5 рабиъус сони 1446
Абдуллоҳ ибн Масъуд

Қуръонни биринчи тиловат қилган инсон

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан аввал Абдуллоҳ ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу у Зотга иймон келтириб улгурмаган эди. Бунинг натижасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, иймон келтирганларнинг олтинчисига айланди. Демак, у Исломга энг эрта кирганлардан экан. Абдуллоҳ ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан илк бор учрашувини қуйидагича ҳикоя қилади: «Мен ўспирин бир йигитча бўлиб, Уқба ибн Муайтнинг қўйларини ўтлатиб юрган вақтимда ёнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб мендан:«Бизга беришинг учун сенда бир оз сут топиладими?» деб сўрашди. Мен эса уларга: «Мен бир омонат қўйилган кишиман, сизларни суғорувчимасман», дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенда бир ёшга тўлиб ҳали қочмаган қўй борми?» деб сўрадилар. Мен:«Ҳа» дедим. Сўнгра ўша қўйни келтирдим. Пайағамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша қўйни ушлаб елинини силаган ҳолда роббиларига дуо қила бошладилар. Бирдан қўйнинг елини катталашиб кетди. Сўнгра Абу Бакр ўртаси чуқурчали бир тошни келтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сутни соғиб, ўзлари ичдилар, сўнгра Абу Бакр ва мен ҳам сутдан ичдик. Кейин эса у Зот қўйнинг елинига қарата: «Кичрай» дейишлари билан, дарҳол кичрайиб ўз ҳолига қайтди. Шундан сўнг мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб у кишига:«Шу сўзларингизни менга ўргатинг»,  дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сен таълим берилган йигит экансан»,  дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд Аллоҳнинг солиҳ бандаси ва содиқ элчиси роббиларига дуо қилиб, ҳали сут нималигини билмайдиган қўйнинг елинини силаб натижада ўша елиндан Аллоҳнинг қудрати билан ичувчилар учун покиза, иштаҳали тоза сут чиққанлигини кўриб ҳайратга тушиб қолди! Албатта, Абдуллоҳ ўша соатларда бу буюк Пайғамбарнинг энг оддий бир мўъжизасини кўриб турганлигини ва кейинчалик яқин келажакда бу Аллоҳнинг севимли элчисидан дунёни ларзага солиб уни нури-ҳидоятга тўлдириб юборадиган буюк мўъжизаларини кўришини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Балки Абдуллоҳ ўша пайтда фақир, заиф бир йигит бўлиб, Уқба ибн Муайтнинг қўйларини боқиб юрувчи ҳизматкор ўлароқ, яқин кунларда Аллоҳ уни ҳидоят этиб, мўминлар сафига қўшганидан кейин, ушбу буюк мўъжизаларнинг бирига айланган ҳолда, ўз иймони билан Қурайш мушрикларининг кибр-ҳавоси ва зулм ва ситамларини енгиб, улар устидан ғолиб бўлишини хаёлига ҳам келтирмагандир. Исломдан аввал у Қурайш мушриклари ўтирган мажлиснинг ёнидан ўтишга журъат ҳам қила олмасди, борди-ю, ўтадиган бўлса ҳам, бошларини қуйи қилган ҳолда қадамларини тез-тез ташлаб ўтиб кетарди. Аммо Ислом динини қабул қилганидан сўнг эса Каъба атрофида тўпланиб ўтирган барча Қурайш зодагонларининг тепаларига келиб, ўзининг ёқимли ва таъсирчан овозини  баланд кўтариб Аллоҳнинг каломини тиловат қила бошлади. Сўнгра бироз жим тургач, яна қироатини давом эттирди. Қурайш бошлиқлари кўзларига ва қулоқларига ишонмай эсанкираб қолишди. Наҳотки мана шу йигитча уларнинг кибр-ҳавосига ва шу қувватларига қарши тураётган бўлса? Аҳир бу ўспирин йигит ўзларининг ҳизматкорларидан бири бўлиб, қўйларини ўтлатиб юрувчи фақир ва қашшоқ Абдуллоҳ ибн Масъуд-ку…! Келинг, сўзни бу воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган кишига қўйиб берайлик, у бизга воқеаларнинг ривожини ҳикоя қилиб берсин. Бу инсон Зубайр розияллоҳу анҳудир, у шундай ҳикоя қилади:«Маккага биринчи бўлиб Қуръони Каримни жаҳрий равишда тиловат қилган киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлган эди. