Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари орасида Абу Юсуф Абдуллоҳ ибн Салом ибн Ҳорис ал-Исроилий ал-Ансорийнинг (Аллоҳ рози бўлсин) алоҳида мақом-мартабаси бор. Бу киши мадиналик яҳудийларнинг таниқли олимларидан, насаби Юсуф ибн Яъқуб алайҳиссалом авлодларига бориб туташади. Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин у Зот ҳузурларида Исломга кирган. Муфассирлар ривоят қилишларича, Қуръони каримнинг Раъд ва Аҳқоф сураларидаги оятлар шу киши ҳақида нозил бўлган. Расули акрамдан йигирма бешта ҳадис ривоят қилган. Баъзи Ислом тарихчилари уни Ҳандақ ва шундан кейинги ғазотлар иштирокчилари қаторига қўшишади. Ҳазрати Умар билан бирга Байтул-Мақдис ва Ал- Жобияҳ фатҳларида қатнашган. Ҳазрати Усмонга қарши фитнада у Зот тарафида турган. Сийрат китобларида келтирилишича, Исломдан аввал Ҳусайн ибн Салом исмли бу киши Ясрибда номи чиққан яҳудий олими эди. Уни фақат диндошларигина эмас, қавми, насаби ва динидан қатъи назар, ҳамма баравар ҳурматлар эди. У ўзининг адолатлилиги, тўғрисўзлиги ва тақводорлиги билан машҳур эди. У яқин орада янги Пайғамбар чиқиши ҳақидаги хабарни Тавротдан билгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб Исломини эълон қилди. Расули акрам унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳнинг маслаҳатига кўра унинг қавмини имтиҳондан ўтказдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳни бир хонага яшириб қўйдилар ҳамда яҳудийларнинг бошлиқлари ва оқсоқолларини ҳузурларига чорлаб, Исломни қабул қилишни таклиф этдилар. Улардан рад жавоби олганларидан сўнг: «Орангизда Ҳусайн ибн Саломнинг мартабаси қандай?», деб сўрадилар. «У бизнинг диний раҳнамойимиз ва қабиламиз бошлиғининг ўғли. У диний ишларимизда йўлбошчи ва илоҳиёт олими ҳамдир, унинг отаси ҳам шундай раҳбар ва олим саналади», деб жавоб қилишди яҳудийлар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Агар унинг мусулмон бўлганини эшитсангиз, сизлар ҳам Исломга кирасизми?», деб сўрадилар. Яҳудий оқсоқоллари: «Худо паноҳ берсин, у Исломни қабул қилиши мумкин эмас… Парвардигор уни мусулмон бўлишдан асраган», дейишди. Бироқ Ибн Салом яширинган жойидан чиқиб, қабиладошларига мусулмон бўлганини эълон қилганида улар жазавага тушиб бақира бошлашди: «Сен ёлғончисан! Худога қасамки, сен бошимизга келган балосан ва балонинг боласисан! Сен жоҳилимизсан ва жоҳилнинг боласисан!» Кейин улар Ибн Саломни барча хато-гуноҳларда айблай бошлашди. Бу мисол орқали Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ва мусулмонларнинг кейинги барча авлодларига иймонсизлар ва иймонга чорланганида қайсарлик кўрсатадиганлар Ислом ҳақиқатини тан олмаслик учун ҳар қандай ёлғон, алдов, макр ва иккиюзламачиликка тайёр эканликларини кўрсатиб қўйди. Бу воқеада мусулмонлар фикр юритишлари зарур бўлган нукталар бор. Ислом ҳақиқатини тан олишни истамайдиган қайсар ва гумроҳ кимсаларнинг табиати ҳақидаги Аллоҳ таоло каломи ва Унинг Расули кўрсатмалари ҳақлиги ҳар бир тарихий босқичда исботини топаверади. Афсуски, қадимда ва ўрта асрларда бўлганидай, ҳозирги Ғарбдаги айрим диний арбоблар ҳамда сиёсатдонлар кўпинча Исломга ва мусулмонларга зиддият йўлини танлашади. Уларнинг фаолияти жамият олдида турган муаммоларни мусулмонлар билан биргаликда ечиш ва улар билан