30 рабиъус сони 1446
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳаётларидан лавҳалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Аллоҳ таъолога ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, аҳли оилалари ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин!

Ҳозир сиз билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан кейин, саҳобийлар даврида иймон келтирган кишилардан бирининг ҳаёти билан танишиб чиқамиз. Бу киши улуғ тобеин Ҳасан Басрийдир. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бири Умму Салама розияллоҳу анҳо  онамиз олдиларига бир киши: «Хойра исмли чўрингиз ўғил кўрибди», деган суюнч хабарини олиб келди. Умму Салама онамиз  розияллоҳу анҳо бу хабардан ниҳоятда хурсанд бўлдилар. «Бориб, болани ҳам, онасини ҳам менинг уйимга олиб келинглар, у нифос муддатини шу ерда ўтказади», деб одам жўнатдилар. Хойра Умму Салама онамизга азиз ва суюмли аёл эди. Умму Салама онамиз уни жуда яхши кўрар, ҳар сафар кўрганларида, қувониб кетар эдилар. Орадан бироз ўтиб, Хойра боласини кўтариб келди. Умму Салама розияллоҳу анҳо гўдакка қараб хурсанд бўлиб кетдилар. Чунки чақалоқнинг юзлари кишини кўзи қувнайдиган даражада чиройли эди. Умму Салама розияллоҳу анҳо чўрилари Хойрага қараб: «Бу болага исм қўйдингизми?» деб сўрадилар. Хойра: «Йўқ, исм қўйишни сизга қолдирдим. Хоҳлаган исмингизни қўяверинг», деди. Шунда Умму Салама онамиз: «Аллоҳнинг баракоти билан бунга Ҳасан деб ном қўямиз», дедилар ва қўлларини кўтариб чақалоқнинг ҳаққига дуои хайр қилдилар. Гўдакнинг туғилиши яна бир хонадонга қувонч бахш этди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийлар котиби Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хонадони эди. Чунки Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг Яссор исмли хизматкори ўша туғилган боланинг отаси эди. Ҳасан ибн Яссор кейинчалик одамлар орасида Ҳасан Басрий номи билан танилди. Пайғамбар соллаллоҳу алйҳи васалламнинг муборак уйларида ва уммул мўминин Умму Салама розияллоҳунинг қарамоқларида тарбияландилар. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хойра кўпинча Умму Салама онамизнинг юмушлари билан кўчага чиқиб кетган пайтларда Ҳасан Басрий  Умму Саламанинг қўлларида қолиб кетар ва қорни очганидан чинқираб йиғлар эди. Буни кўрган Умму Салама розияллоҳу анҳо болани бағирларига босиб, кўкрагини унга тутар ва: «Сабр қилгин, болажон», деб юпатмоқчи бўлардилар. Ҳасанни қаттиқ яхши кўрганидан кўкрагига ширин сут келиб, уни эмиза бошлардилар. Чақалоқ сут эмиши билан йиғидан тўхтарди. Шундай қилиб, Умму Салама Ҳасан Басрийга икки жиҳатдан она бўлади. Биринчиси, Ҳасан Басрий мўмин бўлганлиги учун. Чунки Аллоҳ таъоло Қуръонда: «Пайғамбарнинг аёллари мўминларнинг оналаридир»,  деган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алйҳи васаллам вафотларидан кейин ҳеч қайси мўминга у кишининг аёлларига уйланиш мумкин эмас. Чунки улар барча мўминларга она бўладилар. Демак, Умму Салама онамиз Ҳасан Басрийга бир тарафдан мўмин бўлганлиги учун она бўлса, иккинчи жиҳатдан эмизганлиги учун она бўлдилар. Бу бола Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларида тарбияланиш шарафига муяссар бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам аёлларининг ҳужралари бир бирларига яқин эди. Ёш Ҳасан бир ҳужрадан бошқасига ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари уйида ўсиб улғайди, уларнинг хулқлари билан хулқланиб, вояга етди. Ҳасан Басрий то қўллари ҳужраларнинг шифтига етгунга қадар ўша ерда яшади. Ўн тўрт ёшида Басра шаҳрига кўчиб кетганлиги ҳақида ривоятлар бор. Демак, Ҳасан Басрий ўн тўрт ёшга кирганда, қўли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳужраларининг томига етган. Ҳасан Басрий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидаги улуғ саҳобийлардан бевосита илм олдилар. У киши Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ал-Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ каби машҳур саҳобийлардан ҳадис ривоят қилган. Кўпроқ амирул-мўминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан таълим олди. Бу кишининг салобати, ибодати, тақвосини кўриб, ўрнак оларди. Ҳасан Басрий Басрага кўчиб борганидан кейин Ҳасан Басрий-Басралик Ҳасан деб чақириладиган бўлди. Ўша пайтда Басра илм марказига айланган шаҳарлар сафига кирарди. Шаҳардаги улкан масжидда саҳобийлар ва улуғ тобеъинлар жамланар эди. Гўё гулзордаги турфа гуллардек тафсир халқаси, қироат халқаси, фиқҳ халқаси, ҳадис халқаси каби турли илм халқалари бўларди. Ҳасан Басрий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  умматининг хабири − билимдони бўлган ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг халқаларида таҳсил олди. У кишидан тафсир, ҳадис, қироат, фиқҳ, луғат адаб ва бошқа бир қанча илмларни таълим олди. Шундай қилиб, Ҳасан Басрий улуғ фақиҳ олим даражасига етишди. Одамлар Ҳасан Басрийнинг атрофини ўраб олиб, ваъзларига қулоқ солишар эди. Ваъз қилса, тош қалблар юмшаб, сўқир кўзлар ёшга тўларди. Одамлар унинг ҳикматларини ёд олишарди. Чунки Ҳасан Басрий жуда ҳикматли инсон эди. Одамлар бу кишининг хулқ-атвори, юриш-туриши, етук илми ва камтаринлигидан таъсирланиб, ўзларига намуна олишар эди. Мана шу тариқа Ҳасан Басрий Шом юртларида жуда машҳур бўлиб кетди. Волийлар Ҳасан Басрий ҳақида бир бирлари билан ўзаро маълумот алмашишарди. Холид ибн Савфондан ривоят қилинади: «Мен Ҳийра  деган жойда Маслама ибн Абдулмалик билан учрашдим. - Эй Холид, менга Ҳасан Басрий ҳақида гапириб беринг. Сиз у киши ҳақида кўпроқ билсангиз керак,- деб сўрадим. - Ҳа, мен Ҳасан Басрийни яхши биламан. Мен бир тарафдан Ҳасан Басрийга қўшни бўлсам, иккинчи тарафдан мажлисларида суҳбатдош бўлганман. У кишининг айтган сўзи қилган амалларига мувофиқ келади. Бирон яхшиликка буюрса, аввал ўзи шунга амал қиларди. Бирон ёмонликдан қайтарса, энг биринчи ўзи шундан тийиларди. У одамлардан таъма қилмайдиган ва Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага рағбатли эди...» Холид ибн Сафвон одамлар бу кишига муҳтож, деб гапираётганида Маслама ибн Абдулмалик: - Бўлди, бас! Тўхтанг, тўхтанг! Ҳасан билан бўлган қавм қандай адашиши мумкин,- деб фикр билдирди. Ҳасан Басрий ҳам иймонларига яраша жуда кўп бор имтиҳон қилинганлар. Ўша пайтларда Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий исмли золим ҳоким ўтган. У волий этиб тайинлангач, одамларга зулм ўтказа бошлади. Ҳасан Басрий