Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик», – дейди. Мана шунинг ўзи бутун инсониятни ўз зимнига олувчи умумий фазилат ва буюк неъматдир. Чунки Аллоҳ таоло одамзотни тузилиш, шакл, қиёфа ва хилқатда кўркам, чиройли ва хушбичим қилиб яратди. Мавжудотлар ичида унга ўхшаши йўқ. Инсон зотидаги комиллик ва гўзаллик икки турга бўлинади:
– биринчиси зарур дунёвий хусусиятлар бўлиб, уларни инсон хилқати ва дунё ҳаёти эҳтиёжлари тақозо этади. Инсон хоҳиширодасининг уларга дахли йўқ. Аллоҳ таоло: «Сизни ва аввалги наслларни яратган Зотдан қўрқинг» , деган.
– иккинчиси интилиш, ўз устида ишлаш, риёзат, тарбия туфайли ўзлаштирилган диний одобахлоқлардир.
Биринчи тур айнан хилқат билан боғлиқ бўлиб, хушбичимлик, чиройлилик, ўткир ақл, соғлом фикр, бурро тил, кучли сезги аъзолари, мўътадил ҳаракат, насабнинг олийлиги ва қавмнинг шарафлилиги кабиларни ўз ичига олади. Иккинчи турни ўзлаштирилган сифатлар ташкил этиб, унга одобахлоқлар ва яхши сифатлар киради. Булар – иймонэътиқод, илм, ҳалимлик, сабр, шукр, адолат, зуҳд, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, инсонийлик, сукут, оғирвазминлик, виқор, меҳрибонлик, яхши одоб, чиройли муомала, бир сўз билан айтганда, «гўзал хулқ»дир.
Айтиб ўтилган барча гўзал сифатлар, мақтовли фазилатлар, хулқлар ва тана тузилишига оид мукаммаллик «...ва албатта сен буюк хулқ узрасан» деган ояти каримада сифатланганидек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда тўлиғича мавжуддир. Пайғамбаримизнинг қанчаданқанча фазилатлари, ўзига хос хусусиятлари борки, улар илоҳий рисолатларига иззат, шараф ва улуғворлик тожини кийдиради. У зотдаги ҳар бир фазилат, хусусият ёки мўъжиза Қуръони Карим ёки саҳиҳ суннат матнида собит бўлган. Қуйидагилар шулар жумласидандир:
– Китоб ва ҳикмат ато этилди. «Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди» .
– Етти такрорланувчи – Фотиҳа сураси ва буюк Қуръон нозил бўлди. «Батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва улуғ Қуръонни бердик» .
– қиёмат куни умматларини поклайдилар. «У Зoт сaвoдсизлaр ичигa ўзлaридaн – гaрчи улaр бундaн aввaл oчиқ зaлoлaтдa бўлсaлар ҳaм – улaргa Унинг oятлaрини ўқиб берaдигaн вa улaрни пoклaйдигaн ҳaмдa Китoбни вa ҳикмaтни ўргaтaдигaн Пaйғaмбaрни юбoрди» . Яъни пайғамбарларнинг умматлари ўзларига рисолат етказилганидан тонишганда уммати Муҳаммад пайғамбарлар фойдасига гувоҳлик беради. Ўшанда Расулуллоҳ алайҳиссалом умматлари айтган сўзни тасдиқлайдилар.
– Аллоҳ таолога хоссатан даъват қилдилар. Зеро, у зот «Аллоҳга Унинг изни билан даъват қилувчи» дир.
– Аллоҳ таоло ва фаришталар у зотга салавот айтадилар. «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар» .
– Одамлар орасида худди Аллоҳ таоло кўрсатгандек, яъни Аллоҳ билдириб, ҳукмини баён этиб, илҳомлантиргандек ҳукм қилдилар. «Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик» .
– Умматлари зиммасидан оғир юк ва мажбуриятлар, машаққатли ибодатларни соқит қилдилар. Бу Аллоҳ таолонинг «Устларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган» деган қавлига кўрадир.
– У зотнинг умрҳаётлари билан қасам ичилди. Аллоҳ таоло: «Сенинг умринг билан қасамки, албатта улар ўз сархушликларида тентирамоқдалар» , деди.
– Бадр жангидагига ўхшаш кўп жойларда дуолари ижобат қилинди. У зот: «Ё Аллоҳ, менга ваъда қилган нарсангни амалга ошир. Ё Аллоҳ, агар бу жамоа ҳалок бўлса, бас, ўша кундан кейин ҳаргиз Сенга ибодат қилинмайди», деб дуо қилган эдилар. Сўраганлари берилди.
