22 жумадул аввал 1446
Мақталиши ва ёмонланиши  ҳолатларга боғлиқ амаллар

Мол-дунё бўлиши ҳаётий заруратдир. Лекин мол-дунё ўз моҳиятига кўра фазилат эмас, балки яхшиликларни қўлга киритиш воситасидир. Шу жиҳатдан қаралса, мол-дунёдан фойдаланишга қараб ҳукм ўзгаради. Агар инсон ўз молидан эҳтиёжларни қондириш, орзу-мақсадга етиш, обрўни сақлаш, ҳақларни адо этиш, Аллоҳнинг розилиги йўлида ҳақли жойларга инфоқ қилиш учун фойдаланса, бу иши учун мақталиб, ҳурмат-эътибор топади ва кўпчиликнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Чунки мол-дунё эҳтиёж ва заруратлар учун сарфланиб, шаръий мақсадлар амалга ошишини таъминлайди. Аллоҳ таоло шу ҳолатни тасвирлаб: «Мол-давлат, бола-чақа дунё ҳаётининг зийнатидир»[1], дея марҳамат қилган. Аллоҳ таоло инсонлар табиатан мол-давлатни яхши кўришини шундай баён қилади: «...ва молни кўп яхши кўрасизлар»[2]. «Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир»[3].

Агар одам мол-дунёни эҳтиёжи учун, иззат-обрўни сақлаш ва яхшилик йўлида сарфласа ва шу иши учун Аллоҳ таолонинг розилигини ва охиратдаги ажр-савобни умид қилса, унинг мол-дунёси фазилат саналади. Агар молини қизғониб, яхшилик йўлида сарфламаса, фақат фахр-ифтихор, мақтаниш, риёкорлик ва манманлик учун йиғиб-кўпайтиришни ўйласа, бу ҳолат нуқсон ва айб бўлади. Чунки у бахиллик ва пасткашлик разолатига тушиб қолди. Аллоҳ таоло бахилликнинг аянчли оқибатини баён қилиб шундай деган: «Аллоҳ Ўз фазли билан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир»[4].

Агар мол-дунё фахрланиш ва такаббурликни пайдо қилса, унинг қабиҳлиги ва ёмонлиги янада ортади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва фахрланувчи кимсаларни яхши кўрмас. Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз»[5].

Суннати набавияда мол-дунёнинг асли, самараси ва фойдаси баён қилиб берилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи «Молим, молим», дейди. Молингдан сен учун садақа қилиб берганинг, еб битирганинг ёки кийиб эскиртирганингдан бошқа фойда ҳосил бўлмас», – дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Динор қули, дирҳам қули ва (башанг) кийим қули бахтсиз бўлсин. Агар берилса, рози бўлади. Агар берилмаса, ғазабланади. Бахтсиз бўлсин, юзтубан йиқилсин. Тикон кирса, чиқмасин», дейилган. Пайғамбаримизнинг мазкур сўзлари мол-дунёнинг қулига айланган одамларнинг оқибати ва тақдири қандай хунук бўлишидан огоҳлантиради.

Имом Аҳмад ва Байҳақий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда у зот шундай дейдилар: «Дунё ҳовлиси йўқлар учун ҳовлидир. Ақли йўқларгина дунё учун йиғадилар». Яъни аҳмоқ ва нодонлиги, жоҳил ва гумроҳлигидан ўткинчи дунёга суяниб қоладилар. Солиҳ амаллар қилиб охират тадоригини кўриш ҳақида ўйламайдилар. Ҳаётда молини ҳақли жойга сарфламаган ва яхшилик йўлида бермаган киши бой-бадавлат дейилмайди. Балки улар бу дунёда асл мақсадни аниқ билмасдан яшаб ўтадиган бечора фақирлардир. Таъбир жоиз бўлса, бу тоифа бировнинг молини қўриқлаётган қоровулга ўхшайди. Худди бу моллар унга омонат қилиб топширилган-у, ўз ихтиёри ила ҳеч нарса қила олмайдигандек таассурот қолдиради.

Ҳақиқатда эса топган мол-дунёсини муҳтожларга хайр-эҳсон қилиб, қариндошлик ришталарини боғлаш каби яхшилик йўлида сарфлайдиган киши бой-бадавлат ҳисобланади. Чунки у мол-давлатни ўзига хизмат қилдириб керакли фойдани олди. Ҳатто қўлида ҳеч нарсаси қолмаган тақдирда ҳам, у бой-бадавлатдир. Зеро, бу иши унинг саховатпешалигини ва Роббининг ризқига тўлиқ ишонч-эътиқодини билдиради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Нимани инфоқ қилсангиз, У Зот унинг ўрнини тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир»[6].