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари йиғилиб: «Аллоҳга қасам, ҳали ҳеч Қурайш Қуръонни очиқ-ойдин эшитиб кўргани йўқ. Орамизда бирор киши борми, уларга қуръонни очиқ-ойдин тиловат қилиб берса?» дейишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд:«Мен тиловат қилиб бераман»,  деди. Саҳобийлар:«Биз сенга бирор зиён етиб қолишидан қўрқамиз. Шунинг учун мушриклардан ҳимоя қила оладиган қариндошлари бор киши чиқишини истаймиз», дейишди. Абдуллоҳ: «Қўяверинглар, мени Аллоҳ ўзи ҳимоя қилади»,  деди. Эртаси куни чошгоҳ пайтида ибн Масъуд Қурайш зодагонларининг мажлисига бориб, Мақоми Иброҳим қаршисида тик турган ҳолда қироат қила бошлади:«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Арроҳмаан,  алламал қуръан...» Сўнгра  улар томонга юзланиб, баланд овозда яна қироатини давом эттирди. Мушриклар ҳайрон бўлиб бир-бирларига: «Ибн Умму Абд нима деяпти? Ие, аҳир у Муҳаммад келтирган сўзларни тиловат қилаяпти-ку…», деб шовқин-сурон кўтара бошлашди. Сўнгра ўрниларидан туриб Абдуллоҳни савалай кеттилар, у эса қироатини Аллоҳ истаган жойгача давом эттираверди. Сўнгра юзи ва жасади зарбалардан қаттиқ лат еган ҳолда биродарларининг ҳузурига қайтиб келди. Асҳоблар унга: «Сенга мана шу нарса етишидан қўрққан эдик», дедилар. Абдуллоҳ: «Мен учун Аллоҳнинг душманлари ҳозиргидай эътиборли бўлмаган, агар ҳоҳласангиз, эртага ҳам бориб уларга Қуръон тиловат қиламан», деди. Асҳоблар: «Йўқ, шунинг ўзи кифоя қилади. Батаҳқиқ, сен мушрикларга улар ёмон кўрадиган нарсани эшиттирдинг»,  дедилар. Ҳа, албатта… Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳали сут бермаган қўйнинг елинини муддатидан илгари сут бериб уни таажжубга солган соатлардан бир қанча муддат ўтиб, ўзи ва ўзи каби камбағал ва фақир биродарлари Расулуллоҳнинг мўъжизаларидан бирига айланиб, Аллоҳнинг байроғини кўтарган ҳолда, ушбу мўъжизалари билан ой ва қуёш нурини чекинтиришларини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Аниқки, у ўша кунни шу қадар тез келишини ҳам билмас эди. Аммо ўша кунлар жуда тезлик билан етиб келди. Кечагина мардикорчилик қилиб юрган фақир ва қашшоқ йигит бугунга келиб Исломнинг мўъжизаларидан бирига айланди. Абдуллоҳни кўпчилик орасида кўз илғаб топиш мушкул иш эди. Нафақат кўпчилик орасида, балки якка қолганда ҳам кўзгаташланмас эди. У бадавлат инсонларга бериладиган молу давлат улушидан ҳам, бақувват инсонларга бериладиган жисмоний куч-қувват улушидан ҳам ҳамда обрў-эътиборли кишиларга бериладиган ҳурмат ва обрў улушидан ҳам бенасиб эди. У жуда камбағал, жисми ориқ ва кичкина ҳамда обрў-нуфузга эга эмасди. Аммо Ислом дини унга фақир ва камбағаллик ўрнига Кисро ва Қайсарнинг ҳазинабонлари эга бўлмаган катта бойликни берди. Тана ва жисмининг заиф ва кичиклигининг ўрнига тариҳ тақдирини ўзгартиришга сабаб бўладиган, золимларни чекинтирувчи ирода ҳадя этди. Ҳамда ҳеч қандай ҳурмат ва эътиборсиз яшаётган ҳаётининг ўрнига абадийлик, илм, шараф инъом этиб, натижада у тариҳда ўтган буюк пешволарнинг энг улуғларидан бирига  айланди. Расулуллоҳ у ҳақда берган: «Албатта, сен таълим берилган йигит экансан»,  деган башоратлари