Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни чиқиб маййитга ўқийдиган намозларини аҳли Уҳудга ўқидилар. Сўнгра минбарга қайтиб бориб: «Мен сизнинг фаратингизман. Мен сизга гувоҳман. Албатта, мен, Аллоҳга қасамки, ҳозир ўз ҳавзимга назар солиб турибман. Албатта, менга ер хазиналари калитлари ёки ер калитлари берилгандир. Албатта, мен, Аллоҳга қасамки, сизларнинг мендан кейин ширк келтиришларингиздан қўрқмайман. Лекин сизларнинг у(дунё)ни талашишларингиздан қўрқаман», дедилар». Икки шайх ривоят қилган. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу мўъжизалари ҳам тўлиқ юзага чиқди. Ўн тўрт асрдан ортиқ вақт давомида бутун дунёдаги барча кучлар турли услублар билан мусулмонларнинг ширк келтиришлари учун ҳаракат қилди, лекин мақсадига эриша олмади. Аммо мусулмонларнинг асосий мусибати бу дунё матоҳини ўзаро талашиш ила бўлди ва давом этмоқда.