8 жумадис сони 1446
Уммат соғинчи...

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

 

Дунё арзимайди дийдорингизга,

«Умматим» деб чеккан озорингизга

Тўйиб термулсайдим рухсорингизга

Сизни соғинганда ё Расулуллоҳ...

 

Ўзининг Боис сифати ила халқларга пайғамбарлар юборувчи ва ўликларни қайта тирилтиргувчи, Ўзининг Карим сифати ила сўралмасада кўплаб атолар бергувчи, ёмон феълларни тарк этиб, яхши феъл атвор билан нақшланган ва гўзал амаллар адо этганларнинг мукофотларини албатта бергувчи, оламларнинг меҳрибон ва раҳмли Роббисига ўзининг фазл ва марҳаматига лойиқ ҳамдлар бўлсин.

Инсониятга юборилган расулларнинг энг афзали, ортидан расул келмайдиган расул, инсон ҳилқатининг энг гўзал хулқлиси, Анбиёлар хотами, улкан вазифани бирор лаҳза оғир олмай, елкаларида кўтариб, бизларга ҳидоят йўли не эканлигини кўрсатган, оғир кунда умматларини ўзининг муборак шафоати ила сийловчи зот – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, Аллоҳ яратган заминнинг қум зарраларию, дарахтлар япроқлари қийматича салавоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўз қудратининг кичик бир парчаси ўлароқ сиз билан биз яшаб турган ерни яратди. Ушбу оламни яратишдан мақсад одамни яратиш, одамни яратишдан ҳикмат эса олам халқига ўзини танитиш, ўзини билдириш эди. Ушбу билдириш ва танитишдек шарафли ва ўз навбатида ғоят мураккаб юмушни, ўз бандалари орасидан танлаб олинган, ғоятда улуғ зотлик ва пок рухлик бандаларига топширди. Ана ўша бандаларнинг энг сўнгиси, дийдори – соғинган қалбларнинг малҳами бўлмиш, кўнгилларимиз муҳаббатининг соҳиби, Роббимизнинг суюклиси Муҳаммад алайҳиссалломдир.

Ё Расулуллоҳ, инсон вужудида бир парча бор, агар у пок бўлса, ўша вужуд хам покдир, агар у носоғлом бўлса, ўша вужуд хам хастадир, дея қалбларга ишора этганингиз, ўша қалблар сизни соғинмоқда. Нафақат қалблар, балки дунё сизни соғинмоқда, оламлар сизга муҳтож ё Расулуллоҳ.

Ирландлар ва инглизлар фахрланадиган драматург Бернард Шоу шундай деган эди: ”Бутун инсоният Муҳаммадга ўхшаганида, амалдаги дунё бир бошқарув остига ўтганида, у муаммоларни бартараф этган, ўз навбатида, ҳозир дунё учун танқис бўлган осойишталик ва бахт олиб келган бўлар эди. Мен уни(Муҳаммад пайғамбарни) ўрганиб чиқдим. Ҳайратланарлиси – у христианларга қаршиликдан йироқ инсон ва аксинча, уни инсоният қутқарувчиси, деб аташ мумкин. Бордию қайсидир дин олдиндаги юз йилликда Англия ва Европада ҳукмронлик имкониятига эга бўлиши керак бўлса, бу дин Исломдир!”

Ха Расулуллоҳ, сиз бугунги тобора нотинчлашаётган дунё, нега бир бири билан урушаётганини билмаётган инсоният учун ғоятда кераксиз.

Қаранг ё Расулуллоҳ дунё ўзгаряпти, инсониятнинг илмга бўлган муҳаббати, янги ихтиролар учун қилаётган ҳаракатлари сабабидан Аллоҳ таоло ўз мулкидан баракотлар беряпти. Ҳозирда деярли хар бир соҳанинг беш, ўн йил олдинги улкан ютуқлари хам эскига айланмоқда. Аммо....аммо... Бундан ўн тўрт аср олдин сиз томонингиздан айтилган хар бир жумла, хар бир кўрсатманинг қадри, қиймати ошса ошяпдики, заррача камайгани йўқ. Қиёматгача шундай бўлишига асло шубҳа хам йўқ.

Германиянинг биринчи канцлери бўлмиш Отто фон Бисмарк: « О, Муҳаммад! Мен сиз билан бир даврда яшамаганимдан афсус қиламан! Инсоният танланган инсонни бир бор кўрди ва бошқа кўрмайди. Қаршингизда бошим ерга теккунча тазимдаман!» деганларида қанчалар ҳақ эди. Ха Расулуллоҳ, балки бизлар хам асри саодатда яшамагимиздан афсус қилармиз, сиз тақдир қилинган шаҳарнинг тупроқларичалик бўлолмаганимиздан, сизни таниган тош каби сизни кўриб сизга салом бера олмаганимиздан ўкинармиз, аммо муҳаббатларимиз сабабидан ҳосил бўлган соғинчлар, қиёматда кафтингиздан қониб ичилган сувлар ва шафоат туфайли таскин топишлигидан умидвормиз, иншааллоҳ!

Биз шундай улкан неъмат соҳибимизки, Аллоҳ таоло томонидан забонимизга иймон калимаси, Ўзининг гўзал исмларини зикр қила олишлик билан бирга бошқа расулларнинг ҳаваслари келган сўнгги расулнинг охир замон умматларимиз. Шу билан бир қаторда бир ислом миллати остидаги бир халқ бўлсакда, сизни пайғамбарим десакда, бир бирига шавқат қилмаётган, бирлашиш ўрнига ўзгаларнинг фитнаси сабабидан бир бирини қонини тўкаётган, гўдакларини тирик етим қолдираётган, илм маърифатни тараққий эттириш ўрнига, фикр хаёли бойлик ва дунёга айланаётган умматингизмиз, ўткинчи хаёлотга бўлган муҳаббати сабабидан сизни амалларида топа олмаётган умматингизмиз.

Ё Расулуллоҳ, суннатларингизни тирилтиришда ва ҳадисларингизни ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилишда суст ҳаракат қилаётган, сизга салавотлар йўллашда дангасалик қилаётган бўлсак биз умматларингизни мазур тутинг. Аллоҳ таоло ўзининг ҳақ каломида: «Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар хам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56 оят), дея марҳамат қилган. Биз хам сизга, бу Аллоҳнинг буйруғи сабабидан, кўнгиллардаги муҳаббатимиз сабабидан салавотлар айтамиз.

«Аллохумма солли ва саллим ъала сайидина Мухаммадин ва олиҳи ва сахбиҳи таслийман касийро»

Дунё арзимайди дийдорингизга...

 

Улуғбек Исмонов

Андижон Машинасозлик институти IV-босқич талабаси

 

Юқоридаги байт, ижтимоий тармоқларнинг биридаги хабарлар алмашинувида байт соҳибасидан олинган ёзма рухсатномага биноан фойдаланилди. Аллоҳ хар биримизга фонийда яшашликдан энг олий мақсад бўлмиш – Ўзининг розилигини ато этсин!

17:31 / 15.12.2017
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...