Табук ғазоти

7 йил аввал 1510 siyrat.uz

Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва уларга румнинг қўл остида бўлган Луҳам ва Жузом қабилаларидан иборат насроний арабларнинг ҳам қўшилганлиги хабари етиб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга қарши чиқишга амр қилдилар. Табароний ривоят қилишича, Рум лашкарининг адади қирқ мингта бўлган. Бу ғазот ҳижрий тўққизинчи йилида бўлиб, ёз фасли эди. Ҳарорат жуда баланд эди. Мадина мевалари ғарқ пишган палла эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда ғазотга чиқишдан олдин бошқа томонга чиқмоқчи эканликларини эълон қилар, амалда эса кўзлаган томонга юрар эдилар. Бу гал одатларига хилоф равишда одамлар яхшироқ тайёргарлик кўришлари учун айни чиқиладиган тарафни эълон қилдилар.

Сафар жуда қийин бўлгани сабаб, чин мўмин киму, мунофиқ ким ажралиб қолди. Мунофиқларнинг айримлари бир-бирларига бундай иссиқда жангга чиқманглар, дейишса, бошқалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга жангдан қолишга изн беринг, мени фитнага - балога солманг, Аллоҳ номига қасамки, қавмим мени яхши билади, мендан кўра аёлларга қизиққанроқ киши йўқдир, бани Асфар қабиласининг аёлларини кўрганда сабр қилолмайман, деб қўрқаман», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам улардан юзларини ўгириб олдилар ва истаганини қилишга изн бердилар. Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул (мунофиқларнинг каттаси) Мадина чеккасида ўзининг ҳамтовоқлари ва иттифокдошлари билан аскаргоҳ қурди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юришни бошлаганларида эса ўзининг одамлари билан ортда қолиб кетди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилган: «(Жиҳодга чиқишдан) қолган (қочган мунофиқлар) Аллоҳнинг Пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Аллоҳ Йўлида жиҳод қилишни ёмон кўрдилар ҳамда (бир-бирларига): «Бу иссиқда урушга чиқманглар», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг:«Агар улар англай    олсалар,    жаҳаннам    оташи    янада иссиқроқдир» (Тавба сураси, 81-оят). «Уларнинг орасида:«Менга (жангдан қолиш учун) изн бергин, мени фитнага — балога солмагин», дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлингизким, улар (жангдан қолишлари сабабли) фитнанинг ўзига тушдилар. Шак-шубҳасиз, жаҳаннам (бундай) кофирларни ўраб олгувчидир» (Тавба сураси, 49-оят). Мўминлар эса ҳар тарафдан келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларига жамландилар. У Зот бой, бадавлат кишиларни инфоқ, эҳсон қилишга, ҳузурларидаги уловларини аскарларга тақдим қилишга ундаган эдилар. Кўпчилик имконлари борича мол, қуролларни тақдим қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳу уч юз туя билан минг динор тақдим қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Усмонга бундан кейин қилган (хато, гуноҳлари) зиён қилмайди», дедилар. Абу Бакр розияллоху анху бутун молини, Умар розияллоҳу анҳу эса молининг ярмини тақдим қилди. Термизий Зайд ибн Асламдан, у эса отасидан ривоят қилади, Зайднинг отаси Аслам айтади: Мен Умар ибн Хаттобни шундай деганини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни садақа қилишга буюрдилар. Ҳузуримда кўп мол бор эди. Ўзимга ўзим дедим: Агар Абу Бакрдан ўзадиган бўлсам, бугун ўзишим мумкин, дедим-да, молимнинг ярмини олиб келдим. Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли-оилангга қанчасини қолдирдинг ?» дедилар. Мен: «Ярмини», дедим. Кейин Абу Бакр молининг ҳаммасини олиб келди. Шунда Зот: «Эй Абу Бакр, аҳли оилангга нима қолдирдинг?» дедилар. Абу Бакр:«Уларга Аллоҳни ва Расулини қолдирдим», деди. Шунда мен ўзимга: «Абу Бакрдан ҳеч қачон ўза олмас эканман», дедим. Мусулмонлардан яна бир қанча киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳодга чиқиш учун улов сўраб келишди. У Зот: «Сизларга улов топа олмаяпман», деб жавоб қилдилар. Улар жангга чиқиш таъминотига эга бўла олмаганларидан хафа бўлиб, кўзларида жиққа ёш билан ортларига қайтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангга тақрибан ўттиз минг мусулмон билан чиқдилар. Мусулмонлардан