20 жумадул аввал 1446
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари

Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунинг устига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишининг исмларини тилга олиб қилган дуолари қабул бўлди.


عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّ: «اللَّهُمَّ أَعِزَّ الْإِسْلَامَ بِأَحَبِّ هَذَيْنِ الرَّجُلَيْنِ إِلَيْكَ: بِأَبِي جَهْلٍ، أَوْ بِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ». قَالَ: وَكَانَ أَحَبُّهُمَا إِلَيْهِ عُمَرُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Исломни Ўзингга маҳбуб бўлган ушбу икки одамнинг – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттобнинг бири билан азиз қилгин!» дедилар. Бас, У Зотга иккисидан маҳбуби Умар бўлди».
Термизий ривоят қилган.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломга келишлари қиссасини Ибн Саъд, Абу Яъло, ал Ҳоким ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Бир куни Умар қиличини яланғочлаб чиқди. Унга йўлда Бану Зуҳралик бир киши учраб қолди. У:
«Қаерга кетяпсан, эй Умар?» деб сўради.
«Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман», деди Умар.
«Муҳаммадни ўлдирсанг, қандай қилиб Бану Ҳошим ва Бану Зуҳрадан эмин бўласан?» деди ҳалиги одам.


«Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан!» деди Умар.
«Сенга ажойиб бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқдилар! Ҳа, сенинг динингдан чиқдилар!» деди.


Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Уларнинг ҳузурида Хаббоб ибн Аратт бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уйнинг ичига беркиниб олди. Умар кириб:
«Бу висир-висир нима?!» деди.


Улар Тоҳо сурасини қироат қилаётган эдилар. Иккиси:
«Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ», дейишди.


«Балки, икковинг диндан чиққандирсанлар?!» деди. Шунда куёви унга:
«Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса…» дейиши билан Умар унинг устига ўзини ташлаб, босиб олиб ура бошлади. Синглиси уни ўз эридан нари қилиш учун келди. У синглисини уриб, юзини қонга белади. Ғазабланган сингил:
«Агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса, мен «Ашҳаду аллаа илааҳа илаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу» деб гувоҳлик бераман!» деди. Шунда Умар:
«Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи», деди. У ўқишни билар эди. Синглиси:
«Сен нажассан. Буни фақатгина покланганлар ушлайдилар. Тур, ғусл қилиб кел», деди.


У туриб, ғусл қилиб келди. Сўнгра ёзилган нарсани олди. У Тоҳо сурасидан «Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт»гача ўқиди ва:
«Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар», деди. Умарнинг гапини эшитиб турган Хаббоб беркинган жойидан чиқди ва:
«Эй Умар, хурсанд бўл. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайшанба кечасидаги: «Аллоҳим! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин», деб қилган дуолари сен хақингда бўлишини орзу қиламан», деди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига юриб борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Толҳа ва бошқалар турган эдилар. Ҳамза:
«Ана Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни қатл қилиш осон бўлади», деди.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. У зот чиқиб, Умарнинг олдига келдилар. Унинг ёқасидан ва қиличбоғидан тортиб туриб:
«Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?!» дедилар. Умар:
«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва Расулуҳу!» деди» («Тарихи хулафо»).


Ушбу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозларининг борича: «Аллоҳу акбар!» дея бутун Маккани бошларига кўтариб, такбир айтдилар. Умар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми?» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳақдамиз», дедилар.
«Ундай бўлса, нимага беркинамиз?!» деди Умар.
Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб, очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни Ҳамза, иккинчисини Умар бошлаб борар эди. Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб, ичларидан зил кетар эдилар.


Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Форуқ лақабини бердилар.


Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганининг олтинчи йили, зулҳижжа ойи эди. Бундан уч кун аввал Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган эдилар.


Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу Исломга келганида:
«Қурайшда энг кўп гап ташувчи ким?» деди.
«Жамил ибн Муъаммар ал-Жаҳмий», дейилди.