мулоқотга киришиш эмас, кўпроқ Ислом динидагиларни ўзларидан доимий четлатишга йўналтирилган бўлади. Уларнинг мусулмонларга адовати шунчалик кучлики, ҳатто мусулмонлар билан яқинлашишга қўйган биргина қадами учун энг яхши вакилларини ҳам бадном қилишга тайёр туришади. Улар ўзлари сезмаган ҳолда Абдуллоҳ ибн Салом қабиласининг оқсоқоллари тилидан гапираётгандай бўлишади: «Бизларнинг фақат энг ёмонларимиз Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонишди ва эргашишди». Бироқ қабиладошларининг таъқиби ва нафратига қарамай Ҳақни таниб, Исломни қабул қилганлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган: «Уларнинг ҳаммаси баробар эмас. Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат) қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор. (Улар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар ва хайрли ишларга шошиладилар. Айнан улар солиҳ кишилардандир» (Оли-Имрон, 113-114-оятлар, мазмуни). Саъд ибн Абу Ваққос (Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Ашараи мубашшарадан ташқари ) Абдуллоҳ ибн Саломдан бошқа ҳозир ер юзида юрган бирор кишига жаннати эканини айтганларини эшитмаганман. Аллоҳ таоло унинг хусусида «…Бани Исроилдан бўлган бир гувоҳ гувоҳлик бериб…» ояти каримасини (Аҳқоф, 10) нозил қилган» (Имом Бухорий, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»). Қайс ибн Аббод (Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилади: «Мен Мадина масжидида эканимда нимадандир қўрққани юзидан яққол сезилиб турган бир киши (яъни Абдуллоҳ ибн Салом) кириб келдилар. Шунда одамлар: «Бу киши жаннат аҳлидандир», дейишди. У икки ракат қисқагина намоз ўқиб, масжиддан чиқди. Мен кетидан бориб: «Боя масжидга кириб келганингизда одамлар: «Бу киши жаннат аҳлидандир», дейишди», дедим. У бундай деди: «Аллоҳ таоло ҳаққи, бирор одам ўзи билмаган нарса ҳақида гапирмаслиги керак. Энди сенга нима учун мени жаннати, дейишлари сабабаини айтиб берай: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида бир туш кўрдим. Кейин уни у Зотга айтиб бердим. Тушимда ям-яшил, бепоён бир боғда турган эмишман. Боғ ўртасида бир темир устун бўлиб, унинг бир учи ерда, иккинчиси осмонда эмиш. Унинг тепасида бир тугун ҳам бор экан. Менга: «Устунга тирмашиб чиқ!» дейилди. Мен: «Чиқа олмайман», дедим. Шунда бир хизматкор келиб, кийимимнинг ёқасидан кўтариб мени устунга чиқариб қўйди. Унинг тепасига тирмашиб чиқдим-да, тугунни ушлаб олдим. Менга: «Уни қўлингдан чиқарма», дейилди. Тугунни (маҳкам) ушлаганимча уйғониб кетдим. Тушимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берганимда у Зот: «Ўша боғ Ислом боғи, ўша устун Ислом устуни (яъни Исломнинг беш рукни ёки фақат калимаи шаҳодатнинг ўзи), тугун эса иймондир. Ўзингга келсак, вафотингга қадар Исломда барқарор бўласан», дедилар» (Имом Бухорий, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»). Ҳар вақтдагидай Аллоҳ Расулининг башоратлари ҳақ бўлди: Абдуллоҳ ибн Салом умри ниҳоясигача Исломга содиқ қолди, ўзи муҳаббат қўйган Пайғамбардан мағозалар ва Қуръон фазилатлари ҳақидаги ҳадисларни ривоят қилди, Аллоҳнинг севимли динига ихлос билан хизмат кўрсатди. Абдуллоҳ ибн Салом ҳижрий 43 (милодий 663) йили Мадинада вафот этди.
Интернет материаллари асосида Назира Муҳаммад қизи тайёрлади.