– Жонсиз нарсалар ва ҳайвонлар тилга кириб, у зот алайҳиссаломга гапирган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, мен Маккада ўзимга салом берадиган тошни аниқ биламан», деб айтилган. Баъзилар бу тошни «Ҳажарул асвад» дейишган. Айримлар оддий тош эканини айтишган.
– Сийратда Расулуллоҳ алайҳиссаломга доб (калтакесакка ўхшаш ҳайвон), кийик, туя ва ўзлари миниб юрадиган эшаклари гапиргани собитдир.
– Дуоларининг шарофатидан ўликлар тирилтирилган (маънавий ёки ҳиссий). Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жангдан қайтиб келаётганларида саҳобалардан бирининг туяси ўлиб қолади. У зот дуо қилганларида Аллоҳ туяни тирилтиради ва ҳалиги саҳобий уни Мадинагача миниб боргандан кейин яна ўлган экан.
– Эшитиш қобилияти йўқ нарсаларни эшиттириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошларга қазои ҳожатлари учун йиғилишни амр қилганларида қўшилибқўшилиб бир уюмга айлангани «Саҳиҳ»да келтирилган.
– Муборак бармоқлари орасидан сув оқиб чиққан. Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда: «У зотнинг бармоқлари орасидан сув оқиб чиқаётганини кўрдим», дейилган.
– Кам таом ва ичимликка барака берилган. Имом Бухорий, имом Муслим, имом Молик ва имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган «Абу Талҳа қиссаси»да: «У зот таомнинг қолганини келтиришни буюрдилар. Бас, ундан озгинаси олиб келинди. Дуо қилганларида унга барака кириб, кўпайди, ҳатто улар (саҳобалар) ўзларида бор ҳамма идишларни тўлдиришди. Ўшанда қавм етмиш киши эди», дейилган.
– Ой ёрилган. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мўъжиза талаб қилиб, ойни иккига бўлиб кўрсатишни сўрашди». Бу воқеа Ибн Аббос ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ҳам ривоят қилинган.
– Хандақда ва Исро тонгида қуёш қайтарилган; жисмларнинг шакли ўзгариб, бошқа нарсаларга айланган. Уккоша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бадр кунида Расулуллоҳда бир таёқ бор эди. Ўша таёқ у зотнинг қўлларида ўткир қиличга айланди».
– Душман қалбига қўрқув солиш билан ёрдам берилганлар. Аллоҳ таоло: «...ва уларнинг қалбига қўрқинч солди» , деган. Икки шайх ва Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Бир ойлик масофадан (душманга) қўрқув солиш билан ёрдам берилдим», дейилган.
– Дажжол, ер ҳайвони чиқиши ва бошқа баъзи ғайбий ишлардан хабардор бўлганлар.
– Булут у зотга соя солган; муборак кафтларида майда тошлар тасбеҳ айтган ва касалликлар тузалган. Тилимсоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ривоятларда келишича, барча пайғамбарларнинг хислатлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам бўлган. Чунки у зот уларнинг унсури ва манбаи эдилар. Бинобарин, у зотга Одам Атонинг хулқи, Ийсо пайғамбарнинг зуҳди, Нуҳнинг шижоати, Иброҳимнинг дўстлиги, Исмоилнинг тили, Исҳоқнинг розилиги, Солиҳнинг фасоҳати, Лутнинг ҳикмати, Яъқубнинг башорати, Юсуфнинг жамоли, Мусонинг шиддати, Айюбнинг сабри, Юнуснинг тоати, Юшаънинг жидду жаҳди, Довуднинг овози, Дониёлнинг муҳаббати, Илёснинг виқори, Яҳёнинг маъсумлиги (гуноҳлардан сақланиши) ато этилган».
Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча пайғамбарларнинг хулқлари билан хулқланганлар. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бешта хислат билан алоҳида ажралиб турадилар. Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Насоий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менга ўзимдан олдин ҳеч кимга берилмаган беш хислат берилди – ҳамма пайғамбарлар ўз қавмига хос қилиб юборилган, мен эса қизилу қорага (араб ва ажамга) юборилдим; менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган; мен учун ер пок, покловчи ва масжид қилинди, кимгаки намоз вақти кириб қолса, қаерда бўлса, ўша жойда ўқийверади; бир ойлик масофадан душманга қўрқув солиш билан ёрдам берилдим; менга шафоат берилди».
Мазкур сифатлар ва хислатларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам бўлиши у зот учун ҳам, умматлари учун ҳам улуғ фахрдир. У зотнинг динларига мансуб бўлиш, уларга эргашиш, итоат этиш, суннатлари, сийратлари ва юксак хулқларини лозим тутиш шарафига муяссар бўлганимиз билан ғурурлансак арзийди.
«Шамоилу Мустафо» китобидан