули  билан  уйга қайтишга рози бўлмайсизларми? Аллоҳ номига қасамки, сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшироқдир. Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганда мен ансорлардан бўлган бўлар эдим. Одамлар бир дарага, ансорлар бошқа бир дарага юрсалар, мен ансорларнинг дарасига юрган бўлар эдим. Албатта, сизлар мендан кейин худбинликка йўлиқасизлар. Бас, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришгунча сабр қилинглар. Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, уларнинг фарзандларининг фарзандларини ҳам ўз раҳматингга олгин», дедилар. Ансорлар жамоаси соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғладилар ва: «Аллоҳ ва Расулининг тақсимига, насибасига розимиз», дейишди. У Зотнинг ортларидан бир тоғлик араб келиб тўнларидан шундай қаттиқ тортдики, у Зотнинг бўйинларига тўннинг дағал хошиясининг изи чиқиб қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:«Менга ҳузурингиздаги Аллоҳнинг молидан беришларини буюринг», деди. У Зот унга қараб кулиб қўйдилар-да, сўраган нарсасини беришларини буюрдилар. Ибн Исҳоқ айтади: Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронадан чиқиб умра қилдилар. Умрани адо қилиб бўлгач, Мадинага қайтдилар. Маккага эса Аттоб ибн Усайдни ўринбосар қилиб қолдирдилар.
Ибратли нукталар

Ҳунайн газоти Ислом ақидасининг дарслари қаторидан алоҳида ўрин эгаллайди. Агар Бадр ғазоти мусулмонларга модомики сабрли ва тақволи бўлсалар, душманнинг адади ҳар қанча кўп бўлишининг олдида ўзларининг ададлари оз бўлишининг зарари йўқлигини исботлаган бўлса, бу Ҳунайн ғазоти мусулмонларга сабрли ва тақводор бўлмасалар, ададларининг кўплиги фойда бермаслигини кўрсатиб берди. Бадр ҳақида оятлар нозил бўлгани каби Ҳунайн ҳақида ҳам оятлар нозил бўлди. Бадр жангида мусулмонлар бошқа жангларга нисбатан энг оз ададда бўлганлар, лекин шунга қарамай, чин мусулмонликлари, етилган иймонлари, Аллоҳ ва Расулига яқинликлари сабабли ададларининг озлиги уларга зиён етказа олмади. Ҳунайн ғазотида мусулмонларнинг адади бундан олдин қилган ғазотларининг барчасидан кўп эди. Лекин шунга қарамасдан саноқларининг кўплиги уларга фойда бермади. Бунга сабаб, уларнинг кўпчилигининг қалбларига ҳали иймон мустаҳкам ўрнашмаган ва дилларида ҳали Ислом тушунчаси чуқур томир отмаган эди. Ана ўша «кўпчилик» лашкарга қалблари билан эмас, фақат жисмлари билан қўшилишган эди. Дунё ва унинг хоҳишлари уларнинг нафсларини эгаллаган эди. Ана ўша сабабдан мазкур кўпчилик Ҳунайн водийсига етиб  келиб душман пистирмасининг ҳужумига   дуч   келган   пайтларида   ортларига тумтарақай  бўлиб  қочиб  кетдилар.  Аввало,  бу даҳшатли     манзара     озчилик     бўлган     чин мўминларнинг қалбларига ҳам ўз соясини солди. Лекин бу узоққа чўзилмади - ансорлар билан муҳожирлар  Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг    нидоларини    эшитишлари    билан ортларига,  жанг майдонига қайтиб, у Зотнинг атрофларига жипслашиб жангга шўнғиб кетдилар. Улар икки юздан зиёда эмас эдилар. Лекин ана шу икки юз инсон билан мусулмонларга ғалаба қайтди, уларнинг   қалбига  хотиржамлик  тушди.   Аллоҳ душманни мағлуб қилди. Аллоҳ таоло бу етук ибратни  ўзининг Улуғ Китобида баён  қилган: «Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини   (эсланглар)!   Ўшанда   сизларни   кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни   саноғингизнинг  кўплиги)  сизларни   ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб қола олмади) ва сизларга кенг Ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ    Пайғамбарига    ва    мўминларга    Ўз томонидан  хотиржамлик  нозил  қилди  ҳамда сизлар    кўрмаган     бир    лашкарни     (яъни фаришталарни)   туширди    ва   кофир   бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир. И з о ҳ: Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг кўплиги эмас, балки Аллоҳнинг мадади эканлигини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида (ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари ўн икки минг бўлиб, кофирлар фақат тўрт минг киши эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: «Шу бир ҳовуч одамдан енгиламизми?» деб ғурурландилар ва ғалаба Аллоҳ томонидан бўлишини унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар. Фақат Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилиб дуо қилганларидан кейин мўминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва Аллоҳнинг мадади билан кофирлардан ғолиб келдилар. «Кейин , ўша (жангдан) сўнг, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир»   (Тавба сураси, 25-27-оятлар). И з о ҳ: Дарҳақиқат, Ҳунайнда мусулмонларга қарши жанг қилган Ҳавозин қабиласидан жуда кўп кишилар ўша жангдан кейин Аллоҳга тавба-тазарру қилиб, Исломга кирдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