ҳақ бўлиб чиқди. Буюк Роббиси унга таълим берди, натижада у Ислом умматининг энг фақиҳ уламоси ҳамда барча қориларнинг раҳбарига айланди. У ўзи ҳақида дейди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларидан етмишта сурани ёд олдим, бу ҳусусда ҳеч ким мен билан баҳслаша олмайди». Гўёки Абдуллоҳ ўз ҳаётини хатарга қўйиб мусулмонларга қарши таъқиб ва азоб кучайган маҳалда Қуръони Каримни очиқ-ойдин баланд овозда ўқиб, бутун Макка аҳлига эшиттиргани учун  Аллоҳ таоло унга буюк мукофот тариқасида Қуръон тиловати бобида гўзал истеъдод ва унинг маъниларини идрок этишда юксак фаҳм ато этгандай эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини ибн Масъудга иқтидо қилишга амр этиб: «Ибн Умму Абднинг йўлини тутинг». Шу билан бирга, жанобимиз асҳобларига унинг қироатига тақлид қилиб, Қуръон тиловатини айнан ундан ўрганишларини васият қилиб дедилар: «Кимки Қуръонни янги нозил бўлган ҳолда эшитишни маҳбуб кўрса, бас, ибн Умму Абднинг қироатини тингласин…»,«Кимки Қуръонни янги нозил бўлган ҳолда ўқишни маъқул кўрса, бас, ибн Умму Абднинг қироатига кўра ўқисин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча ибн Масъуднинг тилидан Қуръон тинглашни суяр эдилар. Бир куни ибн Масъудни ҳузурларига чорлаб дедилар: «Эй Абдуллоҳ, менга Қуръон ўқиб бер». Абдуллоҳ:«Сизга ўқиб берайми, аҳир ўзингизга нозил қилинган-ку, эй Расулуллоҳ»,  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитишни суяман»,  дедилар. Бас, Абдуллоҳ у Зотга Нисо сурасини қироат қила бошлади. Вақтики у мана бу оятга етгач, (Факайфа...)Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз ёшлари тирқираб оқиб, қўллари билан ибн Масъудга ишора қилиб дедилар:«Кифоя қилади… кифоя қилади, эй ибн Масъуд». Абдуллоҳ ўзига Аллоҳ инъом этган неъмат ҳусусида гапириб шундай деди: «Аллоҳга қасам, Қуръонда бирор оят йўқки, нима ҳақида нозил бўлганини билмасам. Аллоҳнинг китобини мендан кўра билувчироқ киши йўқдир. Борди-ю, туя миниб етиш мумкин бўлган жойда бирор кишини мендан Аллоҳнинг китобини билувчироқ эканини билсам, албатта, унинг ҳузурига борган бўлардим. Мен сизларнинг энг яшиларингиздан эмасман». Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илм бобида юксак улуш эгаси эканлигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ҳам гувоҳлик берган эдилар. Мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ҳақида:«Батаҳқиқ, у илм билан тўлиб тоширилгандир»,  деган эди. Абу Мусо Ал-Ашъараий: «Модомики орангизда Абдуллоҳ ибн Масъуддай олим инсон бор экан, асло бизга бирор нарса хусусида савол қилманглар», деган эди.  Абдуллоҳда  Қуръон ва фиқҳ бобидаги пешқадамликнинг ўзигина мақтовга лойиқ бўлмай, балки ҳудди шу каби унинг тақво ва зуҳд бобидаги пешқадамлиги ҳам тахсинга лойиқ эди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу у ҳақида: «Мен иснонлар орасида етакчиликда, ўз мақсад ва йўлини маҳкам тутишда ибн Масъуддан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўҳсаш кишини кўрмаганман… Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бўлган Қуръон ҳофизлари, албатта, ибн Масъуд уларнинг орасида Аллоҳга энг яқин  зот эканлигини билишар эди», деган эди. Саҳобийларнинг бир нечалари Али ибн Абу Толиб розиялоҳу анҳу ҳузурларига тўпланиб унга дедилар: «Эй мўминлар амири, биз ахлоқ бобида гўзалроқ, таълим бобида мулойимроқ, ҳамроҳлик бобида яхшироқ, зуҳду  тақво бобида маҳкамроқ Абдуллоҳ ибн Масъудга ўҳшаш кишини кўрмаганмиз». Али розияллоҳу анҳу деди:«Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, чиндан ҳам мана шу сўзлар қалбингиздан чиқаётган рост сўзларми?» Улар:«Ҳа»,  дедилар. Али розияллоҳу анҳу дедилар:«Аллоҳим, мен сени гувоҳ қиламан….