Бани Қурайза ғазоти

3 йил аввал 3540 siyrat.uz

Имом Бухорий ва Муслимларнинг «саҳиҳ» тўпламларида келган: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ ғазотидан қайтиб, қуролини қўйиб, ювиниб бўлган эдилар, у Зотнинг олдига Жаброил алайҳиссалом келиб: «Қуролни қўйдингизми? Аллоҳнинг номига қасамки, биз -фаришталар қўйганимиз йўқ. Улар томон юриш қилинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерга?»дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «У ёққа», деб бани Қурайза томон ишора қилган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юришни бошладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар олдига чиқиб: «Ҳамма аср намозини бани Қурайзада ўқисин», дедилар. Одамлар бани Қурайза тарафга юришни бошладилар. Йўлда аср намозининг вақти кириб қолди. Шунда баъзилари: «То манзилга етмагунимизча ўқимаймиз», деса, айримлари: «Йўқ, ўқиймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур буйруклари бошқа маънода эди», дейишди. Кейин бу ҳақда у Зотга хабар берилгач, ҳар икки томонга ҳам дашном бермадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Қурайзани йигирма беш кеча қамал қилдилар (яҳудлар қўрғонларига беркиниб олишган эди). Қамал уларни ҳолдан тойдирди, Аллоҳ таоло уларнинг қалбига қўрқув солиб қўйди. Ибн Ҳишом ривоят қилади: «Каъб ибн Асъад Расулуллоҳ уларни қамал қилишни бас қилмаётганларини кўргач, яҳудларга шундай деди: «Эй яҳудлар жамоаси, бошимизга ўзингиз кўриб турган оғир кунлар тушди. Шунинг учун мен сизларга учта йўлни таклиф қиламан, хоҳлаганингизни танлайсизлар». Яҳудлар: «Нима экан у?» дейишди. Каъб: «Биринчиси, мана бу кишига (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутяпти) эргашамиз ва уни тасдиқлаймиз. Ахир унинг Пайғамбар эканлигини ўзимизнинг китобимиз Тавротдан ўргангансизлар − ку! Шундай қилсак, молимиз, жонимиз, аҳли-оиламиз омонликда бўлади», деди. Бани Қурайза бу таклифга кўнмади. Каъб: «Иккинчиси, келинглар, фарзанд ва аёлларимизни ўлдирамиз-да, Муҳаммад ва унинг асҳобларига қарши қуролланган ҳолда ва ортимизда бирон юкимиз йўқ ҳолатда жангга чиқамиз. Агар ҳалок бўлсак, ортимиздан биз қўрқадиган наслимиз қолмасдан ҳалок бўламиз», деди. Қавми: «Бу бечораларда нима гуноҳ?!» дейишди. Каъб: «Буни ҳам қабул қилмасангиз, учинчи йўл - бу кеча шанба кечаси, Муҳаммад билан унинг асҳоби, эҳтимол, бугун яҳудларнинг уруш қилмайдиган куни, деб биздан хотиржам бўлиб туришгандир. Шунинг учун, келинглар, улар бундай ғафлатда турган пайтларида устларига бостириб борамиз», деди. Қавми бунга ҳам кўнишмади. Оқибатда яҳудлар таслим бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар ҳақида ҳукм чиқаришларига қараб қолишди. (Бани Курайза Авс қабиласининг иттифоқдоши эди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Қурайза устидан ҳукм чиқаришни авсликларнинг бошлиқларидан бирига −  Саъд ибн Муозга топширдилар. У киши Хандақ жангида ярадор бўлгани сабаб чодирда даволанаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг буйруқлари элчи орқали унга етказилгач, эшагини миниб келди. Масжидга яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улуғингиз (яхшингиз) учун туринглар», дедилар. Сўнг унга: «Булар сенинг хукмингни кутишмоқда», дедилар. Саъд: «Эркак жангчилари ўлдирилсин, заифалари, зурриётлари   асирга   олинсин»,   деди.   Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло чиқарган ҳукмни қилдинг», дедилар. Сўнгра Саъд розияллоху анҳу шундай деди: «Аллоҳим, Ўзинг билурсан, мен учун Расулингни ёлғончи қилиб, юртидан қувиб чиқарган қавмга қарши жанг қилишдан ҳам кўра суюклироқ нарса йўқ. Аллоҳим, агар яна Қурайш билан қилинадиган жанг қолган бўлса, ўша жангда иштирок этишим учун мени тирик қолдиргин. Агар бу жангни бутунлай тўхтатган бўлсанг, ярамни очиб мени ҳалок қилгин». Бас, шундан кейин унинг яраси очилиб қон отилиб чиқди. Қўшни чодирдагилар ўзлари томон оқиб келаётган қонни кўриб қўрқиб кетишди. Қон кўп оққанлиги учун қўшни чодирга ҳам ўтган эди. Бу буюк саҳоба шундан кейин вафот этди. Сўнг яҳудлар Мадина чукурликларига олиб борилиб, уларнинг эркаклари қатл қилиниб, аҳли зурриётлари асирга олинди. Қатл қилинганлар қаторида бани Қурайзани хиёнат қилишга, аҳдни бузишга чақирган Ҳуяй ибн Ахтаб ҳам бор эди. Ибн Исҳоқнинг ривоят қилишича, «Ҳуяй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўллари боғланган ҳолда келтирилди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳ номига қасамки, мен ўзимни сенга душманлик қилганим учун маломат қилмайман. Лекин ким Аллоҳга ғолиб бўлмоқчи бўлса, ўзи мағлуб бўлар экан», деди, сўнг тиз чўкди ва боши танасидан жудо қилинди».
