5 рабиъус сони 1446
Абу Абдураҳмон Суламий

Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ибн Рубаййиъа Абу Абдураҳмон Суламий Куфий – машҳур қори, имом, олим, катта тобеинлардан. Абу Абдураҳмон Куфа аҳлининг қориси, саҳобалар авлодидандир. Суламий Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида туғилган. Абу Исҳоқ ривоят қилишича, Суламийга Қуръонни аввал отаси ўргатган. Унинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлиб, у Зот билан ғазотларда иштирок этган.

Абу Амр Донийнинг айтишича, Абу Абдураҳмон Қуръони каримни бевосита Усмон, Али ибн Абу Толиб, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлардан ўрганган. Ўз навбатида ундан Осим ибн Абу Нажуд, Яҳё ибн Вассоб, Ато ибн Соиб, Абдуллоҳ ибн Исо ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Муҳаммад ибн Абу Айюб, Шаъбий ва Исмоил ибн Абу Холидлар Қуръонни ўрганишган. Суламий Қуръони карим қироати ва тажвид илми бўйича катта олим бўлиб, қироатининг санади энг саҳиҳ санадлардан ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Ислом оламидаги энг кўп тарқалган қироат соҳиби имом Ҳафснинг қироат санади ҳам имом Осим орқали Суламийга боғланади. Имом Осим Суламийнинг шогирдларидан бири бўлган. Абу Абдураҳмон Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан Сиффин жангида қатнашган. Имом Бухорий Ҳажжож ибн Минҳолдан, у Шўъбадан, у Алқама ибн Марсаддан, у Саъд ибн Убайдадан, у Абу Абдураҳмон Суламийдан, у Усмон розияллоҳу анҳудан, Усмон ибн Аффон эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатганлар сизларнинг яхшиларингиз». Саъд ибн Убайда:«Абу Абдураҳмон Усмон халифалиги давридан Ҳажжож ҳукмронлигигача Қуръонни таълим берган. У:«Мана шу ҳадис мени бу ерга ўтиришимга сабабчи бўлган», деган» (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти). Ривоят сўнггида айтилишича, Суламий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларини эшитганидан сўнг Қуръони каримни одамларга таълим бериш йўлида жидду жаҳд қилган. Асқалоний айтади:«Суламий Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик давридан бошлаб Ҳажжож Ироқ ҳукмдори бўлгунига қадар Қуръонни кишиларга таълим берган. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалигининг бошланиши ва Ҳажжож ҳукмронлигининг тугаши орасида уч ойи кам етмиш икки йил бор. Усмон розияллоҳу анҳу халифалик муддатининг охири ва Ҳажжож ҳукмронлигининг бошланиши орасида эса, ўттиз саккиз йил бор. Лекин мен Абу Абдураҳмон қачондан бошлаб қайси муддатгача Қуръони каримни таълим берганини аниқ белгилашга муваффақ бўлмадим. Аллоҳ билгувчироқдир» («Фатҳул-борий», 9-жузъ, 76-77-бетлар). Абу Исҳоқ Сабиъийнинг айтишича, Суламий қирқ йил давомида катта масжидда одамларга Қуръони каримни ўргатган. («Сияру аъламин-нубала»). Исмоил ибн Абу Холиддан ривоят қилинишича, Абу Абдураҳмон Суламий ёдлаш ва ўрганиш осон бўлиши учун Қуръонни беш оят-беш оятдан таълим берар эди. Сулаймийнинг қироат соҳасига қўшган ҳиссасидан ташқари, унинг тақвоси, ихлоси ва саховати ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли. Ато ибн Соиб ривоят қилади: «Абу Абдураҳмон Суламийнинг вафоти яқинлашиб қолганида унинг ҳузурига кирдик. Шунда у: «Мен ҳозир Парвардигор раҳматидан умид қилиб турибман. Дарҳақиқиат, мен У Зот учун саксон йил рўза тутдим», деди». Ато ибн Соибнинг айтишича, Сулаймий масжидга таом бериб юбориб, уни етим ва мискинларга тарқатишни буюрарди. Кўп ҳолларда одамлар унга қарата: «Баарокаллоҳу фийк (яъни Аллоҳ сен(инг аҳлингга ва молинг)га барака берсин)», деганларида, у ҳам: «Баарокаллоҳу фийкум (Аллоҳ сизлар(нинг ҳам аҳлингиз ва молларингиз)га барака берсин)» , деб жавоб қайтарар ва: «Мен Оиша розияллоҳу анҳо: «Агар сиз бирон нарса садақа қилганингизда, ҳаққингизга дуо қилинса, сизлар ҳам жавоб қайтаринглар. Шунда садақа қилган нарсаларингиз савоби ўзларингизда қолади», деганини эшитганман», дерди. Суламий ҳижрий 70 йилда вафот этган. Ибн Саъднинг айтишича, унинг вафоти Бишр ибн Марвон Ироққа амирлик қилган пайтларга тўғри келади. Абу Абдураҳмондан сиҳоҳи ситта соҳибларининг барчаси ривоят қилишган. Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар уни ишончли ровий ва фозил кишилардан эканини зикр қилишган. Абу Абдураҳмон Умар, Усмон ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ўз навбатида ундан Саъд ибн Убайда, Осим, Абу Исҳоқ, Алқама ибн Марсад, Ато ибн Соиб ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Холид ибн Солим ибн Ровия ибн Саид ибн Қабийса ибн Суроқа Абу Абдураҳмон Суламий Найсабурий (мелодий 936/942-1021) – Хуросон сўфийлик мактаби вакили, кўплаб асарлар муаллифи. Суламий ҳижрий 325 йил Жумодус-соний ойининг 10-куни Нишопурда туғилган. Суламий, унинг отаси ва бобоси сўфий бўлган. Унинг сўфий бўлиб етишишида она томондан бобоси Абу Амр Исмоил ибн Нужайднинг ўрни катта бўлган. Суламийнинг отаси вафот этгач, уни бобоси Ибн Нужайд қарамоғига олиб, набирасининг илмий ҳалқаларда иштирок этишини таъминлайди, илм олиши учун шароит яратиб беради. Суламий ҳадис ва тасаввуфни ўрганиш мақсадида илм истаб кўп юртларда бўлган. Жумладан, Ироқ, Рай, Ҳамадон, Марв, Сурия ва Ҳижозга сафар қилган. У ҳадис ва фиқҳни Муҳаммад ибн Ёқуб Абул Аббос ал-Асомм ва Абул Ҳасан Али ибн Умар ибн Масрур Дорақутнийдан ўрганган. Ибн Ҳусайн Суламий яна қуйидаги уламолардан таълим олган: 1. Иброҳим ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ражо ал-Абзорий, Нишопурнинг энг машҳур муҳаддисларидан. 2. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳмувайҳ Абул Қосим Наср Ободий, Нишопурнинг муҳаддис ва тарихчиси, «Тариху найсабур» асари муаллифи. 3. Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Айюб ибн Язид ибн Абдураҳмон ибн Нуҳ Абу Бакр аз-Зубаъий, Нишопур шайхларидан. 4. Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Мусо ибн Маҳрон Абу Нуайм ал-Асбаҳоний, машҳур муҳаддис, «Ҳилятул-авлиё», «Тариху ахбари асбаҳан» асарлари муаллифи. 5. Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан ибн Шозон, Нишопур қориларидан, Ибн Ҳуснавайҳ исми билан машҳур бўлган. 6. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳ ибн Исмат ибн Вакийъ ибн Ражо Абу Саид ан-Нахаъий, Нисо аҳлидан. 7. Исмоил ибн Нужайд Абу Амр Суламий, Суламийнинг она томондан бобоси, у кўп илмни бобосидан эшитган. 8. Жаъфар ибн Муҳаммад Абулқосим аз-Заррий. 9. Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Абу Бакр Қаффол Шоший (291-366), фиқҳ, тафсир ва луғатда замонасининг тенги йўқ олими, ўз даврида шофеъий мазҳаби шайхи бўлган. Биз Суламийнинг устозларидан баъзиларининг исмини зикр қилдик, холос. Суламий илмга чанқоқлигидан қаерда ўзидан олимроқ киши борлигини эшитса, унинг олдига бориб, илм ўрганар, дарс эшитарди. Ўз навбатида Суламийдан жуда кўплаб кишилар, жумладан, Аҳмад ибн Ҳусайн Абу Бакр Байҳақий, Аҳмад ибн Абдулвоҳид ал-Вакил, Абдуллоҳ ибн Юсуф Абу Муҳаммад ал-Жувайний, Убайдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Азҳарий, Али ибн Сулаймон ибн Довуд Абул Ҳасан ал-Ўзгандий ва бошқалар таълим олишган. Суламий ҳадис, тафсир ва тасаввуфга оид юздан ортиқ асар ёзган. Жумладан, «Ал-ухуввату вал-аховату фис-суфийя», «Одобут-таъозий», «Одобу-суҳбати ва ҳуснил-ишра», «Одобус-суфийя», «Арбаъийн фил-ҳадис»,«Амсалул-қуръон»,«Тариху аҳлис-суффа», «Тарихус-суфийя», «Жавомиъу одобис-суфийя», «Ҳақоиқут-тафсир», «Даражотул-муомалот», «Аз-зуҳд», «Сулукул-орифин», «Сунанус-суфийя», «Табақотус-суфийя»,«Ал-фарқу байнаш-шариъати вал-ҳақийқа», «Мақоматул-авлиё», «Муқаддаматун фит-тасаввуф»,«Маноҳижул-орифин» асарлари Суламийнинг ижод маҳсулидир. Улардан энг машҳури «Табақотус-суфийя» бўлиб, унда 9-10 асрларда яшаган суфийлар ҳақида маълумотлар бор. Суламий тафсир ёки ҳадис соҳасида ёзган асарлари билан эмас, балки айнан тасаввуф йўналишидаги асарлари билан шуҳрат қозонган.  

Одилхон Юнусхон

16:26 / 21.08.2012
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Бағишлов
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...