Кириш
Азиз Қадрдонларим, Ҳабибим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муножот билан сўнгра унинг кетидан келадиган шаҳодат билан юзланишимдан олдин буюк Мавлойим Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога юзланишимни истадим. Ул зотдан бизларнинг қалбларимизда махлуқотларнинг энг муқаддас зотга нисбатан ғамни уйғотган салафи - солиҳларимизни мукофатлашини сўрайман. Шунингдек, Аллоҳ азза ва жалла фан, илм ва фикр орасини уйғунликда бирлаштирган халаф олимларимизни ҳам Ўз карами ила мукофотлашини сўрайман.
Аллоҳ таоло у зотларга Ўзининг розигига элтувчи йўлни, яъни ҳар бир мўминнинг қалбида Аллоҳ таоло ва Расулига бўлган муҳаббатни янгилаш йўлини осон қилди.
Азизлар, қилмоқчи бўлган муножотимда хотирамдан гапирмасликни балки, тилимни қаламимни ва мана бу бир парча варақни гувоҳ қилишни афзал деб билдим. Аллоҳ таолодан қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган гувоҳлигимни нафақат ўзимга балки, барча умматга шафоатчи қилишини сўрайман...
Расулуллоҳга муножот мактуби
Саййидим, Ё Расулуллоҳ!
Роббингиз махлуқотлар ичра сизни танлаб, ёлғиз ўзингизга ато этган иззат тожи сизга муборак бўлсин! Зеро, Аллоҳ таоло раҳму шафқат сўраб сизнинг ҳузурингизга келганларни раҳим қилиши учун ҳамда гуноҳларини кечирилишини истаб келиб, сизга: “Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганида, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли холда топган бўлур эди”, деб мурожаат қилган кишиларни мағфират қилиши учун бандалари билан Ўзининг ўртасида ёлғиз сизни воситачи қилиб танлади.
Эй, Саййидим!
Қиёмат куни Роббингизнинг барча бандаларини қамраб олувчи кенг раҳматидан насибадор бўлишлари фақатгина сизнинг уларни шафоат қилишингизга ва раҳм-шафқат сўрашингизга боғлиқ эканлиги Аллоҳ азза ва жалланинг ёлғиз ўзингизни саралаб, танлаб олганига энг катта гувоҳликдир.
Саййидим, Ё Расулуллоҳ!
Агар юксак инсоний хулқлар бир шахс бўлиб гавдаланганида эди, сизнинг юксак ахлоқу мукаммал одамийлигингиз ҳамда самимий меҳрибонлигингиз олдида бош эгиб қолган бўларди.
Эй, Саййидим!
Мен сизни Макка фатҳ этилган куни ғалабанинг энг чўққисида бўлганингизда Роббингизга ҳақиқий қулчилик нишонаси ўлароқ бош эгиш билангина завқланаётганингизни кўрдим. Сизга кўп азият берган, хийла қилиб зарар етказкан ҳамда пайғамбарлигинигизни инкор қилганларнинг устидан Аллоҳ таоло сизга жазолаш имконини берганида, сиз улар томон фақат шафқатли, кечиримлиликка тўла чеҳра билан юзланаётганингизни, улар билан фақат меҳр-муҳаббатга тўла тил ила гаплашаётганингизни ҳамда уларга нисбатан фақат ўзингизга хос бўлган олийжаноблик, олий ҳиммат ила муомала қилаётганингизнинг гувоҳи бўлдим.
Сизни мажнун, аҳмоқ дея ҳайдаб чиқарган, нодонлари ва ёш болаларининг қўллари билан сизни тошбўрон қилган қавмнинг зарарига дуо қилмайсизми, деб сизга айтилганида, сиз икки қўлингизни Мавлойингизга кўтариб: “Эй, Аллоҳ уларни авф эт, ҳидоятингга бошла ва уларни мусулмон қил”, дея дуойи хайр қилдингиз.