унинг зулмларини тўсадиган, ҳақни юзига қараб баралла гапира оладиган ҳамда уларнинг ноҳақ эканлигини одамларга ошкора айтадиган озчилик кишилардан бири бўлди. Ҳажжож  Восит деган шаҳарда ўзи учун бир қаср қурдиради. (Восит − Басра билан Кўфа ўртасидаги бир шаҳар.) Қаср битгач Ҳажжож қасрни кўриб, очилиш маросимида ўзининг ҳақига Аллоҳдан баракот тилаб дуо қилишлари учун одамларни қасрга чақиради. Ҳасан Басрий фурсатни ғанимат билиб, йўлга чиқади − одамларга Аллоҳ зикрини унутмасликлари, Охират ғам-ташвишидан узилиб, дунё зийнатларига маҳлиё бўлиб қолмасликлари ҳамда Аллоҳ ҳузуридаги неъматларни эслатиш учун йўлга отланади. Одамлар қасрнинг ниҳоятда гўзаллиги, унинг ҳашамати, улканлиги ва безакларини кўриб  ҳайрону лол бўлиб туришарди. Шу пайт Ҳасан Басрий сўз бошлади. «Биз ўтган золим шоҳлар қурдирган барча биноларни кўрдик. Бу бинолар ичида энг улканини энг золим подшоҳ Фиръавн қурдирган экан. Шунга қарамай, Аллоҳ таъоло Фиръавнни ҳам, у бино қилган қасрларни ҳам йўқ қилиб ташлади. Ҳажжож осмон аҳли уни ёмон кўришини, ердагилар эса уни алдаётганини билармикан! Шу пайт бир киши Ҳажжожнинг Ҳасан Басрийга озор беришидан қўрқиб, шундай деди: - Эй Абу Саъид! Тўхтанг! Бас, етар! Ҳасан Басрий сўзида давом этди: - Аллоҳ таъоло илм аҳлидан ҳеч нарсани яширмасдан, одамларга гапириб беришлари хусусида аҳду паймон олган. Шунинг учун ҳар бир саҳиҳ, Аллоҳдан қўрқадиган тақводор олим бор илмини одамларга баён қилиб бериши лозимдир. Илмни яширган кимса малъун ва бундайлар учун жаҳаннамда оловдан бўлган юганлар бордир. Шунинг учун ҳам ҳақиқий олимлар Аллоҳдан қўрқиб, ҳақни баён қилишади. Ҳақни баён қилганлари учун йўқ қилиб юборилади. Биздан Аллоҳ аҳду паймон олган, бизлар беркитмаслигимиз керак. Орадан бир кун ўтгач, ғазабланган Ҳажжож аъёнлари олдига кириб келади ва бақира бошлайди: - Эй ҳаромилар! Сенларга вайл бўлсин! Қандайдир басралик киши биз ҳақимизда хоҳлаган гапини гапирса-ю, сенлар уни тўхтата олмасанглар! Аллоҳга қасамки, эй қўрқоқлар, мен сенларга унинг қонини ичираман. Кейин қилич билан натҳни олиб келишга буюради. (Натҳ - маҳкумнинг бошини танасидан жудо қилиш учун бўйни тагига солинадиган кичкина гиламча.) Қилич билан натҳ келтирилади. Жаллод қилич билан натҳ олдига келиб туради. Ҳажжож ўзининг миршабларидан бирини Ҳасан Басрийни олиб келишга жўнатади. Ҳасан Басрий кириб келиши билан ҳамманинг кўзи у кишига тикилиб қолади. Ҳасан Басрий қилич билан натҳ олдида жаллоднинг шай бўлиб турганини кўради-да, пичирлаб нималарнидир гапиради. Кейин Ҳажжожга қарайди. Ҳасан Басрийнинг юзидан мўминнинг улуғлиги, мусулмоннинг иззати ва Аллоҳга даъват қилувчининг ҳайбати кўриниб турарди. Ҳажжож Ҳасан Басрийни кўриб: − Сиз , бу ёққа ўтинг, ўтиринг ,− деб иззат қилишга тушади. Ўзини йўқотиб, довдираб қолганидан фақат ўзи ўтирадиган тўшакка олиб бориб ўтқизганини билмай қолади. Ҳамма жим кузатиб турарди. Ҳажжож: «Мен сиздан бир- икки масала ҳақида сўрамоқчи эдим», деб дин ҳақида сўрай бошлайди. Ҳасан Басрий ҳар бир саволга ҳикмат, чиройли мавъиза ва чуқур илм билан жавоб беради. Кейин Ҳажжож: − Эй Абу Саъид, сиз уламоларнинг саййиди бўласиз, − деб мақтаб юборади. Ҳизматкорларини қимматбаҳо хушбўйликлардан