Аллоҳим, мен ҳам у ҳақида улар каби ёки ундан ҳам зиёда сўзларни айтаман…Дарҳақиқат,  у Қуръонни ўқиб, у ҳалол қилганини ҳалол, ҳаром қилганини эса ҳаром билди. Динда фақиҳ ва суннатда олим кишидир». Расули Акрам соллаллоҳу алйҳи васаллам асҳоблари Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида сўзлаб шундай дер эдилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан биз тўсилган пайтда, унга рухсат беришар ва биз йўқ бўлганимизда, у ўша ерда ҳозир бўлар эди». Улар ирода қилаётгна нарса шу эдики, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан бир имконият берилгандики, ўша имкониятга ундан ўзга ҳеч ким эга эмасди. Абдуллоҳ Жанобимизнинг уйларига ҳаммадан кўпроқ кириб у Зот  билан ҳаммадан кўра кўпроқ бирга ўтириб ҳизматларида бўлган инсон эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бошқа асҳобларидан кўра кўпроқ сирлашганлари туфайли асҳоблар орасида «сир соҳиби» деб ном олган эди . Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида аҳлларидан бошқа  ибн Масъуддан бўлак ҳеч кимни кўрмадим». Бунинг сабаби Расулуллоҳ соаллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳга нисбатан бўлган муҳаббатлари буюк бўлиб, айнан ундаги тақвони, теран ақлни, олийжанобликни севиб қолган эдилар-ки, ҳатто у ҳақида шундай деб айтган эдилар: «Агарда мўминлар шўросисиз бирор кишини амир қилмоқчи бўлганимда, албатта, ибн Умму Абдни амир этиб тайинлар эдим». Юқорида биз Расулуллоҳнинг асҳобларига «Ибн Умму Абднинг йўлини маҳкам тутинглар»,  деган васиятлари ҳусусида айтиб ўтган эдик. Расулуллоҳнинг унга нисбатан муҳаббатлари ва ишончлари шу қадар кучли эканлигидан Абдуллоҳ у Зотнинг энг яқинларидан бўлиб ҳеч кимга берилмаган улуш унга берилди. Бу улуш шундан иборат эдики, Жанобимиз унга: «Куну тун ҳоҳлаган вақтингда менинг ҳузуримга кириш учун сенга рухсат бераман»,  дедилар. Асҳоблар ҳам Абдуллоҳ ҳақида ҳудди шуни айтган эдилар . Албатта, ибн Масъуд ушбу мукофотга ҳақли эди. Кўпинча бундай дўстлик ғурур ва фаҳрланишни пайдо қилишига қарамай, ибн Масъуднинг бу дўстлик туфайли хушуси, тақвоси ва одоби кўпаяверди. Эҳтимол, Абдуллоҳдаги бу хулқ ва одобни тасаввур қилиш учун унинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг, у Зот ҳақида сўзлаётган вақтидаги ҳолатига эътибор қилиш кифоя қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жуда оз гапиришларига қарамай, қачонки лабларини қимирлатиб: «Расулуллоҳдан эшитганман…» дейиши биланоқ, Пайғамбаримизнинг сўзларидаги бирор ҳарф ўрнини ўзгартириб қўйишдан қаттиқ қўрққан ҳолда қалбида изтироб ва ҳаяжон пайдо бўлар эди. Амр ибн Маймун дейди: «Бир сана ҳусусида Абдуллоҳ ибн Масъуддан сўрадим. Бу хусусда у Расулуллоҳдан бир ҳадис айтиб ўтган эди, ҳолос. Ўшанда у: «Расулуллоҳ шундай деган эдилар ,− деб айтиши билан ғам-ташвиш унга ғолиб келиб, пешонасидан терлар оқа бошлади. Сўнгра сўзини ўнглаб,−ёки ўшанга яқин сўзни айтган эдилар», деди. Абдуллоҳ ибн Қайс дейди:«Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳар жума оқшомда бизларга маъруза қилиб берарди. Бир кечада у бир мартадан зиёда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деган эдилар», деб айтмас эди. Ўша пайтда унга назар ташладим, у