У эрталаб унинг олдига борди. Мен ҳам: «Кўрай-чи, нима қилар экан», деб изидан эргашиб бордим. Кўрганимни эслаб қоладиган ёш бола эдим. Умар унинг олдига бориб:
«Эй Жамил, билдингми, мен мусулмон бўлдим! Муҳаммаднинг динига кирдим!» деди.


Аллоҳга қасамки, у индамасдан туриб, кийимини судраб юриб кетди. Умар унинг ортидан эргашди. Мен унинг ортидан эргашдим. У масжиднинг эшигида туриб, баланд овоз ила:
«Эй Қурайш жамоаси! (Улар Каъба атрофидаги мажлисларида ўтиришган эди) Огоҳ бўлинглар! Ибн Хаттоб диндан чиқибди!» деди. Умар унинг ортидан:
«Ёлғон айтди! Мен мусулмон бўлдим! Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб шаҳодат келтирдим!» деди.


Улар унга ёпирилдилар. То қуёш ботгунча мушт­лашдилар. Чарчаб, ўтиришди. Улар унинг боши устида тўпланишди. У уларга:
«Нима қилсангиз қилаверинг! Аллоҳ номи ила қасам ичаман! Агар уч юз киши бўлсак, ёки биз уни (Каъбани) сизга тарк қиламиз, ёки сизлар бизга тарк қиласиз!» деди.


Улар шу ҳолда туришган эди, қурайшлик бир чол келиб қолди. Унинг устида ҳибара ва йўл-йўл кўйлак бор эди. У келиб, тўхтади-да:
«Сизларга нима бўлди?!» деди.
«Умар диндан чиқди!» дейишди.
«Жим бўлинглар! Бир одам ўзига бир ишни ихтиёр қилса қилибди. Сенлар нимани хоҳлайсанлар?! Бану Адий ўз одамини сизларга шундоқ топшириб қўяди деб ўйлайсизларми?! Бу одамни тек қўйинглар!» деди.


Аллоҳга қасамки, улар худди ечилган кийимдек ундан ажрадилар».
Умар розияллоҳу анҳунинг ҳижратлари.


Мадинага ҳижрат қилиш бошланди. Мусулмонлар бирин-кетин ҳижрат қила бошладилар.
Ҳамма саҳобалар мушриклардан қўрқиб, яширин равишда ҳижрат қилишди. Фақат бир киши, яъни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугина ошкора ҳижрат қилдилар. У киши ҳижрат қилишга қарор қилганларидан сўнг кийимларини кийиб, қуролларини тақиб, бемалол Байтуллоҳни етти марта айланиб тавоф қилдилар. Мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра:
«Ким онасини азадор, хотинини тул, боласини етим қолдирмоқчи бўлса, манави водийнинг ортида менга учрашсин. Мен ҳижрат қилмоқчиман!» дедилар.


Ҳеч ким чурқ эта олмади.
Ибн Исҳоқ келтирган ривоятда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари жумладан, қуйи­дагиларни айтадилар:
«Мадинага ҳижрат қилишни ирода қилганимда мен, Айяш ибн Абу Робийъа ва Ҳишом ибн Осслар Бану Ғифорнинг сувхонасидаги Танозуб деган жойда учрашишга ваъдалашдик. «Қайси биримиз у ерга кела олмаса, ушланган бўлади, қолган икки киши кетаверади», дедик. Танозубга мен ва Айяш ибн Абу Робийъа келдик. Ҳишом ушланди ва фитнага учради. Мадинага келганимизда Қубода Бану Амр ибн Авфга тушдик».


Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдилар. У зот алайҳиссаломга қайнота бўлдилар. Барча жангларда фаол иштирок этдилар. Ислом учун жон фидо қилувчиларнинг биринчи сафида бўлдилар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликларини топдилар.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифа бўлишларининг бош ташаббусчиси бўлдилар. У кишининг бош вазири бўлдилар. Қуръони Карим жамлашнинг ташаббусчиси ва иш бажарувчиси ҳам у киши эдилар. 


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлдилар ва Ислом учун, мусулмонлар учун мислсиз улкан хизматларни қилдилар.


«Амаллар ниятга боғлиқдир» китоби асосида тайёрланди

15:58 / 23.08.2023
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...