Биз умматлар учун Пайғамбаримиз сийратларида мол-дунёни тасарруф қилиш – инфоқ-эҳсон, олди-берди, касб қилиш ва сарфлашда етарли намуналар бор. Қарангки, у зотга ер хазиналари берилган, шаҳарлар калити тортиқ қилинган, бирор пайғамбарга ҳалол қилинмаган ғанимат-ўлжалар ҳалол қилинган ва ҳаётлик пайтларида Ҳижоз, Яман, Арабистон яримороли ва унинг атрофидаги Шом ва Ироқ ерларида фатҳлар амалга оширилган. Бундан ташқари, ўлжаларнинг бешдан бири, жизя[7] тўловлари, садақалар, подшоҳлар хазинасига муайян қисмигина тушадиган закотлар ҳам у зотнинг ҳукмига ҳавола этилган. Турли юрт ва мамлакат ҳукмдорлари юборган совға ва ҳадяларни қабул қилар, улардан бирор нарсани, ҳатто бир дирҳамни ҳам ўзларига олиб қолмасдилар. Балки ҳаммасини ўз ўрнига ва ҳақдорларга бериб, ҳожатмандларга тарқатар ва муҳтож мусулмонларни қўллаб-қувватлардилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз шундай марҳамат қиладилар: «Уҳуд тоғича тилладан бир динори кечаси билан ҳузуримда қолиши мени хурсанд қилмайди. Лекин қарзимни тўлаш учун олиб қўйилган динор бундан мустаснодир».

Бир гал у зотга тилла ва динорларни олиб келишганда, дарҳол ҳақдорларга тарқатдилар. Фақат олти динор қолди. Шуни аёлларидан бирига бердилар. Келган мол-дунё қанча бўлишидан қатъи назар, уни тарқатмасалар, кўзларига уйқу келмасди. Тақсимлаб, эгаларига етказгач: «Энди хотиржам бўлдим», дер эдилар. У зот вафот этганларида совутлари оилалари нафақаси учун бир йил муддатга ўттиз соъ арпа эвазига Абу Шаҳм деган яҳудийга гаровга берилган эди[8].

У зот нафақа, кийиниш ва уй-жой борасида фақат зарурат қадари билан кифояланиб, ундан ошганидан воз кечганлар. Кўп ҳолларда танани ёпиб турадиган дағал ридо кияр эдилар. Тилла қўшиб тўқилган ипак кийимларни ҳозир бўлганларга улашар, ҳақдор асҳобларига бериб юборар эдилар. Икки «Саҳиҳ»да шу тўғрисида кўплаб ривоятлар келтирилган. Чунки кийим билан фахрланиш ва зийнатланиш шараф ва улуғлик хислатларидан эмас. Бу иш аёлларга хос хусусият. Аслида кийимлар билан мақтаниш унинг тозалиги, ўртачалиги ва ярашиб туриши билан белгиланади. Ҳақиқатан, икки шуҳратдан сақланиш тўғрисида қайтариқлар мавжуд. Бу икки шуҳратга жуда башанг ва жуда эски кийимларни кийиш киради. Чунки бу иккисига ҳамманинг кўзи тушади. Шунингдек, ҳашаматли иморат, қимматбаҳо жиҳозлар, бежирим тўшаклар, хизматкорлар ва миниладиган уловлар билан фахрланиш қораланади. Зуҳд ва тақво юзасидан уларни тарк қилган киши мол-дунё фазилатига эга бўлиш қаторида, унинг ёмонлиги ва нохуш оқибатидан узоқ бўлади.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

 



[1] Каҳф сураси, 46-оят.

 

[2] Фажр сураси, 20-оят.

 

[3] Одиёт сураси, 8-оят.

 

[4] Оли Имрон сураси, 180-оят.

 

[5] Нисо сураси, 36–37-оятлар.

 

[6] Сабаъ сураси, 39-оят.

 

[7] Мусулмон ўлкаларда яшаб, дини ва эътиқодида қолган бошқа дин вакилларидан олинадиган жон солиғи.

 

[8] Имом Бухорий, Насоий ва Термизийлар ривоят қилишган.

 

19:53 / 30.12.2017
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...