ҳассасига суяниб турган эди. Бирдан ҳассаси титраб, қимирлаб кетди…» Масруқ Абдуллоҳдан ривоят қилади: «Ибн Масъуд бир куни ҳадис айтиб туриб деди:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман…»,  сўнгра ўзи ҳам, кийимлари ҳам қўрқувдан титраб кетди. Кейин эса деди: «Ёки ўшанга ўхшаш сўзни эшитганман…» Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурматлаши мана шу улуғ мақомга етганлиги бу, аввало, унинг тақвосидан олдин теран фикрлилиги белгиси эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бошқа саҳобийларидан кўра кўпроқ ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлгани туфайли у Зотни бошқалардан кўра кўпроқ эъзозлаб ҳурматлар эди. Шунинг учун Абдуллоҳнинг Жанобимиз ҳузурларидаги одоби у Зотнинг вафотларидан кейин ҳам ҳотираларини эслаган пайтда бошқалардан ўзгага бўлган эди. Абдуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан на сафар ва на муқим пайтда ажралди. У Жанобимиз иштирок этган барча маросим ва ғазотларда қатнашди. У Бадр жангида буюк жасорат кўрсатган эди. Мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу уни Кўфа шаҳрининг байтул молига бошлиқ қилишга юбора туриб, Кўфа аҳлига шундай деди: «Албатта, мен, Аллоҳга қасамки, ўзимга керак бўлса-да, уни сизларнинг ҳузурингизга юбормоқдаман, бас, уни маҳкам тутиб, ундан таълим олинглар». Кўфа аҳли уни шу қадар севиб қолдики, на ундан илгари ва на кейин ҳеч бир инсон бу каби муҳаббатга эриша олмаган эди. Бутун Кўфа аҳлининг уни севиб қолиши ҳудди мўъжизага ўҳшаш бир иш эди. Сабаби улар саркаш ва бесабр қавм бўлиб тинч ва ҳотиржам ўтиришга ҳечам тоқатлари йўқ эди. Уларнинг муҳаббати, айниқса, Усмон розияллоҳу анҳу ҳалифа бўлганларидан сўнг, Абдуллоҳни Кўфа волийлигидан бўшатаётган  пайтда яққол кўринди. Улар Абдуллоҳни ўраб олиб унга дедилар: «Кетма, биз билан қолгин,  Усмон тарафидан келадиган ёмонликлардан сени ҳимоя қиламиз». Аммо ибн Масъуд ўзининг олийжаноб инсон ва буюк тақво эгаси эканлигини намоён этадиган сўзлар билан уларга жавобан деди: «Мен унга итоат қилишим вожибдир, бўлмаса, тез орада фитналар бошланиб кетади. Мен шу фитналар эшикларини биринчи бўлиб очувчилардан бўлишни истамайман». Юқоридаги сўзлар орқали биз Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳалифа Усмон розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган ҳурматини тушуниб олишимиз мумкин. Бироқ улар ўрталарида кейинчалик бир қизғин тортишув бўлиб, натижада Абдуллоҳ ўзининг байтул молдан келадиган маошидан маҳрум бўлиб қолди. Шунга қарамай у Усмон розияллоҳу анҳу ҳақида бирорта ҳам ёмон сўз айтмади. Балки Усмоннинг давридаги норозиликлар қўзғолонга айланаётганини кўргач, уни доим ҳимоя қилувчилар қаторидан ўрин олди. Вақтики фитначилар Усмон розияллоҳу анҳуни  сотқинларча ўлдиришга уринаётганлиги  ҳабари Абдуллоҳнинг қулоғига чалингач, у ушбу таъсирчан сўзларни айтди: «Бордию уни ўлдиришса, ундан кейин унга ўҳшашини ҳалифа этиб тайинлашолмайди». Ибн Масъуднинг баъзи биродарлари: «Биз ҳечам ибн Масъуд Усмон розияллоҳу анҳуни ҳақорат қилганини эшитмаганмиз», деб айтишар эди. Аллоҳ талоло унга  тақвони инъом қилганидек ҳикматни ҳам инъом қилган эди. У ҳар бир масалани туб моҳиятини билиб уни тўғри ва ажийиб равишда таъбир эта олиш қобилиятига эга эди. Келинг, мисол учун буюк ҳалифа Умар розияллоҳу анҳунинг ҳаётини у қандай қилиб қисқа ва аниқ сўзлар билан ифода этганига қулоқ тутайлик:«Унинг Исломи фатҳ, ҳижрати нусрат, амирлиги раҳмат бўлар эди». У меҳнат ва унинг аҳамияти ҳақида гапириб шундай деди:«Бекор ўтириб на дунё иши ва на оҳират иши билан машғул бўлмаётган кишини сира ёқтирмайман» . Яна унинг ҳикматли сўзларидан: «Бойликнинг яҳшиси нафс бойлигидир».