Ибратли нукталар
Ҳадис ва сийрат уламолари бани Қурайза қиссасидан қуйидаги ҳукмларни олганлар. Биринчи: (Аҳдни бузганлар билан жанг қилиш дурустлиги) мусулмонлар билан бошқалар ўртасида тузилган сулҳ, аҳдлашувни модомики иккинчи томон у аҳдни бузмас экан, мусулмонлар бундай ахдлашувни қаттиқ муҳофаза қилишлари лозим. Қачонки иккинчи томондан хиёнат ёки аҳдни бузиш содир бўлса, шундагина, агар мусулмонлар лозим топсалар, уларга қарши уруш қилишлари мумкин. Иккинчи: (Мусулмонлар ўз ишларида бир кишига ҳукм чиқариш имкониятини бериш.) Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу воқеадан мусулмонлар ўзларининг муҳим ишларида одил, ҳукм чиқаришга салоҳиятли бир мусулмоннинг ҳукмига мурожаат ва қаноат қилишлари дуруст эканлигини англаймиз». Табиийки, ана шу инсон мусулмонларга фойдали ҳукм чиқариши шартдир. Шундан кейин мусулмонлар у киши чиқарган ҳукмдан қайтишлари, бўйсунмасликлари мумкин эмас. Учинчи: (Яҳудлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканликларини аниқ билишлари.) Маълумингизки, Каъб ибн Асъад ўзининг қавми − яҳудлар билан сўзлашар экан, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳақ Пайғамбар эканликларини аниқ билишлари, бу ҳақда ва у Зотнинг сифатлари, юборилишлари тўғрисида ўзларининг китоби - Тавротдан маълумот олганликларини айтиб ўтган эди. Лекин яҳудларга бу гаплар заррача таъсир қилгани йўқ, чунки улар ўта мутаассиб ва мутакаббир эдилар. Бошқа кўпчилик иймонсизларнинг кофир бўлишларига ҳам мана шу икки нарса сабабдир. Зеро, Ислом ўзининг ақидаси жиҳатидан ҳам, аҳкомлари жиҳатидан ҳам башарий фитрат Динидир. Кимдир биров Ислом иомини эшитиб, унинг моҳиятини ўрганиб туриб сўнг кофир бўлса, бунга иккита нарсадан бири сабаб бўлади:ё унга Ислом нотўғри тушунтирилган ёки тўғри тушуниб ўрганган-у, лекин мусулмонларга бўлган адовати, нафс-ҳавоси Исломни қабул қилишга йўл қўймаган. Тўртинчи: (Ташриф буюрувчига ҳурмат тарзида ўриндан туриш ҳукми.)Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ўз уловини миниб келганида ансорларга у кишини ҳурмат қилиб ўринларидан туришларини буюрдилар. Бу эса уламолар, солиҳ инсонлар ташриф буюрганларида уларга ҳурмат тарзида ўриндан туриш жоизлигига далилдир. Имом Нававий мазкур ҳадис шарҳида: «Бунда фазилат аҳлини икром қилиш, уларни тик туриб қарши олишга рухсат бордир», дейди. Шунинг учун ҳам кўпчилик уламолар ушбу ҳадисга биноан бундай пайтда ўриндан туриш мустаҳабдир, деганлар. Шайх Қозий: «Бу бошқа ҳадисларда қайтарилган туриш навидан эмасдир», деган. Бунга далолат қилувчи кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Улардан бири Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисдир. Онамиз айтдилар: «Одамлар ичида гаплашиш,    сўзлаш    ва    ўтириш    жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотимадан кўра ўхшайдиганроғини кўрмадим» Кейин: «Пайғамбаримиз қачон қизлари Фотима келганини кўрсалар, унга «марҳабо», деб ўринларидан туриб уни ўпиб қўярдилар сўнгра қўлидан ушлаб, ўзларининг жойларига олиб келиб ўтқизар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қизларининг уйига борсалар, (Фотима) «марҳабо», деб ўрнидан туриб у Зотни ўпиб қўяр эди». Билингки, бу гаплар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки одамлар унинг учун тик туришларини истаса, дўзаҳдан ўрнини тайёрлаб қўяверсин», деган саҳиҳ ҳадисларига тескари эмасдир. Чунки олим, фозил кишиларни икром қилиш, улуғлаш, улар томондан шунга интилиш, хоҳиш борлигини билдирмайди. Аксинча, камтарлик, ҳурматталабликдан юз ўгириш солиҳ, фозил кишиларнинг энг катта фазилатларидан бўлиши тайиндир. Масалан, бир муҳтож камбағални олайлик. Исломий адаб унга тиланчиликдан, камбағал, ночорлигини одамларга кўрсатишдан узоқ бўлишни таълим беради. Лекин айни пайтда ўша Исломий адабнинг ўзи бойларга ана шундай камбағалларни излашга, уларни топиб мол-давлатларининг ортиқчасидан уларга беришга буюради. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, бу мустаҳаб икромнинг ўз чегаралари бўлиб, ундан ўтиб кетилса, иш ҳаромга айланиб, бу ишни қилувчи ҳам, унга сукут қилган ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолишади. Айрим сўфийлар олдида муридлар ҳокисорлик билан тик туришлари ёки улар келган пайтда оёқларига йиқилиб таъзим қилишлари ана шундай ҳаддан ошишлик мисолларидир. Бу муридни тарбиялаш учун қўлланадиган восита деганларнинг сўзларига алданиб қолмаслик керак. Ислом тарбиянинг услубларини белгилаб, кўрсатиб қўйган. Набавий тарбия услубидан бошқа услубга эҳтиёж йўқдир. Бешинчи: (Саъд ибн Муознинг фазилатлари.) Бу ғазотни ўрганиш давомида улуғ саҳоба Саъд ибн Муознинг   фазилат   ва   имтиёзларидан   воқиф бўламиз.   Булар,  аввало,  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бани Қурайза устидан хоҳлаган     ҳукмини     чиқариш  имкониятини беришларида ва у ҳукм қандай бўлишидан қатъий назар ўшанга рози бўлишларини билдиришларида кўринади. Қолаверса, Саъд ибн Муоз ансорларнинг олдига   келган   пайтда   Расулуллоҳ   соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўринларидан туришга буюришлари  (айниқса, бу ташаббус Расулуллоҳ соллаллоҳу   алайҳи   васаллам   томонларидан кўрсатилиши) Саъд розияллоҳу анҳу учун буюк шараф ва фазилатдир. Яна шундай ҳолатни у Зотга Хандақ ғазотида билак қонтомирига етган жароҳати қиссасида ҳам кўришимиз мумкин. Саъд розияллоҳу анҳу ўша жароҳат етган пайтда шундай дуо қилди: «Аллоҳим, Ўзинг билурсан, мен учун Расулингни ёлғончи қилиб, юртидан қувиб чиқарган қавмга қарши жанг қилишдан ҳам кўра суюклироқ нарса йўқ. Аллоҳим, агар яна Қурайш билан қилинадиган жанг қолган бўлса, ўша жангда иштирок этишим учун мени тирик қолдиргин», деди. Саъднинг дуоси ижобат бўлиб, жароҳати тузала бошлади. Кейин бани Қурайза ғазоти бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг устидан хукм чиқаришни Саъдга топширдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло яҳудларнинг мўминларга бўлган ёмонлигига Ўзи кифоя қилди ва Мадинани улардан тозалади. Саъд қўлини иккинчи бор дуога кўтариб: «Аллоҳим, менинг фикримча, биз билан уларнинг (қурайшликларнинг) ўртасидаги жангларни тўхтатдинг. Агар шундай қилган бўлсанг, ярамни ёриб, ўша сабабли мени ҳалок қилгин», деди. Унинг бу дуоси ҳам ижобат бўлди, жароҳатидан қон кетиб, ўша кечаси вафот этди. Ибн Ҳажар айтади: «Саъднинг фикри тўғри чиқди ва дуоси ижобат бўлди», яъни Хандақ ғазотидан кейин мусулмонлар билан Қурайш ўртасида мушриклар биринчи бўлиб бошлаган уруш содир бўлмади. Фақат кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам умра қилиш учун борганларида у Зотни Маккага киришдан тўсишди, лекин уруш бўлмади. Аллоҳ таоло бу ҳакда пгундай дейди: «(Аллоҳ) сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин Макканинг ичида (яъни Ҳудайбияда) уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (яъни ўрталарингизда сулҳ пайдо қилган) Зотдир. Аллоҳ қилаётган   амалларингизни   Кўриб   тургувчи бўлган Зотдир.» (Фатҳ сураси, 24-оят). Сўнг сулҳ тузилди ва   келгуси   йили   умра   қилдилар.   Бир   қанча муддатдан сўнг аҳдни бузишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг устига ғазот қилдилар. Натижада Макка фатҳ қилинди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ ғазотидан қайтаётиб: «Энди биз уларга ғазот қиламиз, улар бизга эмас. Биз улар томон юриш қиламиз», дедилар (Бухорий ривояти).



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