21 жумадул аввал 1446
Фитрий суннатларнинг инсон саломатлигига таъсири ва уларнинг ҳикматлари

 Бандаларини йўқдан бор этиб, энг буюк неъмат иймон ва саломатликни ато қилган ва уларга дунё-ю охират саодатига элтувчи ибодатларни буюрган, жонлари ва руҳларига зарар етказувчи иллатлардан қайтарган Аллоҳ таолога чексиз ҳамд ва санолар бўлсин!

Умматларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий камолот сари интилишларига ундаган, қалблар ва таналарнинг табиби, кўзларнинг нури ва сурури бўлган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога сўнгсиз саловот ва саломлар бўлсин!

        Буюк шафотгўйимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига дунё-ю охиратда нажот топишимизга сабаб бўладиган фарз ибодатлари билан бирга суннат амалларини ҳам бажаришни буюрганлар. У зотнинг бизга тавсия этган барча суннат амалларини ихлос билан тўғри бажарсак руҳимиз ва жисмимиз саломатлиги, қуввати зиёда бўлади.    

Тарихга назар солсак, мусулмонлар қачонки Набий алайҳиссаломнинг суннатларини маҳкам тутиб, унга астойдил амал қилганларида ҳар соҳада илғор бўлиб, юксалганлар. Аксинча, суннатдан йироқлашилганда фитна-фасодлар, турли муаммоларга йўлиққанлар. Фитрий суннатларга амал қилмаслик туфайли кўплаб касалликлар пайдо бўлган. Тадқиқотчилар томонидан суннатнинг инсонлар ҳаётидаги аҳамиятини ўрганиб, унинг ҳикматлари, янги қирралари кашф қилинмоқда. Хулоса сифатида илм-фан тараққий этган ҳозирги глобаллашув асрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларнинг ечими бу - суннатга амал қилиш эканини таъкидланмоқда. Биз ушбу мақолада манбаларга асосланиб фитрат суннатлари ҳақидаги ҳадисни ўрганиш асносида уларнинг инсон саломатлигига қанчалик фойдали эканини кўриб чиқамиз.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول "الفطرة خمس الختان و الإستحداد و قص الشارب و تقليم الأظفار و نطف الآباط ". رواه البخاري            

      Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Фитрат бештадир. Хатна қилиш, устара ишлатиш(қовуқ тукларини қириш), мўйловни қайчилаш, тирноқларни олиш ва қўлтиқ ости тукларини юлиш” деётганларини эшитганман” дедилар[1]. Имом Бухорий ривояти.

             Бошқа бир ривоятда фитрий суннатларнинг ўнта эканлигини айтиб ўтилган.

عن عائشة رضي الله عنا قالت قال رسول الله صلى الله عليه وسلم "عشر من الفطرة قص الشارب و إعفاء اللحية و السواك و استنشاق الماء و قص الأظافر و غسل البراجم و نطف الإبط و حلق العانة و انتقاص الماء"  قال زكريا قال مصعب و نسيت العاشرة إلا أن تكون المضمضة. رواه مسلم           

      Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўнта (иш) фитратдандир. Мўйловни қисқартириш, соқолни узайтириш, мисвок тутиш, бурунни сув билан чайиш, тирноқларни қисқартириш, бўғимларни ювиш, қўлтиқ ости тукини юлиш, қовуқни (тукларини) қириш ва истинжо қилиш” деганлар. Закариё айтадилар: “Мусъаб айтди: “Ўнинчисини унутдим. У мазмаза[2] бўлса керак” дедилар[3]. Муслим ривояти.

      Мазкур икки ҳадисни Пайғамбар алайҳиссаломнинг буюк саҳобалари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилганлар.        

     Ҳадисдаги фитрат суннатларини ўрганишдан аввал дастлаб, فطرة “фитрат” сўзи ҳақида тўхталамиз.     

       Ибн Манзур “фитрат сўзи араб тилида فطرة “ ёриқ” деган маънони билдиради. “Бир нарсани ёрди, майдалади” деган манода ишлатилади. Кўпли ги فطور  дир” деганлар.

      Қуръони Каримда Мулк сурасида

هَلْ تَرَى مِنْ فُطُورٍ                                        

 “.....бирор ёриқни кўрармикансан?” дейилган.