« Энг яҳши озуқа тақводир. Энг ёмон кўрлик қалб кўрлигидир». «Хатоларнинг буюги ёлғондир». «Касбларнинг ёмонроғи судҳўрликдир». «Ейиладиган емишнинг энг ёмонроғи етимнинг молидир». « Кимки афв  қилса, Аллоҳ уни афв қилади. Кимки кечириб юборса, Аллоҳ уни кечириб юборади». Бу − Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соҳиблари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир. Бу Аллоҳ ва Расули ва Ислом йўлига ҳаётини бағишлаб, уни қаҳрамонларга  хос   ўтказган буюк инсоннинг ҳаётидан бир парча, ҳалос. Бу инсоннинг жисми жуда ҳам кичик бўлиб, озғин, бўйи паст эди. Унинг икки болдири жуда ингичка бўлиб бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бироз мева териш учун дараҳтга чиққанида асҳоблар уни кўриб кулиб юбордилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Ибн Масъуднинг болдирларидан куляпсизларми, шубҳасиз. улар Аллоҳнинг ҳузуридаги мезонда Уҳуд тоғидан ҳам вазминроқдир»,  дедилар. Ҳа… бу фақир ҳизматкор озғин ва нимжон кишини иймони ва ишончи нур ва ҳидоятга бошловчи имомларга пешво қилиб қўйди. Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг ҳалифалари билан ҳам буюк жангларга кириб ғалабаларга эришди. Абдуллоҳ Исломнинг байроғи ва хоҳиши учун ўз эшикларини қўрқиб бўйсунган ҳолда очишга мажбур бўлган ўша замоннинг икки буюк империясини ҳам кўрди. У катта лавозим ва оёқлари остига оқиб келаётган кўпдан-кўп мол-давлатни кўрди. Бироқ бу нарсалар уни Аллоҳ ва Расулига берган аҳдидан тўса олмади,  уни ҳаёт йўлидан, тавозу ва камтарликдан, шунингдек, тоат-ибодатдан узоқлаштира олмади. Унинг ҳаётда биргина орзуси бор бўлиб,  доим уни такрорлаб юрарди. Келинг, сўзни унинг ўзига берайлик: «Табук ғазотига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиққан эдим. Кечаси туннинг ярмида уйғониб кетдим, биз жойлашган майдоннинг бир четида оловдан бўлган шуъла ёниб турганига кўзим тушди. Ўша томонга қараб юрдим. У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳу вафот этган саҳобийлардан Абдуллоҳ Зулбижодайн Ал Музансийни дафн этишга ҳозирлик кўришаётган экан. Улар қабр қазишиб қабрнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, тепасида эса Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумлар туришган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр ичидан туриб уларга: «Қани, биродарингизни менга узатинглар»,  дедилар. Улар маййитни жанобимизга узардилар. Вақтики маййитни лаҳадга қўйгач, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Парвардигорим, мен ундан розиман, сен ҳам рози бўлгин»,  деб дуо қилдилар. Бу ҳолатни кўриб ўзимга ўзим, кошкийди, мана шу қабрнинг эгаси мен бўлганимда, деган эдим… Мана шу унинг дунёдаги ягона орзуси эди. Бу орзу кўриб турганингиздек инсон интиладиган буюклик, бойлик, мансаб ва обрў-эътибор билан боғлиқ эмас экан. Бу қалби кенг, олийжаноб ва иймони пишиқ инсоннинг орзуси бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳидоят қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тарбия этиб, Қуръони Карим унинг ҳаётини бошқарган эди.

23:11 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Бағишлов
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...