келтиришга буюради ва Ҳажжожнинг ўзи Ҳасан Басрий соқолларини хушбўйлаб қўяди. Сўнг Ҳасан Басрий чиқиб кетади. Ҳажжожнинг дарвозабонларидан бири унинг кетидан эргашади: − Эй Абу Саъид, Ҳажжож сизни бошқа нарса учун чақирган эди. Лекин сизга бошқача муомала қилиб қолди. Қилич билан натҳ олдига борганингизда нималарнидир пичирладингиз. Ўшанда нима дединг−деб сўрайди. − Эй неъматим Эгаси, эй маҳзун пайтимда хурсанд қилувчи Зот! Ҳозир Ҳажжож менга берадиган азобни роҳатга айлантиргин. Ҳудди Иброҳим алайҳиссаломга оловни совуқ-саломат қилганингдек, менга ҳам бу азобни саломат қилиб қўйгин, деб дуо қилдим. Ҳасан Басрий бундай ҳолатларни бошидан кўп кечирган. Шоҳлар Ҳасан Басрийни ёмон ният билан чақиришар ва ҳар сафар улар олдидан саломат чиқиб кетар эканлар. Тақводор халифа Умар ибн Абдулазиздан кейин халифалик Язид ибн Абдулмаликка ўтади. Язид ибн Абдулмалик Умар ибн Хубайрани Ироққа волий қилиб тайинлайди. Хуросонни ҳам унинг қўл остига топширади. Язид ибн Абдулмалик зулм йўлини тутади. Умар ибн Хубайрага кетма-кет хатлар жўнатиб, буйруқларини бажаришга буюради. Бу хатларда Халифа  кўпинча Ҳубайрани ҳаққа зид бўлган ишларга буюрарди. Бир кун Умар ибн Хубайра Ҳасан Басрий билан Омир ибн Шураҳбил (Шаъбий деб танилган тобеин)ни чақиради: - Аллоҳ таъоло Амирул-мўминин Язид ибн Абдулмаликни бандаларига халифа қилиб, тоатини уларга вожиб қилди. У эса кўриб турганингиздек, мени волий этиб тайинлади. Форсларни ҳам менинг ҳудудларимга қўшиб қўйди. Лекин баъзан шундай хатлар жўнатадики, унда битилган ишларни бажаришимда халифанинг адолатига қалбим хотиржам бўлмайди. Сизлар мана шундай ҳолатларда унга эргашишим ва унинг буйруқларига бўйсунишимда бирон-бир ноҳақликни сезмаяпсизларми? Шунда Шаъбий у кишига: − Сиз халифага ён босинг, унга итоат қилинг,− деган сўзларни айтади . Ҳасан Басрий Шаъбийнинг гапи тамом бўлишини кутиб жим турарди. Кейин Умар ибн Хубайра Ҳасан Басрийга қараб: − Эй Абу Саъид,  сиз нима дейсиз?− деди. Ҳасан Басрий айтди: − Эй Ибн Хубайра, сиз Язиднинг ноҳақ ҳукмларини адо қилишда Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳ йўлида Язиддан қўрқманг. Билингки, Аллоҳ таъоло сизни Язиддан сақлайди. Язид эса сизни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайди.   Эй Ибн Хубайра, яқинда Аллоҳ буйруқларидан бўйин товламайдиган бир шиддатли фаришта келади-да, сизни бу курсингиздан ва кенг саройингиздан тор қабрга олиб бориб қўяди. У ерда сиз Язидни топа олмайсиз, балки Язиднинг Роббиси бўлган Аллоҳ таъолони ҳамда Язиднинг буйруқларини бажараман, деб Аллоҳ амрига хилоф равишда қилган амалларингизни кўрасиз. Эй Ибн Хубайра, агар сиз Аллоҳнинг тоатида Аллоҳ билан бирга бўлсангиз, Аллоҳ сизга кифоя қилади. Агар сиз Аллоҳнинг маъсиятида Язид билан бирга бўлсангиз, Аллоҳ сизни Язидга топшириб қўяди. Эй Ибн Хубайра, билингки, махлуқ − ким бўлишидан қатъий назар − Холиққа осий бўладиган ўринларда унга итоат қилинмайди. Умар ибни Хубайра бу гапларни эшитиб йиғлаб юборди. Ҳатто соқоллари хўл бўлиб кетди. Ибн Хубайра Ҳасан Басрийга қараб ўтирди ва уни кўп улуғлади. Ҳасан Басрий билан Омир ибн Шараҳбил Ибн Хубайра ҳузуридан чиқиб, масжидга келишганда, одамлар улардан сўрашди: - Бу ҳоким