Сизга Қурайшнинг ростгўй оқсоқоллари томонидан ҳокимят таклиф қилинганида, сиз бош тортиб қабул қилмадингиз ва “Мен сизларга олиб келган динни сизларнинг молу дунёларингизни истаб, устиларингиздан ҳукмдор бўлиш учун ёки ораларингизда мени рахбар етиб тайинлашингнз учун олиб келмадим. Балки, Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар этиб сайлади, менга Ўз китобини нозил қилди. Мен Роббимнинг рисолатини сизларга етказдим. Агар мен олиб келган динни қабул қилсангиз, албатта, бу сизларнинг мендаги насибангиз, менинг эса сизлардаги насибам бўлади. Агар ундан бош тортиб, норози бўлсангиз, то Роббим мен билан сизларнинг орангизда узил-кесил ҳукм чиқармагунича, Ул зотнинг буйруғини сабр килиб кутаман”, дедингиз.
Саййидим, Ё Расулуллоҳ!
Аллоҳ таоло мени ўспиринлик даврига қадам қўйишимдан илгари, болалик чоғимданоқ сизнинг сийратингизни ўрганишга мушарраф қилди. Кейинчалик Аллоҳ таоло мени олийгохда талабаларга сизнинг сийратингиздан дарс бериш шарафига муваффақ қилди. Аллоҳга қасамки, биз фикр ва ҳис-туйғуларимиз билан сизнинг беназир, ажойиб, раббоний ва инсоний хулқларингиз осмони узра кўтарилган онлардан кура, менинг ва талабаларимнинг қалбларига роҳатлироқ кечган бирор бир фурсатни эслай олмаймиз. Ва биз сизнинг муаттар сийратингиз, гўзал шамоилингизни билиб, таниб борганимиз сари фикримиз, тасаввуримиз ила сиз билан бизнинг орамиздаги неча-неча асрлар довонини енгиб ўтган эдик. Ўшанда кўзимиз билан кўриш имкони бўлмаган нарсаларни ақл кўзи ила кўрардик. Мана шу бахтиёр ўй-хаёлларимиз ила саҳобаларингиз билан ҳаёт кечирган дамларингизда сиз билан бирга яшардик. Кейин эса кўп вақт ўтар-ўтмас, воқеълик (қўнғироқ чалиниши) яна бизларни кундалик ҳаётимиздаги унинг гирдобида ўрмалашиб юрган дунёйимизга қайтарар эди. Сўнгра ҳаммамиз тарқалиб кетаётиб, дунёнинг энг саодатли кунлари, бизнинг кўзларимиз сизни кўриб ҳузурланишдан маҳрум бўлган кунлар – саҳобаларингиз билан ҳаёт кечирган кунларингизга бўлган соғинч ўтида ёниб қолардик.
Саййидим, Ё Расулуллоҳ!
Менга: Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб бирор китоб ёзмайсанми? Ахир Ҳуяйй ибн Ахтаб, Каъб ибн Асъад каби мунофиқларнинг маккор, бадхоҳ издошлари Ул Зотга нисбатан фитна-фасод қилишга журъатли бўлиб қолишди, деб айтилди. Шунда мен: “Ахир дунёда Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни панжара ортида айбланувчилар ўтирадиган ўринга қўядиган бирор кимса бормики, Ул зот ўзларини ҳимоя қиладиган мен каби бир ҳақир, нотавон кишига муҳтож бўлсалар?... Ахир мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қадамлари остида босилиш шарафига муяссар бўлган тупроқчалик бўлишга ҳам ҳақли эмасман-ку?”, деб жавоб бердим.
Дунёдаги барча бекорчилар супурувчига айлансалар ва ҳанузгача бутун борлиққа нур таратиб турган нубувват қуёшига тўсқинлик қилиш мақсадида ер юзидаги тупроқ ва чангларни тўзитиб, қоп-қора чиркин булут кўринишига келтирсалар ҳам уларнинг бу қилмишлари ўз бошларига бало бўлиб қайтади. Нубувват қуёши эса ўша-ўша нур таратиб қолайверади.
Саййидим, Ё Расулуллоҳ!
