22 жумадул аввал 1446
Пайғамбар алайҳиссаломнинг муомала одоблари

Одоб туғма ёки ўзлаштирилган бўлади. Туғма одоб – инсон табиатидаги мавжуд чиройли хулқлар ва мақтовли сифатлардир. Ўзлаштирилган одоб эса диний илмлар ва ухровий амаллар ёки яхши одат ва анъаналардан ҳосил қилинади.

Пайғамбаримиз ҳар бир тоифа ва табақа одамларига бетакрор ва беназир муносабатни намойиш қилар, қариндошлар ва бегоналарни ажратмас эдилар. Чунки у зотга Аллоҳ таолонинг Ўзи чиройли одоб таълимини берган, қалбларига меҳр-шафқат, юмшоқлик ва камтарлик уруғини жойлаб қўйган эди: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетган бўлар эдилар»[1]. Яъни Аллоҳнинг раҳмати туфайли одамларга юмшоқ, мулойим ва лутф билан муомала қиладиган бўлдинг. Қалби қаттиқ, қўпол, одамлардан ўзини баланд тутувчи бадхулқ бўлмадинг.

Аллоҳ таоло Пайғамбарига яна: «Сен ёмонликни гўзал нарса ила даф қил»[2], дея таълим беради. Яъни ширк ёмонлигини тавҳид калимаси ва маъсиятни тоат билан даф қил. Саҳиҳ ҳадисда: «Хато қилсанг, ортидан уни ўчириб юборадиган яхшилик қил», дейилган. Бу ҳадис бир гуноҳ ишни қилгандан кейин тавба қилиш кераклигини уқтиришдан ташқари муомалада гўзал хулқли бўлиш ва қилинган ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш маъноларини ҳам ўз ичига олади.

Али розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизни таърифлаб, шундай дейди: «У зот одамларнинг қалби кенги, энг тўғри сўзлиси, табиати энг юмшоғи ва муомалада энг карамлиси эдилар».

Қайс ибн Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳумо «Расулуллоҳ бизларни кўришга келдилар», деб ҳикоя қилади ва сўзининг охирида шундай дейди: «Қайтмоқчи бўлганларида Саъд у зотга жабдуқланган эшак келтирди. Расулуллоҳ унга миндилар. Сўнг Саъд: «Ҳой Қайс! Расулуллоҳга ҳамроҳ бўл», деди. Қайс айтади: «Расулуллоҳ менга «Мин» дедилар. Мен бош тортдим. У зот: «Ё минасан, ё менга ҳамроҳ бўлмай ортингга қайтасан», дедилар. Мен қайтдим»[3]. Бошқа бир ривоятга кўра: «Олдимга мин. Улов эгаси унинг олдига (минишга) ҳақлироқдир», дедилар», деб келтирилган. Улов олдига ўтиришга эгаси ҳақлидир. Агар у ижозат берса, бошқаларга рухсат бўлади.

Имом Термизий Ҳинд ибн Абу Ҳоладан ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом уларни улфат қилар, нафратлантирмас, ҳар бир қавмнинг шарафлисига ҳурмат-эҳтиром кўрсатар, уни ўзларига бошлиқ қилар, одамлардан огоҳ ва эҳтиёт бўлар, лекин ҳеч бирларини ўзларининг очиқ чеҳралари ва гўзал хулқларидан бебаҳра қилмас эдилар. Асҳобларини йўқлаб турар, ҳамсуҳбатларидан ҳар бирига насибасини[4] берар, ҳамсуҳбат бўлган ҳар қандай киши ўзини у зотга энг ҳурматли деб ҳисоблар эди. Ким у зот билан суҳбатлашиб ўтирган ёки бирон иши деб бирга юрган бўлса, то унинг ўзи кетмагунча малол олмай сабр қилар, ким бир ҳожатини сўраса, ҳожатини битирар ёки яхши сўз билан қайтарар эдилар. У зотнинг карам ва хулқлари барча одамларни сиғдирди. Уларга отага айландилар[5]. У зотнинг ҳузурида ҳақ жиҳатидан барчалари баробар бўлдилар».

Кўриб ўтилганидек, Ибн Абу Ҳола у зотни мана шундай деб сифатлади. Яна: «Доимо очиқ чеҳрали, юмшоқ хулқли ва майин феълли эдилар. Тили аччиқ, қалби қаттиқ, бақириб юрувчи, беҳаё, маломатчи, маддоҳ бўлмадилар. У зот бир нарсани ёқтирмаса, ўзларини билмаганга олар эдилар. У зотдан ҳеч қачон ноумид бўлинмас, таклиф қилган кишининг таклифини қабул қилар, ҳадяни қайтармас эдилар. Агар ҳадя (қўйнинг) почаси бўлса ҳам, уни олиб қолар ва эгасини мукофатлар эдилар»[6].