сизларни нима учун чақиртирган экан? Шунда Омир ибн Шураҳбил (Шаъбий) ҳақиқатни баён қилди: −Эй одамлар, қай бирингиз ҳар қандай ҳолатда Аллоҳни устун қўйиш қўлидан келса, шундай қилсин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Ҳасан Басрий Умар ибн Хубайрага уни жоҳил қиладиган сўз айтмади. Лекин мен Ибн Хубайрани юзхотир қилиб гапиргандим. Бу киши эса Аллоҳ розилиги учун гапирди. Шунда Аллоҳ таъоло Ибн Хубайрадан мени узоқлаштирди, Ҳасан Басрийни эса унга яқин ва суюкли қилиб қўйди. Ҳасан Басрий саксон йилга яқин умр кўрди. Дунёни илму ҳикмат ва фиқҳ билан тўлдирди. Бир киши келиб Ҳасан Басрийдан дунё ҳақида сўради. − Сиз дунё ҳақида сўраяпсизми?! Дунё билан охират мисоли машриқ ва мағриб кабидир. Қайси бирига яқинлашсангиз, иккинчисидан шунчалик узоқлашиб бораверасиз.  Сиз менга дунёни сифатлаб беринг, деяпсиз. Бу дунё ҳақида нима дейиш мумкин?! Дунёнинг аввали машаққат. Одам уни топиш учун ишлайди, охири ҳаммаси йўқ бўлиб кетади. Киши мол-дунё йўлида ўзини йўқ қилиб юборади. Мол-дунёни топиш қийин, лекин йўқотиш осон. Дунё ҳам шундай, биродар. Унинг боши машаққат, охири эса бир зумда йўқ бўлиб кетадиган озгина роҳатдан иборат, холос. Дунёнинг ҳалоли учун ҳисоб, хароми учун азоб тайин. Ким бойиб кетса, дунё билан фитналаниб қолади. Ким камбағал бўлса, ғамгин бўлиб юради. Ана шу дунёнинг нимасини сўрайсиз?! Ҳасан Басрий айтади: − Ҳолимизга вой бўлсин! Биз ўзи нималар қилиб қўйдик? Биз динимизни оздириб, дунёмизни семиртириб юбордик. Дунё хулқлари билан хулқланиб қолдик, тўшакларимизу кийимларимизни янгилаб қўйдик. Кимдир чап томонига суянади. Кейин бировлар молидан ейди. Таоми бировга тажовуз қилиш билан келган бўлади. Унга бирон киши хизмат қилса, хизмат ҳақини бермайди. Ширинликни еб бўлганидан кейин, нордонини олиб келинглар, дейди, иссиғини еб бўлгач, совуғини келтиринглар, дейди, намидан кейин қуруғидан бўлсин, дейди. Тўйганидан унинг оғзидан бадбўй ҳидлар чиқиб кетади. Кейин (хизматкорига): «Эй бола, энди бу еганларимизни ҳазм қиладиган бирон нарса олиб келгин»,- дейди. Эй нодон, Аллоҳга қасамки, сенинг ошқозонингдаги нарса ҳазм бўлмайди. Ундан кўра муҳтож қўшнингни, оч-яланғоч етимларни ёки сенга қараб турган мискин-бечораларни едириб-ичирсанг бўлмайдими?! Аллоҳ буйруғини унутдингми? Боз устига сен кабилар ҳар ерда топилади». Ҳижратнинг 110 йили, Ражаб ойида Ҳасан Басрий Парвардигорининг нидосига лаббай, деб Рафиқул-Аълога риҳлат қилди. Эртасига, яъни жума куни Ҳасан Басрийнинг вафот этгани ҳақидаги хабар бутун Басра аҳлини ларзага солди. Одамлар ўзларининг буюк олимларидан ажралишган эди. Ҳасан Басрийнинг жанозаси жума намозидан кейин Басранинг энг катта масжидида ўқилди. Каттаю кичик жанозага эргашиб кетди. Баъзи ривоятларда Ҳасан Басрий ўлганида Басрада йиғламаган одам қолмади, дейилади. Ўша куни ҳамма қабристонга кетганлиги туфайли, аср намози масжидда ўқилмай қолди. Одамлар масжид қурилгандан буён бирон марта ҳам бу масжидда намоз ўқилмай қолганини эслай олмасликларини гапиришади. Аллоҳ таъоло Ҳасан Басрийни Ислом оламига кўрсатган ҳизматлари учун Фирдавс жаннатида сийласин! Аллоҳ улардан рози бўлсин!  

22:38 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...