бир қанчаси : Каъб ибн Молик, Мурора ибн Робиъ, Ҳилол ибн Умайя ва Абу Ҳайсамалар жангга чиқолмай қолиб кетдилар. Улар ибн Исҳоқнинг айтишича, исломларида шак бўлмаган, чин мўминлар эди. Лекин уларнинг ичидан Абу Ҳайсама Табукка етиб борди. Табароний, ибн Исҳоқ ва Воқидийларнинг ривоят қилишларича, Абу Ҳайсама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангга кетганларидан бир неча кун кейин куннинг иссиқ пайтида аҳлининг олдига келди. Унинг икки аёли ўзининг боғидаги икки чодирда, атрофга сувлар сепиб, салқинлатиб, эрлари учун таом ҳозирлаб кутиб туришган экан. Абу Ҳайсама чодир эшиги олдига келиб аёлларига ва улар ҳозирлаган нарсаларга қараб туриб шундай деди:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёшда, шамолда ва иссиқда юрсалар, Абу Ҳайсама эса салқин соя, тайёр таом, гўзал аёл ва мол-дунё ичида ўтирса, бу, Аллоҳ номига қасам, адолатдан эмас, иккалангиздан биронтангизнинг чодирингизга кирмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб оламан, деди. Аёллари унга сафар анжомларини тайёрлашди, у туясини миниб Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ортидан излаб бориб, у Зотга Ҳунайнга тушган пайтларида етиб олди. Абу Ҳайсама яқинлашгач, саҳобалар биз томонга бир киши келяпти, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Абу Ҳайсама бўлсайди», дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳ номига қасамки, бу Абу Ҳайсама-ку, эй Расулуллоҳ», дейишди. У туясини чўктириб Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг олдиларига келиб бўлган ишларни айтиб берди. У Зот унга дуойи хайр қилдилар. Бу сафарда мусулмонлар қаттиқ машаққатларни бошларидан ўтказдилар. Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Табук ғазотида одамларга қаттиқ очлик етди. Шунда одамлар:«Эй Расулуллоҳ, рухсат берсангиз туя-уловларимизни сўйиб есак», дейишди. У Зот:«Майли, шундай қилаверинглар»,дедилар. Шу пайт Умар розияллоҳу анху келиб:«Эй Расулуллоҳ, агар бундай қиладиган бўлсак, уловларимиз камайиб кетади, шунинг учун уларга     буюринг,     ортган     зоди роҳилаларини келтириб, йиғсинлар, сўнг Сиз уларга баракот тилаб дуо қилинг, шояд, Аллоҳ барака ато қилса, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир чарм тўшамани    ерга    тўшашни    ва    унга    ортган зоди роҳилаларини келтиришларини буюрдилар. Бас, биров бир ҳовуч жуҳори, бошқа биров бир кафт хурмо келтира бошлади. Шундай қилиб, озроқ нарса тўпланди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамланган нарсаларга баракот тилаб дуо қилдилар.   Кейин   одамларга: «Идишларингизга олаверинглар»,   дедилар.   Аскаргоҳдаги   биронта идишни ҳам қолдирмай тўлдиришди, ўзлари ҳам еб тўйишди.  Тўшамадаги  нарса  эса  ортиб  қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳдан   ўзга   илоҳ   йўқлигига   ва   ўзимнинг Аллоҳнинг Элчиси эканимга гувоҳлик бераман. Ким Аллоҳга ушбу калималар билан, (У Зотга) ширк келтирмасдан   йўликса,   унга   жаннат   очикдир», дедилар. Табукка боргач, ҳеч қандай жангга дуч келмадилар. Жанг қилиш учун жамланганлар яшириниб, тарқалиб кетишибди. Бироздан кейин Айла ҳокими келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жизя - солиқ тўлаш асосида сулҳ тузди. Жирбо ва Азраҳликлар ҳам келишиб у Зотга жизя тўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда уларга нома ёзиб бердилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтдилар. Мадинага киргач, у Зот ўз саҳобаларига: «Бу Тобадир, мана бу биз севадиган, бизни ҳам севадиган Уҳуд тоғидир», дедилар. Яна сўзларида давом этиб: «Мадинада шундай қавм қолган эдики, сизлар қаерда юрсангизлар, қайси водийни кесиб ўтсангизлар, улар сизлар билан бирга бўлдилар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, улар Мадинадалар», дейишди. У Зот: «Ҳа, улар Мадинадалар, уларни узр тўсиб қолган», дедилар. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ўша йилнинг ўзида, Рамазон ойида Мадинага қайтдилар. Шунда у Зот Мадинада мавжуд бўлмаган вақт тақрибан икки ойни ташкил этади.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