Набавий хулқнинг чиройлилигига Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоят ҳам далолат қилади. У киши айтади: «Ўн йил Расулуллоҳнинг хизматида бўлдим. У зот ҳеч қачон менга «уфф» демадилар. Бир нарсани қилган бўлсам, «Нимага қилдинг?», қилмаган бўлсам, «Нега қилмадинг?» демадилар. Бу ривоятда у зотнинг хулқи гўзал, жуда меҳрибон ва ҳалим бўлганлари, Аллоҳнинг қазои қадари доимо кўз олдиларида тургани, ёш бўлишларига қарамай Анас розияллоҳу анҳунинг зукколик ила хизматларини чиройли тарзда адо қилгани кўзга ташланади.

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят келтиради: «Расулуллоҳдан кўра хулқи чиройлироқ бирор киши бўлмаган. Асҳоблари ва аҳли байтларидан ким чақирса, фақат «лаббай» деб жавоб берардилар»[7]. «Аҳли байт»га жуфти ҳалоллари, зурриётлари, қариндошлари ва у зотни яхши кўрган барча киради.

Жорир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Исломга кирганимдан бери Расулуллоҳ мени ўз ҳузурларига киришдан қайтармадилар. Қачонки мени кўрсалар, табассум қилар эдилар»[8]. «У зот асҳоблари билан ҳазиллашар, бирга юриб, суҳбатлашар, ёш болаларни эркалаб, тиззаларига ўтқизар эдилар. Ҳур, қул, чўри ва мискинлар таклифини қабул қилар, Мадинанинг энг чеккасидаги беморларни ҳам бориб кўрар, узр сўровчининг узрини қабул қилар эдилар»[9].

Имом Абу Довуд, Термизий ва Байҳақий Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоятни келтирадилар: «Ким Расулуллоҳнинг қулоқларига (сир гапини айтиш учун) оғзини тутса, токи ҳалиги кишининг ўзи бошини тортмагунча, у зот бошларини тортмас эдилар. Бирор киши кўришган пайтда у зотнинг қўлларини ушласа, то ушлаган одам ўзи қўйиб юбормагунча, қўлларини қўйиб юбормас эдилар. Бирон марта суҳбатдоши ҳузурида тиззаларини олдинга узатганлари кўрилмаган. У зот учраган кишига биринчи бўлиб салом берар, ҳузурларига ким келса ҳам, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатар, баъзан унга ҳурматан кийимларини тўшар ёки ўзлари ўтирган тўшакни унга раво кўрар, ўтиришдан бош тортса, таъкидлар эдилар. Асҳобларини ўз кунялари билан атар, ҳурмат қилиб уларнинг ёқимли исмлари билан чақирар эдилар. Агар ҳад-чегарадан четга чиқмаса, ҳеч кимнинг сўзини бўлмас эдилар. Мабодо чегарадан чиқса, қайтариш ёки ўриндан туриш билан тўхтатар эдилар. Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин» китобида: «Намозни адо этаётганларида ҳузурларига бирор киши келиб ўтирса, намозларини енгил тугатиб, келган кишидан ҳожатини сўрар эдилар. У билан гаплашиб бўлгач, яна намозларига қайтар эдилар»[10], дея нақл қилинган. У зот Қуръон нозил бўлмаётган, ваъз ёки хутба қилмаётган пайтларидан ташқари вақтларда сертабассум ва қувноқ эдилар.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Оли Имрон сураси, 159-оят.

[2] Муъминун сураси, 96-оят.

[3] Имом Абу Довуд ривояти.

[4] Суҳбатдошнинг насибасисалом бериш, сўрашиш, очиқ юз билан қараш, яхши муомала қилиш ва ҳоказо.

[5] Меҳр-шафқат, раҳмдиллик борасида отадек бўлдилар. У зотнинг умматларига берган тарбиялари ота ўз фарзандига берадиган тарбиядан мутлақ афзал ва мукаммал бўлди.

[6] Арзимаган нарса ҳадя қилинса ҳам хурсандлик билан қабул қилар ва ўрнига ундан-да афзалроқ ва яхшироқ нарса қайтарар эдилар. Чунки ҳадялашиш одамларда бир-бирларига нисбатан меҳр уйғотади, мурувват ришталари узилишининг олдини олади. У зот умматларига дўстлик, биродарлик, ҳурмат-иззат, қадрлаш, сурур бахш этиш йўлларини ўргатиб, низо, ёмон кўриш, нафратланиш, ғазаб қилиш, адоватлашишдан қутилиш чораларини баён қилдилар. Ҳамма гап ўрганиб, амал қилишда қолган.

[7] Абу Нуъайм «Далоилун-нубувват» китобида келтирган.

 [8] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

 [9] Имом Термизий ривояти.

 [10] Ироқий «Бу ривоятнинг аслини топа олмадим», деган.

 

06:19 / 27.06.2020
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...