  Ушбу ўринда ёрмоқ маъносида келган.

Инфитор сураси 1 оятда

إِذَا السَّمَاءُ انْشَقَّتْ

“Осмонлар ёрилганда” дейилган.                                                             

Бўлиб ташлаши, ёриши туфайли қилични ҳам фаттор-ёрувчи, дейилади.

     “Аллоҳ таоло махлуқотларни яратди, пайдо қилди” деганда “فطرة” сўзи       яратиш, пайдо қилиш маъносида ишлатилади.

                Аллоҳ таоло Фотир сураси 1 оятида шундай дейди:

الْحَمْدُ لِلَّهِ فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ جَاعِلِ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا أُولِي أَجْنِحَةٍ مَثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ

Ҳамд осмонлар ва Ернинг илк бор яратувчиси ҳамда фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилувчи Аллоҳгадир.

فطرة” сўзи Аллоҳ таоло махлуқотларини Ўз илмига кўра яратишидир[4].

Мўъжамул Васитда “Ишни пайдо қилди, ихтиро қилди. Аллоҳ таоло оламларни илк пайдо қилган: ихтиро қилган, яратган деган маънони билдиради”.

Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссалом тилларидан шундай марҳамат қилинади:

إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ حَنِيفًا

“Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни ихтиро этган Зотга қаратдим”[5].

          “فطرة” - ҳар бир мавжудотдарнинг илк яратилган пайтдаги бўлган  хилқати-табиатидир. 

فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لَا تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللَّهِ

Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ[6].

  Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, “فطرة” фитрат сўзи луғатда қуйидаги маъноларда ишлатилади.

1.    Ёрмоқ, кесмоқ

2.    Яратмоқ, ихтиро қилмоқ

3.    Табиат, туғма хусусият, хилқат.

Шариатда “فطرة” фитрат сўзи қуйидагича таърифланади:

Фуқаҳолар наздида “дин” деган маънони билдиради. Баъзи ҳанафий ва шофеъий уламолари ҳам ушбу маънони айтишган.

Аҳли ҳадис наздида “фитрат” сўзи; “суннат” деган маънони англатади.

Ибн Ҳажар ва Хаттобий айтадилар; “Кўпчилик уламолар фитрат сўзининг маъноси бу – суннатдир, деганлар”[7].

        Шунингдек, баъзи уламолар: “Фитрат – пайғамбарларнинг суннатидир” дейишган.

        Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ: “фитрат бештадир” яъни, “беш нарсадан иборат. Бу худди туғма хусусият бўлиб, ўтган пайғамбарлар ихтиёр қилган ва шариатга мувофиқ келган қадимий суннатлардир”... деганлар ва бешта амални зикр қилиб, бундан зиёдасини инкор этмаганлар[8].

        Аллома ибн Қайюм Жавзий “Туҳфатул Вадуд би аҳкамил мавлуд” китобида “фитрат бештадир” ҳадисини зикр қилиб, айтадилар: “Фитрат икки хилдир. Биринчиси; Қалбга тааллуқли бўлиб, у - Аллоҳ таолони таниш, Унинг муҳаббати ва бошқа нарсаларга таъсиридан иборат. Иккинчиси; амалий фитрат бўлиб, у - қуйидаги хислатлардан иборат;

1) Руҳни поклаш, қалбни тозалаш.

2) Баданни пок тутиш ва қувватлантиришдир”[9].

        Фитрат аслида инсон табиати иштиёқ билан мойил бўладиган нарсадир. Инсон нафси уни барчага бирдек фойдали эканини тасдиқ қилиб, қаноат, розилик ила қабул қилади. Суннатларнинг асли у – Иброҳим алайҳиссаломдан токи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламгача ўтган пайғамбарлар, расулларнинг соғлом табиатга мувофиқ келадиган ишларидир. Бу ишлар барчага покликни, бадандан ва либосдан кирлик ҳамда нажосатларни кетказишни шаръан буюрилган.

Мўйловни қисқартириш:  قص الشارب

        Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган фитрий суннат амалларидан биринчиси мўйловни қисқартиришдир.

عن عبد الله ابن عمر رضي الله عنهما قال. قال رسول الله صلّى الله عليه و سلم. "خالفوا المشركين وفروا اللحى و احفوا الشوارب"[10].

     Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мушрикларга хилоф қилинглар. Соқолларингизни ўстириб, мўйловларингизни қиринглар” деганлар. Имом Бухорий ривояти.

        Имом Муслим “جزوا الشوارب” яъни, “мўйловларни кесинглар(қисқартиринглар)” деган лафз билан ривоят қилганлар[11].

        Биринчи ҳадисда мўйловни қиришлик яъни, бутунлай мўйловни олишга кўрсатма бериляпти.

        Имом Муслимнинг “мўйловларни кесинглар” деган лафз билан қилган ривоятларида эса, қиришга эмас балки, қисқартиришга буюриляпти.

        Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида мўйловни қай тарзда олиш йўлини баён қилмаганлар. Юқоридаги ҳадисларни ўрганиб, уламоларимиз мўйловни калталатиб лаб атрофларини очиб қисқартириш ҳам, терининг оқи кўрингунча қиришлик ҳам жоиз деганлар.

        Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мўйловни ўнг томондан бошлаб қисқартириш мустаҳаб. Киши мўйловини ўзи олиши ёки бошқа киши ёрдамида қисқартиришда ихтиёрлидир. Чунки, қўлтиқ ва киндик ости тукларини олишдан фарқли ўлароқ, бу икки ҳолатда ҳам мақсад ҳосил бўлаверади. Лаб атрофлари кўрингунча қисқартиришда ҳам ихтиёрлидир. Лекин мўйловининг аслини қирмайди. Биринчи ҳадисдаги (احفوا الشوارب) “мўйловларинингизни қиринглар” дегани лабларинингизга тушиб турганларини қиринглар деганидир. Бизнинг асҳобларимиз: “қошлари миқдорича қолгунча қисқартиради деганлар”.

        Мўйловни қисқартиришдаги тиббий ҳикматлар:

         Доктор Форис Алвон мўйловларни узун қилиб ўстиришнинг зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтади:

        1. Мўйловнинг жуда узун ва қалин бўлиб лабгача тушиб туриши бурун ва оғиз орқали касалликлар тарқалишига сабаб бўлади. Чунки, овқатланаётганда ёки ичимлик ичаётганда турли бактериялар йиғилади...

        2. Мўйлов ўта қалин ва узун бўлса, ғусл ва таҳоратда бурунга, лабнинг юқорисига сув тўлалигича етиб бормайди. 

        3. Баъзилар ўйлаганидек, мўйловни ўта қалин ва узун қилиб лабга тушиб турадиган даражада ўстириш эркак кишининг кўрки эмас, балки, жоҳилиятдан қолган одатдир”[12].

 

Тошкент Ислом университети магистранти

 Дадамирзаев Муҳаммад Зариф

 

 

[1] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут.: Дару ибн Касир. Китабул либас. 5/2209. 5552-ҳадис. 1987.

[2] Оғизни сув билан чайиш.

[3] Муҳаммад ибн Исо Абу Исо ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёит туросил арабий. - Байрут.: Китабут таҳорат. 1/223. 261-ҳадис.

[4] Лисанул араб. 5/3442-3443.

[5] Рум сураси, 30 оят.

[6] Мўжамул Васит. Б 694.

[7] Абу Сулаймон Хаттобий. Маъалимус сунан. (Абу Довуд сунанларининг шарҳи). Алмактабатул илмийя. –Байрут.: 1981 й. Б 1/31.

[8] Бадриддин Айний. Умдатул қорий фий саҳиҳил Бухорий. Дарул фикр. 22/45.

[9] Саййид Муҳаммад Абдуннабий. Ассиҳатул баданияту лил инсан байна таъалимил ислам ва тавжиҳати муназзамиттис сиҳҳатил оламияти. – Қоҳира.: Дарус салом. 2013. -Б 53.

[10] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут.: Дару ибн Касир. 1987.

 Китабул либас. 5/2209. 5553-ҳадис.

[11] Муҳаммад ибн Исо Абу Исо ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёит туросил арабий. - Байрут.:

 Китабут таҳорат. 1/222. 260-ҳадис.

[12] Доктор Форис Алвон. Фис солати сиҳҳатун ва виқоятун, силсилату сиҳҳатика ва ибадатика. Даруссалом. 1989 й. 1/48-50.

17:19 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Уммат соғинчи...
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...