Сиз: “Мени кўриб туриб, иймон келтирган кишига жаннат бўлсин! Ва яна “Жаннат бўлсин, сўнгра жаннат бўлсин, сўнгра жаннат бўлсин - мени кўрмай туриб, менга иймон келтирганларга”, деган ҳушхабарингизни бу умматга етказдик. Ва яна (саҳиҳ тўплам китобида) Бақеъ қабристони аҳлига салом берган кунингизда: “Биродарларимни кўришни истадим”, деган муждангизни ҳам бу умматга етказдик. Мана биз, ўша, сизга иймон келтирган, сиз кўришни орзу қилган биродарларингизмиз. Ўша ондаги соғинчингизга бугун биз ана шундай соғинч билан пешвоз чиқаяпмиз. Бугун гўёки биз сиз билан ўша завқ-шавқларни улашаётгандекмиз. Ўша дамда соғинч сизни қанчалик қуршаб олган бўлса, бугун бизни ҳам шундай соғинч қуршаб олган. Бугун биз сизга муҳаббат оташида тобланган саломларни йўллаб, муборак, покиза қабрингиз олдида турмоғимиз, то Аллоҳ таоло бизларга Ўз карами ила саодатли хотимани ато қилиб, сизга йўлиқтиргунча қалбларимизга таскин бериб турибди.
Ҳозир бизни сиздан тўсиб турган бир неча асрлар деворининг ортида туриб сизга мурожаат қиляпмиз. Барчамизнинг ишончимиз комилки, Аллоҳ таоло намозларимизда сизга йўллайдиган саловату саломларизни эшиттирганидек, ҳозир ҳам шу жойда туриб сизга йўллаётган саломларимиз, қилаётган илтижоларимизни эшиттираяпти.
Қиёмат куни сиз ҳавзи кавсарингиз олдида туриб сиз улар билан куришган асхобларингиз ва сиз кўришга муштоқ булиб кўра олмаган, уларни ҳам сизга бўлган соғинчлари қуршаб олган биродарларингизнинг истиқболига очиқ чеҳра ва табассум ила чиққанингизда сизга йўлиқишимиз - қалбимизда ҳеч ҳам сўнмайдиган энг буюк орзуйимиздир, эй, Саййидим.
Елкамиздаги гуноҳларимиз, қанча-қанча камчиликларимиз юкларини кетказадиган сизнинг буюк шафоатингиз остига кириш неъматини Аллоҳ таоло бизларга ҳам ўз карами ила ато этсин ё Расулуллоҳ!
Мана ҳозир эй, Саййидим агар ижозат берсангиз, ўз номимдан, мана шу жойда қатнашган биродарларим номидан ҳамда сизнинг барча умматингиз номидан: “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва албатта сиз Ул зотнинг бандаси ва Пайғамбари эканингизга ва Роббингиздан ишониб топширилган омонатни етказиб, атрофингиздаги саҳобаларни, сиздан кейин келган биродарларингизни тўғри йўлга бошлаганингиз ҳақидаги” шаҳодатни топширмоқчиман.
Дарҳақиқат, сизнинг астойидил қилган ҳаракатларингиз, машаққат нималигини билмай қилган жангларингизнинг самараси мана бизмиз. Эгри йўлларга оғмасдан, гумроҳликлар сари юрмасдан сизнинг кўрсатмангиз ва суннатингизга амал қилиб ҳаёт кечиряпмиз.
Эй, Аллоҳ таолонинг махлуқотлари орасидан танлаб олинган зот, биз сиздан мана шу шаҳодатимизни то инсонлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турадиган кун келгунича ўзингизда сақлаб туришингизни сўраймиз. Аллоҳ таоло Ўзининг буюклигига ва саховатига муносиб ҳолда ҳаётимизнинг гўзал якун топишини ҳамда сизнинг шафоатингиздан мушарраф бўлиш неъматини Ўз карами ила биз умматга ато қилишини сўраймиз.
Эй, Саййидим!
Биз ва сизнинг буюк мавлойингизга умматингиз ҳолатини ислоҳ қилишини, уларни Ўзи рози бўладиган кўринишда бирлаштишини, умматингиз раҳбарларини Ўзининг дини, шариати билан фахрланиб, унинг ҳидоят йўлига гўзал ҳолатда қайтиш туйғусини кўнгилларига солишини, маккорларнинг хийласини бизлардан буриб юборишини, бирор бир золимнинг устимиздан ҳукмронлик қилишига йўл қўймаслигини ва сизнинг: “Бу иш ҳали барча жойга – кеча ва кундуз етган жойгача етади”, - деб айтган ваъдангизни бизларнинг орамизда рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилган ўтинчларимизни етказишингизни сўраймиз. Албатта биз интизор бўлиб кутамиз, эй, Саййидим. Чунки енгилликни кутиш ибодат эканини барчамиз биламиз. Барча ҳамд оламлар Роббиси Аллоҳга хосдир.