У ЗОТНИНГ БАРАКАЛАРИ ИЛА ОЗ СУВНИНГ КЎПАЙИШИ

3 йил аввал 1451 siyrat.uz

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто унда бир қатра ҳам қолдирмадик. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг четига ўтирдилар. Сўнгра сув сўрадилар. Кейин оғизларини чайиб туриб қудуққа пуфладилар. Бироз кутиб турдик. Сўнгра ичиб-ичиб сероб бўлдик. Уловларимиз ҳам сероб бўлдилар». Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. У Зот мени ўз олдиларидаги маркабга қўйдилар. Жуда ҳам қаттиқ чанқадик. Юриб бораётсак, бир аёл икки кўзанинг орасида оёғини осилтириб ўтирибди. Биз унга: — Сув қаерда? – дедик. — Сув йўқ, – деди у. — Сенинг аҳлинг билан сувнинг ораси қанча? – дедик. — Бир кечаю бир кундуз, – деди у. — Юр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига! – дедик. — Расулуллоҳ ким ўзи? – деди у. Биз уни ҳоли-жонига қўймай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларига олиб бордик. У бизга айтган гапларини у Зотга ҳам айтди. Фақат у Зотга етим болалари борлигини ҳам айтди. Бас, Расули акрам унинг икки кўзасини олиб келишга амр қилдилар ва қўллари ила уларнинг оғзини силадилар. Биз, қирқ чанқоқ киши, ичиб сероб бўлдик. Ўзимизнинг барча кўза ва мешкобларимизни тўлғазиб олдик. Туялар сувга тўйганидан ёрилиб кетай деди. Сўнгра у Зот: «Ўзингизда бор нарсаларни келтиринглар», дедилар. Биз у аёлга ўзимиздаги нон бурдалари ва хурмоларни жамлаб бердик. У ўз аҳлига бориб: «Мен одамларнинг энг сеҳргарига ёки улар даъво қилаётганидек, Пайғамбарга учрадим», деди. Аллоҳ ўша аёл сабабли ул кўчманчиларни ҳидоят қилди. У ҳам мусулмон бўлди. Қавми ҳам мусулмон бўлдилар». Иккисини Бухорий ривоят қилган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